Қайднома

Қидирув

Шерзод Темиров: «Мақсад сари интиламиз, ортга йўл йўқ»

Шерзод Темиров: «Мақсад сари интиламиз, ортга йўл йўқ»

  08.03.2021 03:30
  0
  378
Шерзод Темиров: «Мақсад сари интиламиз, ортга йўл йўқ»

Юртимиз футболи байроқдори, амалдаги чемпион - «Пахтакор» сўнгги икки йилда Суперлигада тенгсиз эканлигини тўлиқ исботлади. Аммо жорий мавсум аввалида кўплаб етакчи футболчилар қаторида бош мураббий Шота Арвеладзенинг ҳам жамоадан кетгани «шерлар» мухлисларида бироз хавотир уйғотди. Тўғри, кетганлар ўрни тажрибали ва иқтидорли футболчилар, малакали мутахассис ҳисобига тўлдирилди. Фақат уларнинг жамоа ўйинига тўлиқ мослашишларига бироз вақт талаб этилади, барибир. Буни биз билан суҳбатда «Пахтакор»­нинг янги аъзоси Шерзод Темиров ҳам алоҳида таъкидлади.

- Шерзод, аввало, «Пахта­кор»нинг мавсумга тайёргарлик жараёни ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Жамоамиз билан яқиндагина Дубай йиғинидан қайтдик. У ерда жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Йиғин давомида «Зенит», «Спартак», «Рига» каби кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилди. Ҳа, натижалар салбий кўриниш олди, аммо йиғин вақти бу унчалик муҳим эмас. Асосийси, жисмоний ва тактик тайёргарликни баҳолаш имконияти туғилди. Йиғиндан қайтгач, футболчиларга қисқа муддатли таътил берилди. Мана, ҳозир ўз қароргоҳимизда шуғулланяпмиз. Шахсий фикримча, жамоамиз чемпионатга 100 фоиз шай. Бу йил ҳам юқори натижалар кўзланмоқда.

- «Пахтакор» таклифи қаердан пайдо бўлди ва уни қандай қабул қилдингиз?

- Очиғи, бошида «Пахтакор»нинг чорловидан бироз ҳайрон бўлдим. Биласиз, клуб Ўзбекистонда биринчи рақамли ҳисобланади. Аслида «Пахтакор»да тўп суриш энг катта орзум эди, лекин жамоага ўтишим ҳақида биринчи марта айтишганда, унча ишонмадим. Кейин расман таклиф тушди ва қувончим ичимга сиғмай қолди: «Наҳотки, «Пахтакор»га ўтсам...». Сир эмас, жамоа таркибида миллий жамоа­да ўйнайдиган тажрибали футболчилар жамланишган. Ўз ўрнида пойтахтга келишимга ҳисса қўшган «Машъал» раҳбари Илҳом Қурбонов, «Пахтакор»га чақирган клуб бош директори Дмитрий Адисман ва спорт директори Жаъфар Ирисметовга катта раҳмат айтаман.

- Жамоа Дубайда чиндан ҳам, кучли рақибларга қарши майдонга тушди ва натижалар шунга яраша кўриниш олди. Аммо «Пахтакор» Тошкентда «Қизилқум» билан ўртоқлик учрашувида ҳам ғалаба қозонолмади. Нима, жамоа мавсум старти олдидан имкониятини ошкор этишни истамаяптими ёки бунинг бошқа сабаблари ҳам борми?

- Асосий йиғин Дубайда олиб борилди, у ерда кучли жамолар билан куч синашдик. Бизга рақиблик қилган клублар ўз мамлакатида етакчи ўринларда юради. Таъкидлаганимдек, бу учрашувлардан кўзланган мақсад натижа эмас, балки кучимизни чамалаб кўриш эди. «Қизилқум»га қарши кечган ўйинга келсак, бу ҳам шунчаки, ўртоқлик учрашуви ва натижа муҳим эмасди. Мавсумолди кўрсаткичлар ўз йўлига, асосийси, биз бир оиламиз ва Худо хоҳласа, фақат чемпионлик учун курашамиз. Тўғри, ҳаммасини вақт кўрсатади.

- «Пахтакор» кўплаб футболчилар қатори бош мураббий Шота Арвеладзе билан ҳам хайр­лашди. Сизнингча, бу йил жамоанинг чемпионлик унвонини ҳимоя қилиши қийин кечмасмикан?

- «Пахтакор» ҳар йили янги мавсумга ўзига хос мақсадлар билан тайёргарлик кўради. Ҳа, Арвеладзе жуда кучли мутахассис. Лекин бош мураббий алмашгани жамоа ўйинига ортиқча таъсир ўтказмаса керак. Зеро, ҳозирги мураббийимиз Питер Хюистра айнан Шота Арвеладзе билан бирга ишлаган, улар тактик услуб жиҳатидан бир-бирларига жуда яқин. Мақсад битта - фақат ғолиблик.

- «Пахтакор» халқаро мавқега эга катта клуб. Айтинг-чи, жамоага киришиб кетишда қандайдир ноқулайликлар ҳис қилмаяпсизми?

- Бу ерда мураббийлар ва футболчилар яхши кайфиятда кутиб олишди. Худога шукр, муҳитга анча мослашдим. Жамоага киришиб кетишимда Дубай йиғини жуда қўл келди. Ҳар ҳолда, жамоадошлар билан муайян вақт бир жойда истиқомат қилганимиз анча асқотди. Қолаверса, клубда аввал мен билан ўйнаган йигитлар ҳам бор.

- Катта жамоаларда босим юқори бўлади. Бунга тайёрмисиз?

- Тўғри, катта жамоага ўтдинг­ми, босимга тайёр туришинг керак. Ахир қийинчиликсиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Асосийси, ҳаммаси ўзимга боғлиқ ва синовларга тайёрман.

- Ўтган йили «Машъал»да кўрсатган ўйинларингиз билан назарга тушдингиз. Демак, орт­да қолган мавсумдан кўнглингиз тўлганини таъкидлаш мумкин, шундайми?

- Ҳа, «Машъал» дарҳақиқат, катта трамплин вазифасини бажарди. Ўтган мавсум анча мураккаб кечди, пандемия туфайли спорт формасини сақлаб туришда қийналдик. Шунга қарамай, ишлашдан тўхтамадик, машғулотларни канда қилмадик. Умуман олганда, жамоамиз ҳам чакки натижа қайд этгани йўқ.

- «Пахтакор»даги рақобат даражаси бир йил олдингига нисбатан бироз паст. Шундай экан, машғулотларда имкониятингизни тўлиқ намойиш эта оляпсизми, асосий таркибдан жой олишга кўзингиз етяптими?

- «Пахтакор»да рақобат ҳамиша кучли. Жамоадан кетган ўйинчилар ўрнига яхши ижрочилар келишди. Ҳозирча имкониятни ишга солиш унчалик қийинчилик туғдирмаяпти. Ҳаммаси аста-секин ўз ўрнини топади, бунга вақт ва хоҳиш бўлса, бас. Қисқаси, асосий таркибга кириш учун рақобат бинойидек, муҳими, бундан қочмайман, асло.

- Айтинг-чи, Питер Хюистра «Пахтакор» услубини тўлиқ сақлаб қоляптими ёки янги шаклдаги ўйин чизмаларини амалга татбиқ этяпти?

- Юқорида айтдим, Шота Арвеладзе ва Питер Хюистранинг услублари деярли бир хил. Демак, жамоамизда услуб ўзгармайди, аксинча, у янада такомиллаштирилади.

- «Пахтакор» янги мавсумни ҳозир қийин даврни бошдан кечираётган «Насаф»га қарши 2та учрашув билан бошлайди. Аммо Қарши клуби «Пахтакор» учун ҳамиша ноқулай рақиб саналади. Сизнингча, бўлажак ўйинларда қайси томон фаворит?

- «Насаф» - жуда яхши жамоа. Унинг қийин вазиятдан чиқиб кетишига шубҳа йўқ. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳар мавсум ёшлардан яхшигина таркиб шакллантиради ва қаршиликлар кучли ўйин намо­йиш этишади. Олдиндан қайсидир жамоани фаворит сифатида кўрсатиш нотўғри. Футболда ҳар нарса рўй бериши мумкин. Албатта, жамоамиз билан мақсад сари интиламиз. Ортга йўл йўқ.

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz