Қайднома

Қидирув

Сергей Лебедев: “Жаҳон юлдузлари билан бирга тўп суриш катта бахт эди”

Сергей Лебедев: “Жаҳон юлдузлари билан бирга тўп суриш катта бахт эди”

  11.03.2021 05:05
  0
  379
Сергей Лебедев: “Жаҳон юлдузлари билан бирга тўп суриш катта бахт эди”

Асосан «Нефтчи» клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги ўйинлари билан танилган Сергей Лебедев яқинда «Бухоро» мураббийлар штабига қўшилди. Маҳоратли мутахассис мазкур клуб матбуот хизматига берган интервьюсида турли мавзулардаги саволларга жавоб қайтарди.

- Сергей Элефертович, футболга кириб келишингиз, илк қадамларингиз қандай бўлган?

- Футбол билан болаликдан ошноман, у ҳаётим мазмунига айланиб улгурган. Болалар жамоаларидан тортиб, ёшлар ва ўсмирлар жамоаларида тўп сурганман. Профессионал фаолиятимни «Турбина» (Брежнев) ва «Динамо» (Киров) жамоаларида бошлаганман. Ҳарбий хизматни Кировда ўтаганман. 1989 йилнинг ёзида «Нефтчи» жамоаси Киров шаҳрида йиғин ўтказганда, Юрий Саркисян мени ўз клубига таклиф қилганди. Кўп жамоалардан таклифлар олишимга қарамай, Фарғонанинг «Нефтчи» (у пайтда «Нефтяник» деб аталган) клуби таклифига рози бўлганман.

- Сиз 1994 йили Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси билан чемпионликка эришгансиз. Келинг, ўша дамларни эсласак...

- Биласизми, турнирга етиб борганимизда, бизни ҳеч ким назарга илмаган, қандайдир кераксиз жамоа деб ҳисоблашган. Ўйиндан-ўйинга бизга нисбатан муносабатлари ўзгара бошлади. Чунки давомли ғалабалар уларни ҳайратга сола бошлаганди. Биринчи ўйинда Саудия Арабистон терма жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб этдик, сўнгра Малайзияни ютдик - 5:0. Ўшандан кейин бизнинг шунчаки «совға» эмаслигимизни англаб етишганди. Энг қийин ўтган ўйин - бу Жанубий Корея билан ярим финал «жанги» эди, жуда ҳаяжонли баҳс бўлганди. Финалга чиққанимиздан кейин ўйинга руҳан тайёр эдик. Ортга йўл йўқ эди ва биз ғалаба қозониб, Осиё ўйин­лари чемпионларига айландик. Уни сўз билан тасвирлаш жуда қийин. Шу уч ҳафта ичида аҳил-иноқ жамоага айлангандик. Хуллас, ажойиб даврлар бўлганди, дея оламан.

- Бир қизиқ факт: шу пайтгача МДҲ давлатлари футболчилари орасида жаҳон терма жамоасида тўп сурган ягона футболчисиз. Ўша пайтдаги футбол юлдузлари билан бирга ўйнаганда нималарни ҳис қилгансиз, ҳая­жон бўлмаганми?

- Ҳа, ўта кучли ҳаяжон бўлган. Аслида, мени Осиё терма жамоасига таклиф қилишганди, борганимиздан кейин нималардир рўй бердию, мени жаҳон термасига таклиф қилиб қолишди. Ўйнайсанми, деб сўрашганда, қандай йўқ дейиш мумкин бундай таклифга? Жон деб рози бўлдим. Ҳар иккала терма жамоа билан машғулот ўтказгандим. Улар ўртасида жуда катта тафовут бор эди. Жаҳон термасига қарасак, Папен, Маттеус, Рейна, Веа, Шукур ва бошқа юлдузлар билан бир сафда тўп суриш катта бахт эди. Улар билан суҳбатлар ҳам бошқача ҳузур берарди. Футболга бўлган қараш уларда бошқача эди.

- «Бухоро» жамоасида мураббий бўлиб иш бошлашингиз қандай рўй берди?

- Даврон Файзиев Анвар Бердиев иккимизга «Бухоро»да бирга ишлаш таклифи билан чиқди. Албатта, бундай таклифларга ижобий қарайман. Розилик бердим. Қолаверса, «Бухоро»дек ўтмиши бор ва келажагига ишонадиган клубда ишлаш ҳаммагаям насиб этавермайди. Жамоанинг мақсади мени қизиқтиради, ўзимнинг эмас, аввало, жамоа манфаати муҳим, мен учун. Меҳнатдан тўхтамаслик керак, жамоа ғалаба қозонаверса, мақсад сари интилаверса, биз мураббийларнинг юзимиз ёруғ бўлаверади. Футболчилик пайтимда ҳам, мураббийлик давримда ҳам устозим Юрий Вазгеновичнинг бир гаплари эсимдан чиқмайди: «Жамоа майдонга чиқдими, ҳар гал худдики, охирги ўйинга тушгандек, фақат ғалабани ўйлаши керак ва натижага эришиши зарур».

«Бухоро» клуби матбуот хизмати


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz