Қайднома

Қидирув

Янгиланиш тезлиги қачон ошади?

Янгиланиш тезлиги қачон ошади?

  12.03.2021 02:22
  0
  395
Янгиланиш тезлиги қачон ошади?

Том маънодаги янгиланиш ҳар доим қийин кечади. Бу жараён айниқса, футболда жуда мураккаб. Балки шунинг учундир «Барселона» Хосеп Гвардиола давридан сўнг ҳамон ўзига ўхшамаяпти. Тўғри, жамоа доимо ғолиблик учун курашади, лекин Хави, Андрес Иньеста ва Карлес Пуйолнинг ўрни яққол сезилмоқда. Роналд Куман шакллантираётган ёш таркибда ҳозирча маром ва тажриба етишмаяпти. Жамоа «ПСЖ»га қарши сафар ўйинида «суперкамбэк» қилиши ҳам ёки яна йирик ҳисобда ютқазиши ҳам мумкин. Аввалги «Барселона» тасодифий мағлубиятлардан сўнг ғалаба қозониш учун ўзида куч топарди, албатта. Ҳозиргисида ёшлик куч-ғайрати етарли, бироқ бу жиҳат ЕЧЛ «плей-офф» босқичида ҳал қилувчи омил ҳисобланмайди.

Еврофутбол миқёсида «бавария»ча янгиланиш йўли - ўзига хос кўзгу. Юпп Хайнкес «Бавария»сида Филипп Лам, Франк Рибери ва Арьен Роббен триоси муҳим ўрин тутарди. Бугун ушбу учлик йўқ, аммо жамоа янгиланган таркиб билан ҳам ЕЧЛда ғолиб чиқди. Демак, ҳамма гап ёш, изланувчан, янгиликка ўч ва футболчиларни ўзининг ўйин фалсафасига ишонтира оладиган мураббийни танлашда. Янада аниқроғи, футбол сиёсатини тўғри юритишда. Ҳа, футбол оламида оқилона сиёсатнинг ўзи билан иш битмайди. Шу маънода айтсак, журъат ва меъёрдаги таваккал - футбол сиёсатининг қўш қаноти. «Барселона» мутасаддилари айни шу омилни кечроқ англашди.

Хўш, ўзбек футболига худди шу тамойилга асосланиб назар ташласак, кўз олдимизда қандай манзара гавдаланади? Очиғи, Темур Кападзе раҳбарлигидаги бош жамоамизнинг Марокаш, Сенегал ва Уругвай термаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказиши, Суперлига-2018 форматидаги кутилмаган ўзгариш кўпчиликни шошириб қўйганди. Кейинчалик маълум бўлдики, ўшанда футболимиз янгиланиш бобида жамият ҳаётидаги ўзгаришлардан бироз илгарилаб кетган экан! Ниҳоят, кичик танаффусдан кейин футболимизга ўша руҳ аста-секин қайтмоқда. Ҳакамлар ишига муносабат, Суперлига ва Про лига клубларини алмаштириш бобидаги қатъийлик, ПФЛга тўланадиган бадал пулининг камайтирилиши каби ҳолатлар диққатга сазовор, эътирофга арзигулик ўзгаришлардир. Фақат бу сафар футболимиздаги янгиланишлар кутилган даражада тезлик ололмаяпти. Хусусан, миллий терма жамоамизнинг ўртоқлик ­ўйинларида иштироки масаласи эски ўзанлардан чиқмаяпти. Нима сабабдан вакилларимиз асосан араб жамоаларига қарши майдонга тушишади? Кўпинча араблар рақиб бўлишлари учунми? Шундай десак, бу ҳолатда аксинча йўл тутиш керак эмасми? Араб жамоаларини чалғитиш йўлида еврофутболнинг ўртамиёна, лекин ўсаётган вакиллари билан ўйнаш ижобий самара бермайдими? Мухлисларга ўз майдонимизда Ироқ термаси эмас, балки сафарда японларга қарши ўртоқлик ўйини ўтказилгани маъқул. Чунки араб жамоаларига қарши учрашувлар мухлислар меъдасига тегди аллақачон. Шунинг учун лоақал ўртоқлик учрашувларини «нотаниш» жамоалар билан ташкиллаш лозим.

Сир эмас, футбол ҳаётида шахснинг ўрни катта. Демоқчимизки, Равшан Эрматов фақат ўзидагина мавжуд имкониятлардан фойдаланиб кутилмаган ўртоқлик учрашувларини ташкилласа бўлади-ку?! Барибир, унинг ўрни бошқа. ЎФА халқаро бўлими амалга оширолмаган ишни Эрматов ўзига нисбатан шаклланган симпатия орқали ҳал қилиши ҳеч гап эмас. Мухлислар Равшан Эрматов ҳақида шундай ўйлашади, ундан таклиф-ташаббусларни кутишади. Тўғри тушунинг, футболимизда ўзгаришлар борлигини сезиб турибмиз, мутасаддиларни кескин айблашдан йироқмиз. Фақат амалга оширилаётган ўзгаришлар натижа берадиган даражада эмаслигини таъкидламоқчимиз, холос. Назаримизда, Равшан Эрматов учун мухлислар билан юзма-юз учрашиб, футболимиз муаммолари хусусида очиқ мулоқот ўтказадиган пайт келди. Президент халқ ичига дадил кириб бораётган бир паллада ЎФА раҳбариятида қатъият етишмаётгани тушунарсиз ҳол. Ўйлаймизки, янги мавсум кўтаринки руҳда ўтиши учун шундай йўл тутиш ўзини оқлайди. Ёниқ нафас, шижоат ёлқини керак бугун стартга чиқадиган Суперлига мавсумига.

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz