Ўзбек футболида голеадорлар муаммоси, «Чиғатой» футбол мактаби нуфузини тиклаш масаласи - Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Рустам Абдуллаев билан дилдан суҳбат. Кўпчиликка маълум, Тошкентдаги «Чиғатой» футбол мактаби вақтида қанчадан-қанча ажойиб ўйинчиларни тарбиялаган, уларнинг самарали фаолиятига тамал тоши қўйган. Шунга яраша, ушбу таълим даргоҳининг нуфузи жуда баланд эди. Дейлик, футболимиз чин афсоналарига айланган Миржалол Қосимов, Андрей Акопянц, Сергей Андреев, Шуҳрат Мақсудов ва бошқалар миллионлар ўйини томон айни шу футбол мактабида қадам ташлаганлар. «Чиғатой»да таълим олган кўплаб сара тарбияланувчилар ҳозирда мураббийлик билан шуғулланишаётгани ҳам бор гап. Афсуски, орада маълум муддат мактабга эътибор пасайди, ҳаттоки, унинг фаолиятида қисқа танаффус ҳам юзага келди. Муҳими, «Чиғатой» мактаби бугун яна янгидан-янги иқтидорларни кашф этиш, тарбиялаш ва катта йўлга чиқариш босқичида. Куни кеча футбол даргоҳи раҳбари, вақтида миллий терма жамоамиз сафидаги ажойиб ўйинлари билан мухлислар кўнглидан жой олган Рустам Абдуллаевни суҳбатга чорлаб, турли мавзулар ва муаммоларни ўртага ташладик.
- Рустам ака, ҳеч кимга сир эмас, «Чиғатой» футбол мактаби юртимиздаги энг файзли, номи ҳам қулоққа хуш эшитиладиган, ўз тарихига эга билим даргоҳларидан бири ҳисобланади. Бу маскан вақтида бўлажак юлдузларни тарбиялайдиган ўзига хос «фабрика» эди...
- Агар мактаб тарихига чуқурроқ назар ташласак, бу маскан собиқ иттифоқ даврида «Пахтакор» клуби учун база вазифасини ўтаган. Ўша пайт дейлик, Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимов каби мегаюлдузларимиз ҳам шу мажмуада истиқомат қилиб, учрашувлар ва машғулотларда қатнашишган. Кейинчалик мактабдан Миржалол Қосимов, Геннадий Денисов, Шуҳрат Мақсудов, Андрей Акопянц, Марат Бикмаев сингари футболчилар етишиб чиқишди. Чиндан ҳам, бой тарихга эга даргоҳ.
- Орада маълум муддат негадир ушбу маскан фаолияти тўхтаб қолди...
- Биринчи савол жавобида ҳам айтдим, бу футбол мактаби кеча ёки бугун қурилгани йўқ. Собиқ иттифоқ давридан буён фаолият юритмоқда. «Чиғатой» - бу футбол бўйича Республика олий маҳорат мактаби. Русча аббревиатурада айтганда, РФШВМ. Ҳа, орада маълум муддат футбол мактаби фаолиятида узилиш бўлгани рост. Даргоҳ ёпилишидан олдин бу ерда Марат Кабаев, Геннадий Денисов ва Аҳмад ака Убайдуллаев каби мураббийлар иш олиб боришганди. Кейинчалик футбол мактаби ўрнидан «Спартак» номли клуб ижара асосида фойдаланиб турди. Муҳими, мактаб фаолияти вақтида қайта тикланди.
- Шахсан сизни мазкур мактаб билан нималар боғлаб туради?
- Тўғриси, ҳозир интервью беряпману, миямда бевосита бу ерга илк марта келганим, кимлар билан учрашганим чарх уряпти. 1982 йил ҳақида гап кетмоқда. Авваллари «Чарм тўп» мусобақаси финал босқичи «Чиғатой» стадионида ташкиллаштириларди. Бошқача айтганда, барча вилоятлардан жамоалар келарди, стадионга яқин ҳудудда жойлашган «Олимпия» меҳмонхонасида турардик. Шу ўринда ўзбек футболига кўп меҳнати сингган фидойи инсон, ажойиб мураббий ва педагог Сергей Артёмович Арутюновни алоҳида ёд олмасам бўлмайди. Айнан шу устоз менга албатта, футбол интернатига боришимни тавсия қилган. Лекин ўша вақт интернат атамасини мутлақо нотўғри талқин этишарди. Хуллас, отам интернат тўғри келмаслигини айтиб, мени Қўқонга қайтариб олиб кетган. Мана, йиллар ўтиб, айнан шу ерда раҳбарлик қиляпман. Бу етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Энди футболимиз раҳбарияти ишончини оқласам, бас.
- Хўш, бугун «Чиғатой» футбол мактабида умумий ҳолат қандай, ишлар жойидами?
- Асосий мақсадимиз - ўша файзли ва шонли даврни ортга қайтариш. Аввало, айтишим керак, мактаб кам таъминланган оилалар фарзандлари учун очилди. Мана, 3-йилки енг шимариб, меҳнат қиляпмиз, доимий изланишдамиз. Айни кунга келиб, барча ёш тоифасида жамоаларимиз бор. Қийналсакда, биринчи лигага жамоа қўйдик, бу тарбияланувчиларнинг профессионал даражага ўтишларида жуда-жуда муҳим. Майли, моддий томондан қийинчилик ўз йўлига, асосийси, йигитларга расмий ўйин амалиёти тақдим этяпмиз. Зеро, футболимизга янгидан янги юлдузларни етказиб беришимиз даркор. Мураббийлар гуруҳига ҳам вақтида футболчи сифатида терма жамоалар ва етакчи клубларда муваффақиятли тўп сурган, кўп нарсаларни кўрганларни жалб қилганмиз. Масалан, Одил Исабоев, Элдор Магдеев ва ҳоказо... Муҳими, ҳозирга келиб, барча ёш тоифасидаги терма жамоаларда вакилларимиз бор. Шунингдек, мактабимизда ёш дарвозабонлар билан нидерландиялик мураббий шуғулланмоқда.
- Умуман, 3 йил давомида қандай катта ўзгаришлар амалга оширилди?
- Ўз ўрнида, футболимиз мутасаддиларига алоҳида раҳмат айтишим керак - ажойиб сунъий қопламали майдон қуриб беришди. Футболда энг кераклиси - сифатли майдон. Энди мактаб биносини реконструкция қилиб, замонавий кўринишга келтириб олсак, янада яхши бўлади. Оддий айтганда, даргоҳ нуфузини қайта тиклаш йўлида катта ишлар бажарилмоқда. Олдинга қараб юриш, ривожланишда давом этяпмиз. Умид қиламанки, яна бир неча йилдан кейин ҳозирги ишлар самараси кўринади, мактаб яна юлдузларни конвейер мисоли чиқарадиган «фабрика» мақомини олади. Ишончим комил, тарбияланувчиларимиз келажакда ОАВга интервью бераётганларида, фахр ва ифтихор билан «Чиғатой»дан чиқишганини таъкидлашади. Демоқчиманки, бу мактаб уларга катта футболга ўтиш учун трамплин вазифасини бажаради. Мураббийларимиз учун ҳам худди шундай.
- Раҳбар сифатида қўл остингиздаги мураббийлардан биринчи навбатда, нималарни талаб қиласиз?
- Мураббийлар иштирокидаги йиғилишларда ҳамиша бир гапни қайта-қайта уқтираман: «Бизга ҳозир ўйинлар натижаси керак эмас, асосийси - иқтидорларни тўғри йўлга солиш, уларнинг мукаммаллик сари етаклаш». Кўп ҳолларда академия мураббийлари «надбавка» - қўшимча иш ҳақи олишни ўйлашади. Уларни ҳам тўғри тушуниш керак, каттароқ маош исташади. Лекин шундай ёндашув ортидан иқтидорларни йўқотиб қўямиз. Ўзим таклиф киритдим - қайси мураббийнинг шогирди бирор ёш тоифасидаги терма жамоага таклиф қилинса, унга мукофот пули берилиши керак. Мураббий шундагина натижа эмас, балки иқтидорларни тўғри тарбиялашга эътибор қаратади.
- Келинг, энди футболчилик фаолиятингизни ҳам бирров ёдга олсак. Айрим манбаларга кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги илк гол муаллифи ҳисобланасиз. Лекин бу борада ҳали ҳам баҳс-мунозаралар бор. Шунга ўзингиз аниқлик киритиб берсангиз...
- Биринчи голни чиндан ҳам, мен урганман. Эсимда, Тожикистон термасига қарши сафар ўйинида ҳисоб 0:0 бўлиб турган паллада рақиб дарвозасига пенальти белгиланган эди. Шунда Андрей Пятницкий ва Игорь Шквирин тўпни бир-бирларига узатишди. Уларга нисбатан анча ёш бўлишимга қарамай, қаердандир журъат топиб, сўрадим: «Пенальтини мен тепсам ҳам бўладими?» Чунки ўша вақт Қўқоннинг «Темирйўлчи» клубида штатни пенальтичи саналардим ва ўзимга ишонганман. Қарангки, тажрибали жамоадошларим зарба беришимга қарши чиқишмади ва шу тариқа ҳисобни очдим. Ўртада англашилмовчилик юзага келишига сабаб шуки, Тожикистоннинг қайсидир газетаси голни Шквирин ҳисобига ёзган. Барчасини жамоанинг ўша вақтдаги бош мураббийи Рустам Акрамов ҳам тасдиқлаши мумкин.
- Яхши спорт формасида бўлсангизда, зафарли Хиросима-94 Осиё ўйинларида иштирок этмагансиз. Қизиқ, нега?
- Тўғриси, барчасини достон қилишни хоҳламайман. Эсимда, жамоанинг умумий рўйхати Япония сафарига чиқишдан атиги 1 соат олдин эълон қилинганди. Негадир таркибдан тушиб қолганман, худди Олим Тиллаев каби. Ваҳоланки, бунга қадар жамоанинг деярли барча ўйинларида иштирок этгандим. Умуман, бу ичимдаги дард.
- Демак, Хиросима-94 қайсидир маънода сиз учун катта армон...
- Ҳа, шундай. Йўқ, автомобиль ҳам, «Шуҳрат» медали ҳам керак эмасди. Шундоқ ҳам жамоага ажратилган 5та «Тико» менга тегмасди. Лекин чемпионлик мақомидан қуруқ қолганим... Эҳ, насиб эмас экан-да. Шунга қарамай, ҳамиша ўзимга тасалли бераман: «Сен ўша чемпион жамоанинг тенг ҳуқуқли вакилисан. Ахир мусобақага қадар барча ўйинларда қатнашгансан, яна кўпинча асосий таркибда!»
Абдулазиз ЮСУПОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20