Қайднома

Қидирув

Мавсум кашфиётлари: “Бомбардир” Бэмфорд

Мавсум кашфиётлари: “Бомбардир” Бэмфорд

  12.03.2021 09:09
  0
  304
Мавсум кашфиётлари: “Бомбардир” Бэмфорд

2018 йилнинг 22 ноябри. «Лидс» ўқув-машғулот базасидаги майдон. Ёзда «Мидлсбро»дан ўтган Патрик Бэмфорд тиззасидаги жароҳатидан фориғ бўлиб, сафга қайт­ди. У 12 ҳафта майдон юзини кўрмаган бўлсада, гол уриш санъатини унутмаганди. Эпизодларнинг бирида Патрик диагонал бўйлаб ҳаводан узатилган тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Майдон четида шогирдлари ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган Марсело Бьелса ҳайратдан қотиб қолди ва бир неча сониядан кейин барча футболчилар кўз ўнгида гол муаллифини мамнуният билан қучоқлаб олди. Устозидан бундай илтифотни кутмаган Бэмфорд бироз эсанкираб қолди - шу пайтгача бирор-бир мураббий уни бунчалик эркаламаганди.

Патрик Бэмфорднинг катта футбол сари интилиши «Ноттингем» академиясидан бошланди. 8 ёшидан футбол сирларини ўрганишга киришган болакай параллель равишда хусусий мактабда ўқирди. Шу сабабли тенгдошлари Патрикка ҳавас билан қарашар, қандайдир амалдорнинг фарзанди бўлса керак, деб ўйлашарди. Аслида Патрикнинг қариндошларидан бири Жозеф Сирил Бэмфорд йирик қурилиш компанияси - JCBнинг асосчиси эди.

«Мени доимо таниқли компанияга алоқадор, деб ўйлашарди. Уларнинг наздида мен учун иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқдек туюларди, нимани истасам, осонликча эриша олардим, гўё. Лекин аслида бундай эмасди. Ота-онам оддий кишилар эди. Дадам ўз бизнесини йўлга қўйгунига қадар архитекторлик билан шуғулланган, ойим гўзаллик салонида ишларди», - дейди Патрик.

Бэмфордлар суюкли ўғлонларини ўта юқори талабчанлик муҳитида тарбиялашди. Мактабдаги қониқарсиз натижа футбол машғулотларидан маҳрум этишини Патрик жуда яхши билгани боис, қунт билан ўқиди. Натижада имтиҳонлардан аъло баҳолар билан ўтган 16 ёшли ўсмирга Гарвард университетидан таклиф келди. Донгдор билим маскани уни йирик футбол стипендияси эвазига ўзига жалб этишга уринганди.

Бэмфорд чиндан ҳам ноёб иқтидор соҳиби. Футбол билан фаол шуғулланиш баробарида, фортепиано, скрипка, гитара ва саксофонда ўйнашни ўрганди, немис, француз ва испан тилларида бемалол мулоқот қила оладиган бўлди. Шунга қарамай, АҚШнинг машҳур олийгоҳи унинг учун «Б» варианти бўлиб қолди - агар футболдаги фаолияти муваффақиятли чиқмаса, талабалар сафидан жой оларди.

Аввалига ҳаммаси режадагидек кечди - «Ноттингем»нинг асосий таркибида икки марта майдонга тушган Бэмфорд «Челси» билан шартнома имзолади. Ўша паллада «кўклар» ёш футболчиларни ижарага беришаётгани боис, Патрик «МК Донс» «сургун»ига эътироз билдирмади. Шу тариқа ёш иқтидор соҳиби икки мавсумни 3-дивизионда ўтказди, кейин Чемпионшипга кўтарилиб, «Дерби Каунти» ва «Мидлсбро» клубларида тўп сурди.

Сафар саргузаштлари чўзилиб кетаётганини ўз вақтида тушуниб етган ҳужумчи 2014|15 йиллар мавсумида ёрқин ўйинларни намойиш этди ва Чемпионшипнинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди. Шундан кейин Патрик ҳақли равишда «Челси»дан чорлов кутди. Бироқ лондонликлар яна келажаги порлоқ ватандошлари учун жой топа олмадилар. Натижада «сургун» давом этди. Тўғри, энди Чемпионшипда эмас, АПЛда: «Кристал Пэлас», «Норвич», «Бёрнли» ва яна «Мидлсбро»да. Ана шу давомий саргузаштларда Бэмфорд бор-йўғи битта гол ургач, ёрқин фаолият орзуси орзулигича қоладигандек туюла бошлади. Кўпчилик мутахассислар наздида, Патрик Чемпионшип учун мукаммал ҳужумчи мақомида эди. Чунки қуйи лигада у мунтазам равишда майдонга тушган ва рисоладагидек сермаҳсулликни намойиш этганди.

Энди Бэмфорд элитанинг етакчи тўпурарлари қаторида, уни Руд ван Нистелройнинг вориси сифатида эътироф этишмоқда. Ваҳоланки, икки йил аввал бунга ҳеч ким ишонмасди.

«Жуда кўпчилик менга ишончсизлик билан муносабатда бўлишган. «Лидс» мухлислари захира ўриндиғида қолишимни орзу қилишган дамларни унутган эмасман», - дейди ўтмишини эслаган ҳужумчи.

«Лидс» мухлисларини тушуниш мумкин. Жамоа элитага чиқиши арафасида Бэмфорд 16та гол урган бўлсада, ундан икки баравар кўпроқ қулай фазиятлардан фойдалана олмаганди. «Уйга қайтгач, кроватга чўзилган ҳолда мухлисларнинг дарғазаб танқидлари ҳақида маҳбубамга ҳикоя қилардим. Эҳтимол, мен шундай дашномларга лойиқ ўйнагандирман. Лекин бу каби таъна ва танбеҳларни эшитиш ва ўқиш осон эмасди», - «Лидс» мухлислари ишончини қозониш «Челси»нинг собиқ ҳужумчиси учун осон бўлмади.

Аммо Марсело Бьелса Патрикнинг салоҳиятига илк учрашувдаёқ ишонч ҳосил қилганди. Оқибатда устоз ва шогирд ўртасида ўзаро ишончга асосланган самимий муносабат юзага келди. Бьелса унинг 9-рақамли ўйинчиси қандай ўйнаши кераклигини Бэмфордга аниқ тушунтирди. Унинг фикрича, марказий ҳужумчи фақат тўпурарлик билан чекланмаслиги лозим. У фаол прессинг эвазига дастлабки ҳимоячи юмушини бажариши, жамоадошлари учун бўшлиқ яратиши лозим. Гол уриш ҳам муҳим, аммо биринчи даражали эмас.

Бундай ёндашувга «Ливерпул»да ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Юрген Клопп Роберто Фирмино зиммасига юклаган қўшимча мажбуриятлар футболчининг сермаҳсуллигига салбий таъсир этмоқда. Табиийки, бу ҳолат мухлислар ўртасидаги эътирозларга сабаб бўлмоқда. «Бизда ҳаммаси юқори прессинг билан бошланади. Биз тўпни иложи борича тезроқ қайтариб олишимиз шарт. Мен аввал ҳеч қачон бундай жисмоний формага чиқмаган эдим», - дейди Патрик.

Қийинчилик билан бўлсада, Бэмфорд мураббий истаган муҳитга мослаша олди ва фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларни кўрсата бошлади. Айни паллада «гол}пас» тизими бўйича фақат Муҳаммад Салоҳ, Сон Хюн Мин, Гарри Кейн ва Бруно Фернандеш каби машҳур юлдузлар Бэмфорд-дан олдинда боришмоқда. Энди қаҳрамонимиз ўз маҳоратини Англия терма жамоаси либосида намойиш этиш тадоригини кўрмоқда. Қисқаси, Гарварддан воз кечгани беҳуда кетмади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz