- Менга нима бўлганини эмас, барчасини қандай тузатишингни айт. Роберто Мартинес ўз ҳаёти ва фаолиятида шу сўзлар ва буни айтган инсон катта ўрин тутишини яхши билади. Майдонда аниқланган камчиликни ўрнида йўқотишга қаратилган ушбу чақирув Робертонинг отаси оғзидан чиққан (у ҳам вақтида футбол билан шуғулланган, кейин мураббийлик қилган). Бельгия миллий жамоаси бош мураббийи бу гапни 9 ёшидан эътиборан неча юз марталаб эшитган. Роберто Мартинес болалигидан янги тактик чизмалар, айёрликлар ва футболчиларни тўғри жойлаштириш масалаларига алоҳида қизиққан. 47 ёшли мураббий ФИФА рейтинги етакчиси техник директори сифатида ҳозир ҳам ўта талабчан. Мана, Бельгия термаси Мартинес бошқарувида ЖЧ тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди, қолаверса, 3 йилдан буён ФИФА рейтинги юқори қисмидан тушаётгани йўқ. Энди «қизил иблислар» жаҳон кубогини қўлга киритишга бел боғлашмоқда. Бельгия футболида юзага келган «олтин авлод»ни бошқараётган мутахассис FIFA.com сайтига берган интервьюсида ушбу миссиядан нечоғли завқланаётгани ҳақида алоҳида гапирди.
- Роберто, Бельгия термасида деярли 5 йилдан буён ишлаяпсиз. Зерикмадингизми?
- Терма жамоа ва клубни шуғуллантириш ўртасида катта фарқ бор. Дейлик, мамлакат бош жамоасида қанча кўп ишласангиз, бу кейинги ўйинчилар гуруҳини жалб этиш нуқтаи назаридан, ҳамиша янги имконият манбаи саналади. Бир қарашда, шунчаки, дам олишингиз, кутишингиз ва клубларда ким яхши ўйнаётганини кўриб боришингиз кифоядек кўринади. Аммо мисол учун, Бельгияни олсак, мамлакатда атиги 11 миллион аҳолиси бор ва терма жамоадаги ишга енгил ёндашиш ярамайди, асло. Умуман, менга миллий жамоага худди клуб каби муносабатда бўлиш, ўзига хос кадрлар тизимини яратиш, U-19 ва U-21 тоифалари учун ҳам муайян лойиҳалар тузиб, ёш футболчиларга йўл очиш ёқади. Қисқаси, ғоят завқли иш.
- Ёшлигингизда отангиз ўйинлардан сўнг ҳамиша таҳлилий фикрларингиз билан қизиққани ҳақида гапирган эдингиз. У нимадан кўпроқ фахрланади: профессионал футболчилик фаолиятингизданми ёки мураббийлик ишингиздан?
- Эҳтимол, ҳозирги фаолиятимдандир. Отамнинг ўзи 43 ёшигача ўйнаган - ҳақиқий жангчи эди. Биз ҳаттоки, футболчи сифатида доимо бир-биримиз билан беллашардик. Ҳаттоки, ҳозир ҳам мени курашга чорлаши мумкин. У мураббийлик бобида ҳам менга кўп саволлар ва маслаҳатлар берар, гоҳида роса қийнаб юборарди. Асосий сўроғи: «Олдингда бошқа вариантлар ҳам турган паллада нега айнан шундай қиляпсан?» Албатта, отамдан умрбод миннатдорман, чунки ўйинга ўзгача назар билан қарашни айнан ундан ўргандим. Барчамиз ўйинни кузатиб, ўйлаб қоламиз: «Фалон жамоа рақибни синдириш учун бор кучини сарфлайди». Отам эса бошқача фикрлайди: «Буни айтма, яхшиси, муаммони ҳал қилиш учун нима қилиш кераклигини айт». Айнан шу фалсафа мураббийлик калитидир. Ахир футболда яхши ёки ёмон нарса йўқ: ҳамма тўпни дарвозага киритишни хоҳлайди. Буни қандай қилиш кўпроқ айнан мураббийнинг тажрибаси ва ўйинни қандай тушунишига боғлиқ. Ёшлигимдан отам мени шу ҳақда бош қотиришга мажбурларди. У ҳамон шундай ва ўзаро суҳбатларимизни қадрлайман. Аммо яхшики, уларни тасмага ёзиб қўймаймиз, чунки баъзан қўполлашиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.
- Демак, отангиз сиз билан баҳслашишдан ташқари, қаттиқ танқид ҳам қилади...
- О, гапирманг! Муҳими, у барча аччиқ гапларни кучли муҳаббат ва сидқидилдан айтади. Тўғри, ўйиннинг айрим жиҳатлари қандай ривожланганини унча тушунолмайди. Дейлик, отамдан ўйин ҳудудларини белгилаш тўғрисида сўрамаганингиз маъқул...
- Футболчи сифатида ҳеч қачон терма жамоада ўйнамагансиз. Бельгия термасида ишлашни танлашингизда шунинг таъсири ҳам борми? Агар шундай бўлса, натижадан нечоғли қониқяпсиз?
- Яхши савол. Футболчиликда болалигингиздан аввало, жаҳон чемпионатига боғлиқ хотараларингизни эслайсиз. Менинг хотирам - 1978 йили кўчада ўзимча Марио Кемпесга ўхшаб ўйнаганман. Ҳа, ЖЧда қатнашиш катта орзум эди. Ҳамиша шундай бўлган, ҳаттоки, АПЛда мураббий сифатида ишлаганимда ҳам, мундиалда қатнашишни ўйлардим. Кейинчалик АҚШ канали эксперти ролида ЖАР-2010 арафасида 60 кун давомида терма жамоаларнинг тайёргарлиги, мусобақа атрофидаги воқеаларни кузатдим. Ғоят қизиқарли юмуш. Шубҳасиз, Бельгия термаси бошқарувини қўлга олганим сабаби ҳам шу - мундиалда бевосита иштирок этишга интилиш. Мана, Россия мундиалида умидларим оқланди. Зеро, чемпионатда азалий мақсадимизга эришдик - 7та ўйинда қатнашдик. Менимча, ҳар бир мундиалда Бразилия термаси билан юзма-юз келиш жуда муҳим, биз эса бу жамоадан устун келдик. Ажойиб тажриба.
- ЖЧ-2018нинг энг эсда қолган 2та ўйинида қатнашдинглар: Бразилия термасига қарши баҳс ва японлар билан олишувдаги ғаройиб «камбэк» - 3:2. Шу икки ғалабадан қай бири билан кўпроқ фахрланасиз?
- Иккиси билан ҳам. Уларни ажратиш мумкин эмас. Ўзи ЖЧга киришганимизда, кучли рақиблар билан рақобатлашиш учун иқтидоримиз етарли эканлигини яхши англаган эдик. Аммо чемпион жамоа ҳақида нотўғри тасаввур ҳам йўқ эмас. Дейлик, ЖАР-2010 ғолиби - Испания термаси дуч келган рақибларни бирма-бир «учириб», осонгина кубок ютгандек кўринади. Аммо теран қарасангиз, ҳеч қачон бундай бўлмайди! Ягона истеъдод сизга соврин келтиролмаслиги ҳам аниқ. Мундиалдан олдин мени бир савол қийнарди: «Жамоам қийинчиликка дуч келганида, қандай кўринади?» Япония термаси 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган ўша ўйин тугашига 20 дақиқа қолган паллада бу саволга жавоб топдим. Лекин осон бўлгани йўқ. Жаҳон чемпионати тарихида илк марта захирадан тушган икки ўйинчи гол уриб, ўйиннинг асосий вақтида жамоага ғалаба келтирди. Шундай экан, ўша баҳсдан ҳар қанча фахрланишимиз мумкин. Бразилияликлар билан учрашув бошқача кечди. 60 дақиқа давомида энг чиройли тактик ўйинимизни кўрсатдик.
- Бельгия бошқа кўплаб футбол мамлакатлари каби улкан тарихга эга эмас. Жамоангиз индивидуал қобилиятли йигитларга тўла эканлигига қарамай, шогирдларингиз онгига Бразилия ва Германия термалари каби гигантлар билан тенгма-тенг ўйнашни сингдиришда роса қийналгандирсиз...
- Албатта. Муҳими, улар «олтин авлод» эканликлари ва юксак марраларга чиқишлари шартлигини тушунишди. Яъни футболчилар миллионлаб инсонлар умидини оқлаш масъулиятини ўз зиммаларига олишганини билишди. Ҳа, «олтин авлод» ёрлиғини кўтариб юриш осон эмас, бу қўшимча босим. Аммо йигитлар футболдан завқланишни хоҳлашса, босим фақат фойда беради.
- Ўзи «олтин авлод» ёрлиғига муносабатингиз қандай? Ҳозирги авлод вакиллари айни пайт энг юқори чўққида туришганини инобатга олсак, бўлажак Европа ва жаҳон чемпионатларида сизлар-дан кўпчилик кубок ютишни кутади.
- Тўғриси, ЖЧ-2018дан олдин «олтин авлод» таърифи адолатсиз эканлигини ҳис қилгандим. Чунки бу йигитлар тахминлар туфайли эмас, меҳнат ортидан эътирофга эришишди. Айни шу ҳолат қўшимча босим келтириб чиқаришидан чўчигандим. Энди эса «олтин авлод» ёрлиғи мени безовта қилмайди, чунки Россияда барчасини исботладик, чиндан ҳам, кучли авлодга айландик. Қисқаси, ушбу атама энди футболчиларга босим юклётганини сезмаяпман. Аммо кейинги йирик турнирларда ғолиб чиқишга кафолат беролмайман. Фақат айтишим мумкин: имкон қадар яхши ўйнаш ва кучлиларга жанг таклиф этишга тайёрмиз.
- Жамоангиз 3 йилдан буён ФИФА рейтингида пешқадамлик қилмоқда. Бу унинг барқарорлиги ва қатъиятидан нишона. Тўғри, рейтинг кубок эмас, аммо ҳақиқий фахр, барибир.
- Ҳақсиз, рейтинг урушиб-суришиб мақтанадиган нарса эмас. Аммо унинг дунё футболида изчиллик, садоқат ва кучни ўлчаш бобида ягона усул эканлиги ҳам айни ҳақиқат. Энг муҳими, бу - биз 3 йил давомида кўрсатган стандартларимиз белгиси. Рейтингни бошқариш Бельгия футболидаги яна бир янгилик: терма жамоа ҳаётида ҳеч қачон бундай давр кузатилмаган. Демакки, ФИФА таснифи нафақат барқарорликдан далолат, балки яна ҳозирги футболчиларнинг мамлакат учун буюк элчиларга айланиб улгуришганига исбот.
- Жамоада яхлит «маданият»ни яратишга катта эътибор қаратасиз. Бошқа мураббийларнинг айтишларича, айниқса, Бельгияда турфа ҳамжамиятлар ва тиллар кўплиги туфайли бу иш жуда қийин...
- Вақтида «Эвертон»да Ромелу Лукаку, Маруан Феллайни ва Кевин Миральясни шуғуллантирганман - хилма-хил маданият, характерга эга футболчилар. Бир-биридан кескин фарқланадиган йигитларни битта терма жамоада бирлаштириш жуда мароқли. Ҳа, Бельгия хилма-хил маданиятларга бой мамлакат, лекин сиз барчани бир мақсад сари йўналтира олсангиз, хилма-хиллик улкан кучга айланади. Жамоамнинг кийиниш хонаси кўпроқ АПЛ клубини эслатиб юборади. Турфа маданият ва тафаккур, 3та расмий тил - бу жуда қизиқ.
- Ниҳоят, охирги савол: яқинда шартномангиз муддатини 2022 йилги ЖЧга қадар узайтирдингиз. Қатар мундиалида ишлар қандай кечишидан қатъий назар, ўзингизни янги жойда синаб кўришни хоҳлайсизми ёки ҳамкорликни яна давом эттириш имконияти бор?
- Бунга ҳозирча аниқ жавоб беролмайман. Бошида Бельгия термаси бошқарувида 2 йил ишлашни ўйлагандим. Яъни жамоани ЖЧга тайёрлаб, Россия мундиалига олиб борганимдан кейин клуб футболига қайтиш ниятида эдим. Аммо орадан 4 йил ўтиб кетди ва ҳали ҳам шу ердаман. Чунки ишимдан завқланяпман ва навбатдаги халқаро турнир ҳаяжони ичидаман. Шундай экан, келажак ҳақидаги саволга аниқ эмас, ҳаттоки, тахминий жавоб ҳам беролмайман. Шунчаки, бугунги кун имкониятидан унумли фойдаланиш ва қадамба-қадам олға интилишни истайман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20