Испания миллий термаси яралибдики, таркибга Басклар ўлкаси вакилларининг кириши актуал масалага айланган. Жамоанинг «Қизил фурия» деб аталишига ҳам басклар сабабчи бўлиб, бу юз йиллик тарихга эга. 1920 йили Антверпенда ўтган Олимпиадада дастлаб Швеция, кейинчалик Италия термалари устидан иродали ғалабага эришган жамоа қадимги Рим илоҳи Фурия шарафига тахаллус олди.
Ўша олимпия ўйинларида Испания миллий жамоаси сафида 9 нафар баск тўп сурганди. Қизиғи, мазкур терма тарихидаги дастлабки гол муаллифи ҳам шу миллат вакили ҳисобланади - Патрисио Араболаса. Шунингдек, Олимпиада-1920да кўпчилик «Пичичи» лақаби билан танийдиган Рафаэль Морено Арансади ҳам тўп киритганди. 1953 йилдан буён нуфузли Marca газетаси томонидан ушбу футболчи номи билан аталувчи совринни Испания чемпионати элитасининг энг яхши тўпурарига топшириш анъана тусини олган.
Умуман, Басклар юрти нафақат испан футболи бешиги, балки мустақилликка эришишнинг табиий тенденциясига эга ҳудуд ҳам ҳисобланади. Сиёсий масалаларга батафсил тўхталмоқчи эмасмиз. Аммо айнан шу факторлар туфайли Басклар федерацияси УЕФА ва ФИФАга мурожаат этиб, уларни «кўҳна қитъа»да алоҳида мустақил терма жамоа сифатида тан олишларини сўради. Гарчи баскларда ушбу мақсадга эришиш имконияти юқори бўлмасада, маҳаллий ҳукумат вакиллари ниятларини амалга оширишга жиддий киришишган. Қизиғи, Испания футбол федерацияси мазкур ғояга мутлақо қарши. Келинглар, барчаси ҳақида навбати билан гаплашсак...
Автоном ҳаракат
Аслида, Испаниядаги аксарият автоном ҳамжамиятлар марказий ҳукуматдан ажралишга интилишмоқда. Баъзи ҳудудларнинг ўз терма жамоаси бор, улар УЕФА ва ФИФАга аъзо мамлакатлар термалари билан норасмий ўйинлар ҳам ўтказиб туришади. Мисол учун, Каталония термаси таркибида таниқли ҳимоячи Жерар Пике ҳам тўп сурган, 2009-2013 йиллар мобайнида ушбу жамоага афсонавий Йохан Кройф мураббийлик қилганди.
Сиёсий жиҳатдан айнан Каталония Испаниядан ажралиш ниятини билдиришга журъат топган минтақадир. 2017 йилнинг 2 октябрида ўтказилган референдумни барча эсласа керак, ўшанда бутун дунё нигоҳи Каталонияга қаратилган, футбол оламининг ёрқин намояндалари (жумладан, Жерар Пике ва Хосеп Гвардиола ҳам) ҳудуд мустақиллигини ёқлаб чиқишган. Якунда барча жуда ёмон оқибатларни келтириб чиқарди: бир неча ўнлаб киши полиция билан тўқнашувларда жароҳат олишди, кимлардир қамоққа олинди, айримлар қочишга улгурди. Жамият «155-модда» атамаси билан танишди: унда Испания марказий ҳукумати истисноли вазиятларда муайян ҳудуд бошқарувини ўз қўлига олиб, унинг автономлигини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланганди.
Басклар юртининг мустақиллик сари интилиш тарихи Каталонияникидан ҳам узоқроқ тарихга эга, дейиш мумкин. Бутун дунёда ЕТА деб номланувчи ташкилот ҳақида эшитишган, унинг сафидаги террорчилар 1958-2018 йиллар мобайнида радикал услублар билан мустақиллик учун курашишган, кейинчалик қуролларини ташлашгач, ташкилотга якун ясалганди.
Футбол ҳақида гапирганда, энг катта қадам қўйилганига узоқ вақт бўлмади. 2020 йилнинг 15 декабрида Баск футбол федерацияси президенти Луис Мария Элустондо УЕФА ва ФИФАга мурожаат этиб, Басклар ўлкаси термасини Испания миллий жамоаси алоҳида тарзда халқаро мусобақаларга қўйиш учун рухсат сўради. Шу тариқа функционер фақат ўртоқлик ўйинлари билан чекланишни тўхтатмоқчилигини билдирди. 2020 йилнинг 16 ноябрида Коста-Рика термасига (унинг сафида машҳур дарвозабон Кейлор Навас ҳам ўйнади) қарши кечган назорат учрашувидаги ғалаба (2:1) Баск федерациясидаги қатъиятни янада оширди - гўёки, улар жаҳоннинг энг кучли жамоаларини (ўша пайт Коста-Рика ФИФА рейтингида 51-ўринда эди) ҳам мағлубиятга учратишга тайёр эдилар.
Эускади
Аслида, Басклар юртида футбол ҳеч қачон оддий спорт сифатида қабул қилинмаган, ҳамиша сиёсат билан бир хил маъно касб этган. 1937 йили Хосе Антонио Агирре («Атлетик»нинг собиқ футболчиси, Басклар ўлкаси автоном ҳамжамиятининг биринчи президенти) азали ғояси - фақат басклардан иборат жамоа тузишни амалга оширди.
Испаниядаги фуқаролар уруши ва унинг ортидан келган Франко диктатураси Агиррени Парижга қочишга мажбур қилди. У 1960 йили ўша ерда вафот этди. Аммо бунга қадар Агирре етарли даражада тарафдорлари тизимини тузишга улгурган, улар келиб чиқиши фақат Эускади (басклар ҳудудни шундай аташади)дан бўлганлардан иборат жамоа тузиш ғоясини бутун дунё бўйлаб қўллаб-қувватлашди.
Эускадининг дастлабки ўйини 1937 йилнинг 26 апрелида Парижда ўтказилган. Ўшанда рақиб сифатида маҳаллий «Расинг» жамоаси танланган, йирик ғалаба (3:0)га қарамай, баскларнинг футбол байрами бузилганди. Ўша куннинг ўзида Франкога иттифоқдош бўлган люфтваффе Герника шаҳрига минглаб бомбаларни ташлаб, 6 мингга яқин киши яшайдиган аҳоли яшаш пунктини ер билан яксон қилди. Бу воқеа Пабло Пикассони санъат соҳасидаги энг машҳур ва фожиали суратлардан биринчи чизишга ундаганди.
Испанияда вужудга келган Франко режими Басклар ўлкасини бир муддат мустақиллик ғоясидан узоқлашишга мажбур қилди, ҳудуддаги футбол термаси эса навбатдаги ўйинини 1979 йилга борибгина ўтказди. Ўшанда Испания миллий жамоаси сафида 1964 йилги Европа чемпионатида ғолибликни қўлга киритган машҳур дарвозабон Хосе Анхель Ирибар ташаббускор вазифасини бажарганди.
1979 йилдан ҳозиргача Эускади 36та ўртоқлик ўйини ўтказди, жамоанинг Агирре давридан бошланган умумий тарихини инобатга олганда эса жами 74та учрашув мавжуд. Ушбу рўйхатга 1937 йилнинг ёзида Собиқ иттифоқ ҳудудида ўтказилган 9та баҳс ҳам киритилган. Ўшанда басклар Москванинг «Локомотив» (5:1), «Динамо» (2:1) клублари, Ленинград термаси (2:2), «Динамо» жамоаларидан тузилган терма (7:4), Москванинг «Спартак» (2:6), Киевнинг «Динамо» (3:1), Тбилисининг «Динамо» (2:0) клублари, Грузия (3:1) ва Минск (6:1) термалари билан ўйнашганди.
Энди нима бўлади?
Аввал қайд этилганидек, ФИФА ва УЕФА Баск футбол федерацияси мурожаатини қаноатлантириб, ушбу ҳудуд термасининг халқаро расмий учрашувлардаги иштирокига рухсат бериши эҳтимоли катта эмас. Қўйилган вазифаларга эришиш учун басклар марказий ҳукумат, Спорт миллий кенгаши ва Испания футбол федерациясидан изн олишларига тўғри келади.
Аслида, Луис Мария Элустондонинг бу юриши конкрет сабабларга эга. Унинг Баск федерациясидаги президентлик ваколатлари муддати декабрь бошида якунланган, 2021 йилнинг мартига белгиланган янги раҳбарлик сайловларида эса бошқа бир номзод - «Атлетик»нинг собиқ футболчиси, маҳаллий газеталар шарҳловчиси ва журналисти Койкили Лертксунди фаворит ҳисобланмоқда.
Эндиликда аксарият экспертлар бир фикрга тўхталишмоқда: Элустондонинг декабрда ФИФА ва УЕФА штаб-квартираларига ташрифидан мақсад - қандайдир жиддий натижага эришиш эмас, балки сайловларда Лертксундини ортда қолдиришга интилишдир...
Шуниси аниқки, бордию, Басклар ўлкаси термаси мустақил тарзда халқаро турнирларда қатнашишни истаса, ҳозирнинг ўзида жуда кучли таркиб тузиши мумкин. Рўйхатга диққат қилинг: Кепа Аррисабалага; Альваро Одриосола, Хави Мартинес, Иньиго Мартинес, Юри Берчиче; Микель Мерино, Андер Эррера; Алекс Беренгер, Икер Муниаин, Микель Оярсабаль, Иньяки Уильямс. Ушбу футболчилардан тўрт нафари (Кепа, Иньиго Мартинес, Микель Мерино ва Микель Оярсабаль) айни пайт Испания миллий жамоасидан таклиф олишмоқда. Демакки, улардан халқаро фаолиятни давом эттириш учун қайсидир томондан бирини танлаш талаб этилади. Бу ҳам Басклар термаси билан боғлиқ чигалликларга яна бир ишорадир.
О.АТАБОЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20