Қайднома

Қидирув

Чинакамига юксалишни истасак

Чинакамига юксалишни истасак

  14.03.2021 16:30
  0
  712
Чинакамига юксалишни истасак

Дунё футболи ёхуд футбол дунёсида қизиқарли учрашувлар, ажойиб воқеликлар кўп. Улар мухлисларнинг доимий эътиборида. Лекин бугун ўз футболимиз ҳақида мулоҳаза юритишни лозим топдим. ЎФА сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, ёш иқтидорларни профессионал даражага йўналтириш, махсус мактаблар ва акаде­миялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча дастурларни ишлаб чиқмоқда, уларни амалга татбиқ этиш йўлида изланмоқда. Сўзим исботи ўлароқ, яқинда юртимизга испаниялик машҳур собиқ ҳужумчи Фернандо Морьентеснинг ташриф буюрганини айтишим мумкин. Хабар берилишича, «Реал» афсонаси ташрифи «Оқ-тепа» клуби ва «Узрепорт» ТВ ташаббуси билан амалга ошган ва унинг доирасида «Женова халқаро футбол академияси» билан ҳамкорликда ишлаш бўйича шартнома тузилган. Мухлислик кўзи билан қараганда, қувонарли янгилик, ахир хориж академияси юртимизда иш бошлайди.

Албатта, бу янгиликдан кўпчилик қувонди. Бироқ орадан кўп ўтмай, катта спорт сайтларидан бирида Жалолхон Иноғомхўжаевнинг «Бизни тунаётганларга тўн кийдиряпмизми?» номли мақоласи чиқди. Унда муаллиф тадбир ташаббускорларидан бири Моррис Пагниеллонинг келишилган ўйинлар бўйича «устаси фаранглиги» фош бўлганию, шу сабаб Италия футболидан четлатилгани, соҳага боғлиқ коррупцион ҳолатларда қатнашгани туфайли кўп бора панд еганини исботлар билан келтирган. Ана, холос... Буни қандай тушуниш мумкин? Ҳаммаси, футболимиз мутасаддиларининг ўта қаттиқ ишлаётганлари учун атрофдаги воқеаларга бепарво қарашганиданми ёки ҳаммасининг ортида моддий манфаат ётибди?

Ўзи охирги йилларда футболимиздаги оғриқли нуқталар - келишилган ўйинлар, коррупцион ҳолатлар ва вақтида тўланмаётган маош масаласи дилни роса хира қилмоқда. Бу каби иллатларга қачонгача чидаймиз? Энди яна битта ножўя иш ортиқча эмасми? Демоқчиманки, замонавий футболда кўзни каттароқ очиш, спортнинг ҳар бир жабҳасига юзаки эмас, виждонан ёндашиш керак. Бунда назарий билимларни ҳам ошириш ва уларни амалиётда қўллаш вақти келди аллақачон. Юртимизда хорижий академиялар филиалини очишдан олдин ўзимиздаги мавжуд футбол даргоҳлари ва клублар тасарруфидаги мактаблар ишини ривожлантирсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда моддий томондан зарар кўрилмайди. Бир томонда ўзбек футболи ривожига катта ҳисса қўшган клуб инқирозга юз тутсаю, бошқа тарафда катта маблағ эвазига юртимизда хорижий академиялар иш бошласа... Бу футбол учун ҳавас қиладиган ҳолат эмас, албатта. Менимча, аввало, шу каби тушунарсиз масалаларга ойдинлик киритиш шарт!

Хулоса шуки, қачонки, ҳар биримиз миллий спортимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишни истасак, шаффофлик ва соғ­лом рақобат тамойилини таъминласак, шундагина олдинга силжиш кузатилади, вакилларимиз янада юксак марраларни забт этишади! Мухлислик позициямдан келиб чиққан ҳолда шахсий фикримни баён этишга ҳаракат қилдим. Сўзларим кимнингдир кўнглига оғир ботса, узр сўрайман! Якуний хулоса эса ўзингиздан.

Шерали ОРТИҚЗОДА


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz