Қайднома

Қидирув

Тите: «Неймар камон ва ўққа айланди»

Тите: «Неймар камон ва ўққа айланди»

  16.03.2021 02:20
  0
  314
Тите: «Неймар камон ва ўққа айланди»

«200 миллиондан ортиқ мураббий бошқарувидаги терма жамоаси бор мамлакатда узоқроқ фаолият юритишнинг умуман иложи йўқ», деганди кўпчилик наздида энг масъулиятли мутахассис ҳисобланган Луис Фелипе Сколари ўз вақтида. Дарҳақиқат, ғалабаларга оч бўрилардан ҳам бир неча баравар чанқоқроқ бўлган бразилиялик мухлислар орасида кун кўриш жазирама Саҳрои Кабирда жон сақлашдан ҳам қийинроқ. Улар учун биргина ғалабанинг ўзи етарли эмас. «Селесао» доимо ўта такаббурлик билан зафарни расмийлаштириши шарт!

Мексика билан кечган 1970 йилдаги тарихий беллашувдан 5 йил аввал Марио Загалло «Селесао»нинг 8-мураббийига айланганди. Карлос Алберто Паррейра 1991 йилда 1 йилдан сал кўпроқ вақт ичидаги тўртинчи мураббий бўлди. 10 йилдан кейин Сколари 9 ой ичида тайинланган 4-бош мураббий сифатида жамоани қабул қилди. Фақат ягона мутахассис - Флавио Костага 5 йилдан кўпроқ (1944-1950) сариқ ранглилар жамоасини бошқариш насиб этганди. Шунчалик мураккаб шароитда нафақат жон сақлаш, балки жамоанинг гуркираб яшнашига замин яратаётган Титедан Костанинг натижасини икки бараварга яхшилай олишига умид қилишмоқда. «Пентакампеонлар»нинг амалдаги бош мураббийи ўз раҳбарлигидаги 52 учрашувнинг атиги 4тасида имкониятни бой берди, 38та беллашувни унинг шогирдлари ўз фойдаларига ҳал этишди. Эътиборлиси, Тите жамоаси бўлажак ЖЧ арафасидаги 21та ўйиннинг 16тасида ғолиб чиқиб, 5тасида дурангга имзо чекди.

59 ёшли мутахассис Қатар-2022 мундиали саралаш босқичини ўта муваффақиятли бошлаб, Жуниор, Сократ, Зико каби афсоналар томонидан 1981 йилда қайд этилган рекорд кўрсаткичдан ўзиб кетди. Ўта тиғиз тақвим туфайли қисқача «тайм-аут» олган терма жамоа устози ҳозир ортда қолган баҳслар таҳлили билан банд. Fifa.cоm вакиллари билан бўлган қисқа суҳбат чоғида Тите Колумбия ва Аргентинага қарши бўлажак беллашувлар, Марадона, Неймар, Коутиньо ва Алиссон каби афсоналар хусусида тўхталиб, Роберто Манчини ва Кевин де Брюйнелар фаолиятидан ҳайратда эканлигини, уларнинг чиройли ўйинларини ўрганиш учун бир йил машқ қилганлигини изҳор этди.

- Тите, жамоангиз 4 учрашувда 12 очко тўплади, 12та гол уриб, ўз дарвозасидан 2та тўп ўтказиб юборди. Шогирдларингизнинг ЖЧ саралашидаги стартини қандай баҳолайсиз?

- Ҳар бир босқич, ҳар қайси учрашувнинг ўз тарихи бўлади. Биз вазиятга умумий баҳо беришимиз лозим. Пандемия нималардандир маҳрум этгани ўйин сифатида сезилиб қолди. Бошқача айтганда, 3та ўйинда намо­йиш этилган савия кутганимдан яхшироқ бўлди, фақат Венесуэлага қарши ўйинда анча тер тўкишимизга тўғри келди. Умуман, ўсиш жараёнидан мамнунман. Жамоа савияси очколарда ўз ифодасини топган.

- Энди жамоангиз Колумбия ва Америка кубогида сиз енга олмаган ва Дибала, Корреа, Месси, Мартинес, Агуэро каби юлдузлари билан мақтана оладиган Аргентина терма жамоаларига қарши майдонга тушади...

- Бу учрашувлар муҳим аҳамиятга эга. Колумбия билан кечган сўнгги икки беллашувимизни техник жиҳатдан мукаммал қарама-қаршилик сифатида эътироф этаман. Икки жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатди, яратувчанликка интилди, рақиб учун етарли муаммолар туғдирди. Бу чинакам тенгма-тенг кураш эди. Улар биз учун оғир кечди. Бразилия - Аргентина ва Бразилия - Уругвай дербилари эса азалий қарама-қаршилик мақомида. Аргентина ажойиб мутахассислар ва ўйинчиларга эга. Шахсан мен учун ўзаро беллашув шунчаки, саралаш учрашуви эмас. Уни алоҳида мусобақа ўрнида кўраман.

- Аргентина хусусида сўз юритганда, афсуски, яқинда Дие­го Марадона дунёдан ўтди. У ҳақда нима дея оласиз?

- Мен билан яқин муносабат ўрнатган Карека аккаунтидан фойдаланишга изн берсангиз. Марадонанинг техник имкониятлари, импровизация санъати, тезкорлиги... бу буюк ўйинчидан ортда қолмаслик учун Карека муайян «қийинчиликлар»ни бартараф этишга мажбур бўларди. Майдонда Диегони тўхтатиш иложсиз юмуш эди.

- Буюк футболчилар мавзусида навбатдаги савол: Неймар ҳақида қандай фикрдасиз?

- Неймар шиддатли ўсишга эришди. «Селесао»ни қабул қилган давримда у «Барселона»да пайдо бўлган, қанотларга чиқиб гол урадиган, тўпни ишонч билан олиб юрадиган индивидуал ўйинчи эди. Ҳозир у биз «камон ва ўқ» сифатида таърифлайдиган футболчи - ўзи ҳам гол ураверади, жамоадошлари учун қулай вазиятларни ҳам ярата олади. Қисқаси, Неймар майдондаги фаолият доирасини ҳам, қўллайдиган усулларини ҳам сезиларли даражада кенгайтирди.

- «Селесао» учун Филиппе Коутиньо қанчалик муҳим?

- Бошқарув тизими менга ўтганидан кейин, «Селесао» бир нечта босқичларни босиб ўтди. Хотирадан чуқур ўрин олган фаза ЖЧ-2018 саралаши бўлди. Ўшанда жамоа мукаммал ўйин кўрсатганди. Биз жуда кўп вазиятларга эга бўлдик, кўплаб голлар урдик, жуда оз тўп ўтказиб юбордик. Қўшимчасига, ўта чиройли ўйин кўрсатдик. Коутиньо ўша саралаш босқичида самарали тўп сурди. Аввалига эркин ижодкор ролида ўйнади. Ренато Аугусто жароҳат олганидан кейин марказга ўтиб, «Ливерпул»даги услубида тўп тепди. Фаолиятида у парвозларни ва пасайишларни намойиш этди. Лекин барибир, у ажойиб ўйинчи.

- Нима деб ўйлайсиз, Алиссон дунёнинг энг яхши дарвозабоними?

- Менимча, доимий энг яхши бўлиш билан муайян лаҳзанинг энг яхшиси бўлиш ўртасида катта фарқ мавжуд. У энг яхши пос-бонлар учлигидами? Бунга шак-шубҳа йўқ. Уни энг зўр сифатида эътироф этиш учун барча касбдошлари ўйинларини диққат билан таҳлил қилишим керак. Мен уни сўнгги йилнинг энг яхши кипери деб ҳисоблайман. У Нойердан ишончлироқ ўйнадими? Ҳа. Тер Штегенданчи? Ҳа. Облакданчи? Яна ҳа.

- Сизнингча, Бразилиядан таш­қари, қайси жамоа энг кучли?

- Мураккаб савол. Пандемиядан кейин жамоаларда ўз савияларини намойиш этиш имконияти бўлмади. Бразилия, Аргентина, Колумбияда ўйин амалиёти оз. Европаликлар 8та учрашув ўтказишди, биз эса 4та. Ҳозир Италия айнан менга ёқадиган чиройли ўйинни намойиш этмоқда. Улкан ислоҳотларни амалга оширган Манчини худди Арриго Сакки каби янги футбол мактабини шакллантирди. У жамоа учун анъана бўлган ҳимоявий футбол билан ҳужумкор футболни уйғунлаштирди. Бельгияда олтин авлод вакиллари фаолияти давом этмоқда, жамоада Де Брюйнедек ноёб иқтидорлар, ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата оладиган ўйинчилар етарли. Франция ҳам кучли таркибга эга.

- Сизнингча, энг яхши футболчилар учлигига кимлар муносиб?

- Бу борада ФИФА сўровномасига берган жавобимни такрорлайман: Неймар, Левандовски, Де Брюйне. Жароҳат олмасидан аввал Неймар фантастик спорт формасида эди. Левандовски - ҳайратомуз ҳужумчи. Кевин эса бош-қа футболчилар уддалай олмайдиган топшириқларни бажаришга қодир. Ундаги қатъият, импровизация мени ром этган.

- 2013 йил охирида мураббийликдан бир йилга узоқлашиш ва футболни ўрганиш мақсадида жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқиш хусусидаги қарорингизни изоҳлаб берсангиз...

- Мен доимо футболни ўрганиш ва билимим доирасини кенгайтириш пайида бўлганман. «Коринтианс»ни тарк этган давримда касбдошларим фаолияти билан бевосита танишиш учун ажойиб имконият юзага келганди. Клуб миқёсида барча мавжуд совринларни қўлга киритдим - Кампионато Бразилейро, Либертадорес, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати. Бу мусобақада «Челси»дан устун келгандик. Шундан кейин мураббий сифатида ўсишим учун навбатдаги қадам «Селесао» бўлади, деган қарорга келдим. Мен Симеоне, Гвардиола ҳақидаги китобларни ўқиганман, Бьянкининг «Бока Хуниорс»даги, Кройффнинг «Барселона»даги муваффақиятлари билан танишман. Футбол дунёнинг турли бурчакларида турлича, улардан жуда кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Мен Бьянкининг ғоялари билан унинг ўзи билан суҳбатлашиб танишдим. «Реал»да Анчелотти билан мулоқот қилдим, Англияда «Арсенал» ва «Манчестер Сити» сингари чемпионлар билан танишдим, Германия чемпиони «Бавария»да бўлдим. Барча ерда машғулотлардан тортиб тактикагача, майдондаги ҳаракатларгача ўрганишга интилдим. Кейин ЖЧ-2014нинг барча учрашувларини томоша қилдим. Тегишли ёзувларни жамлаб, таҳлил қилдим. Шу тариқа ўша йил фаолиятимнинг муҳим бўлагига айланди.

- Қайси мураббийдан кўпроқ сабоқ олгансиз?

- Анчелоттидан. Симеоненинг ўз жамоасини шакллантиришига гап йўқ, Гвардиоланинг ҳужумкор услуби, рақибларини синдириш қобилияти таҳсинга лойиқ. Бьянки эса йирик финалларда ўз футболчиларини максимум манфаат билан ўйната олиш қобилияти билан шуҳрат қозонган. Кройффнинг айрим ғоялари учун фантас­тик ибораси ҳам камлик қилади. Бироқ мен Карло Анчелоттидан кучлироқ таъсир ва кўпроқ сабоқ олдим. Унинг ўйинни тушуниши ва қабул қилишини таърифлашга сўз бойлиги озлик қилади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz