Қайднома

Қидирув

Ракурс: Қариликдан қайтиш...

Ракурс: Қариликдан қайтиш...

  16.03.2021 08:00
  0
  359
Ракурс: Қариликдан қайтиш...

Ишониш қийин, аммо бу факт: Европада кераксиз бўлиб қолган 13 нафар фахрий афсона айни пайт Жанубий Америка майдонларида ёшлардан сира қолишмай жавлон урмоқда. Уларнинг ўйинларини кузатган ҳар қандай мухлис беихтиёр ўйлаб қолади: «Вақт ҳам бу «қария»ларни таслим этолмайди, шекилли». Боз устига, ҳамон ғайратга тўла фахрийлар шунчаки, тўп суриш билан қаноатланмай, нуфузли совринларни ҳам қўлга киритмоқдалар.

Абель Эрнандес (30 ёш). Собиқ «армиячи» Абель Эрнандес европалик мухлисларга яхши таниш. У 2016 йили «Халл Сити»нинг АПЛга чиқишида катта роль бажарган эди. Бироқ 2 йилдан кейин қадрдон қитъасига қайтишга қарор қилиб, Бразилия­нинг «Интернасьонал» клуби сафидан жой олди. Уругвайлик фахрий бунга қадар Италия, Россия ва Қатар чемпионатларида тўп сурди. Янги жамоадаги фаолиятини машҳур Паоло Герреронинг сафдан чиқиши оқибатида юзага келган муаммони бартараф этиш билан бошлаган Эрнандес тез орада асосий таркибдан мустаҳкам ўрин эгаллади. Энди у чемпионлик пойгасининг фаол иштирокчиларидан бири сафида етакчилар гуруҳида, январь ойида «Гремио»га қарши кечган дерби баҳсида гол ҳам урди.

Паоло Герреро (37 ёш). Перулик ҳужумчини ҳам ҳисобдан чиқаришга шошилмаслик керак: у жароҳатлангунига қадар шунчалик ёрқин тўп сурдики, қаршисига чиққан ҳар қандай ҳимоячи қалтираб қоларди, гўё. Бежиз эмас, албатта - Герреро гарчи «Бавария»нинг асосий таркибига ўрнашолмаган бўлсада, нозик техникаси билан ажралиб турарди. Айниқса, илҳоми жўш урган паллада Паолони тўхтатиш иложсиз.

Луис Адриано (33 ёш). Адриано яқинда, февраль ойида «Палмейрас» билан Либертадорес кубоги соҳибига айланди. Асосийси, у мусобақада 5та гол урди. Жумладан, қудратли «Ривер Плейт»га қарши баҳсда ҳам муҳим гол муаллифига айланди. Хуллас, 33 ёшни уриб қўйган «Шахтёр»нинг собиқ етакчиси аввалги чаққонлигини ҳали йўқотган эмас, яна қулай вазиятни сира қўлдан чиқармайди.

Макси Родригеc (40 ёш). «Ливерпуль» мухлислари атиги 2 йил ичида яққол етакчи мақомига кўтарилган аргентиналик афсонани ўзгача соғинч билан эслашади. Шунингдек, «Атлетико» фанатлари ҳам уни унутишмаган. Мана, 40 ёшли фахрий энди «Ньюэллс Олд Бойз»да ҳам ҳақли равишда етакчилик ролига даъвогарлик қилмоқда. Макси айнан шу жамоада энг мукаммал ўйинларини намойиш этмоқда. Эвазига клуб стадионининг трибуналаридан бирига унинг номи берилди. Энди айтингчи, қайси футболчи ўз шарафига аталган трибуна қаршисида тўп сургани билан мақтана олади?

Роке Санта Крус (39 ёш). Парагвайнинг «Олимпия» клуби таркибидаги 7 нафар ўйинчи 39 ёшли Роке Санта Крус катта футболда дебютини нишонлаганидан кейин дунёга келган. Бу факт фахрий ҳужумчининг ўзи учун мутлақо аҳамиятсиз. 40 ёшни қоралаётган Роке жорий мавсум 7та гол билан Парагвай чемпионати тўпурарлари пойгасида етакчилик қилмоқда. «Блэкберн», «Бавария» ва «Манчестер Сити» клубларининг собиқ вакили шунинг баробарида бутсаларини михга илишни хаёлига ҳам келтирмаяпти.

Андрес Д~Алессандро (39 ёш). Бу футболчининг узоқ вақт давомида «Янги Марадона» мақоми босими остида тўп суришига тўғри келди. Гарчи у рисоладагидек ўйнаган бўлсада, аргентиналик даҳо даражасига кўтарилиши қийин эди, барибир. Муҳими, бу Д~Алессандро нуфузига путур етказолмайди. Андрес Германиянинг «Вольфсбург», Англиянинг «Портсмут» ва Испаниянинг «Сарагоса» клубларидаги фаолиятдан кейин 12 йил давомида «Интернасьонал» (Бразилия) шарафини ҳимоя қилди. Ҳозир эса Уругвайда «Насьонал»ни имкон қадар ўз ортидан эргаштирмоқда.

Диего (35 ёш).  Бундеслига ихлосмандлари Диего Рибас ёки шунчаки, Диегони яхши эслашади. У энг юксак савиясини «Вердер»да намойиш этди, кейин «Ювентус» ва «Атлетико» жамоаларида ўйнади. Якунда «Фламенго» таклифига ижобий жавоб қайтариб, жонажон Бразилиясига қайтди. 2019 йили Либертадорес кубоги финалида захирадан майдонга тушганида, Диего ихтиёрида жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолиш учун атиги 25 дақиқа бор эди. Айнан унинг фаоллиги қўл келиб, «Фламенго» аввалига мувозанатни тиклади, кейин нуфузли сов­ринни нақд қилган ғалаба голини ҳам урди. Бу каби қаҳрамонликлар асло унутилмайди.

Фабрисио Колоччини (39 ёш). Фабрисио 2008-2016 йиллар оралиғида «Ньюкасл»нинг жингалак соч қаҳрамони сифатида шуҳрат қозонди. У шу давр ичида «қарғалар»га 275та самарали ҳаракат (гол ёки самарали узатма) билан катта манфаат келтирди, кейин жонажон ватани Аргентинага қайт­ди. Афсуски, Буэнос-Айрес гиганти - «Сан-Лоренсо»да омади унча юришмади - кетма-кет шикастланишлар оқибатида талаб даражасида ўйнолмаяпти. 39 ёшли Колоччинининг амалдаги шартномаси ёзда ниҳоясига етади. Агар клуб муддатни узайтиришни хоҳламаса, унда футболчи барчасига нуқта қўйиши мумкин.

Нене (39 ёш). Нене ёки Андерсон Луиз де Карвальо (тўлиқ исм-шарифи) еврофутболдаги фаолияти давомида «Мальорка», «Депортиво», «Сельта», «Монако», «ПСЖ» ва «Вест Хэм» клубларида тўп сурди. Энди қадрдон мамлакати - Бразилия майдонларида «Флуминенсе» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Фред (37 ёш). «Флуминенсе» раҳбарлари «Битта жамоага бир нафар фахрий кифоя қилади» қабилидаги тушунчага қўшилмайдилар. Ҳар ҳолда, жамоада  Нене ёнида Фред ҳам муваффақиятли тўп сурмоқда. Ҳа, бу бир неча йил «Лион» таркибида порлаган, «селесао» либосида 39 марта майдонга тушган ўша Фред. Францияда 3 марта чемпионликни тантана қилган ҳужумчи ҳали-ҳануз гол «ҳид»ини унутган эмас. Дейлик, ўз юртида олий дивизионнинг 4-яхши тўпурари даражасига кўтарилди. Зикодек афсонани ортда қолдириш ҳар кимга насиб этавермайди. Фред эса буни уддалади. Айтганча, 37 ёшли тўпурар 2020 йили қуйи лигага тушиб кетган «Крузейро»дан ўзига хос тарзда кетиш билан ҳаммани лол қолдирди: Белу-Оризонтидан Рио-де-Жанейрогача 600 километр масофани велосипедда босиб ўтди ва «Флуминенсе» тайёрлаб қўйган шартнома остига имзо чекди.

Диего Кавальери (38 ёш). Бу футболчини эслолмасангиз, ортиқча куйинманг. Чунки сизга ўхшаган мухлислар кўпчиликни ташкил этишади. Сан-паулилик баланд бўйли дарвозабон «Ливерпуль» ихтиёрида эди, бироқ 2008-2010 йиллар оралиғида бирор марта майдонда кўриниш берган эмас. 2018 йили «Кристал Пэлас»да ҳам шунга ўхшаш ҳолат такрорланди. 38 ёшли кипер ҳозир «Ботафого»да ўйнамоқда (ҳа, ўйнамоқда). Тўғри, мақташга арзийдиган даражада эмас: афсонавий клуб элита билан хайр­лашиш арафасида...

Эдуардо Варгас (31 ёш). Эдуардо 2014 йили «Куинз Парк Рейнжерс» таркибига қўшилганида, мухлислар, айниқса, Football Manager иловасида унинг ўйинларини ҳайрат билан кузатганлар роса қувонишганди. Бироқ видеоўйинлар вундеркиндлари реал ҳаётда баъзан катта муваффақиятга эришолмайдилар. Варгас 21та ўйинда 3та гол урди, «КПР» эса АПЛдан тушиб кетди. Эдуардо шундан кейин «Хоффенхайм»га борди, Бундеслигадаги 1 мавсумдан кейин Мексиканинг «Тигрес» клубида ўйнади. 2020 йилга келиб, «Атлетико Минейро»да терма жамоадаги собиқ устози Хорхе Сампаоли билан ҳамкорлик бошлади. Эдуардонинг бошқа фахрийларга нисбатан анча ёшлигини инобатга олсак, ҳали охирги сўзини айтишга улгурар...

Хуанфран (36 ёш). Шу йилнинг бошида Бразилия лигасини тарк этган футболчини аслида рўйхатга киритмасак бўларди. Аммо у Хуанфран-ку! Демак, жой бўшатиш керак. «Атлетико» фахрийси 2019 йили Лотин Америкаси футболига хос иштиёқдан баҳра олиш ниятида «Сан-Паулу» билан шартнома тузди, лекин амалда навбатдаги омадсизликка юз тутди. Бошида асосий етакчи Дани Алвеш билан ёнма-ён тўп сурган Хуанфран жамоанинг пешқадамликни қўлга олишига сезиларли ҳисса қўшди, кейин бирданига спорт формасини йўқотиб қўйди, оқибатда «Сан-Паулу» чемпионлик пойгасидан четга чиқди. Натижа? Камтарин «Атлетико Гояниенсе»дан қабул қилинган шармандали мағлубиятдан сўнг мутасаддилар бош мураббий ва спорт директорини ишдан четлатишди. Эртасига Хуанфранга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилди.

 МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz