Қайднома

Қидирув

Майдондаги муваффақият гарови ёхуд яна немисча бошқарув ҳақида...

Майдондаги муваффақият гарови ёхуд яна немисча бошқарув ҳақида...

  17.03.2021 03:03
  0
  356
Майдондаги муваффақият гарови ёхуд яна немисча бошқарув ҳақида...

Пандемия балоси немисча бошқарув тизимининг устунлигини яна бир марта исботлади - Бундеслига ҳаммадан аввал мавсумни қайтадан бошлади, унинг жамоалари молиявий талафотларга дуч келган бўлишсада, ҳеч нарса бўлмагандек иштирок этишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг асосий даромад манбалари - чипталар сотуви ва реклама.

Бунинг асосий сабаби шундаки, деярли барча жамоалар жиддий синовлардан ўтган бошқарув тизими - бош директор - спорт директори - бош мураббий учлиги раҳбарлигида фаолият юритишади. Бош директор клубнинг молиявий ривожланиш йўналишини белгилаб беради ва мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига тайинлайди. Мураббий жамоанинг савия ва натижалари учун жавобгар. Спорт директори эса бош директор билан бош мураббий ўртасидаги боғловчи бўғин. «Бавария» (Румменигге - Салиҳамиджич - Флик), «Боруссия Д» (Ватцке - Цорк - Терзич) ва янгидан ташкил этилган «РБ Лейпциг» (Минцлафф - Митчелл - Нагельсманн) клублари айнан шу схема асосида иш олиб борадилар.

Спорт директори - ҳар қандай немис клубидаги энг масъулиятли лавозим. У бош мураббийларни танлайди, ҳамкорликда трансфер сиёсатини юритади, скаутлар бўлими, ёшлар жамоалари тизимини ташкил этиш ва бошқа бир қатор юмушларда бош-қош бўлади. Кўпинча, бу лавозимга жамоа қадриятларидан яхши хабардор бўлган клуб фахрийларини тайинлашади. Чунки бундай мутахассислар шунчаки пул ишлашни эмас, қадрдон жамоалари ривожига муносиб ҳисса қўшишни ўйлайдилар. Айнан спорт директорининг муваффақиятли фаолияти клуб тараққиётини таъминлашига Михаэль Цорк мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Аввалига дортмундликлар Цоркнинг ташрифидан мамнун эмасликларини яшириб ўтиришмади: у ўз вазифасини уддалай олмай, клубни молиявий инқирозга яқинлаштириб қўйди. Ваҳоланки, ўзи «Боруссия»нинг тирик афсонаси эди. Ўз вақтида Цорк 32 йиллик танаффусдан кейин чемпионликка эришган жамоанинг сардори ва энг яхши тўпурари бўлган, клуб тарихидаги ягона ЕЧЛ Кубоги соҳиби эди. Фаолиятини фақат Дортмундда ўтказган футболчи 36 ёшида яшил майдонни тарк этди. Аммо жамоа таркибидаги ўйинлар сони бўйича ўрнатган рекорди (571) ҳанузгача барҳаёт.

Бироқ афсона бутсаларини михга илиши билан мухлислар унинг хизматларини унутиб қў-йишди. 1998 йилда спорт директори лавозимидаги фаолияти хосиятсиз бошланди. Боиси, 1999|2000 йиллар мавсуми арафасида жамоа мамлакатнинг энг йирик энергокомпанияси - E-ON билан ҳомийлик шартномаси имзолаганди. «Дортмунд» шу ҳомий кўмагида дастлабки мавсумдаёқ 27 млн.ли харидни амалга оширган, кейинги мавсумда яна 50 млн. сарфлаганди. Бу ўша давр учун ўта йирик харажат эди. Лекин ўзининг қисқа муддатли самарасини берди - жамоа 2002 йилда чемпионликка эришди, стадион трибуналари ҳар бир учршувда мухлислар билан тўлиб-тошди.

Бироқ жамоадаги келажакка мўлжалланган режалар талаб даражасида эмаслиги тез орада бўй кўрсатди. 2004 йилда чемпион банкротлик ёқасига келиб қолди - қарзлар 120 млн.га кўтарилиб, шунинг 90 «лимон»и иложи бўлса ўша куниёқ тўланиши шарт эди. Оқибатда «Боруссия» уй стадионини гаровга қўйди, ўйинчилар маошларини қисқартирди ва уларни сотиб юборишга мажбур бўлди. Томаш Росицки, Йенс Леманн, Торстен Фрингс ва бошқа етакчилар Дортмундни тарк этишди. Табиийки, клуб уларни трансферга қўйди, тўқлик даврида 25 млн.га харид қилинган Марсио Аморозо эса эркин агент сифатида кетди. Кўлами анча вақтдан кейин бўй кўрсатган омадсизлик - 13 ёшли Марко Ройснинг академияни тарк этиши. Мутасаддилар уни келажаги йўқ тарбияланувчи сифатида баҳолашганди. Буларнинг барчаси - йирик сармояларга кўникмаси бўлмаган клубда юз берган пала-партишликлар натижаси эди.

Охир-оқибат, мухлислар босими остида ўз вазифаларини самарали уддалай олмаган мутасаддилар штабида ўзгаришлар юз берди. Майер бош директор лавозимини тарк этди, Цоркни клуб афсонаси мақоми қутқариб қолди, унинг ўрнини эгаллаган Ханс-Йоахим Вацке клуб тизимини қайтадан шакллантириш вазифасини ўз зиммасига олди. Цорк ишга киришди. Футболчилик даврида у ўрта олий маълумот олишга улгурмаганди. Бу Германияда кам учрайдиган ҳолат. Бироқ Михаэль ўз иши билан параллель равишда иқтисодиёт университетида таҳсил олди. Аввалига унга амалий билим етишмагани боис, раҳбарлик лавозимида бир қатор хатоликларга йўл қўйди. Аммо тез орада ҳаммасини тўғрилади.

Тез орада Цорк Morgan Stanley компанияси билан келишувга эришди. Натижада йирик сармоядордан олинган қарз эвазига жамоа ўз стадионини қайтариб олди. Лекин «Боруссия» камтарона фаолият юритди. 2008 йилда клуб қаддини тиклаб олганди. Айни шу паллада банк тизимида инқироз юз берди, компания акцияларининг баҳоси тушиб кетди. Шунга қарамасдан, «Боруссия» дош берди.

Михаэль Цорк қандай қилиб Юрген Клопп раҳбарлигидаги «Боруссия»ни шакллантирди ва Европанинг энг муваффақиятли спорт директори мақомига эга бўлди? «Менежер танлашдаги энг омадли келишувни Клоппни таклиф этганимда амалга оширганман», дея тан олганди Цорк кейинчалик. 2008 йилда бу қарорни ҳамма бирдек маъқулламаганлиги ҳозир кўпчиликнинг хотирасидан ўчиб кетган. «Майнц»ни элитага олиб чиқа олмаган ёш мураббий нуфузли «Гамбург»даги суҳбатга эскирган жинсида келганди. Цорк эса бунга умуман эътибор бермади - унга аввалроқ боқий дунёда футбол лигасини тузиш учун равона бўлишига сал қолган, навқирон оч бўри сиймосидаги мураббий керак эди. Кейинги воқеалар ривожи барча футбол мухлисларига яхши таниш.

Цоркнинг иккинчи муваффақиятли юриши - Свен Мислинтат раҳбарлигидаги скаутлик бўлимини ташкил этгани. 2006 йилда Бохумдаги Рур университетини тамомлаган йигитча ўзининг ўткир зеҳни туфайли қисқа вақт ичида қитъага танилди. Айнан шу Мислинтат ва Клопп ҳамкорлигида ташкил этилган скаутлик бўлими Япониядан Шинжи Кагавани, Польшадан Роберт Левандовскини, Чилидан Лукас Барриос ва АҚШдан Кристиан Пулишични кашф этди. Кашфиётлар географияси ҳайратланарли. Хуммельс, Обамеянг, Дембеле, Гюндоган ва бошқа бир қатор юлдузлар трансфери ҳам Мислинтат ва унинг бўлими маҳсули.

«Японияда 6 марта бўлдик, фақат Кагавага оид видеолавҳаларни 15 марта таҳлил қилдик. Унга 100 фоиз ишонч ҳосил қилганимиздан кейин харидга қўл урдик», - дейди Свен ўз иши хусусида.

Бош мураббий, таҳлил, скаутлик бўлимлари ва раҳбарият ўртасидаги муносабатлар тизимини ҳам Цорк яратди. «Боруссия» амалга оширган қарийб барча харидлар ўта манфаатли, қолганлари - рисоладагидек. Футболчилар олди-сотдисидан даромад олишни ўргангани - алоҳида мавзу.

Ўйинчи хариди хусусидаги ҳар бир масалани раҳбарият бош мураббий билан муҳокама қилади. Баъзан мураббий жамоани ўйинларга тайёрлаш билан боғлиқ кундалик юмушларда банд бўлгани боис, скаутлик ва селекция бўлимларининг фикрига асосан қарор қабул қилади. Мураббийга кераги бўлмаган футболчини «Боруссия» ҳеч қачон сотиб олмайди. Бу масалада қайсидир ўйинчини мураббий таклиф қилиши ҳам мумкин. Шунингдек, раҳбарият ёки скаутлар ҳам.

Нима учун Цорк ноёб менежер? Клубдаги барча жараёнларни назорат қилади, молиявий масалалардан тортиб, ўйинчиларнинг руҳий ҳолатигача. Бошқа юмушлардан ташқари, Цорк Дортмундда ўзига хос фалсафани анъана мақомига олиб чиқди: замонавий тиғиз футбол, ўз харажатларини ўзи қоплаш, ёшлар тараққиёти. Сармоялар кела бошлагач, Михаэль академиялар равнақи ва Юрген Клопп тоифасидаги ёш, изланувчан мураббийларга етарли маблағ ажратилишини йўлга қўйди. «Боруссия» ёшлари билан тажриба тўплаган Дэвид Вагнер, Даниэль Фарке ва Ханнес Вольф каби ёш мутахассислар кейинчалик Бундеслига ва АПЛ клубларини бошқара бошладилар.

Цорк клубдаги барча жараёнларни синчковлик билан кузатади ва ҳеч кимга фақат ўз манфаатини кўзлаш имкониятини бермайди. «Боруссия»нинг муваффақиятли мураббийларидан бўлмиш Томас Тухель билан шундай воқеа юз берди. Томас ажойиб мутахассис. Бироқ доимо ким биландир тортишиб юради. Бир сафар у Свен Мислинтатни истеъфога чиқаришларини талаб қилди. Охир-оқибат, Цорк унинг ўзи билан алоқани узиб қўя қолди. Обрў - натижадан юқори.

«Бавария» билан ўзаро зиддиятлар - «Боруссия» ва Цорк биографияларидаги алоҳида мавзу. 10 йил муқаддам Дортмунд Мюнхенни тахтдан қулатгач, анчагача тенгма-тенг курашиб юрди. Кейин «Бавария» ўз мавқеи ва қудратидан фойдаланиб, «Боруссия» етакчилари - Левандовски, Гётце ва Хуммельсларни ўзига оғдириб олди. Мюнхенликлар собиқ президенти Ули Хёнесс ҳатто «Боруссия» ўйинчилари ўзларини клубнинг бир қисми сифатида ҳис эта олмасликлари, чунки улар тез орада сотиб юбориладиган буюм эканликларига шаъма қилганди.

«Мен бундай баёнотни ўта такаббурлик, деб биламан. Айрим фикрлар эса ҳақиқатдан йироқ. Аслида, даромадингиз ҳар йили 250 млн. еврога кўпайиб борадиган бўлса, ўзингизни осонлик билан ғам-ташвишдан холи ҳис этишингиз мумкин», - дея жавоб берганди Цорк.

Михаэль Цоркнинг амалдаги шартномаси шу йилнинг ёзида ниҳоясига етади. Унинг ўрнини навбатдаги фахрий - Себастьян Кель эгаллаши мумкин. Ўзининг 20 йиллик фаолиятида амалдаги спорт директори самарали иш юритиш эвазига ўта йирик лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини исботлади. У шундай мутахассиски, унинг изнисиз ҳатто чивин ҳам «Боруссия» офиси ёки машғулот марказида учиб юра олмайди. У шундай менежерки, барча касбдошлари ундан ибрат олишса арзийди:

«Мен клуб фалсафасига масъулман, ёшлар жамоаларидан тортиб, асосий таркибгача. Бюджет билан шуғулланадиган ҳам, истаган ўйинчи билан дилдан суҳбатлашадиган ҳам менман. Доимо жамоа билан биргаман, машғулотлар ёки тушликда ҳам. Доимо ишончли таянч борлигини улар яхши биладилар».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz