Қайднома

Қидирув

Евротур: Бир томонда шедевр голлар, бошқасида «қурғоқчилик»

Евротур: Бир томонда шедевр голлар, бошқасида «қурғоқчилик»

  18.03.2021 09:29
  0
  626
Евротур: Бир томонда шедевр голлар, бошқасида «қурғоқчилик»

Ҳисобот ҳафтасида топ-чемпионатлар вакилларининг ранг-баранг беллашувларига гувоҳ бўлдик. Айрим лигаларда сермаҳсуллик, иккинчисида бетакрор голлар, кейингисида ўта ҳимоявий ўйинлар кузатилди.

Англия. Ниҳоят, «Ливерпул»да Ғалаба, аммо «Энфилд»да эмас

АПЛнинг навбатдаги тури бир қатор саволларга ойдинлик киритди. Биринчидан, Манчестер дербисидаги омадсизлик «Манчестер Сити» шиддатига путур етказа олмаганлиги маълум бўлди. Гвардиола шогирдлари Лондонда «Фулхэм» дарвозасига 3та жавобсиз гол уришди. Иккинчидан, «Челси» Тухель раҳбарлигида мағлубиятсиз келаётган бўлсада, дуч келган рақибни ер тишлата оладиган «топ» даражасига кўтарила олмади. «Кўклар» бу турда Лидсдан нурсиз (0:0) дуранг билан қайтишди. Учинчидан, «Арсенал»ни анча барвақт ҳисобдан чиқариб қўйилганлиги ойдинлашди. «Тўпчилар» еврокубоклар ҳудудига кўтарилиш йўлида ҳеч нарсани аямасликларини амалда исботладилар. Ҳатто Эрик Ламеланинг фантастик голидан кейин ҳам Артета жамоаси ҳужумга зўр берди ва дербидаги принципиал беллашувда иродали ғалабани расмийлаштирди. Ўта муросасиз тарзда кечган мазкур баҳс ҳақли равишда турнинг марказий учрашуви мақомини олди. «Арсенал» анчадан бери бундай эътирофдан четда қолаётганди.

Қизиғи шундаки, ўта чиройли гол соҳибига айланган ва якунда жамоасининг мағлубиятига сезиларли ҳисса қўшган ярим ҳимоячи майдонга тушмаслиги ҳам мумкин эди. Жозе Моуриньо уни 19-дақиқада жароҳат олган Сон Хюн Мин ўрнига туширганди. Бироқ 33-дақиқада ҳисобни очган Ламела кейинчалик 7 дақиқа ичида 2та сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди. Натижада, озчилик бўлиб қолган «шпорлар» мувозанатни тиклай олмадилар.

Мавсумни нисбатан муваффақиятли ўтказаётган «Вест Хэм» «Олд Траффорд»да «МЮ»га жиддий қаршилик кўрсатди. Пешқадам дарвозасига 2та гол урган Сульшер шогирдлари етакчи тўртликка интилаётган «болғачилар» дарвозасига йўл топа олмадилар. Шу паллада меҳмонлар ҳимоячиси Крейг Доусон бурчакдан йўлланган тўпни ўз дарвозаси томон буриб юборди. Автогол эвазига олдинга чиқиб олган мезбонларда яна имкониятлар бўлди. Бироқ Фабианьски ҳисобнинг йириклашувига йўл қўймади.

Чемпионга хос бўлмаган тарзда қуйи поғоналарга тушиб кетган «Ливерпуль» ниҳоят, майдонни ғолиб мақомида тарк этди. Бироқ зафарга ўз майдонида эмас, Вулверхэмптонда эришди. Тўғри, тенг курашлар остида ўтган баҳс «бўрилар» фойдасига ҳал бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо улар ўз имкониятларидан фойдалана олмадилар. Мезбонлар посбони Руй Патрисиу эса ўз фаолиятидаги камдан-кам хатоларидан бирига айнан душанба оқшомида йўл қўйди. Чап қанотда тўпни Манедан қабул қилган Диогу Жота яқин бурчакни нишонга олган ҳолда собиқ жамоаси дарвозасини забт этди.

Ўйиннинг якуний қисмида Патрисиу Салоҳ ва Коди билан тўқнашиб кетиб, тиббий ёрдам олишга мажбур бўлди. Унинг Португалия термасидаги жамоадоши - Жота эса соғ-саломат - жароҳатдан кейин ЕЧЛда гол урганди, энди АПЛ доирасида ўз номини таблога ёздириб қўйди. Чемпион эса очколар бўйича «Эвертон»га етиб олди.

 

Испания. Ажабо, Ла Лигада «катеначчо»?

Сермаҳсуллик бобида Примера ҳеч қачон ажаблантирмайди, деган фикрга ишона бошлаганимизда, испан клублари ҳайрон қолдиришмоқда. Биз эса бу ёқда «Барселона» «ПСЖ»нинг, «Севилья» «Боруссия» Дортмунднинг тўсиғидан ўта олишмаганига ҳайрон қолиб юрибмиз. «Атлетико»нинг тақдири ҳам хавф остида. Боиси, нурсиз дуранглар ва «катеначчо» даври аллақачон ўтиб кетди. Ла Лига вакиллари айнан шу услубга зўр беришмоқда.10та ўйинда 17та гол! Боз устига, уларнинг кўпчилиги икки учрашувда амалга оширилган. Ақл бовар қилмайди! Сермаҳсуллик бор-йўғи 3та - «Реал» - «Эльче», «Эйбар» - «Вильярреал» ва «Барселона» - «Уэска» баҳсларида кузатилди. Мадридликларни Карим Бензема қутқариб қолди. Акс ҳолда, учрашув меҳмонларнинг минимал устунлиги билан тугарди. «Сувости ғаввослари» эса «Эйбар»ни маҳв этишлари шарт эди. Бу жамоа фақат ЕЛда ишончли ўйнамоқда, ички чемпионатда эса...

3та шаҳар дербисида мезбонлар зафар қучишди. Ҳа, «Хетафе» «Атлетико»ни енга олмади. Лекин анчадан бери илк бора «матрасчилар»дан очко тортиб олди, гарчи гол уролмаган бўлсада. Етакчининг қоқилишидан «Барселона» ва «Реал» унумли фойдаланишди. «Севилья» эса Ан-Носирининг ягона голи эвазига «Бетис»ни енгиб, мавқеини мустаҳкамлаб олди. «Реал Сосьедад»ни шу тарзда маҳв этган «Гранада» ҳам «Севилья»га эркинроқ нафас олиш имкониятини яратди.

 

Германия. Тўпурарлар учун кўзбоҒ-    лоҒич тур

Ишониш қийин, лекин факт: «Вердер» билан кечган баҳсда (3:1) «Бавария» зафар қучган бўлсада, Левандовски ўзига хос ўйинни кўрсата олмади. Тўғри, битта гол урди, аммо қанчадан-қанча вазиятларни йўққа чиқарди. «Сигнал Идуна-Парк»даги «Герта»га қарши беллашувни (2:0) Эрлинг Холанд «уйқу»да ўтказди. Унинг вазифасини Брандт ва захирадан майдонга туширилган Мукоколар адо этишди. «Айнтрахт» Лейпцигда жанговар (1:1) дурангга имзо чекиб, совриндор учликдан умидвор эканлигини намойиш этди. Аммо Андре Сильвада ана шу интилиш сезилмади. Мазкур натижадан кейин «РБ Лейпциг» билан пешқадам ўртасидаги фарқ 4тага етди. Шунингдек, ўз майдонида яққол аутсайдер - «Шальке» дарвозасига 5та жавобсиз гол урган «Вольфсбург» анча яқинлашиб олди.

Турнинг кутилмаган натижаси Леверкузенда қайд этилди - 4 кун аввал ўз майдонида «Вердер»га имкониятни бой берган (0:2) «Арминия» «Байер»дан 2:1 ҳисобида устун келди. Ана шу муҳим ғалаба эвазига жамоа 15-поғонага кўтарилди. Акс ҳолда, у «қора гуруҳ»да қолиб кетарди. Боиси, «Майнц» ўз майдонида «Фрайбург»ни таслим этди - 1:0. «Байер»нинг мағлубияти «Боруссия» Дортмундга 5-ўринни туҳфа этди.

Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си эса «Аугсбург» майдонида навбатдаги мағлубиятини (1:3) тан олди. Натижада жамоа еврокубоклар ҳудудидан янада узоқлашди.

 

Италия. Эҳ, «Рома», «Рома»!

«А» сериянинг 27-тури ўз мухлисларига сермаҳсул ва кутилмаган натижаларни туҳфа этди. Унинг марказий учрашувида «Сан-Сиро»га ташриф буюрган «Наполи» сафардан 3 очко билан қайтди ва Милан грандлари ўртасидаги очколар фарқи 9тага етишини таъминлади. Чунки Туриндаги «Торино» - «Интер» қарама-қаршилиги етакчи фойдасига (2:1) ҳал бўлганди. «Аталанта» ўз майдонида «Специя»дан 3:1 ҳисобида устун келди, «Ювентус» худди шундай ҳисобда «Кальяри»ни енгди.

Турнинг энг кутилмаган натижаси Пармада қайд этилди. Яққол аутсайдер мақомига тушиб қолган «Парма» ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган «Рома» дарвозасига 2та жавобсиз тўп йўллади. Натижада «бўрилар» икки поғона пастлаб, азалий рақиблари - «Лацио»га қўшни бўлиб олишди. Филиппо Инзаги жамоаси, ўз навбатида, катта қийинчилик билан «Кротоне»ни маҳв этди - 3:2.

 

Франция. Чемпиондан навбатдаги  совҒа

Лига 1нинг 29-тури нафақат «ПСЖ», балки етакчи тўртликнинг барча вакиллари учун омадсиз келди. Унда амалдаги чемпион Парижда «Нант»га имкониятни бой берди (1:2) ва кейинги турга ўзига хос интрига тақдим этди - 3 очко эвазига «қора гуруҳ» етакчиси айланган аутсайдер энди ўз уйида «Ницца» билан дурангга (1:1) имзо чеккан «Лорьян»ни қабул қилади. Беллашув ҳаёт-мамот жанги мақомида ўтишига шубҳа йўқ.

Турни очиб берган «Реймс» - «Лион» баҳсида меҳмонларни қўшимча дақиқалар мағлубиятдан қутқариб қолди - 1:1. Нима бўлганда ҳам, мағлубият эмас. Шунингдек, «Монако» - «Лилль» қарама-қаршилигида ҳам ғолиб аниқланмади -  0:0.

Ниҳоят, «Марсель» бу турда узоқ кутилган ғалабасига эришди - 3:1. Лекин «Брест»дан очколарни тортиб олиш осон кечмади - ғалаба тўпи 88-дақиқада, 3-гол эса қўшимча вақтда киритилди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz