Қайднома

Қидирув

«Янги Дунга»нинг тарихи

«Янги Дунга»нинг тарихи

  19.03.2021 03:17
  0
  199
«Янги Дунга»нинг тарихи

Рафаэль Леао хотиралари билан ўртоқлашишни хуш кўради. 27 ёшли бу шахс футболдан жуда эрта - 21 ёшида кетганини кўп ёдга олади. Шунга қарамай, бразилиялик футболчи Европа футболи чўққиси билан танишишга улгурган, зеро у «МЮ»да тўп сурган. Умуман, Леао Манчестердаги ҳашаматдан ташқари, қуйи лигалардаги шароитларни ҳам кўришга улгурганди...

***

Болалигида аксарият бразилияликлар сингари Рафаэль ҳам футболчи бўлишни орзу қилган. Спортнинг ушбу туридаги дастлабки қадамларни Сан-Паулуда, «Португеза» сафида қўйди, мазкур жамоада уч йил ўйнаб, кейин «Жувентус» мактабига ўтди. Айнан «ҳазилкашлар» таркибида олдинга қадам ташлаши кейинги фаолиятида муҳим аҳамият касб этди.

«Эсимда, «Риа Жавари»да «Санта-Андре»ни қабул қилгандик, лекин ўша учрашувда тўп суришни истамадим, чунки бир кун аввалги машғулотда бармоғимни синдириб олгандим. Бутсаларни кийишга қийналдим, аммо мураббий унга жуда кераклигимни айтди. Ўша ўйинда майдондаги энг яхши футболчи бўлдим», - дея эслайди Леао.

Финал ҳуштаги чалиниши ҳамоно йигитчанинг олдига европаликларга хос ташқи кўринишга эга шахс яқинлашиб, ўзини Жон Калверт деб таништирди. У «МЮ» академияси учун ушбу ҳудуддан иқтидорларни танлаб оладиганлардан бири эди. «У 7-рақамда ўйнаган сенмидинг, деб сўраб, кейин «МЮ» скаути эканлигини айтди. Жон ўйиним ёққани, менга таклифи борлигини билдирди: унга кўра, «Деспортиво Бразил» жамоаси сафига қўшилиб, вақти-вақти билан Англияга бориб, «Манчестер Юнайтед» академияси фаолияти билан танишишим кўзда тутилганди. 18 ёшга тўлганимда Манчестерда мунтазам равишда қолишим мумкинлигини қўшимча қилди», - дейди Рафаэль.

Охир-оқибат, 15 ёшли Леао Порту-Фелисга кўчиб ўтиб, «Деспортиво Бразил» футболчисига айланди. «Жон уй стадионимизда ўтадиган барча учрашувларга ташриф буюрарди, ўйиним, майдонда эришаётган ютуқларим ҳақида Англияга хабар жўнатарди. Кейингисафар учрашганимизда, менга яхшилашим керак бўлган жиҳатлар хусусида гапирди. У мен учун алоҳида майдонча буюртирди, ўша ерда қўшимча зарбалар, узатмалар, «подкат»лар устида ишладим», - дейди Леао.

2008 йили футболчи илк бор «Манчестер Юнайтед» ихтиёрига қўшилди. «Қизил иблислар» базасида дастлабки учратган кишиларидан бири Криштиану Роналду бўлиб, португалиялик юлдуз бир неча ойдан сўнг фаолиятидаги биринчи «Олтин тўп»ини қўлга киритганди. «Академия ва асосий жамоа футболчилари битта ресторанда овқатланишарди. Мен ҳам ўша ерда эдим, нон олаётганимда ёнимга Криштиану келди. У «Бразилияликмисан?» деб сўради. Мен «Ҳа, бу ердалигимдан бахтлиман» деб жавоб қилдим. Шунда Роналду «Сен учун хурсандман, унутма, агар нимагадир эҳтиёж сезсанг, айтавер, албатта ёрдам бераман», деди. Роналду жуда камтар, нимаси биландир ўзига тортарди. Негадир одамлар уни такаббур деб билишади, аммо у фантастик даражада меҳрибон, кўмагини ҳеч кимдан аямайди», - дейди Леао.

Шунингдек, қаҳрамонимиз Англияга мослашишида «Флуминенсе»дан «Юнайтед» сафига қўшилган эгизаклар - Фабио ва Рафаэлнинг хизматлари синганини алоҳида эътироф этади. Бу икки ҳамюрти янги келган, Европага дастлабки ташрифидаёқ Алекс Фергюсон иш услуби билан танишиш имкониятига эга бўлган йигитчага илк кунларданоқ ёрдамлашишди. «Инглизчада деярли гапирмасдим, шу боис эгизаклар таржимон вазифасини бажаришарди. Жон Калверт ҳам кўмаклашарди. Фергюсоннинг клубдаги ҳар бир иш - кийиниш хоналарининг тозаланишидан тортиб, раҳбарияти қарорларигача хабардор эканлиги ҳайратлантирарди. Манчестерга энди борганимда, менинг кимлигимни билган, барча маълумотга эга бўлган. Тамаддихонада мен билан саломлашиб, омад тилаганди», - дея эслайди Леао.

18 ёшга тўлгунига қадар қаҳрамонимиз йилига икки ёки уч марта Англияга ташриф буюрар, 20 кун мобайнида клуб тизимида бўларди. Иқтидорли ўспирин илк маротаба 16 ёшида асосий жамоа билан бирга шуғулланди. Бундан ташқари, Рафаэль машғулотларнинг бирида Эдвин ван дер Сар дарвозасини ишғол қилди ва йиғлаб юборди. Буни кўрган Фергюсон жилмайиб қўйганди. Тажрибали шотландиялик мутахассис йигитчани қўллаб-қувватлаб, унинг келажаги порлоқ эканлигини бот-бот таъкидларди.

***

Леао 18 ёшга тўлганида, португал фуқаролигини олиб улгурганди, бу эса «Манчестер Юнайтед»га ўтишини янада осонлаштирди. Англия клуби уни «Деспортиво» Бразил»дан бир йилга ижарага олиб, футболчининг келажагига кейинроқ ойдинлик киритишни мақсад қилди. «Англияликлар оиласида яшашни режалаштиргандим, аммо Фабио ва Рафаэль ўз хонадонларига кўчиб ўтишга кўндиришди. Бу йигитлар билан тезда чиқишиб кетдик. Ўша паллада инглиз тилини ҳам анча ўрганиб олганим учун бошқа жамоадошларим билан бир-биримизни яхши тушуна бошладик. Жесси Лингард иккимиз дўст эдик, биргаликда Роналдиньо ва Роналдо ҳақида кўп гаплашардик», - дейди Леао.

«Қизил иблислар» U-23 жамоасида Рафаэль Леао Премьер-лиганинг ушбу ёш тоифасидаги турнирида ўйинлар ўтказди. «Эсимда, «Ливерпул»га қарши баҳсда Стерлингга ўйин бермаганимдан кейин у асабийлашганди. «Болтон» билан учрашувда эса менга Маркос Алонсо рақиблик қилганди. Кейинроқ уни «Челси»нинг асосий жамоаси сафида кўрганимда, кўзларимга ишонмагандим», - дейди Леао.

Ёш бразилиялик кўп ҳолларда биринчи жамоа машғулотларида қатнашарди, зеро Алекс Фергюсон унинг нечоғли иқтидорли эканлиги, Англиядаги келажаги бўйича тасаввурга эга бўлмоқчи эди. Машғулотларда Леао универсаллик намойиш этар, майдонда турли позицияларни эгалларди. Daily Mail журналистлари қаҳрамонимизнинг шуғулланиш жараёни, марказдаги ҳаракатларини кузатиб, «МЮ»да «янги Дунга» пайдо бўлгани ҳақида ёзишди. «Манчестер Юнайтед» мухлислари шаҳар кўчаларида Леаони таний бошлашди, ваҳоланки, у клуб сафида профессионал даражада ҳали бирорта ҳам ўйин ўтказмаганди. «Ёнимга келиб, дастхат беришимни сўрашганида, онам таъсирланганди. Баъзи йигитлар атайин расмим туширилган баннер тайёрлатишгани, унга имзо қўйиб беришимни сўрашгани ҳам эсимда», - дея хотиралари баёнини давом эттирди Леао.

***

2011 йилнинг майида «Уэмбли»да Чемпионлар Лигаси финали пайти Рафаэль ҳам клуб меҳмонларидан бирига айланди. Ўшанда «қизил иблислар» «Барселона»га қарши ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушишганди. Ўша учрашувда «МЮ» 1:3 ҳисобида ютқазди, Леаонинг мазкур жамоадаги фаолияти эса ҳали бошланмай туриб якунланди...

«Ижара шартномаси тугагач, Фергюсон менга шахсан мурожаат этди: «Рафаэль, биз билан ўтказган вақтинг учун раҳмат. Сени жуда яхши кўрамиз, аммо кейинчалик учинчи ёки тўртинчи дивизион жамоасига жўнатиш учун шартномангни тўлиқ сотиб ололмаймиз. Яхшиси, Бразилияга қайтганинг маъқул». Унга ташаккур билдирдим, аммо кейинроқ бошқа тафсилотлардан хабар топдим. Маълум бўлишича, «МЮ» салоҳиятимга яхшироқ баҳо бериш учун мени яна бир мавсум ижарага олишни истаган, бироқ «Деспортиво» Бразил» тўлиқ сотиб олишни талаб қилган, чунки ушбу клубдаги шартномам якунланаётганди», - дейди Леао.

Қаҳрамонимиз Бразилияга қайтди, лекин «Деспортиво Бразил»да қолишни хоҳламади. «Итуано»дан таклиф тушди, мазкур жамоада тўп суриш орқали «Мидлсбро»га ўтиш имконияти вужудга келганди. Бироқ «Итуано»даги дастлабки машғулотда оёғини синдириб олган Леао Англияга тикланиш учун борди. Сўнгра қуйи лига вакили ҳисобланган «Америка» клубида ўйнади, кейинроқ Финляндиянинг «Оулун Паллосеура»си сафига қўшилиб, 2014 йили маҳаллий учинчи дивизонда 19та ўйинда 3та гол урди.

Шу каби пасайишлар Леаога қаттиқ таъсир қилди ва охир-оқибат 21 ёшида бутсаларини михга илишни маъқул кўрди. «Ўша пайт «Итуано» билан яна икки йиллик шартномам бор эди, лекин фаолиятимни якунлашимни айтиб, келишувни муддатидан аввал бекор қилишни сўрадим. «Манчестер Юнайтед» тизимида бўлганимдан кейин «Итуано», «Америка»да, Финляндиянинг қуйи лигасидаги клубда ўйнадим... Юқори даражали футбол - бу бошқа масала, лекин қуйи дивизионлардан ўтишга тўғри келганда, вазият мутлақо бошқача кечади. У ерда футбол олами умуман ўзгача эканлигини тушунасан», - дейди Леао.

Агентининг уринишлари қарамай, Рафаэль аҳдида қатъий қолди. Грециядан тушган таклифни ўрганиб чиқишни истамади, бутсаларини михга илди. «Манчестер Юнайтед»да уни Дунга билан солиштиришгани бежиз эмаслигини исботлашга уринмади.

***

Футболдан кетгач, Леао онасининг таклифига кўра, бизнес билан шуғуллана бошлади. «Онам юрист эди. Бизнинг консалтинг компаниямиз бор, у одамларнинг қарзлардан қутулишида кўмаклашади. Юриспруденция билан шуғулландим, ҳозир атрофимдагиларнинг аксарияти ўтмишда профессионал футболчи бўлганимдан бехабар. Кўпинча штат чемпионатида тўп суриш бўйича таклиф тушади, аммо уларга футбол эндиликда бор-йўғи дўстларим даврасида вақтни чоғ ўтказиш воситаси эканлигини айтаман.

Бундан ташқари, 27 ёшли собиқ футболчи футболни миясидан тўлиқ чиқариб юбормагани, спортнинг ушбу туридаги воқеаларни кузатиб боришини тан олди. «Одатда, телевизор орқали ўйинларни томоша қиламан. Қолаверса, футболга қайтиш фикри ҳам туғилганди, фақат футболчи сифатида эмас. Эҳтимол, кейинчалик мазкур режани амалга оширарман. Узоқ вақт футбол ичида бўлганман, кимгадир фойдам тегиши шубҳасиз», - дейди Леао.

Ким билади дейсиз, балки тақдир Рафаэлни бошқа йирик ютуқларга эришиши учун футболдан четда қолдиргандир. Эҳтимол, келгусидаги фаолиятининг маълум қисми футболга алоқадор бўлар. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Шуниси аниқки, ўша паллада Леаонинг «Манчестер Юнайтед» аъзоси бўлишга уринганини кўпчилик эсламайди.

А.ҲАМИДОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz