Қайднома

Қидирув

Жиззахда отилган вулқон ёки бир ўлчаб, бир кесмоқнинг баҳоси

Жиззахда отилган вулқон ёки бир ўлчаб, бир кесмоқнинг баҳоси

  20.03.2021 03:30
  0
  397
Жиззахда отилган вулқон ёки бир ўлчаб, бир кесмоқнинг баҳоси

Муҳтарам мухлис! Ёдингиздами, ўтган ҳафтадаги мақоламизда журъат ва таваккал футболда омад келтирувчи омиллар эканлигини алоҳида таъкидлагандик. Футбол сиёсат эмас. Шу боис унда журъат ва таваккал эвазига кескин қарорлар чиқариш мумкин. Мухлислар учун шундай қарорлар ортидан келажак ғалаба ёки мағлубиятлар қизиқарли муҳокама манбаи ҳисобланади.

Очиқ айтамиз, Нўъмон Ҳасанов мавсум арафасидаги маросимда «Барселона»га «симпа­тия»сини ошкор қилиб, хатога йўл қўйди. «Симпатия» -  Нўъмон Ҳасановнинг ҳуқуқи! Лекин «Навбаҳор» мухлислари орасида «Реал»га ҳам меҳр берганлари кўп ва улар қаршисида «Барселона» услубини айтиш - хато. Нўъмон Ҳасанов бу мавзуни очмай, жимгина ўзи ёқтирган услуб устида ишласа бўлаверарди. Афсуски, унга катта аудитория олдида қандай сўзлаш борасидаги тажрибасизлик панд берди. Вилоят ҳокимининг кескин жавоби эса уни ўша палладаёқ тушкунлик домига тортди, назаримизда. Аслида шу драматик вазият «Навбаҳор»нинг 1-турдаги мағлубиятига хамиртуруш ҳозирлади. Фикримизча, Нўъмон Ҳасанов шундан кейин руҳий жиҳатдан ўзини ўнглай олмади. Қош қўйишга уриниб, кўз чиқариш шунақа. Вилоят ҳокими эса ўша лаҳзада ташаббусни қўлига олиб, «реалчи» эканлигини айтди ва вазиятни анча юмшатди. Ташқаридан қараганда, бу ҳолат ғалати туюлади, бироқ ўша вазият учун ҳокимнинг луқмаси тўғри гапдир. Шу маънода айтсак, Нўъмон Ҳасановнинг истеъфога чиқарилиши вақтида амалга оширилди. Балки вақтида эмасдир. Асосийси, 2-турни кутиб ўтирмай, зудлик билан қарор чиқарилгани. Акс ҳолда, «Навбаҳор»да мағлубиятлар се­рия­си бошланиб кетармиди? Руҳан эзилган Нўъмон Ҳасанов эса баттар тушкунликка тушарди. Истеъфонинг баҳоси шунда: у жа­моани ҳам, бир яхши мутахассисни ҳам муаммолардан қутқарди. Ҳаёт шунақа. Баъзан етти ўлчаб эмас, балки бир ўлчаб бир кесишга тўғри келади. Албатта, осон эмас. Чунки ҳамма бир кишининг қарорини кутади. Маслаҳатлашувлардан сўнг якуний хулосани раҳбар айтади. Ҳар қайси раҳбар кескин қарор чиқаришга мажбур. Ҳар қайси раҳбар ҳам сўнгги хулосани айтишда таваккалига иш тутавермайди, журъатли бўлавермайди. Шавкат Абдураззоқовнинг журъати ва таваккали шу жиҳатдан таҳсинга сазовор. Ортиқча мулоҳаза, ноўрин истиҳола футбол тараққаёти йўлини тўсади. Зеро, футбол шижоат ва қатъиятни ёқтиради.

«Сўғдиёна»га қарши учрашувда «Навбаҳор»да жамоавий ўйин яққол кўзга ташланмаганди. Кўплаб мухлисларни мана шу ҳолат хавотирга солганди. Хўш, Виктор Жалилов «Локомотив»га қарши кечган ўйиндан аввал нима иш қилдики, жамоа майдонда завқ-шавқ билан тўп сурди? Аёнки, у оламшумул янгиликка қўл ургани йўқ. Шунчаки, ўтган турда асосий таркибда майдонга тушган баъзи футболчилар билан захирадагилар ўрнини алмаштирди, холос. Албатта, бизга номаълум, ўзига аён қайсидир «мурват»ни бураб қўйгани ҳам аниқ. Бўлди - шу биргина ҳаракат билан «машина» тезликни яхшигина оширди, «лочинлар» парвозни исташди ва ғалаба тортиқ этиб, мухлисларини хурсанд айлашди. «Лочинлар»нинг сафар ўйинида яна бир муҳим жиҳат эътиборни тортди. Гап шундаки, Азим Аҳмедов пенальтидан гол уролмаган вазиятда жамоа «шок»ка тушмади, аксинча, шиддат билан олдинга ташланди. Бу жиҳат - Виктор Жалиловнинг муҳим ғалабаси. Таъкидлаш жоиз, «Локомотив» ҳам иккинчи ўйинида яхши таассурот қолдирди. Айниқса, Жавоҳир Сиддиқовнинг жарима майдонига ёриб киришлари кўпчиликда бу футболчига нисбатан яна умид уй­ғотди. Икки мағлубият ундаги иштиёқни сўндириб қўймаса, бас! «Насаф» ўйинини бошқараётган Ойбек Бозоров хусусида ҳам ҳеч иккиланмай шундай хулоса айтамиз.

Хуллас, Суперлигада янги юлдузлар порлай бошлашди. Умид шуки, ҳакамлар билан боғлиқ хатолар бу юлдузлардаги иштиёқни сўндирмайди. Хатоларни писанд этмай, улар яна ҳам кучлироқ порлашлари шарт. Виктор Серазитдинов эҳтиёж сезган VAR тизими эса тезроқ қамровни ошириб, адолатни тўлақонли таъминлайди, деб ўйлаймиз. Зеро, ЎФА жиддий чоралар кўриш йўлидан бормаса, Жиззахдаги каби вулқонлар отилаверади. Кейин кеч бўлади ва бу вулқонларни жиловлаш қийин кечади. Йўқ, жиловлаб бўлмайди ҳеч қачон. Вазият вулқон каби отилишгача етиб борибдими, демак, уни тўхтатадиган куч топилмайди бу дунёда. Балки кимлардир ёш мураббийни эҳтиросга берилишда айблар. Тўғри, унда совуққонлик етишмади. Етишмаса етишмасин ўша совуққонлик. Совуққонлик лоқайдликни ёндиролмайди, йўқотолмайди. Коррупцияни эҳтирос олови куйдиради ва ёниб кул бўлган кўнгилдан адолат ниҳоли униб-ўсади! Ислом Исмоилов кўксидан отилган вулқон бир-икки ўйин натижаси эмаслиги барчага маълум ҳақиқат. Ортда қолган икки тур воқеалари йиллар мобайнида етилиб, толиқиб турган вулқоннинг кўзини очиб юборди. Йиллар мобайнида футбол ичида яшаб, унинг ичидаги адолатсизликларни кўравериб, кўнгли зардобга тўлган отюрак йигит охири чидолмади! У миллионлаб футбол мухлисларининг оҳ-у-ноласи, фиғони, дард-у-алами бўлиб ҳайқирди. Энди бу ҳайқириқлар тинмайди. Энди вазият бошқача. Энди етти ўлчаб ўтирманг, муҳтарам мутасаддилар! Бугун бир ўлчаб, бир кесмоқ пайти! Бугун бир ўлчаб, бир кесмоқнинг баҳоси шу қадар баланд. Шавкат Абдураззоқов бу ишни шаҳд ила бажарди. Энди навбат сизларга...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz