Қайднома

Қидирув

Бу кимга фойда ёки Эронликлар Шайх Салмонни бекор қўллаган экан-да!

Бу кимга фойда ёки Эронликлар Шайх Салмонни бекор қўллаган экан-да!

  20.03.2021 04:40
  0
  420
Бу кимга фойда ёки Эронликлар Шайх Салмонни бекор қўллаган экан-да!

Газетамизнинг аввалги сонида ОФКнинг махсус қўмитаси ниҳоят, ОЧЛ-2021 гуруҳ босқичи ва ЖЧ-2022/ОК-2023 қўшма саралашининг марказлашган формат асосида ўтадиган турнирлари мезбонларига ойдинлик киритгани ҳақида хабар бергандик. Таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг ёзишича, ОФК қарори айрим мамлакатларда кучли эътироз уйғотди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2022 саралаши иккинчи босқичининг қолган ўйинлари қуйидаги мамлакатларда ўтказилади:

«A» гуруҳи: Хитой

«B» гуруҳи: Қувайт

«C» гуруҳи: Баҳрайн

«D» гуруҳи: Саудия Арабистони

«E» гуруҳи: Қатар

«F» гуруҳи: Япония

«G» гуруҳи: БАА

«H» гуруҳи: Жанубий Корея

 

***

- Келинг, таҳлилчиларнинг севимли ўйинини бошлаймиз - «Бундан кимга фойда?» «А» гуруҳида яққол пешқадам бор - 5та учрашувда 15 очко тўплаган Сурия термаси. Хитой ва Филиппин жамоалари 7тадан очкога эга, фарқи шуки, хитойликларда ўйинлар сони 1та кам. Қолаверса, Хитой термаси қолган 4та ўйинидан 3тасини ўз майдонида ўтказиши керак эди. Демак, ОФКнинг «А» гуруҳи ўйинлари мезбонлигини Хитойга топшириш қарори адолатли кўринмоқда.

«В» гуруҳида Австралия термаси 100 фоизли натижага эга, фарқи, 5та эмас, 4та ўйиндан сўнг. «Яшил қитъа» вакилларида 3та уй учрашуви қолганди. Бироқ ҳозирги чекловлар Австралияда халқаро мусобақаларни ўтказишга тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун ҳам, Иордания ва Қувайт варианти бор эди, холос. Бу икки мамлакат жамоалари 5тадан ўйинда 10тадан очко олган. Уларнинг биринчи ўзаро учрашуви Аммонда бўлиб ўтганини ҳисобга олсак, Қувайтнинг танланганида ҳам етарлича адолат бор.

«C» гуруҳида Эрон термаси қийин аҳволга тушиб қолди. Форслар 4та учрашувда атиги 6 очко олишган ва гуруҳнинг икки етакчиси - Ироқ (5та ўйиндан 11 очко) ва Баҳрайн (5та ўйиндан 9 очко) термаларини ўз майдонларида қабул қилишлари керак эди. Аммо охир-оқибат, эронликларнинг учинчи босқичга чиқиш вазифасини ўз уйлари эмас, балки Баҳрайнда ҳал қилишларига тўғри келмоқда. Бошқа томондан, Баҳрайн аҳолисининг 50 фоиздан кўпроғининг келиб чиқиши форсларга тақалади. Демак, мухлисларнинг қайси жамоани қўллаб-қувватлаши масаласи - катта савол.

«D» гуруҳи бўйича қарорни биздаги мухлислар яхши қабул қилолмайдилар. Саудия Арабистони термаси март ойида ўз майдонида 1та ўйин ўтказади ва унинг ҳисобида қолган фаворитлар каби 3та эмас, 2та уй учрашуви қолади. Ўзбекистон термасида эса 1тагина уй учрашуви бор эди. Қолаверса, гуруҳ фаворитларининг ўзаро ўйини ҳам тақвим бўйича Саудия Арабистонида ўтказилиши керак эди. Шундай экан, «D» гуруҳи ўйинлари Саудия Арабистонига берилгани мантиқан тўғри. Бошқа томондан, натижаларни ОФК белгиламайди. Оддий айтганда, ҳаммаси Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари ва мураббийлари қўллари ва оёқларида.

«Е» гуруҳида ҳаммаси анча содда. Бангладеш термаси ҳисобида 3та уй учрашуви бор эди, аммо бу мамлакат футбол федераcияси мусобақани ўз ҳудудида ташкиллаш имкониятига эга эмаслиги аниқ ва Қатарнинг танланиши аниқ эди.

ОФК қолган 3та гуруҳ учун ҳам захирасида уй учрашувлари кўпроқ қолган жамоалар мамлакатини танлади. Турнир жадвалидаги айни ҳолатни инобатга олсак, бу айниқса, БАА ва Жанубий Корея терма жамоалари учун жуда муҳим.

***

- ОФК қарорига илк реакциялар ўзини узоқ куттиргани йўқ:

1. Иордания футбол ассоциация «В» гуруҳи ўйинларини Қувайтда ўтказилишига қарши. Иорданияликларнинг иддаолари оддий - бу мамлакатда ҳаво ҳарорати жуда иссиқ, футболчилар саломатлигига хавф бор. ИФА шунинг баробарида ўйинлар тақвими ўзгартирилганига ҳам эътибор қаратмоқда.

2. Эрон миллий жамоаси футболчиси Меҳди Тареми «С» гуруҳи мезбонлиги Баҳрайнга берилганидан ҳайрон. У ҳам жазирама иссиқни тилга олди ва бу қарор Эрон футболига қарши йўналтирганини таъкидлади.

3. Журналистлар на Хитой, на Жанубий Корея ва на Япония ОЧЛ ўйинларини қабул қилишга даъвогарлик қилмаган ҳолда, ЖЧ-2022/ОК-2023 қўшма саралаши иккинчи босқичи мезбонига айланганига эътибор қаратишди. Бу Шарқий Осиёдаги 3та гигант футбол федерациясининг асосий мақсадидан далолат.

Дарвоқе, тақвим ҳақида. Мисол учун, Иордания термаси эътирозининг сабаби нима? Тақвимнинг олдинги вариантида гуруҳдаги 2-ўрин учун бош даъвогарлар - Қувайт ва Иордания термалари ўйинлари кетма-кетлиги қуйидагича эди:

7-тур. Австралия - Қувайт

8-тур. Қувайт - Иордания

9-тур. Непал - Иордания

10-тур. Хитой Тайпейи - Қувайт, Австралия - Иордания

Энди тақвим бошқача кўринишда:

7-тур. Австралия - Қувайт

9-тур. Непал - Иордания

8-тур. Қувайт - Иордания

10-тур. Хитой Тайпейи - Қувайт, Австралия - Иордания

Моҳият шуки, Қувайт термаси иорданияликларга қарши кечадиган принципиал ўйин олдидан 2 кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлади. Боз устига, Иордания термасининг австралияликлар билан ўйингача дам олиш муддати 1 кунга қисқарди.

Энг қизиғи, бошқа футбол федерациялари тақвимнинг ўзгарганига салбий  реакция билдиргани йўқ. Эрон томонидан ОФК қарорини изоҳлаган биринчи расмий шахс - мамлакат МОҚ президенти Ризо Солиҳи Амири барчасини дангал баён этди: «Эроннинг АФК президенти сайловларида шайх Салмон номзодини қўллагани хато бўлди». У шунинг баробарида келаси ҳафта мамлакат спорт вазири ва ташқи ишлар вазири ўртасидаги учрашувда юзага келган вазият муҳокама қилинишини таъкидлади.

Алишер НИКИМБАЕВ, Футболиум


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz