Қайднома

Қидирув

Ҳинд лигасида ишлаш қандай?

Ҳинд лигасида ишлаш қандай?

  20.03.2021 07:17
  0
  215
Ҳинд лигасида ишлаш қандай?

Робби Фаулер Ҳиндистон чемпионатидаги иши ҳақида: «Ҳозир моҳиятан очиқ қамоқдаман». Англиялик афсонавий голеадор Робби Фаулер айни пайт Ҳиндистоннинг «Ист Бенгал» жамоасини бошқармоқда. Англия футболида ёрқин из қолдирган собиқ ҳужумчи The Guardian наш­рига берган интервьюсида ҳозирги иши, Ҳиндистон ва мамлакат футболи ҳақида батафсил гапириб берди.

***

Фаулер мураббий сифатида ўз саёҳатини 2011 йилнинг охирида Таиланднинг «Муангтонг Юнайтед» клубида бошлади. Камтарин жамоада маълум муддат ўйновчи-мураббий ролида фаолият юритган ҳужумчи бунинг ортидан бироз тажриба тўплади ва Авс­тралияга йўл олди. Аниқроғи, Робби «Брисбен Роар»да Стюарт Бакстер ўрнини эгаллади, аммо бинойидек таркибга эга жамоада айтарли натижа қайд этолмади. «Брисбен Роар» ёш мутахассис қўл остида турнир жадвалининг пастки қисмидан чиқолмади ва у татбиқ этган ўйин услуби ҳақида салбий фикрлар кўпайиб борди, хусусан, Fowlerball атамаси вужудга келди. Фаулер бошида тан­қидларга нисбатан кескин жавоб берган бўлса, кейинчалик ҳаммасини тушундими, ҳар ҳолда, уларни хотиржам қабул қилишни ўрганди: «Шахсан ўзим Fowlerball иборасини ҳеч қачон ишлатмаганман, лекин ўйлашимча, бу унча ёмон эмас. Гап шахснинг мураббий ролидаги ўзига хос хусусиятлари ҳақида кетмоқда. Демак, одамлар ушбу иборани ишлатсалар, фақат хурсанд бўлишим керак. Улар яхши маънода қўллашадими ёки аксинча, салбий маънода - бунинг фарқи йўқ. Мураббийлик фалсафам оддий: майдонда сифатли узатмалар воситасида ўйнайдиган, тўп назоратини қўлга олиш учун кўп ҳаракатланадиган жамоага эга бўлишни хоҳлайман. Йўқ, Юрген Клоппга ўхшашим шарт эмас, шунчаки, барча кучли мураббийларга хос жиҳатларни ўзлаштирсам, енгилмаслик менталитетини шакллантирсам, бас. Табиийки, ҳар бир мутахассисда алоҳида хусусиятлари бор. Умуман, Fowlerball атамасининг кенг айланмасига қарши эмасман. Ахир бу фақат ўзимга хос ишора-ку».

***

2020 йилнинг бошида ҳаммаси тубдан ўзгарди. Яъни Фаулер жамоаси 12та учрашувдан 8тасида ғалаба нашидасини сурди, аммо коронавирус туфайли март ойида жорий қилинган карантин тартиби барчасини бузиб юборди. Ўша вақт «Брисбен Роар» Австралия «А» лигаси турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилган ва Фаулер қаторасига 3-марта ой лауреати сифатида махсус соврин олишни кутаётганди, амалда у энг яхши мураббийга аталган ҳайкалчани эмас, Англияга қайтиш чиптасини олди - пандемия анча жиддийлашганди. Австралия чемпионати мавсуми шу билан июль ойидагина қайта тикланди, бироқ клуб бу вақтда таниқли инглиз билан шартномани бекор қилишни лозим топди. Фаулер австралияликларни ноқонуний истеъфо юзасидан айблаб, ФИФАга арз қилди. Халқаро футбол ташкилоти эса ўтган йилнинг ноябрида унинг шикоятига қониқарли жавоб берди, фақат ёш мураббий бу орада Ҳиндистонга юзланиб, Осиёнинг энг йирик ва қадимий клубларидан бири «Ист Бенгал»да иш бошлашга улгурган эди. Бироқ Фаулер жамоаси октябрь ойидан бери Ҳиндистон Суперлигаси (ISL)нинг бошқа иштирокчилари қатори Гоада тўхтаб қолди. Сабаб - коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар. Ҳинд клублари битта ҳудудда бўлиш баробарида ортиқча алоқалардан чекланишга мажбур. «Гарчи мутлақо озод бўлсакда, моҳиятан олганда, очиқ қамоқда ўтиргандекмиз. Ҳа, одамлар айтишлари мумкин: «Сизлар беш юлдузли меҳмонхонада яшаяпсизлар-ку...». Аммо ҳамон изоляция шароити, нақ 4-5 ойдан буён хонадан чиқмай ўтирибмиз. Ҳа, таш­қарига ҳам чиқамиз, лекин фақат машғулотлар ёки ўйин ўтказиш учун...», - дейди Фаулер.

Айтиш керак, Фаулернинг ҳинд диёридаги фаолияти худди Авс­тралияда бўлгани каби жуда ёмон бошланди: Шарқий Бенгал жамоа­си янги мураббий қўл остидаги дастлабки 5та ўйинда атиги 1 очко олди. Муҳими, шундан кейин яхшилик аломатлари ҳам сезилди. Ҳар ҳолда, «Ист Бенгал» кейинги 10та ўйинда атиги 2 марта мағлубиятга учради ва ҳозирча турнир жадвалининг 10-қаторида бормоқда. Тўғри, бу «Брисбен Роар»нинг чинакамига қайтиши эмас, лекин натижа ва олдинга силжиш бор, барибир. «Ист Бенгал»нинг 2020 йилигина I-League турниридан ISL таснифига ўтганини ҳисобга олсак, 10-ўрин ҳам чакки эмас. Дейлик, жамоанинг «Мохун Баган»га қарши ўйини «Шарқий Бенгал дербиси»ни 100 мингдан кўп мухлис томоша қилди: «Очиғи, янги лигага киришиш осон бўлгани йўқ. Зеро, клуб I-League турнирига мўлжалланган эди, ISL эса - мутлақо бошқа даража. Қолаверса, мавсум бошида 12-13 нафар футболчи билан хайрлашдик ва таркибни қайта шакллантиришимизга тўғри келди. Шунинг учунми, бошида роса қийналдик, муҳими, охирги вақтларда муносиб натижалар қайд этяпмиз. Биламан, ҳали кўп жиҳатлар устида ишлашимиз керак. Бу жараёнда олдинга силжиш борлиги қувонарли ҳол, албатта».

***

Гарчи Ҳиндистон футболи даражаси, рақобат кўлами ва мавжуд талабларни Европанинг асосий лигалари стандартлари билан таққослаш мумкин бўлмасада, бу мураббий ишини енгиллаштирмайди, асло. Бинобарин, Осиё футбол маданияти Европаникидан кескин фарқланадики, бунга бепарво қараш ярамайди. Фаулер аллақачон Ҳиндистон футболининг айрим расмий мутасаддиларини ранжитишга ҳам улгурди. Маҳаллий гезеталар муқовасида Роббининг суратлари тез-тез чиқмоқда ва англиялик мутахассис ўз чиқишларида кўпинча ҳакамлик савияси жуда паст эканлигини таъкидлайди, яна ҳиндистонлик ҳамкасблари малакасини шубҳа остига қўяди. Умуман, Фаулер ҳамон ушбу мамлакатда ўз йўлини топишга, шунингдек, ўйин ҳақидаги қарашларини маҳаллий футболчиларга сингдиришга уринмоқда: «Шогирдларим мураббийлик услубим, фалсафамни анча тушуна бошлашди, уларни ўзгача футболга буриш ҳаракатидаман. Ўз навбатида, ўзим ҳам шогирдларим одатларига кўникиб қолдим. Асосийси, уларнинг ривожланишлари, ўйин бобида ўсишларига ёрдам бера олишимни биламан. Мақсадим ҳам шу - ҳинд йигитлари даражасини кўтариш». Бироқ баъзи жиҳатлар, хусусан, турмуш тарзига мослашиш нисбатан кўп вақт талаб қилади. Фаулер биринчи навбатда, таомлар рационини тартибга солиши кераклигини яхши билади: «Мисол учун, Буюк Британияда ҳамма кўпроқ макарон, товуқ гўшти ва оқсилга бой таомлар истеъмол қилишга одатланган. Бу ерда эса футболчилар ҳали ҳам ҳазм бўлиши қийин таомларни ўзгача қадрлашади. Тушунинг, буни бирданига тақиқлаб қўйиш мумкин эмас. Агар шундай қилсангиз, фақат зарар кўрасиз. Демоқчиманки, таомланиш тартибини асталик билан йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ».

Фаулер шунинг баробарида мураббийлик ғоясини шакллантириш ва барчасини шогирдларига сингдиришни ўйлайди. Муҳими, ҳинд футболчилари унга «Ливерпуль» афсонаси сифатида қарашади ва сўзларига бепарво эмаслар: «Ҳа, вақтида «Ливерпул»да ўйнаганим ва маълум даражада ном қозонганим қайсидир маънода қўл келмоқда. Ҳар ҳолда, менга ҳурмат билан қарашадики, бу назарий машғулотлар вақти ишимни анча енгиллаштиради. Аммо амалий машғулотларда бошқача - бунда машҳурлигингиздан наф йўқ. Футболчиларга ҳаммасини амалда кўрсатиб беришингиз керак, улар шунга қараб интилишади ва талабингизни теранроқ англашлари мумкин. Табиатан жуда оддий одамман. Юрген Клоппнинг мураббийлик услубига ёпишиб олиш ва унга қараб иш тутишни истамайман. Чунки Роббиман ва шогирдларим шахсий фикрим борлигини кўришлари керак. Тан оламан, «Ливерпуль» эффекти зўр ва яхшигина таъсир кўрсатиши ҳам тайин. Шундай бўлсада, жамоам «қизиллар»га тенглашиш ўрнига ўз йўлидан боришини хоҳлайман».

***

Балки Фаулер кун келиб, Англияга қайтар ва «мураббийлик қиличи»ни «Ливерпул»да ҳам синаб кўрар, лекин бунга ҳали эрта: «Мана, жимгина ўтираётганим йўқ. Шундай экан, менга Анг­лияда салоҳиятимни синаб кўриш имкониятини тақдим этишмагани юзасидан нолишим жоиз эмас. Табиатан бош­қача инсонман - ҳозирги ҳолатимдан мамнунман, ахир менда нималарга қодирлигимни англаш учун яхшигина имконият бор. Хуллас, Ҳиндистонда ҳаммасини янада яхшилаб, мукаммаллаштириб олишим мумкин. Албатта, ҳинд диёрида муваффақиятга эришиб, муносиб ном қолдирмоқчиман. Ҳозир ҳам ҳар доимгидек иштиёққа тўламан. Футболчилик вақтидаги хусусиятларимни заррача йўқотган эмасман: мураббийликда ҳам ҳар доим ғалабага интиламан, барчадан устун келишни хоҳлайман. Бош­қача бўлиши мумкин ҳам эмас».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz