Қайднома

Қидирув

Диққат, янги куч келди!

Диққат, янги куч келди!

  20.03.2021 09:19
  0
  407
Диққат, янги куч келди!

Суперлига жамоалари одатдагидек, янги мавсум олдидан бир қатор эътиборли келишувларни расмийлаштирди. Айрим клублар таркиб ўзагини сақлаб қолган ҳолда, айтарли трансферларга қўл урмаган бўлса, баъзи жамоалар улгуржи савдони амалга оширди. Бу энди оддий жараён. Клублар имконият, шароитлардан келиб чиқиб, янги футболчиларни таклиф қилади. Ўз академияси, мактабига эга жамоалар эса катта ўзгаришларга унча эҳтиёж сезмайди. Қисқаси, бугун қишки трансферлар вақти Суперлигада амалга ошган энг эътиборли келишувларга бирров назар соламиз.

Сардор РАШИДОВ - «Пахтакор». Вақтида футболимиз осмонида ёрқин юлдуз каби порлаган тезкор вингер 2 мавсумдан сўнг чемпионатимизга қайтди. Португалия ва Қатар лигаларида тўп тепган Сардор энди «Пахтакор»да Жалолиддин Машарипов ўрнини босиши керак. Табиийки, мухлислар ундан кўп нарса кутишади. Лекин Рашидовнинг «Қатар СК»дан кетгач, узоқ вақт амалиётсиз қолганини ҳам унутмаслик керак. Ўйлаймизки, ярим ҳимоячи мавсум давомида «шерлар» ўйинини ҳар томонлама кучайтира олади. Фақат юқори спорт формасини тезроқ тикласа, бас. Айниқса, ОЧЛда Сардордан умид катта.

Муқобил вариант: Азиз Турғунбоев

 

Шоҳруҳ ГАДОЕВ - АГМК. Кутилишича, АГМК жорий мавсум чемпионлик учун курашади. Ҳар ҳолда, олмалиқликлар қишки трансферлар вақти юқори савияли футболчиларни жалб қилишди. Александр Касьян, Владимир Козак, Санжар Шоаҳмедов, Шоҳруҳ Гадоев, Дилшод Аҳмадалиев, нидерландиялик Элвин Фортес, дарвозабон Ботирали Эргашев... Хуллас, ҳар бир чизиқда рақобат бор, тенг кучли 2та таркиб ҳосил бўлди. Аслида АГМКнинг энг яхши трансфери сифатида Элвинни кўрсатиш керакдир, бироқ легионер футболчининг қандай хислатларга эгалигидан ҳали тўлиқ хабардор эмасмиз. Шунинг учун Шоҳруҳ Гадоевни танладик. Бу футболчи мухлислар эътиборига айнан Миржалол Қосимовнинг терма жамоадаги иши пайти тушганди. Ўшанда мутахассис ёш Шоҳруҳни Виталий Денисов ўрнида ўйнатганди. Кейинчалик иккисининг йўллари «Бунёд­кор»да ҳам кесишди. Қанот ҳимоя­чиси ва ярим ҳимоячиси сифатида бирдек ўйнайдиган Гадоев энди АГМК ҳужумларига ранг-баранглик олиб кирса, ажбмас. Ундаги охиригача курашиш хислати муҳим ўйинларда асқотади. Ўтган йили жамоада ўйнаган Элгужа Григалашвили ва Матэ Ватцадзега айни шу хусусият етишмаганди.

Муқобил вариантлар: Элвин Фортес, Санжар Шоаҳмедов

 

Фарҳод БЕКМУРОДОВ - «Қўқон-1912». Бир неча йил давомида «Андижон» етакчиси сифатида гавдаланган Фарҳод энди «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилади. Маҳоратли ярим ҳимоячи «Навбаҳор»га кетган Қувондиқ Рўзиев ўрнини эгаллаши керак. Майдон марказида етакчиликни қўлга олиши кутилаётган Бекмуродовга узоқдан йўлланадиган кутилмаган зарбалар, но­стандарт қарорлар қўл келиши мумкин. Фарҳоднинг ўзи «Қўқон-1912»ни янги даражага чиқиш илинжида танлаганини кўп бора таъкидлади. Демак, кузатамиз, ярим ҳимоячи Бахтиёр Ашурматов жамоасида борини ишга солиши тайин.

Муқобил вариантлар: Славко Лукич, Анвар Ҳожимирзаев

 

Иброҳим ТОМИВА - «Бунёдкор». Бир қатор йўқотишларга дуч келган «Бунёдкор» кетганлар ўрнини муносиб ижрочилар билан тўлдирди. Жумладан, ҳужум чизиғига нигериялик Иброҳим Томива олинди. Абжирлиги, агрессив ҳаракатланиши билан ажралиб турадиган бу футболчи ўтган мавсум гол уришни ҳам яхши уддалашини исботлади. Ҳар ҳолда, Иброҳим аввалига «Оқ-тепа», кейин «Қизилқум»да чакки таассурот қолдиргани йўқ.

Муқобил вариантлар: Санжар Рашидов, Одил Абдураҳмонов

Евгений МАКЕЕВ - «Металлург». Бекобод клуби янги мавсум арафасида катта ҳаридларни амалга оширгани йўқ, лекин зарур позицияларга керакли футболчилар олди. Жумладан, «Спартак» (Москва)даги ўйинлари билан танилган Евгений Макеевни алоҳида кўрсатиш мумкин. «Металлург» бош мураббийи Андрей Шипилов бу футболчига катта умид боғлаётганини яширмаяпти: «Макеевни ўтган мавсумдаёқ таклиф қилмоқчи эдик, лекин улгурмадик. У машғулотларда яхши таассурот қолдирмоқда. Оғир-вазмин йигит. Жамоада ёшларга ўрнак бўляпти. Чемпионатимизга шундай легионерлар керак».

Муқобил вариантлар: Акбар Исматуллаев, Никита Павленко

 

Санжар ҚОДИРҚУЛОВ - «Локомотив». Яна улкан мақсадлар билан равон йўлга қайтиш ва чемпионлик учун курашишни мақсад қилган «Локомотив» бош мураббий лавозимини узоқ Португалия­дан келган Микаэль Секейрага топширди. Шунга монанд равишда бир қатор номдор футболчилар ҳам таклиф этилди: Диего Барданка (Испания), Абдумавлон Абдужалилов, Санжар Қодир­қулов, Ислом Қобилов, Ислом Рашидхонов, Игорь Чикризов, Садриддин Абдуллаев... Янгилар орасида Санжар Қодирқуловни энг яхши харид сифатида тилга олиш мумкин. Қанот ва марказда ажойиб узатмалари, тезкор ҳаракатлари билан рақибларни шошириб қўядиган футболчи бу йил «Локомотив» ўйинида асосий «фигура»лардан бирига айланса, ажабмас. Зеро, терма жамоамиз  аъзоси олдида ўз даражасини янада ошириш вазифаси ҳам бор.

Муқобил вариантлар: Ислом Қобилов, Ислом Рашидхонов, Диего Барданка

 

Қувондиқ РЎЗИЕВ - «Навбаҳор». «Қўқон-1912» сафида ажо­йиб ўйинлари билан танилган Қувондиқ Рўзиев эндиликда ўз салоҳиятини «Навбаҳор»да кўрсатиши керак. Аввалги мавсумларда Наманган жамоасига айнан Рўзиевга ўхшаган серҳаракат футболчи етишмаганди. Янги мавсумда майдон марказида етакчиликни қўлга олиши кутилаётган Қувондиқнинг ўзи «Навбаҳор»га мослашиб олганини таъкидламоқда: «Йигитлар билан чиқишиб кетдик. Бу борада айниқса, Туркия йиғини асқотди, чунки барчамиз бир жойда яшаб, бирга юрдик. Нўъмон Ҳасанов билан қарийб 2,5 йил бирга ишлаганман. Нўъмон ака футболчининг маҳоратидан келиб чиқиб, жамоавий ўйин шакл­лантиришга интилади. Янги мавсум тақвими биз учун қийин: бошида кетма-кет номдор жамоаларга қарши ўйнаймиз. Лекин ҳеч қайси рақибдан қўрқаётганимиз йўқ, чунки 12-ўйинчимиз - мухлисларимиз бор. Худо хоҳласа, мураккаб босқичдан муносиб ўтамиз».

Муқобил вариантлар: Марко Путанчанин

 

Ислом ТЎХТАХЎЖАЕВ - «Қизилқум». Тажрибали ҳимоячи, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси. Ислом Тўхтахўжаев янги мавсумда «Қизилқум» ҳимоясида тўлиқ тартиб ўрнатса керак. Ўзи унинг Навоий клубини танлагани кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Зеро, Ислом қишки йиғинларни асосан «Бунёдкор»да ўтказганди. Балки навоийликлар унга кўпроқ маош таклиф қилишгандир. «Шенянг Урбан» билан муаммолар юзага келгач, олдимда кам вақт қолганди. «Қизилқум» бош мураббийи Ҳамиджон Актамов билан музокарада ҳаммаси тез ҳал бўлди. Ҳа, бошқа клублардан ҳам таклифлар тушди. Лекин барча клублар таркибини деярли шакл­лантириб улгурганини ҳисобга олиб, «Қизилқум» вариантида тўхтадим. Қолаверса, клуб ўз олдига катта марраларни забт этиш вазифасини қўйган. Шу жиҳати қизиқтирди», - деди Тўхтахўжаев.

Муқобил вариантлар: Элгужа Григалашвили, Матэ Ватцадзе

 

Жасур ЖАЛОЛИДДИНОВ - «Андижон». Истиқболли ярим ҳимоячи фаолиятини қайта тиклаш учун «Андижон»ни танлади. 27 январь куни «Локомотив» (Москва) Жалолиддинов билан шартномани бекор қилгач, у ёшликдаги мураббийи Отабек Ғуломхўжаев ёнида тўп тепишни бошқа вариантлардан устун кўрди. Катта эҳтимолки, Жасур энди етарли амалиётга эга бўлади, ярим йилдан ортиқ вақт давомида расмий ўйинда майдонга тушмаган ёш футболчи учун энг муҳими шу. Эътиборли жиҳати, футболчи «Андижон»ни агентлар аралашувисиз танлади. Отабек Ғуломхўжаев унга Ўзбекистон ёшлар термаси ва «Бунёдкор» академиясида устозлик қилган. Жасурнинг Навойидан Тошкентга йўл олишида ҳам ушбу мураббийнинг хизмати катта бўлганди. Умуман, янги мавсум олдидан «Андижон» сафига қўшилган 15 нафар янги футболчи орасида айнан Жалолиддиновга алоҳида эътибор қаратилиши турган гап.

Муқобил вариант: Иброҳим Отахонов

Абдулазиз ЮСУПОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz