Қайднома

Қидирув

Фернандо Йерро: “Рамос – “Реал” рамзи!”

Фернандо Йерро: “Рамос – “Реал” рамзи!”

  21.03.2021 12:21
  0
  334
Фернандо Йерро: “Рамос – “Реал” рамзи!”

«Реал» клуби ва Испания терма жамоаси афсонаси Фернандо Йерро Қатарнинг Alaraby нашрига берган интервьюсида «Қироллик клуби»даги айни вазиятга тўхталди - «Рамос иши», Зайниддин Зиданнинг келажаги, Ла Лигадаги умумий ҳолат. У яна ЧЛ фаворитлари, Криштиану Роналдунинг жамоадан кетгани хусусида ҳам ўз фикрини баён этди.

Серхио Рамос келажаги

- Менимча, Рамос фаолиятини «Мадрид»да якунлаши керак. Ҳа, бу масалада бир қатор омилларни ҳисобга олиш лозим: ўйинчининг даражаси, ҳозирги ҳолати, кейинги савияси. Демоқчиманки, шартнома муддатини узайтиришдан аввал барчасига холисона баҳо бериш талаб этилади. Тушунарлики, «Мадрид»га 19 ёшида келган Рамос - жамоа сардори ва рамзи. Яна бир муҳим жиҳат: Серхио 34 ёшни қаршилаган бўлсада, ҳамон фидоий ва сермаҳсул. Ундаги профессионаллик ҳурматга сазовор. Клуб буни ҳам эътиборга олиши шарт. Қисқаси, агар ихтиёр менга берилса, Рамос фаолиятини «Реал»да тугатиши учун барча чораларни қўллардим.

Зайниддин Зиданга баҳо

- Ўйлашимча, футболда адолат тобора камаймоқда. Энди ҳаммаси натижаларга боғлиқ. Ҳозир ишлар ҳайқириқ билан бажарилаётгандек. Балки бош мураббийнинг аҳамияти аввалгидек муҳим бўлмай қолгандир... Зидан «Реал»ни 3 марта ЧЛ шоҳсупасига олиб чиқди, шунга қарамай, ўзини ҳеч нарса қилмагандек тутади. Авваллари бош мураббий 3та муваффақиятли мавсумдан кейин омадсизликка учраса, ҳеч нарса бўлмасди. Албатта, натижа пасайса, аввало, мураббий фао­лияти шубҳа остига олинади. Футбол олами қонуни шу. Ушбу қонун айниқса, «Реал»да яққол кўзга ташланмоқда. Зидан - тамоман ўзига хос мутахассис. У ўта хотиржам, самимий йигит ва бу фазилати «Реал» мухлисларига ёқади. Зизу муваффақиятни шукроналик билан, мағлубиятни эса асосий айбдор сифатида қабул қиладиган мураббийлар сирасидан. Менимча, Зидан айни пайт жамоа нимага эҳтиёж сезаётганини яхши билади.

Криштиану Роналдуга

муносабат

- У доимо дунёнинг энг яхши футболчилари сафида бўлади. Криштианунинг шахсий натижалари ақлга сиғмайди. «Реал»да унинг ўрни доимо билиниб туришига шубҳа йўқ. Чунки «Мадрид»да нафақат маҳсулдорлик, балки профессионаллик ва клубга садоқат бобида ҳам ёрқин из қолдирди. Шунинг баробарида футболчининг кетиш қарорини тўғри қабул қилиш керак. Муҳими, унинг ўрнини босадиган ўйинчилар бор.

Ла Лига фаворити

- Чемпионат - узоқ марафон. Кўряпмизки, «Атлетико» сифатли захирага эга кучли жамоа. Тақвим таҳлилидан келиб чиқсак, жорий мавсум «матрасчилар»да  имконият катта. Қисқаси, «Реал» ва «Барселона» ниҳоят, барқарорликка эришган бўлсада, чемпионлик тақдири «Атлетико» қўлида, барибир.

ЧЛ фаворити

- Клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир шу қадар қизиққи, бехато башорат қилиш жуда қийин. Ҳозир «Бавария» ўта қудратли жамоадек кўринмоқда. Шунингдек, АПЛда шиддатли силжишга эришган «Манчестер Сити» ҳам. Бу ёқда «ПСЖ» ва «Реал» ҳам осонгина таслим бўлмайди. Яна «Атлетико» ва «Ливерпул»ни ҳисобдан чиқармаслик керак. Лекин шахсий фикримча, «Бавария»да имконият кўпроқ. Қолаверса, Мюнхен клуби - нуфузли турнирнинг амалдаги ғолиби.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz