Қайднома

Қидирув

Антиқа “ташриф варақаси”

Антиқа “ташриф варақаси”

  22.03.2021 06:36
  0
  308
Антиқа “ташриф варақаси”

«РБ ЛЕЙПЦИГ» ФУТБОЛЧИСИНИНГ АЛОҲИДА КАРОМАТИ. Унинг ҳар бешинчи голи ғалаба келтиради, олтинчиси эса қўшимча вақтга тўғри келади. Александр Серлот - «РБ Лейпциг»нинг кузги хариди. «Буқалар» ўтган йилнинг 22 сентябрь куни ушбу футболчи трансфери учун «Кристал Пэлас»га 20 миллион евро тўлашди. Серлот ортда қолган вақтда ўртача статистика қайд этди:

***Бундеслигада 21та ўйин (атиги 8таси бошланғич таркибда), 2та гол

***Германия кубогида 1та ўйин (атиги 14 дақиқа), гол йўқ

***Европа Чемпионлар Лигасида 3та ўйин, 1та гол

Энг муҳими, Серлотнинг 3та голидан 2таси ҳал қилувчи бўлди. Қўшимчасига, у ҳар сафар ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ўзини кўрсатди. Хусусан, декабрь ойида, ЧЛ ўйинида «Истанбул» дарвозасини 90}2-дақиқада нишонга олиб, «РБ Лейпциг»нинг 4:3 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади. 27 февраль куни эса, Александр Бундеслига доирасида Менхенгладбах «Боруссия»сига қарши кечган ўйиннинг иккинчи бўлимида захирадан майдонга тушиб, 90]3-дақиқада ғалаба голини нишонлади («РБ Лейпциг» 3:2 ҳисобида устун келганди).

Серлот Германиядаги фаолия­тида яна бир голини «Боруссия» Д. дарвозасига йўллади, фақат шуниси борки, январь ойида бўлиб ўтган учрашувда «буқалар» 1:3 кўринишида мағлубиятга учрашди. Лекин факт шуки, Серлот рақиб дарвозасини яна ўйиннинг охирги дақиқаларида нишонга олди. Умуман олганда, охирги лаҳзаларда ҳал қилувчи голларни уриш - Серлотнинг кичик суперкучи. У бутун фаолияти давомида жами 76та голга муаллифлик қилган. Энди норвегиялик ҳужумчининг голларига боғлиқ transfermarkt портали маълумотларига диққат қилинг:

***16та голи жамоасига ғалаба келтирган;

***14та голи ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган вақтга тўғри келган.

Серлот икки жиҳат бўйича «жокер»лик қобилияти овоза бўлган ўша машҳур Оле-Гуннар Сульшер билан бемалол рақобатлашиши мумкин. Қаранг, «МЮ»нинг амалдаги бош мураббийи бутун фаолияти давомида ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда 6та гол урган, унинг барча аниқ зарбаларидан 26 фоизи ғалаба келтирган. Сёрлот эса 90}-дақиқаларда  рақиблар дарвозасини 14 марта ишғол қилган, қолаверса, жами голларидан 20 фоизи ғалабани таъминлаган. Ҳа, замонавий футболда «Рамос 90}3» тушунчаси бор, ҳаттоки, мемлар ҳам кўп. Ҳар ҳолда, Испанияда айримлар «Реал» сардорини қўшимча вақтда гол уришга ихтисослашган «олий намуна» сифатида кўрсатишади. Бироқ аслида Рамоснинг 103та голидан атиги 4таси 90-дақиқадан кейинги вақт­га тўғри келади, холос. Жумладан, ЧЛ финали ва Европа суперкубоги учун ўйинда урган голлари ҳам ҳисобга олинган. Шундай экан, Серлот бу борада чинакам - афсона. Тўғри, у ҳужумда ўйнайди, Рамос эса ҳимоячи.

Хўш, Александр Серлот ҳақида яна нималар маълум?

- «РБ Лейпциг» унинг фаолиятидаги 8-клубдир. Александр Бундеслигага йўл олишига қадар Норвегия, Бельгия, Нидерландия, Дания, Англия ва Туркия чемпио­натларида тўп сурган.

- «РБ Лейпциг» 2018 йилиёқ Серлотни ўз сафига қўшиб олишга уринган, аммо норвегиялик футболчи ўша йилнинг ёзида «Кристал Пэлас»ни танлаган. Серлот кейинчалик роса иккиланганини тан олганди: «Аслида Германияда ўйнаш варианти устида жуда узоқ вақт ўйладим. Ҳа, «Кристал Пэлас»да деярли имкониятга эга бўлганим йўқ, ваҳоланки, АПЛда бемалол ўйнаб кетишимга қаттиқ ишонгандим. Эсимда, ўша вақт Эрлинг Холандга қўнғироқ қилиб, «РБ Лейпциг» билан шартнома тузишдан бош тортишга қарор қилганимни айтганимда, у шунчаки, ҳайратини яширмаганди: «Нима, аҳмоқлик? Германияга йўл олишинг керак. Сени жуда кучли клуб ва ниҳоятда зўр лига кутмоқда».

Дарвоқе, Александр Серлотнинг отаси Геран ҳам вақтида Бундеслигада ўйнаган - Менхенгладбахнинг «Боруссия»сида. Тўғри, у атиги 5 марта майдонга тушган ва кейинчалик, 90-йилларда «Русенборг»нинг бош юлдузига айланган. Александр эса 2015 йили «Гронинген» билан шартнома тузди. Ўшанда Нидерландия клуби ҳам норвегиялик ҳужумчини кўндириш йўлида роса елиб-югурганди. Яна Серлотнинг сўзларидан иқтибос келтирамиз: «Аслида Эредивизионда ўйнаш борасида катта шубҳам бор эди. Иккиланиб турганимда, Луис Суаресни клубга олиб келган «Гронинген»­нинг собиқ спорт директори қўнғироқ қилди: «Клуб вакили сенга аниқ шартнома таклиф қилмоқда, рози бўл. Биз таркибга бўлажак суперюлдузларни йиғяпмиз. Ишончим комил, жамоада ном қозониш имкониятига эга бўласан». Бироқ функционернинг башорати амалга ошмади. Серлот 2 йил давомида «Гронинген»нинг 43та  ўйинида қатнашиб, атиги 6та гол урди.

Сўз

- Биласизми, ёшлар билан ишлашни қадрлайдиган кичикроқ клубларга кўпроқ мос тушаман. Александр Серлот.

Норвегиялик ҳужумчининг статистикаси бунга яққол далил: у «Трабзонспор», «Буда» ва «Мидтьюлланд» каби клубларда самарали тўп сурган. Бундеслигада эса худди АПЛда бўлгани каби асосан захирадан майдонга тушиш билан чекланмоқда.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz