Қайднома

Қидирув

Евротур: Танқидлар самараси

Евротур: Танқидлар самараси

  25.03.2021 01:10
  0
  246
Евротур: Танқидлар самараси

Ёдингизда бўлса, аввалги ҳисоботда топ-чемпионатлардаги сермаҳсуллик нисбатан пасайиб кетганлигини таъкидлагандик. Айнан бизнинг танқидий фикрларимиз Европа футболи учун совуқ душ бўлди, деган фикрдан йироқмиз. Лекин «кўҳна қитъа»даги мухлису мутахассислар билан ҳамфикр эканлигимиз исботини топди. Яъни, жамоаларнинг маҳсулдорлиги сезиларли даражада ошди.

Англия. Икки фронтдаги беллашувлар

Элита вакиллари икки гуруҳга бўлинган ҳолда Англия кубоги ва ички чемпионатда 4тадан учрашув ўтказишгач, АПЛ тақвими анча тартибли кўринишга келди, кубок даъвогарлари эса ярим финал иштирокчиларини аниқлаб олдилар. Жумладан, Борнмутга ташриф буюрган «Саутгемптон» мезбонлар дарвозасига 3та жавобсиз гол уриб, дастлабки йўлланма соҳибига айланди. «Манчестер Сити» эса «Гудисон Парк»даги беллашувнинг охирги 6 дақиқасида «Эвертон» дарвозасини икки бор ишғол этди ва навбатдаги ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

«Челси» Лондонда «Шеффилд» устидан катта қийинчилик билан бўлсада зафар қучди. «Лестер» - «МЮ» қарама-қаршилиги майдон эгаларининг ишонарли ғалабаси (3:1) билан ниҳоясига етди.

АПЛнинг 29-тури доирасида майдонга тушган «Фулхэм» ўз майдонида «Лидс»га имкониятни бой берди - 1:2. Хавфли ҳудудда бораётганлар ўйини, яъни «Брайтон» - «Ньюкасл» (3:0) баҳсида мезбонлар қўшниларига ҳеч қандай имконият қолдирмадилар. Етакчи квартетдан жой олишга интилаётган «Тоттенхэм» эса сафарда «Астон Вилла»ни 2:0 ҳисобида маҳв этди.

«Вест Хэм» ҳамда «Арсенал» ўртасидаги Лондон дербиси ўта муросасиз ва голларга бой тарзда ўтди. Қизиғи, мухлисларга 6та гол тақдим этган ўйинда «Арсенал» вакили (Ляказетт, 82) битта гол урган бўлсада, якунда томонлар жанговар (3:3) дурангга имзо чекишди. Аввалига Ленони доғда қолдирган «болғачи» Соучек 6 дақиқадан кейин ўз дарвозасини ишғол этди. Иккинчи автоголни амалга оширган Доусон қаторасига икки учрашувдаги ношудлиги туфайли антиқаҳрамонга айланди. Аввалги турда унинг бемаъни зарбаси «болғачилар»ни «Олд Траффорд»дан қуруқ қайтишга мажбур этганди.

Испания. Облак - «Алавес» - 1:0

Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, Ла Лиганинг 28-тури сермаҳсуллик бобида аввалгисидан кескин фарқ қилди. Асосийси, «нурсиз» дуранглар сони бўйича - бу турда фақат «Уэска» - «Осасуна» учрашувида томонлар гол уролмадилар. Қолган учрашувларда ҳам йирик ҳисоблар кўп бўлмасада, жамоалар ҳеч йўқ бир марта дарвозани ишғол эта олишди. Муҳими, мухлислар футболнинг асл мағзи бўлмиш голлардан баҳра олишди. 4-поғонага мустаҳкам ўрнашиб олган «Севилья» ҳисобот ҳафтасида икки марта майдонга тушди. Аввал жамоа ўз уйида ҳар бўлимнинг охирги дақиқаларида (2-тур ўйини) «Эльче» дарвозасини бир мартадан забт этиб, ғалабага эришди. Кейин сафарда «Вальядолид» билан жанговар дурангга (1:1) имзо чекди. Қизиғи, асосий вақтда 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган жамоани ўз дарвозабонининг аниқ зарбаси мағлубиятдан қутқариб қолди - 1:1. Қўшимча вақтнинг сўнгги сонияларида рақиб жарима майдончасига йўл олган посбон жамоадошининг бурчакдан йўллаган тўпини дарвозага йўллаб, андалусияликларга муҳим очкони туҳфа этди. Қисқаси, хавфли ҳудудга яқин турган рақибларидан очко тортиб олиш «Севилья» учун осон бўлмади.

Шу оқшом «Атлетик» ҳам ўз майдонида «Эйбар» билан сулҳ (1:1) тузишга мажбур бўлди. «Реал» эса Вигода «Сельта»ни 3:1 ҳисобида маҳв этди. Мазкур беллашув ҳам томонларни астойдил тер тўкишга мажбур этди. Карим Бенземанинг ярим соат ичидаги «дубл»ига Санти Мина 10 дақиқадан сўнг жавоб қайтаргач, майдон эгаларида мағлубиятдан қутулиб қолиш умиди пайдо бўлди. Бироқ амалда бутун жамоа билан ҳужумга отланган мезбонлар меҳмонларнинг тезкор қарши ҳужумини ўтказиб юборишди ва Асенсио якуний ҳисобни ўрнатди.

Фақат Сан-Себастьяндаги «Реал Сосьедад» - «Барселона» қарама-қаршилиги бир томоннинг яққол устунлигида ўтди. Ўйинни ташаббус билан бошлаган меҳмонлар танаффусга 2 гол устунлиги билан йўл олишди. Иккинчи бўлимда эса Дест яна битта гол урди, Месси «дубл»га эришди, Дембеле ҳисобни янада йириклаштирди. Мезбонлар эса 6та голга атиги бир марта жавоб қайтаришди - 1:6. Хуллас, Каталония гранди Куман, Гризманн ва Альбанинг таваллуд айёмларини муносиб нишонлади.

Пешқадам «Атлетико» Луис Суареснинг ягона аниқ зарбаси эвазига «Ванда Метрополитано»да «Алавес»ни маҳв этди. Ҳеч бўлмаганда 1 очкодан умидвор бўлган меҳмонлар ўйин тугашига 4 дақиқа қолганида мувозанатни тиклаш учун ажойиб имкониятга эга бўлишганди. Аммо Хоселунинг кучли ва аниқ зарбасини қайтаришга муваффақ бўлган Ян Облак ўз дарвозаси дахлсизлиги ва жамоасининг 3 очкосини сақлаб қолди.

Германия. Пешқадамдан чемпионга хос ғалаба

Бундеслиганинг ҳисобот турида «Бавария» чемпионатнинг чин ҳукмрони ким эканлигини яна бир бор намойиш этди. «Альянц-Арена»даги «Штутгарт»га қарши баҳснинг дастлабки 45 дақиқасида ғолиб тақдири узил-кесил ҳал бўлди - 4:0. Ваҳоланки, мезбонлар 12-дақиқадаёқ майдонда озчилик бўлиб қолишган, меҳмонларда сон жиҳатидан устунлик юзага келганди. Бироқ Дэвиснинг ўйиндан четлатилгани мезбонларни янада ҳамжиҳат бўлишга ундади ва Леваголнинг «хет-трик»и ҳамда Гнабрининг голи бунинг самараси бўлди. Шу тариқа польшалик мерган Герд Мюллернинг «боқий» рекордига яқинлашди. Яқинда жамоа «Манчестер Сити»нинг ички мусобақалардаги ғалабали серияси бўйича рекордини янгилаганди. Энди шахсий кўрсаткичлар бўйича Роберт яна бир марта «ҳар мавсумда 40та гол» маррасидан ўтишга яқин турибди. Бунинг учун яна камида 6та гол урса, кифоя.

Бошқа эътиборли натижалардан бири - «Боруссия» Дортмунднинг яна «Кёльн»га имкониятни бой беришига сал қолгани. Аввалги турни «пинак»да ўтказган Эрлинг Холанд бу гал ҳисобни очувчи ва мувозанатни тикловчи сифатида халоскорга айланди.

Ғолибликдан умид узмаган «РБ Лейпциг» сафарда «Арминия» дарвозасига урган ягона голи эвазига «Бавария» билан ўртадаги тафовут йириклашувига имкон бермади. Шунингдек, «Вольфсбург» ҳам «Вердер» майдонидан муҳим ғалаба (2:1) билан қайтди.

Франкфуртда «Унион»ни йирик (5:2) ҳисобида маҳв этган «Айнтрахт» ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Италия. Инзагилардан «эгизак» зафарлар

«А» сериянинг 28-тури ака-ука мураббийлар учун омадли келди. Улар ўз жамоалари билан 1:0 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштирдилар. Тўғри, Симоне Инзаги бошқарувидаги «Лацио»нинг Удинедан 3 очко билан қайтиши сенсация эмас. Аммо Филиппо Инзаги раҳбарлигидаги дебютант «Беневенто» Туринда амалдаги чемпионни тор-мор этиб, нафақат тур, балки мавсумнинг энг кутилмаган натижасини қайд этди.

Табиийки, биринчи даврада «Беневенто» майдонидан 1 очко билан қайтган чемпион ўз уйида фақат ғалаба илинжида майдонга тушганди. Ўйин ҳам буни тасдиқлади, фақат бу устунлик таблода ўз ифодасини топмади. Ҳатто Роналдудек тўп-урарлар сардори ҳам ҳеч нарсага эриша олмади. Меҳмонлар эса ҳимоя билан кифояланиб қолмай, вақти-вақти билан Шенсни дарвозасига хавф солишни ҳам унутмадилар. Ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида эса, мезбонлар вакили Артур рақиб ўйинчиси Гайчни самарали узатма билан таъминлади. Қолган вақт тўлиғича майдон эгаларининг ҳужумлари билан ўтган бўлсада, барча уринишлар зое кетди.

«Интер» коронавирус туфайли карантин ҳолатига тушиб қолгани боис, «Сассуоло»га қарши баҳс ўтказилмади. «Милан» эса Флоренцияда «Фиорентина»ни 3:2 ҳисобида енгди. Шунингдек, Веронада икки тўп фарқи билан зафар қучган «Аталанта» очколар бўйича «Ювентус»га тенглашиб, тўплар нисбати эвазига 3-ўринга чиқиб олди.

Жадвалда ёнма-ён келаётган «Рома» ва «Наполи»нинг Римдаги беллашуви Мертенснинг «дубл»и эвазига меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Франция. «Лилль» «Юве»га қисматдош

Италияда амалдаги чемпион дебютантдан енгилиб, 3-ўринни бой берган бўлса, Францияда Лига 1 етакчиси аутсайдерга ўз майдонида 3 очкони совға қилди: «Лилль» - «Ним» - 1:2. Лионга ташриф буюрган «ПСЖ» сафардан ишонарли ғалаба билан қайтиб, бу қоқилишдан унумли фойдаланди ва яна етакчи бўлиб олди. Шу тариқа 3 апрель санасига белгиланган «ПСЖ» - «Лилль» беллашувига қизиқиш янада кучайиб кетди.

Бундан ташқари, меҳмонда «Сент-Этьен»ни 4та жавобсиз гол билан «сийлаган» «Монако» «Лион»га максимал даражада яқинлашиб олди. Афсуски, бу икки жамоа келаси турда бошқа жамоалар билан куч синашадилар. Акс ҳолда, 31 турнинг нуфузи янада юқорироқ бўларди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz