Қайднома

Қидирув

Озил Туркияда: ҳаммаси жуда ёмон...

Озил Туркияда: ҳаммаси жуда ёмон...

  25.03.2021 06:21
  0
  245
Озил Туркияда: ҳаммаси жуда ёмон...

Мислсиз саргардонликлардан сўнг ниҳоят, Туркияга йўл олган Месут Озил «Фенербахче»да ҳам ўзини сира кўрсатолмаяпти. Ҳали бирор гол урмагани ёки қандайдир самарали ҳаракатни амалга оширмагани камлик қилгандек, у яқинда  жароҳатга ҳам йўлиқди. Хуллас, «Реал» ва «Арсенал»нинг собиқ юлдузи Туркияда ҳозирча фақат ўйинлар олдидан мадҳия куйлагани билан кўзга ташланди.

Месут Озил нақ 11 ой давомида расмий ўйинда майдонга тушгани йўқ. У 2020 йилнинг 7 март куни «Арсенал» ва «Вест Хэм» ўртасидаги ўйинда голга ассистентлик қилган ва шундан сўнг футбол коронатанаффусга чиққанди. Шу тариқа Озил 2021 йилнинг февралигача расмий ўйинлардан четда юрди. 11 ойга чўзилган «танаффус» пайти германиялик турк ҳаётида бир қатор эътиборли ва ғалати воқеалар рўй берди:

- Оиласида қизалоқ дунёга келди;

- АПЛнинг атиги 2та ўйинида жамоаси захира ўриндиғидан жой олди;

- «Арсенал» тизимидан четлатилган «Гуннерзавр» маошини тўлиқ қоплашга ваъда берди;

- «Арсенал»нинг АПЛ-2020|2021 учун берган «заявка»сига киритилмади;

- Шовқинли январь ойининг охирида «Фенербахче»га кўчиб ўтди.

Озилнинг ўзи болалигида «Фенербахче»га мухлислик қилгани ва фақат шу клуб либосини кийишни хоҳлаганини яширмади: «Фенер» - бу худди Испаниядаги «Реал»дек. Туркиянинг асосий клуби». Буни футболчининг шахсий агенти Эркут Сегют ҳам тасдиқлади: «Месут «Фенербахче»нинг оддий мухлиси эмас, балки ашаддий фанати». 24 январь кунига келиб, Озил ниҳоят, Туркия клуби сафини тўлдирди. Дарвоқе, «Фенер» футболчининг трансферини расмийлаштириш учун мухлислардан маблағ ҳам йиғди - 1та SMS баҳоси 2 еврони ташкил қилди. Мана, Озил «Фенербахче»даги дебютини февралда нишонлади ва дастлабки ойда 6та учрашувда иштирок этди. WhoScored статистикасига қарасак, бу даврда «Фенербахче»нинг камида 5та ўйинида қатнашган футболчилар орасида энг паст баҳолардан бирини айнан Озил олди. Аниқроқ айтсак, фақат бир футболчининг натижаси Месутникидан ёмонроқ.

«Фенер» Озил иштирок этган 6та ўйинда 3та ғалаба ва 3та мағлубият қайд этди, қолаверса, кубок турниридан четда қолди. Месутнинг бу учрашувларга боғлиқ «Гол } пас» бўйича натижаси: 0 } 0. У Туркия лигаси доирасидаги 5та ўйинда 5тадан зарба ва кескин узатма амалга оширди, 8та алдамчи ҳаракатидан 3таси муваффақиятли, 5таси муваффақиятсиз чиқди. Энг ёмони, «Фенербахче» бу оралиқда чемпионат турнир жадвалида 3-ўринга тушиб қолди (Озил сафга қўшилган паллада пешқадам эди). Таққослаш учун айтсак, айнан февралда «Галатасарой» таркибига ижара келишуви асосида қўшилган «Замалек» ҳужумчиси Мустафо Муҳаммад 6та гол уришга улгурди. Мисрдан таклиф этилган футболчи жумладан, «Фенер» дарвозасига урилган ғалаба голига муаллифлик қилди. «Фенербахче»нинг собиқ футболчиси ва мураббийи Ризван Дилмен бундан жуда хафа: «Жамоа 20 йилдан буён бундай ижрочига эга бўлмаганди. Эҳ, Озилга сарф­ланган маблағнинг чорак қисмига Муҳаммадни олиш мумкин эди».

Боз устига, Озил ўзи иштирок этган охирги ўйиннинг 66-дақиқасида алмаштирилганидан кейин ошкора норози бўлди, камига «Фенер» яна ютқазди. Раҳбарият бунинг учун германиялик футболчига интизомий жазо қўллаши ҳам мумкин. Туркия ОАВда ёзилишича, клуб футболчини хатти-ҳаракатларини ўйлаб кўриши ҳақида огоҳлантириши керак. Тўғри, ўша вазият фотосуратларида зиддият йўқдек кўринади. Энг муҳим жиҳат, Озил Туркия мадҳиясини куйлай бошлади (Суперлига ўйинлари олдидан миллий гимн янграйди). Табиийки, Германия ОАВ бу ҳолатдан ҳайрон. Бинобарин, Месут бундестим ўйинларидан олдин ҳеч қачон Германия мадҳиясини айтмаган ва буни ўша паллада дуо ўқиши билан изоҳлаган. «Илгари унинг буюк қўшиқчи сифатида билмаган эдик», - дея киноя қилди Bild нашри.

Умуман олганда, Туркиянинг айрим ОАВ хулоса чиқаришга ҳали эрта эканлигини ҳам таъкидламоқда. Аммо Испаниянинг Marca газетаси бу фикрга қарши: «Трансфер икки томон учун ҳам орзудек туюлганди, аммо ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди». Эҳтимол, Озил трансферига баҳо беришда чиндан ҳам, шошилмаслик керакдир. Ҳар ҳолда, гап катта тажрибага эга футболчи ҳақида кетмоқда. Балки Месут финиш марраси яқинлаш паллада кимлигини эслатиб, чемпионлик учун курашаётган «Фенер»ни олға бошлар... Фақат бунинг учун жароҳатдан тезроқ фориғ бўлиши керак.

Озил «Фенер»да: биринчи ой ҳосиласи

*  «Хатайспор» билан ғалабали ўйинда 13 дақиқа ҳаракат

*  «Галатасарой» билан муҳим ўйинда 30 дақиқа ҳаракат (мағлубият)

*  Кубок ўйинида қўшимча бўлимлар билан 75 дақиқа ҳаракат («Фенер» турнирдан чиқиб кетди)

* Кейинги 3та ўйинда бошланғич таркибда ҳаракат («Фенер» улардан 1тасида енгилди)

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz