«Ювентус»даги «марс»ликнинг турмуш ўртоғи - мода. Унинг ҳаёти бамисоли эртак. «Марс»ликнинг қаллиғи «марс»лик хоним. Идеал инсон ёнида туриш учун даҳшатли қомат ва чиройдан ташқари, яна кўп хусусиятлар керак. Ҳар жойда тансоқчилар ва папарацци нигоҳи, кўнгилсизлик хавфи туфайли хоҳлаган қадамни ташлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш... Бир томонда 4 нафар фарзанд тарбияси. Қисқаси, Роналдунинг ҳамхонасига йиртқичлардагидек катта куч зарур ва Жоржина хоним бунга эга. Ақл бовар қилмас гўзаллик ва ёқимли одоб-ахлоқ... Жоржина жуда омадли аёл, буни ўзи ҳам яхши тушунади. У кўпчилик ўйлагандек, парҳезга берилиб кетмайди, хоҳлаган вақтда хато қилиши ҳам мумкин. Асосийси, унча инжиқ эмас, аксинча, Миланда турли фотосессияларга улгуриш учун эрта тонгда ҳам бемалол уйғонади. Шунчаки, ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилиш учунгина кўз қири билан ойнага қарайди. Унинг ҳаёти - эртак, шаҳзодаси - «Юве» етакчиси.
- Жо, келинг, модадан бошлаймиз. Туфлими ёки сумкача?
- Иккиси ҳам, бирини танлолмайман! Ахир керакли жойга ялангоёқ ёки сумкасиз боролмайсиз. Чиройли сумка ва туфли - бу кийиниш асоси.
- Жоржинага қай бири маъқул - енгил машғулотлар либосими ёки оқшом кўйлаги ва узун пошнали туфли?
- Табиатан амалиётчи аёлман, кундалик ҳаётда қулай либосларни танлайман, чунки болаларга қарашим керак. Шунингдек, машғулотлар ҳам бор. Лекин шунинг баробарида фантастик кўйлак ва баланд пошнали туфли кийишим талаб этиладиган романтик аёлман. Ўйлайманки, ҳамма шундай.
- Вақтида раққоса бўлгансиз. Айтингчи, ҳозир ҳам болалик давридаги каби ойна олдида рақс тушасизми?
- Албатта, худди фотосессиядаги каби. Рақс - эҳтиросим. 15 йилдан буён классик рақс билан шуғулланаман, бу қонимда бор. Ҳар куни рақс тушаман, бунинг учун озгина мусиқа етарли. Қандай ритмли мусиқа бўлмасин, танам автоматик равишда ҳаракатга тушади.
- Хўш, рақс сиз учун нима: иштиёқ, стрессга қарши кураш ёки эркинлик?
- Бу санъат шахсиятимнинг бир қисмидир. Ҳар куни бироз чалғишим керак. Буни танам ва юрагим талаб қилади. Умуман, мени айнан рақс шахс сифатида шакллантирди, интизом, изчиллик ва соғлом турмуш тарзига ўргатди. Фарзандларим ҳам рақс билан шуғулланишларини истардим.
- Ҳаётингизда фитнесс-машғулотлар ҳажми қандай? Асосан қандай машқларни бажарасиз - велосипед ҳайдаш, нафас олиш, йога?
- Ҳаммаси вазиятга боғлиқ. Айрим кунлар кўпроқ шуғулланаман, баъзида камроқ. Озиш учун алоҳида машғулотлар йўқ. Чунки ўзимга шу ҳолатим ёқади. Мазали ва фойдали таомлар истеъмол қиламан. Ранг-баранглик - бу ҳаёт мазмуни. Ҳа, мунтазам кунига камида 1 соат шуғулланишни хоҳлардим, аммо ҳозирча ҳафтада машғулот учун 4-5 мартадан ортиқ вақт ажратолмаяпман.
- Спорт залида Криштиану билан бирга шуғулланганингизда, босимни ҳис қиласизми? У ниманидир ўргатадими?
- Зални иккига бўлиб олганмиз... Ахир уйимизда 1та катта зал бор, холос. Албатта, Кришдан кўп нарса ўргандим. У мудом ёрдам беради, ўргатади ва рағбатлантиради. Соғлом ва спортчи аёлман, ҳар куни унинг шарофати билан янада яхши бўляпман. Тўғри, аввалига бирга машғулот ўташдан уялардим, ахир у - Криштиану Роналду. Кейинчалик ҳаммаси ўзгарди. Криш - табиий илҳомим ва энг катта муҳаббатим.
- Сиз учун асосийси оилами ёки иш?
- Шубҳасиз, оила. Фарзандларим ва турмуш ўртоғим ҳаммасидан устун. Яқинларимга ҳамиша ғамхўрман, қалбимни айнан улар ўраб туришибди.
- Оналик ҳаётингизни нечоғли ўзгартирди?
- Шубҳасиз, бунинг ижобий таъсири катта.
- Бир гапни кўп такрорлайсиз: «Ҳаётим Криштиану атрофида айланади». У майдондаги каби уйда ҳам мукаммалми? Дейлик, таом тайёрлашни биладими, куйган лампочкани алмаштира оладими?
- Табиийки, Криштиану харидлар учун супермаркетга боролмайди. Аммо яқинда ниқоб кийиб борди. Бир неча йил олдин ҳаттоки, кинога ҳам тушгандик! У супер ота ва орзудаги турмуш ўртоғи. Йўқ, таом пиширмайди. Бизда алоҳида ошпаз бор, лекин баъзан ўзим таом тайёрлайман. Лампочкаларни эса алмаштириш мумкин эмас, чунки шифт жуда баланд. Агар сиз Криштиану ўрнида бўлганингизда, 6 метр баландликдаги лампани алмаштирармидингиз? Яхшиси, керак эмас. Унинг улкан муҳаббати етарли, қолганини ўзим ўйлайман. Чунки оиламга ғамхўрлик қилишни ёқтираман.
- Роналду камдан-кам ҳолатда пенальти тепишда адашади, аммо дейлик, «Порту»га қарши учрашувдаги каби ҳаракати қовушмаса, уни қандай тинчлантириш мумкин? Балки маълум вақт гаплашмаслик яхшироқдир...
- Криштиану шу қадар улғайганки... Албатта, агар бирор ўйинда муваффақиятсизликка учраса, қуёш нури тугамагани яхши билади. Яъни футболда мудом ғалаба қозониш мумкин эмаслигини теран тушунади. Роналдунинг ақли, руҳи, танаси бор ва мени бутунлай ҳайратга солади. Мисол учун, ўзига ҳамиша танқидий назар билан қарайди, ишига ўта масъулиятли ва уни чинакамига яхши кўради. Идеал!
- Куннинг энг чиройли лаҳзаси?
- Ҳаммаси... Танлаш иложсиз! Эрталаб уйқудан туриб, фарзандларимга хайрли кун тилашни хуш кўраман, шу маънода айтсам, энг гўзал лаҳза - уйғониш. Шунингдек, кечки тамадди пайти уларга боқиб туриш ва жойларига ётқизиш ҳам ёқимли.
- Имконият берилса, ер юзидан нимани олиб ташлашни хоҳлардингиз?
- Адолатсизлик, ёмон муносабат, очлик, болалар хасталиклари ва золим одамларни.
- Роналду ижтимоий тармоқларда 500 миллион кузатувчига эга - яна бир мутлақ рекорд. Уни рашк қиласизми?
- Ҳасадгўй эмасман, лекин шахсий ҳаётим ва оиламни ҳимоя қилиш ҳақида ўйлайман. Биз жамият одамларимиз, доимо ҳамманинг кўз олдида бўламиз. Шунинг учун ўзим ва яқинларим муҳофазасини ўйлаш - бурчим.
- Энг яхши сифатингиз?
- Хайрли ишларимни кўз-кўз қилмайман, чунки чиндан ҳам, муҳтожларга кўмак беришни истайман. Бошқаларга ёрдам қўлини чўзишдан янада бахтиёр бўламан.
- Турин ёқадими?
- Уйимизда болаларнинг ўйнаб-кулишларига мўлжалланган боғ бор. Шароитлари зўр, камчилик йўқ. Асосийси, туринликлар бизни яхши кўришади ва шаҳарда ўзимни эркин ҳис қиламан.
- Курмайорга «қочиш» - бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Сиз учун денгиз бўйига чиқиш ҳамон идеал таътилми?
- Буэнос-Айресда туғилганман, лекин Испаниянинг Халк шаҳрида улғайганман. Тоғли ҳудудларни яхши кўраман. Аммо сув ва қуёш чиндан ҳам, ёқимли. Яқин орада яна саёҳатга чиқишдан умидворман.
- Шахсий ҳаётингиз - бу орзуми?
- Йўқ, орзу эмас, чиройли эртак!
Бор экан, йўқ экан, бир вақтлар Жоржина исмли қиз яшаган экан... У модель бўлишни орзу қиларди, лекин кўплаб моделлар каби Мадриддаги Gucci дўконида сотувчи бўлишига қадар камтарона ишга жойлашади. Айнан шу ерда Криштиану билан учрашади, 2016 йил охирида. Футболчи бу вақтда аллақачон CR7га айланиб улгурганди, яъни Португалия термаси билан Европа чемпионатида ва «Реал» билан ЧЛда 3 марта ғолиб чиқишга, қолаверса, 4та «Олтин тўп» ютишга улгурганди. Кейин Жоржина сайёрамизнинг энг ҳурматли ва энг кўп маош оладиган футболчисини ром этди. Жоржина шу тариқа Жога айланди (Криштиану уни шундай чақиради), яна Алана Мартина (2017 йили туғилди) ва Роналдунинг барча фарзандлари - кичик Криштиану, эгизаклар Эва ҳамда Матеога она бўлди. Бу ҳали ҳаммаси эмас: Роналду 7 нафар фарзанд ва 7та «Олтин тўп» хоҳлайди. 7 - унинг идеал рақами. Айни пайт ҳисобида 4 нафар фарзанд ва 5та «Олтин тўп» мавжуд.
Ҳаёт «сюрпризлар»га бой. Гўёки сеҳрли таёқча туфайли Жоржина бирданига шахсий самолётга ўтириб, ижтимоий тармоқлар юлдузига айланди: 23,7 миллион обуначи уни «А» серия футболчилари турмуш ўртоқлари ва маҳбубалари орасида қироличага айлантирди. Энди у Венецияда қизил гилам бўйлаб юради, Сан-Ремо саҳнасида рақс тушади. Бу эрмак эмас, жиддий бизнес: Жо эрталаб Миланда 2021 йил баҳор-ёз коллекциясига танланган либосларни бирма-бир кўриб чиқади, баҳолайди. Бунинг учун шунчаки, чиройли юз ёки қомат етарли эмас. Унинг эгнида Dior либоси, оёғида енгил шлёпанца, қўлида Hermes сумкачаси. Аммо аёлнинг феъл-атвори ва камтарлиги кўпроқ таажжублантиради кишини. У табассум билан рақс тушади. Жо вақтни беҳуда ўтказмайди, тезда Туринга, фарзандлари ёнига қайтишни хоҳлайди. Айнан улар унинг энг қимматбаҳо бойликлари. Жасур она ва ғамхўр турмуш ўртоғи. «Марс»ликнинг ҳамхонаси. Голлар, фарзандлар, мода ва «Олтин тўп»лар. Улар абадий бахтли...
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20