Қайднома

Қидирув

Иван Йосович: «Мавсумни Қўқонда бошлашдан мамнунман»

Иван Йосович: «Мавсумни Қўқонда бошлашдан мамнунман»

  25.03.2021 09:09
  0
  337
Иван Йосович: «Мавсумни Қўқонда бошлашдан мамнунман»

Бахтиёр Ашурматов мураббийлигидаги «Қўқон-1912» жамоаси мавсум бошида таркиб ўзагини сақлаб қолишга эришди, бошқа футболчилар қатори легионерлар билан ҳам шартномалар узайтирилди. Якуба Бамба, Иван Йосович каби хорижлик футболчилар орасига Славко Лукич қўшилди. Мудофаа чизиғида сербиялик футболчилар жуфтлиги ҳаракат қиладиган бўлди. Биз улардан бири Иван Йосовични суҳбатга чорладик.

МАЪЛУМОТ УЧУН

 

ИВАН ЙОСОВИЧ

Туғилган санаси: 1989 йил

                        27 декабрь (31 ёш)

Туғилган жойи: Иваница, Сербия

Бўйи:1,85 м.

Вазни:75 кг.

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Аввалги жамоалари:

«Явор» (Иваница) - 2010-2015 йиллар

«Борак» - 2015 йил

«Явор» (Иваница) - 2016-2019 йиллар

«Инжия» - 2019 йил

«Қўқон-1912» - 2020 ҳ.в.

- 1-тур арафасида «Турон» қандай жамоа эканлигини яхши билардинглар. Боиси, улар билан қишки йиғин доирасида «Ҳоким кубоги» мусобақасида тўқнаш келдинглар. Хўш, расмий ўйин ва ўртоқлик турниридаги қарама-қаршилик ўртасида қандай фарқ кўрдингиз?

- Ўртоқлик турниридаги тўқнашувимиз битта ўйиндан иборат эди. Чорак финалда уларни  мағлуб этгандик. Фарғонадаги «Ҳоким кубоги» жамоамизга янги мавсумга тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Расмий ўйиндаги ғалабанинг ўз ўрни бор, барибир. «Турон» сўнгги ўн кунликда таркибига кўплаб тажрибали ва номдор футболчиларни қўшиб олди. Бу жамоа ҳали кўп клубларга қаршилик кўрсатади. Навбатдаги баҳсларда уларга омад тилайман.

- «Қўқон-1912»нинг Яйпандаги ғалабаси ниманинг маҳсули?

- «Турон» бежиз Суперлигага чиқиб қолмаганини билардик. Уларда иштиёқ ва кайфият юқори даражада эди. Бу ўйин давомида ҳам сезилиб турди. Мураббийларимиз ҳам учрашувдан олдин бу борада айтиб ўтишганди. Шунчаки, биз тажрибали жамоамиз. Суперлигада бир неча йилдан бери иштирок этиб келяпмиз.

- Айрим вазиятларда совуққонлик етишмагани нима билан боғлиқ?

- Мазкур учрашувда ўзимиз яратган вазиятларнинг иккитасидан фойдаландик. Акс ҳолда, янада кўпроқ гол уришга эришардик. Муҳими, якунда уч очкони қўлга киритдик ва мавсумни юқори кайфиятда бошладик. Ғалаба билан қўқонлик ишқибозларни табриклайман.

- Ўтган мавсум якунида жамоани тарк этдингиз. Лекин қишки трансферлар ойнаси вақтида клуб билан шартнома имзоладингиз. Фаолиятингизни Қўқонда бошлашдан хурсандмисиз? Бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлдими?

- Менда бир нечта вариантлар бор эди. Якунда «Қўқон-1912» билан келишувга эришдим. Янги мавсумни шу жамоада бошлайман. Бахтиёр Ашурматов билан яна бирга ишлаш имконияти юзага келганидан хурсандман. Биз бу йил аввалги мавсумдаги натижамизни яхшилашга ҳаракат қиламиз.

- Шаҳарга ҳам анча мослашиб, ўрганиб қолган бўлсангиз керак...

- Жамоанинг ажойиб мухлислари бор. Шаҳар кўчаларида сайр қилар экансиз, инсонларнинг ёқимли кайфиятига гувоҳ бўласиз. Ушбу жамоа мен ва оилам учун яхши танлов бўлишига ишонаман.

- Кейинги ўйинларда жамоани осон бўлмаган ўйинлар кутмоқда...

- Мавсумга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Бу албатта, кейинги ўйинларда фойда келтиришига ишонаман. Юқорида айтганимдек, жамоамиздаги тажрибали ижрочилар самара келтиради. Навбатдаги баҳсларда ҳам майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қилсак, ғалабани ўзимизники қиламиз.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz