Қайднома

Қидирув

Жерар Деулофеу: «Даҳшат, қаҳратон совуқ...»

Жерар Деулофеу: «Даҳшат, қаҳратон совуқ...»

  26.03.2021 02:20
  0
  224
Жерар Деулофеу: «Даҳшат, қаҳратон совуқ...»

2010-йиллар аввалида Жерар Деулофеу «Ла Масия»нинг энг ноёб иқтидорли вингери эди. Юксак техника соҳиби академиянинг барча жамоаларида мутахассислар эътиборини ўзига тортган, «Барселона-Б» таркибидан «Тоттенхэм» ва «Ливерпуль» ўзига чорлаганди. Испан матбуоти эса уни мунтазам равишда Мессининг вориси сифатида эътироф этарди.

- Ана шу ўринсиз мақтовлар менга салбий таъсирини ўтказди. Ҳар куни газеталар мени янги Лео, деб ёзишарди. Ёш футболчи ҳақида бундай фикр билдириш яхши эмас. Унинг босими халал беради. Мен газеталардан узоқроқ бўлишни истардим, аммо битта сарлавҳа (Marca «Иккинчи Месси» сарлавҳаси остида мақола чоп этганди) хотирамда қолганди. Шундан кейин муаммоларга дуч кела бошладим. Мухлислар мендан мукаммал ўйинни талаб қилишарди.

Деулофеуни асосий жамоага Хосеп Гвардиола жалб этди. Бироқ таркибдан мустаҳкам ўрин олиш жуда қийин вазифа эди. «Барселона» Жерарни ижарага жўнатди, «Эвертон»га сотиб, яна қайтариб олди. Буларнинг барчаси янги ижара шартномасига эга бўлиш ва АПЛ билан тўлақонли трансферни амалга ошириш мақсадидаги ҳаракатлар эди.

- Энди «Барселона»га қайтмайман. Икки марта уриниб кўрдим, бироқ ҳар гал омадсизликка учрадим, - деди Деулофеу Sport24 муҳарири Леонид Волотко билан бўлган мулоқот чоғида. - 9 ёшимдан бошлаб «Барса»да улғайган бўлсамда, баъзан уни ўз уйимдек ҳис эта олмай қолардим. Бу жамоада ўйнаш жуда қийин. Кўпинча менда имконият ёки клубнинг ишончи бўлмасди. Қисқаси, қайтиш - менинг вариантим эмас.

«Уотфорд»даги 3 йилдан сўнг, вингер Италия клублари эътиборини тортди. Кузда эса Жерар Россияга қўчиб ўтишга яқин турганди. Футболчининг агенти Альберт Ботинес мижозининг «Локомотив»га ўтиш эҳтимолини тасдиқлаганди: «Бир тўхтамга кела олсак, ижара шартномаси имзоланади. Ҳозир музокара олиб боряпмиз».

Музокара матбуотга қанчалик тез тарқаган бўлса, шунчалик тез ниҳоясига етди - Ботинес эътирофидан кейин икки кун ўтгач, футболчи «Удинезе» билан шартнома имзолади.

Sport24га берган интервьюсида Деулофеу нима сабабдан Черкизовога йўл олмаганига изоҳ бериб, ўзининг Москвадаги ягона учрашувини (ЕЧЛда «Спартак»ка қарши) эсга олди.

- Ҳозир 26 ёшдасан. Бироқ Англия, Испанияда ўйнадинг, энди Италияда тўп суряпсан. Қайси чемпионат мураккаброқ?

- Улар бир-биридан фарқ қилади. АПЛда жисмоний кураш, шиддат ва трибуналардаги муҳит кучлироқ. «А» серия тактик ранг-барангликка бой. Айниқса, ҳимоявий жараёнларда. Ла Лигада бунинг акси: тактика ҳужумкор ҳаракатларда яққол кўзга ташланади. Бундан ташқари, Испания топ-футболчиларнинг кўплиги билан ажралиб туради, менимча. Нотаниш чемпионатга келганда, энг муҳими - янги муҳитга мослашиш. Шахсан мен ўзим ўйнаган мамлакатларда муносиб рақобат кўрсата олганим билан фахрлана оламан.

- «Барселона»да вояга етдинг, «Эвертон», «Севилья», «Милан»да тўп сурдинг. Энди нисбатан камтарин «Удинезе»да ўзингни қандай ҳис этяпсан?

- У ердаги шарт-шароит менда кучли таассурот қолдирди: стадион, база. Ҳаммаси аъло даражада ташкил этилган. Ажойиб таркиб шаклланган, ўзаро жуда аҳилмиз. «Удинезе»да ўзимни уйдагидек ҳис этаман. Ҳозир ўнг тиззамни даволаяпман. Муаммолар деярли ортда қолди, яқин кунларда аввалги савиямни тиклаб оламан.

- Айт-чи, Италиядаги ресторанлар қуршовида ортиқча вазнга эга бўлмасликнинг сири нимада?

- Сизни тушундим: асосан уйда овқатланаман. Қолаверса, қатъий парҳезга риоя қиламан. Тўғри, баъзан ортиқча таомларни истеъмол қилишга ҳам тўғри келади, албатта. Масалан, ўйиндан кейин. Ёки қандайдир оилавий байрамни нишонлайдиган кунларда. Лекин бошқа пайтларда фақат фойдали озуқаларни истеъмол қиламан.

- «А» серияга кузда қайтдинг. «Удинезе»дан ташқари, бошқа вариантлар ҳам кўпмиди?

- Ҳа, албатта. Аммо кўпчиликни жароҳатим (баҳорда Жерарнинг хочсимон мушаклари шикастланган, ўтиш пайтида ундан фориғ бўлмаганди) ўйлантириб қўйди. Бу тушунарли - ўша пайт жамоа машғулотларида қатнашмасдим, клублар хавфсираши ўринли эди. «Удинезе»нинг қизиқиши жиддий эди. Оилам ва агентим билан маслаҳатлашиб, таклифни қабул қилдим. Ўйин амалиёти нақд бўлмаган жамоага жароҳатдан фориғ бўлмаган ҳолда ўтиш таваккалчилик бўларди. Чунки спорт формани тиклаш даври чўзилиб кетиши мумкин эди. Мен буни истамасдим.

- Ўтишинг мумкин бўлган, лекин ўтмаган жамоаларинг номини айта оласанми?

- Улар кўп эди. Италия, Испания клублари чорлашди. Шунингдек, Россиядан ҳам таклифлар йўқ эмасди.

- «Локомотив»ми?

- Клублар номини айтишни истамайман. Шунчаки, Россия варианти ҳам бўлганини тасдиқлай оламан.

- Аммо ўзингда РПЛ истаги борми? Ёки бу вариантни кўриб чиқишни ҳам истамайсанми?

- Имкони йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бироқ мен ҳозирги кун билан яшайман, келажак билан эмас. «Удинезе»да туриб, келажакни ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман.

- ЦСКАнинг собиқ ўйинчиси Бекао билан битта жамоада ўйнаяпсан. У Россия ёки ҳозир Италияда тўп сураётган Миранчук ва Кокоринлар ҳақида гапириб бергандир?

- Йўқ, Родриго билан Россия ҳақида ҳеч гаплашмаганмиз. Шу боис, ватанингизга оид маълумотларга эга эмасман. Ахир у ерда ўйнамаганман.

- Аммо ҳар ҳолда бир марта майдонга тушгансан. Москвада сен «Барса»нинг ЕЧЛдаги ўйинида дебютингни нишонлагандинг, «Спартак»ка қарши. Эсладингми?

- Ҳа, ўшанда ҳаво жудаям совуқ эди. Даҳшат, қаҳратон совуқ. Майдонга тушганимиздан кейин барчамизни ҳайрон қолдирган нарса шу эди. Бироқ ўша оқшом бошқа жиҳат менда ўчмас таассурот қолдирди - ЕЧЛдаги илк учрашувимда захирадан майдонга тушиб, атиги 6-7 дақиқа тўп сурдим. Аммо Месси, Хави ва Иньесталар билан ёнма-ён ўйнагандаги ҳолатимни сўз билан ифодалай олмайман. Ўшанда ўзимни еттинчи осмонда ҳис этганман.

- Қачон кўпроқ ҳаяжонландинг - «Барса»даги илк машғулотдами ёки дебют учрашувида?

- Дастлабки машғулотда Месси мени лол қолдирганди. Унинг финтларини ҳозир ҳам яхши эслайман ва у ҳақдаги фикрим янада қатъийлашади: Лео - биринчи рақамли футболчи. Эҳтимол, футбол тарихидаги энг зўр ўйинчидир. Ҳаяжонга келсак, «Барселона»даги дебютимда кучлироқ бўлганди. Дунёнинг энг сара футболчилари орасида 50000 мухлис кўз ўнгида майдонга тушишнинг гашти ўзгача. Унга қадар бу манзарани четдан томоша қилардим. Болалигимда Роналдиньони кузатганларим ёдимда: унинг финтлари ёзилган видеотасмаларни томоша қилиб тўймасдим. Унинг ашаддий фанати эдим.

- Юлдузларнинг ёш футболчиларга муносабатлари қандай эди? Кийиниш хонасида қайси футболчи кўпроқ ҳазиллашарди?

- Пике. Асосий таркиб билан биринчи марта кечки таомга борганимизда, у мен ўтирмоқчи бўлган курсини олиб қўйган экан, йиқилиб тушгандим. Кейинчалик жуда кўп ҳазиллашадиган бўлиб қолгандик. Яна ҳар куни видеоўйинларда баҳслашардик.

- Асосий жамоага сени Гвардиола жалб этганди. Пепнинг ўзига хос мутахассис эканлигини исботлайдиган бирорта мисол келтира оласанми?

- Унинг ўзига хослиги шундаки, жамоа қандай ўйнаши кераклигини учрашув арафасида футболчиларга тушунтиради, қачон, қайси томонга югурасан, тўпни кимга ва қандай оширасан... Майдонга тушганимиздан кейин кузатсам, барча футболчилар у режалаштирганидек ўйнашмоқда. Дастлабки мулоқот чоғида Пеп менинг заиф жиҳатимни сезиб, танбеҳ берганди: «Сен фақат ҳужумни ўйлаяпсан». Очиғи, у ҳақ эди: ёшлигим сабабли доимо олға интилиб, ҳимояни унутиб қўярдим. Пеп мени ишонарли ҳимояланишга ўргатди: қандай ҳаракатланиш, қайси позицияни эгаллаш ва қандай вазиятда уни ўзгартириш кераклигини тушунтирди. Вингер учун ўта муҳим сабоқ: ҳа, асосий вазифа - олдинги чизиқда кескинликни ошириш, аммо ҳимояланиш чоғида ёрдам беришни унутмаслик шарт.

- «Барса»ни икки марта тарк этдинг. Кейингисида - «Уотфорд»га. Бу сенга нима берди?

- Тажриба ва ўйин амалиёти. Мен айнан шунга интилгандим. Мунтазам равишда майдонга тушиб, голлар уриш ва энг юксак спорт формасига эришишга мана шу омиллар олиб боради. Хави Гарсия билан ҳамкорлигим ўзимга ёқиб қолди. Уни ўзимнинг энг яхши мураббийлар рейтингига киритдим. Англиядаги ягона ноқулайлик - чап томонлама йўл ҳаракати. Жарималарга жуда кўп маблағ сарфладим. Бу мамлакатда, айниқса, Лондонда машинани бошқарганда жуда эҳтиёткор бўлиш лозим.

- 3 кундан кейин 27га тўласан. Ҳозир нимани орзу қиляпсан?

- Биласизми, фикрлар ва режалар жуда кўп. Нимага қодирлигимни намойиш этадиган пайт келганини ҳис этиб турибман. Ҳар бир учрашувда бор куч-маҳоратимни кўрсатгим, жамоани руҳлантиргим ва ривожланишига ҳисса қўшгим келади. Юксак чўққини кўзлаганман, аммо ишончим комил - уни албатта забт этаман.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz