Қайднома

Қидирув

Чин футболида инқироз ёки яна Хитой футболи ҳақида...

Чин футболида инқироз ёки яна Хитой футболи ҳақида...

  26.03.2021 04:40
  0
  531
Чин футболида инқироз ёки яна Хитой футболи ҳақида...

Бир неча йиллар мобайнида Хитой клублари шов-шувли трансферлар билан бозорни «ёндиришди», маҳаллий Суперлигани жаҳоннинг энг бадавлат лигаси айлантиришди.
Аммо эндиликда Чин юртидан умуман ўзгача янгиликлар янграмоқда: юлдузлар бирин-кетин ушбу мамлакатни тарк этишмоқда. бугунги кунда Хитой чемпионатида Transfermarkt камида 10 млн. еврога баҳолаётган атиги 5 футболчи қолди, холос - Оскар (16 млн.), Седрик Бакамбу (15 млн.), Талиска (12 млн.), Паулиньо (11 млн.) ва Марко Арнаутович (10 млн.). Кўриниб турибдики, мазкур рўйхатдагилар ҳам бу лигада узоқ ушланиб қолишмайди, илк имконият туғилиши ҳамоно Европага қайтишади. Хитой футболида тотал ўзгаришлар кузатилмоқда, амалдаги мамлакат чемпиони «Цзянсу Сунин»нинг фаолиятини якунлагани шундан далолат бермоқда.

Биринчи навбатда, ўзгаришлар маошлар баландлиги билан изоҳланмоқда. эндиликда Суперлига клублари ҳар йили 75,5 млн. евродан кўп сарфлай олишмайди. Мазкур ҳолатда Хитой чемпионатида тўп сураётган легионернинг йиллик даромади, солиқларни ҳисобга олганда, 3 млн.дан ошмаслиги керак. Клубдаги барча хорижлик футболчилар маоши умумий миқдори кўпи билан 10 млн. евро бўлиши лозим. Маҳаллий ўйинчиларнинг ўртача йиллик маоши - 376 минг евродан кам, максимал кўрсаткич қарийб 628 мингга тенг. Хабарларга кўра, Хитой футбол федерацияси молиявий қоидаларни бузганлик учун қатъий чоралар кўради. Масалан, умумжамоавий лимит - 75,5 млн.дан (амалда шартномаси бор легионерларга белгиланган тўловлар ҳам шунинг ичида) кўп харажат учун 24 очкогача олиб ташланиши мумкин!

«Бундай сиёсатнинг йўлга қўйилишидан мақсад, лигаларимизда йирик инвестицияни сақлаб қолиш, соғлом ва профессионал футболни ривожлантиришга ҳисса қўшишдир», - дейилади федерация баёнотида.

«Суперлига вакилларининг харажатлари Жанубий Корея К-Лигаси клублариникидан тахминан 10 марта, Япония J-лигаси клублариникидан 3 мартага кўп. Шунга қарамай, терма жамоамиз жуда оқсамоқда», - дейди Хитой футболи бошқарув органи раҳбари Чэнь Сюань.

Бундан ташқари, пул бераётганлар йўлига ҳам тўсиқ қўйилди. Федерация жамоалар номида ҳомийлар тилга олинмаслиги бўйича қарор чиқарди. Бундан кўринадики, аксарият клублар мусобақаларда қатнашишни хоҳлашса, мавсум-2021 бошлангунга қадар номларини (қўшимчасига, логотипни ҳам) ўзгартиришади.

«Цзянсу Сунин» - алоҳида мавзу. Аввалги йилларда ушбу клубда Фабио Капелло мураббийлик қилди, сал қолса «Реал»дан Гарет Бэйлни сотиб олиши мумкин эди, мавсум-2020да эса Хитой чемпиони бўлди. Режага кўра, қишда олтин медаллар соҳиби «Цзянсу» ФК қилиб ўзгартириб, ўз юрти шаънини Осиё Чемпионлар Лигасида ҳимоя қилиши кўзда тутилганди. Аммо 28 февраль куни Suning Commerce Group ихтиёридаги футбол клублари фаолияти тугатилганини эълон қилди. Нафақат «Цзянсу Сунин», балки ёшлар, болалар-ўсмирлар ва аёллар жамоаси ҳам фаолиятини якунлади. Сабаби, Suning Group қарзлар туфайли мураккаб молиявий ҳолатга тушиб қолган, шу боис, унинг раҳбарлари асосий эътиборни бизнесга - чакана савдога қаратишни лозим топишган. Suning Group компаниясининг «Милан»га ҳам эгалик қилишини инобатга олсак, «А» серия етакчиларидан бирининг келажаги ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Гап-сўзларга кўра, Италия клуби сотилади. Ўз навбатида, Суперлигадаги айрим бошқа жамоалар ҳам «Цзянсу Сунин» сингари фаолиятларини якунлашлари эҳтимолдан холи эмас.

Ўз вақтида бой компанияларнинг Хитой футболига кириб келиши бежиз эмасди. Биринчидан, Хитой коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби Си Цзиньпин футболнинг ашаддий мухлиси, айнан унинг ташаббуси билан мамлакатда йирик ислоҳотлар амалга оширилганди: умумтаълим мактаблари ҳудудида майдонлар яратилди, болалар учун футбол дарсликлари чоп этилди. Си Цзиньпин рақобатбардош Хитой термасини кўришни истаганди. Қўшимчасига, ҳомийлар етарлича даражад солиқ имтиёзларига эга бўлишди.

Лекин айни пайтга келиб Хитой клублари қимматбаҳо ва катта маош олувчи легионерларни таъминлаш имкониятига эга эмаслар. Ўтган йилнинг ёзида Эран Захави (ПСВга ўтди) ва Янник Феррейра Карраско (Мадриднинг «Атлетико»си бельгияликни ортга қайтарди) каби футболчилар Суперлигани тарк этишганди. Кейинчалик Саломон Рондон, Халк, Одил Аҳмедов, Стефан Эл-Шаарави, Грациано Пелле, Алекс Тейшейра ва бошқа кўплаб таниқли футболчилар ҳам Хитой билан хайрлашдилар. Мураббийлар ҳам бундан мустасно эмас. Январда Рафа Бенитес «Далянь Про»даги фаолиятини якунлади.

Футболчилар кайфиятига коронавирус ҳам таъсир кўрсатди. Хитойда тўп сураётганлар узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолиб кетишди. Ўтган йилги чемпионат 25 июлда бошланиб, 3,5 ой ичида якунланди. 2020 ва 2021 йиллар мавсуми орасидаги танаффус янада чўзилиб кетди - 4,5 ой. Янги чемпионат 20 апрелда старт олиши режалаштирилган.

О.АТАБОЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz