Қайднома

Қидирув

Футбол ва молия : Обрўни тиклаш воситаси

Футбол ва молия : Обрўни тиклаш воситаси

  26.03.2021 06:16
  0
  335
Футбол ва молия : Обрўни тиклаш воситаси

«Интер» айни пайт Италия «А» сериясида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда, бироқ клубнинг келажаги мухлисларни ташвишга солмоқда. Айни пайт «нерадзурралар» эгалиги Хитойнинг Suning Group холдингига тегишли, сўнгги йилларда миланликлар трансферларга пулни аяшмади. Мисол учун, мавсум-2019|2020да улар жами 190 млн. евро сарфланди. Жумладан, Ромелу Лукаку харидига 74 млн., Кристиан Эриксенни олиб келишга 27 млн. ажратилди.

2020 йили Suning Group бир қанча муаммоларга йўлиқди: коронавирус пандемияси ва Хитой ҳукуматининг пулларни четга чиқишига қарши белгилаган чеклови холдингни 30 фоиздан ортиқ активидан мосуво қилди. 28 февралда Suning Group ўзига тегишли бўлган, бир неча ой муқаддам Суперлига чемпионлигини нишонлаган «Цзянсу Сунин» клубини ёпгани ҳақида хабар берди.

Тез орада хитойлик инвесторлар «Интер» билан ҳам хайрлашишади - аммо «нерадзурра­лар»ни шунчаки ёпиб бўлмайди, клубни сотиш керак. Милан клубининг янги хўжайини ким бўлади, у ҳам Suning Group сингари пулни аямай ишлатадими?

9 март куни Британия ОАВда «Интер» мухлисларига хуш ёқадиган хабар тарқалди. The Sun нашри маълумотига кўра, Саудия Арабистони шаҳзодаси, молиявий ҳолати 298,8 млрд. еврога баҳоланадиган Муҳаммад ибн Салмон «Интер»ни сотиб олмоқчи. Солиштириш учун: Роман Абрамовичнинг капитали 11,5 млрд. еврога, «Манчестер Сити» хўжайини шайх Мансурники эса 26,4 млрд еврога тенг.

«Саудияликлар бир ҳафта аввал «Интер»ни қўлга киритиш бў­йича иш бошлашди. Бир пайтнинг ўзида икки клубни сотиб олиш мумкин эмас, шу боис, улар «Ньюкасл»дан воз кечишган кўринади. Уларда «Интер»нинг қарз­ларини тўлиқ ёпиш учун пул етарли. «Нерадзурралар» «А» серия турнир жадвалида пешқадам, Чемпионлар Лигасида қатнашади, шундай экан, мазкур вариант уларни тўлиқ қаноатлантиради», - де­йилади The Sun манбасида.

Ўтган йили Муҳаммад ибн Салмон бошқарувидаги Саудия Арабистони Суверен фонди АПЛ ҳудудига киришга уринганди - Майк Эшлининг мураккаб аҳволга тушиб қолган «Ньюкасл»ини сотиб олиш режалаштирилганди. Аммо уринишдан наф чиқмади - бунга биринчи навбатда жамоатчиликнинг ташвиши сабаб бўлди. Шаҳзодани инсон ҳуқуқларини бузганликда айблашмоқда, бу борада энг йирик жараён журналист Саудия Арабистонининг Истанбулдаги элчихонаси ҳудудида Жамол Хашоггининг йўқолиши билан боғлиқ.

Саудия Арабистони фуқароси бўлган Хашогги ўз қайдларида шаҳзодани муртадлар ва сиёсий рақобатчиларни таъқиб этишда айблаган, Салмонга бўйсунмаган одамларнинг ном-нишонсиз йўқолиб қолишини таъкидлаганди. Жамол Ар-Риёдни тарк этишга мажбур бўлди, аммо 2018 йилнинг 2 октябрида ўзи ҳам йўқолиб қолди. Кўп ўтмай, турк суриштирувларидан кейин маълум бўлдики, Хашогги ваҳшийларча ўлдирилган.

2019 йилнинг 26 сентябрида Муҳаммад ибн Салмон Хашогги қотиллигига масъул эканлигини тан олиб, ўз навбатида, журналист билан рўй берган воқеалардан бехабар эканлигини билдирди.

Ибн Салмоннинг консорциуми «Ньюкасл»ни сотиб олишга қизиқаётгани хавотирлар тўлқинини вужудга келтирди - ҳам Англияда, ҳам унинг ташқарисида. Мисол учун, таниқли биатлончи ва «зағизғонлар» мухлиси Йоханнес Бе ушбу масалада ўз позициясини билдирди: клубни шаҳзодага сотиш? Бунга асло йўл қўймаслик керак!

«Клубни кимдир сотиб олиши, «Ньюкасл»нинг янги ўйинчилар харидига пул топишини анчадан буён кутаман. Харидор топилганда, хурсанд бўлдим, етарли маблағга эга шайх келиб, жамоага янги ҳаёт бахш этади, деб ўйлагандим. Аммо бу кўчада бир қоп пул топиб, уни ўзлаштириб олган билан баробар. Бу нотўғри. Менга спорт орқали обрўни тиклаш ва шунга ўхшаш нарсалар ёқмайди. Шу боис, бундай харидорлар қатъий рад жавоб бериш керак, деб ўйлайман» - Бе севимли клуби тақдири ҳақида шундай фикр билдирди.

Шунга қарамай, «Ньюкасл»нинг ҳозирги эгаси Майк Эшли бундай баландпарвоз гапларга эътибор қаратмай, ўзига ортиқча юк бўлаётган клубни ибн Салмонга топширишни астойдил хоҳлади. Премьер-лига Саудия Арабистони Суверен фонди ва Саудия Арабистонини юридик жиҳатдан бир хил ҳисоблаб, бу сотувга қарши чиқди.

Эшлининг «Ньюкасл»и мазкур қарорга қарши чиқиб, ўзининг ҳақлигини суд орқали исботлаш ниятида. Умуман, бунга ҳожат ҳам қолмади, шекилли: ўз принципига эга британиялик мулозимлар билан баҳслашиш шаҳзоданинг ҳам жонига теккан кўринади. «Интер»ни сотиб олиш - лойқаланган обрўни спорт ёрдамида бироз бўлсада ювиш учун нисбатан енгилроқ чора.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz