Қайднома

Қидирув

Ёзнинг тенгсиз трансфери ёки Рафинья Диас ҳақида...

Ёзнинг тенгсиз трансфери ёки Рафинья Диас ҳақида...

  27.03.2021 09:19
  0
  710
Ёзнинг тенгсиз трансфери ёки Рафинья Диас ҳақида...

Маълум муддат кўпчиликни ҳайрон қолдириб, юқори поғоналарда юрган «Ренн» клуби аста-секин аввалги ҳолига тушмоқда. Рождестводан кейин жамоадаги барқарорлик йўқолиб борди ва яқинда мураббий Жюльен Стефан истеъфога чиқди.

Ушбу мутахассисдан астойдил ўйлаб кўриш сўралди: клуб президенти Николя Холвекнинг айтишича, мураббийнинг жамоага бўлган ишончи йўқолган, шу боис, эгаллаб турган ўрнига ўзини номуносиб деб ҳисоблаган. Август ойида Чемпионлар Лигасида қатнашган «Ренн»нинг улкан натижаларга қодир эмаслиги кўриниб қолди: Лига 1нинг амалдаги бронза медали соҳиби жорий мавсум 10-ўринни эгаллаб турибди, тобора қуйига «шўнғимоқда». Европа Лигасида «қизил-қоралар»га сўнгги ўрин насиб этди, Франция кубоги ҳам улар учун эрта якунланди. Ваҳоланки, 2019 йили жамоа бу турнирда бош совринга эга чиққанди!

Рафинья воқеалар ривожини башорат қилганмиди? Директорлар-чи? Октябрда «Лидс Юнайтед» таркиби Рафинья Диас билан бойитилганда, мазкур 17 миллионли трансфердан прагматизм иси келганди. Афтидан, клубдагилар натижалар ёмонлашишини билган кўйи ўз ўйинчилари учун ортиқча курашишмагандек. Асосийси - имкон борида мўмай даромад орттириш, боз устига, мамлакатда телетрансляциялар танг аҳволда.

Натижа: Рафинья энг нуфузли лигага ўтди, «Лидс» ўз сафини салоҳияти юқори, кейинроқ нархи янада ошиб кетиши мумкин бўлган вингер ҳисобига тўлдирди.

Нега «Ренн» куппа-кундузи «қароқчилик»ка йўл қўйиб берди? Бунга изоҳлар етарлича: ўйинчи ўзи кетишни истади, ўзига юқори баҳо бериб юборди, клуб 2019 йили унга тўлаган пулларни қайтаришга уринди... Аммо мухлислар ҳозир айнан Рафиньянинг кетиши жамоага кўпроқ зиён келтирди, деб ҳисоблашмоқда.

Бразилиялик футболчи эндигина жамоага келганида, Стефан унинг нималарга қодирлигини тушуниб етганди: «Бу ўйинчи ниятидан қайтмайди, рақиб ҳимоясини ёриб ўтади ва ажойиб техникага эга. У яккакурашлар, жарима майдончаси ичига узатиладиган паслар ва голларда фаол». «Лидс»дагилар ҳам таркибни кучайтириш чоғи айнан шу сифатларни алоҳида ажратиб кўрсатишганди.

* * *

Энг қизиғи, Рафиньядаги юксак иқтидор Франциядаёқ кўзга ташланганди. «Лидс» уни кашф этмади, ҳеч қандай сир бўлмаган. Шунга қарамай, у Португалияни тарк этганидан бир йил ўтиб, яна бир жамоа билан хайрлашди.

«Ренн»да унга барқарорликка эришолмайдиган, аммо обрўли шахс сифатида қарашганди. 90 дақиқа ичида қайд этган ўртача натижалари Франциядаги аксарият футболчиларникидан ёмон эмас - креативлик бўйича у кучли ўнликка кирган. «Ренн»да ҳам қаҳрамонимизнинг паслари бошқаларникига нисбатан аниқроқ чиқарди, кимдир самарали узатмани амалга оширса, у ҳам Рафинья бўларди.

Ўтган ёзда Диас «Лидс»нинг энг қимматбаҳо харидлари орасида учинчи ўринда қайд этилди - бу борада Диего Льоренте ва Родриго юқорироқда эдилар. АПЛ даражасидан келиб чиқсак, уни нархи қиммат эмасди - мазкур ҳолатда «Челси»нинг Кай Хаверц учун 70 млн. фунт сарфлаганини эслаш кифоя. Қолаверса, «Ренн» ҳам Эдуард Мендининг сотувидан 22 млн. фунтга эга бўлди.

Албатта, Рафиньянинг баҳосини дарвозабонники билан солиштириш осонмас. Аммо бир нарса аниқ: Марсело Бьелса ушбу футболчини сотиб олиш чоғида яхшигина иқтисод қилди.

Рафинья 90 дақиқа мобайнида ўртача «зарбагача етиб борадиган ҳаракатлари» статис­тикаси билан АПЛ футболчилари орасида кучли ўнликка киради. Бу рўйхатда чемпионатга янги келганлардан бир киши бор, холос - Ҳаким Зиеш. Ушбу кўрсаткич бўйича бразилиялик футболчи «Лидс»даги Родригони ҳам ортда қолдирди.

«Лидс» таркибида бу футболчи нафақат ҳужумларни самарали якунлай олади, балки уларни ташкил этишда ҳам фаол. Статистикага ишонадиган бўлсак, Рафинья ўз жарима майдончаси яқинидан туриб ҳужум бошлаш бўйича жамоада энг яхшиси ҳисобланади. Одатда, у барча шерикларини олдинга ундайди.

Стандартларга келсак, бу ерда ҳам Рафинья етарли даражада хавфли. «Ренн»да у тез-тез турли нуқталардан аниқ зарба йўлларди, ҳар икки оёғидан унумли фойдаланарди. Унинг ўйинлари тасвирланган видеолавҳаларни қидириб кўринг, қанотларда «учиши», ҳимоячиларни алдашини томоша қилинг. Стефаннинг бундай ижрочидан жудо бўлмасликка интилгани бежиз эмасди. Вингернинг кетиши ҳақида фикр сўралганда, қисқача гапирганди: «Энг яхши футболчиларни йўқотишни истамайман».

Ушбу трансферга тегишли баҳо бериш учун ёзда сотиб олинган энг яхши 15 нафар ҳужумкор футболчининг кўрсаткичларини ўрганиб чиқиш, уларни голлар ва майдонда ўтказган дақиқаларига қараб баҳолаш керак бўлади. Рўйхатга ижарада ўйнаётганлар (акс ҳолда, трансфер самарадорлигини баҳолаб бўлмайди), шунингдек, Диогу Жота сингари олий дивизионда 30 фоиздан кўпроқ дақиқани ўтказиб юборганлар киритилмаган.

90 дақиқа давомидаги голлар ва ассистлар бўйича ўртача кўрсаткичга келсак, Рафинья «Манчестер Юнайтед»даги Эдинсон Кавани ҳамда «Эвертон»даги Хамес Родригесдан кейин учинчи бўлиб турибди. Пуллар ҳақида гап кетганда, Кавани ва Родригес трансферлари учун клублари харажат қилишмади, бу эса уларнинг очколари сонини оширади, бироқ маош масаласида айни фикр билдириш қийин. Каванининг рақамлари мақтовга лойиқ: дастлабки дақиқалардан бошланган 9та ўйинда 6та гол. Аммо уругвайлик форвард 34 ёшда, демакки, уни сотиш орқали даромад орттириш деярли имконсиз.

Родригес Каванидан тўрт ёшга кичик ва унда нархини ошириш имконияти сақланиб турибди. Бундан ташқари, «Астон Вилла»ни 28 млн. фунтга Олли Уоткинс ва 17 млн.га Бертран Траорени сотиб олганини ақлли харид сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу футболчилар ҳам таркибга тезда киришиб, ёрдам беришни пайсалга солишмади.

Лекин Рафинья голлар ва ассистлардан ташқари вазият яратиши билан ҳам мақтаниши мумкин. «Ньюкасл Юнайтед»даги Каллум Уилсонни кўп эътироф этишади, аммо унинг ёши қарийб 30га яқинлашди, қолаверса, оғир жароҳатлардан кейин ўзини ўнглаши қийин кечади. Бу футболчига узоқ муддатли инвестиция сифатида қаралмаслиги турган гап. Унинг мисолида Рафинья шу зайл ўсишда давом этса, қандай футболчи бўлиб етишиши мумкинлигини тушунса бўлади.

Хуллас, Рафиньяни кўп жиҳатдан бошқалардан юқорироқ баҳолаш мумкин. Дейлик, Тимо Вернер ва Кай Хаверц сингари нисбатан қимматроқ футболчилар билан солиштирганда, устунлик қаҳрамонимиз томонига ўтиб кетиши аниқ. Ёки «Кристал Пэлас» 16 млн. фунтга сотиб олган Эберечи Эзени олайлик. Эҳтимол, Эзе жамоанинг зерикарли ўйин услубига мослаша олмаётгандир, шунга қарамай, мазкур трансфернинг ўзи «Лидс» Рафиньяни танлашда анча омадли чиққанига ишорадек. Жамоа нафақат истеъдодли вингерга, балки Бьелса тактикасига тўлиқ мос тушадиган ажойиб ўйинчига эга бўлди. Зеро бошқа харидлар (Родригони ҳам қўшганда) футболчининг трансфер нархини ошириш масаласида бу қадар самарали бўлмади.

Ўз навбатида, ўтган ёзда сотиб олинган бошқа ўйинчилардан фарқли равишда, Рафиньянинг мунтазам равишда майдонга тушаётганини унутмаслик жоиз. Хаверц, Зиеш ва Кавани 50 фоиздан кам ўйин вақтига эга бўлишди, «Шеффилд Юнайтед» 23 миллионга сотиб олган Райан Брюстер эса атиги 8 марта бошланғич таркибга киритилди. Рафинья Франциядан келганидан буён жароҳат сабаб бор-йўғи битта ўйинда қатнашмади. «Астон Вилла» таркибида барча мусобақаларда 12та ўйинда майдонга тушган Уоткинс эса бирор дақиқани ҳам ўтказиб юбормади.

Рафинья - бу тайёр «маҳсулот». У гол уради, самарали узатмалар йўллайди ва ўйинни қуради. Бьелсанинг таъкидлашича, 24 ёшли вингер шу қадар яхшики, унга ортиқча ниманидир ўргатиш мушкул. У тезкор, шунинг баробарида ақлли ҳам, майдонни яхши кўра олади.

Трансфердан кейин ўтган даврга қараб баҳоласак, «Лидс» АПЛдаги энг яхши ҳужумкор ярим ҳимоячилардан бирини сотиб олганини ишонч билан айтиши мумкин. Рафиньяни бошқа харидлар билан солиштирсак, ушбу критерияга ҳеч ким 100 фоиз мос тушмаслигига гувоҳ бўлишимиз тайин. «Ренн»дан кетаётганда, ортида чўкаётган кемани қолдирди. «Лидс»да эса янги марраларни забт этишга шай.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz