Қайднома

Қидирув

СЕРХИО РАМОС: «6та МУНДИАЛДА ҚАТНАШИШНИ ХОҲЛАЙМАН»

СЕРХИО РАМОС: «6та МУНДИАЛДА ҚАТНАШИШНИ ХОҲЛАЙМАН»

  27.03.2021 11:11
  0
  304
СЕРХИО РАМОС: «6та МУНДИАЛДА ҚАТНАШИШНИ ХОҲЛАЙМАН»

«Реал» сардори амалдаги шартномаси муддатини ҳали узайтирганича йўқ. Демакки, ҳозирча унинг яқин келажаги хусусида аниқ маълумот йўқ. Серхио яқинда, ўзи ва муҳаббати ҳақида олинган сериал тақдимоти арафасида буни алоҳида таъкидлади, у шунинг баробарида яна камида 5 йил юқори даражада ўйнашга тайёрлигини ҳам қўшимча қилди. 9 апрель куни Испа­нияда «Серхио Рамос ҳақида афсона» фильми экран юзини кўради. Сериалнинг жаҳон миқёсидаги премьераси эса 18 июнга белгиланган. Рамос сериал тақдимоти олдидан берган қизиқарли интервьюси билан унга қизиқишни янада оширди. Яъни майдонда чинакам жангчидек ўзини «ўтга ҳам, чўққа ҳам» отадиган ҳимоя­чи энг сара жамоадошлари, рақиблари, шунингдек, фаолиятидаги муҳим воқеалар тўғрисида бафуржа гапириб берди. Бундай очиқлик - спорт оламида олтин. Бинобарин, футболчилар одатда нафақага чиққач, шу даражада ошкора гапиришлари мумкин, Рамос эса мутлақо бошқача...

«Мадрид»да қолдирганмероси

- Қарийб 16 йилдан буён «Реал»да ўйнаяпман, аммо бу билан ҳаммани ақлдан оздирганим ҳақида тасаввур йўқ. Барчага бирдек ёқиш иложсиз. Шунинг баробарида инкор этиш мушкул бир ҳақиқат бор: ортда қолган вақтда жамоа ғалабаларига бевосита кўп хизматим сингди. Истагим битта - одамлар барчасини эслаб, мени «Реал»га жонини берган ҳақиқий фидоий сифати эслаб қолишса, бас. Ҳозир оғир палла, лекин ҳақиқат мен томонда эканлигига аминман. Табиатан ҳалол, камтарин ва меҳнатсевар йигитман. Мени шундай эслашларини хоҳлайман. Йўқ, бу гапларим футбол билан хайрлашаётганимни англатмайди. Ўйлайманки, жароҳатлар халақит бермаса, яна 5 йил юқори даражада ўйнай оламан. Бунга менталитетим ва иродам ёрдам беради.

Роналдуга қаратилгантанқидларга муносабат

- Футбол кўтарилиш ва пастлашишлардан иборат. Ҳа, «Ювентус» ЧЛдан тушиб кетди ва Криштиану нега бу қадар танқид қилинаётганини тушунаман: у жамоанинг ҳақиқий етакчиси, ҳамиша диққат марказида. Мен эса Мадридда худди шундай вазиятдаман: нимадир ўхшамаса, аввало, мураббий ва сардорга қаралади. Футболчи бунга тайёр туриши керак. Менимча, Криштиану бундай вазиятларда ўзини қандай тутишни яхши билади, танқидлар билан уни синдириш мумкин эмас.

Криштианунинг «Реал»дан кетиши...

 - Роналдунинг кетишидан ҳамма ютқазди: «Мадрид» ҳам, унинг ўзи ҳам. Агар ваколат менда бўлганида, Кришни ҳеч қачон «Реал»дан қўйиб юбормасдим, чунки бизни ҳамиша айнан у ғалабаларга яқинлаштирарди. Бундай футболчилар сайёрамизда саноқли. Роналду «Мадрид»га қоришиб кетиши ва бу ерда абадий қолиши керак эди...

Шахсий менталитетининг

шаклланиши

- Болалигимдан жуда ўжар эдим, отам ва акам эса ҳеч қачон кибрланишимга йўл қўймадилар. Улар мени тўғри тарбиялашди ва доимо курашиш, юқорига интилишга ундашди. Оддий айтганда, сабрли, қатъиятли ва кучли бўлиш учун ҳаракат қилишни ўргатишди. Бу ҳозиргача катта ёрдам беряпти. Доимий парвозлар, меҳмонхоналар, спорт залидаги тинимсиз машғулотлар... Футболчи учун яқинларидан узоқлашиш осон эмас, аммо менга айни шу қийинчиликлар ЧЛ финалида ўйнашдек такрорланмас дақиқаларни тортиқ этди. Ҳар куни нима учун курашишим кераклигини яхши биламан. «Ғалаба» ибораси миямга тўлиқ муҳрланган.

«Эль-класико» сеҳри

- Албатта, «Эль-класико» аталмиш ўйинларда турли лаҳзаларни бошдан кечирдим: ажойиб ғалабалар, аламли муваффақиятсизликлар... Буларнинг ҳеч бири мени ортиқча ажаблантирмаганини тасдиқлолмайман. Чунки «Эль-класико»да қандайдир сеҳр бор, дунё футболида бундай ажойиб қарама-қаршиликка ўхшаши йўқ. Ундаги ғалаба завқи бутун йилга татиши мумкин, урилган гол эса умрбод ёдда қолади. Дейлик, жорий мавсум «Камп Ноу»да гол урдим - чинакам сеҳрли туйғу!

«Барселона» билан

«катта уруш»

- Моуриньо даврида «Эль-класико» ҳаддан зиёд қизиди ва футболча соғлом фикр остонасидан чиқиб кетгандик. Кейин «Барселона» вакиллари билан алоҳида учрашдик, ўзаро муносабатларимиз ёввойилашиб бораётганини муҳокама қилдик. Бу худдики тажовузкорликка чек қўйиш тўғрисида битим бўлди. Моу урушни хоҳларди, лекин ўзимиз каталонияликларни ҳеч қачон душман ўрнида кўрмаганмиз. Ахир бизни битта терма жамоа боғлаб туради. Хуллас, «Барса» вакиллари билан учрашиб, жуда тўғри иш қилганимизга аминман.

Ибрат кўрсатган кумирлар

- Фернандо Йерро ва Паоло Мальдини менга ҳар доим суянч нуқтаси сифатида хизмат қилишган. Шунингдек, болалигимда «Севилья»нинг бир қатор футболчиларига алоҳида ҳавас билан қараганман. Энди ўзим кўпчилик учун намунали ўйинчиман, аммо буни англаш ва айрим лаҳзаларда муросага келиш жуда кўп вақт талаб этди. Ўйлайманки, намуна бўлиш миссиясини яхши бажардим. Қолаверса, барчасини янада такомиллаштириш учун ҳали имконият бор.

Энг истеъдодли шерик

ва рақиб

- «Реал»да Роналдо ва Роналду, Бекхэм ва Роберто Карлос каби мегаюлдузлар билан ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. Терма жамоада эса Хави, Иньеста ва Пуйоль билан елкама-елка тўп сурдим. Уларнинг ҳар биридан нимадир олганим аниқ, аммо кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин эмас. Энг кучли рақибни айтиш эса жуда осон - Гвардиоланинг «Барселона»си. Гап тарихдаги энг яхши «Барса» ҳақида кетмоқда, ўша таркиб бутун бир даврни белгилаб берди. Очиқ тан оламан, ўша «Барса» биз учун ҳаётни жуда қийинлаштириб юборган аёвсиз рақиб эди.

Ҳакамлик иши

- Вақтида менга нимадир ёқмаса, ҳакамлик ҳақида бамайлихотир қўпол оҳангда гапирардим. Кейинчалик гоҳида жим туриш ва четда қолиш яхшироқ эканлигини англадим. Биринчидан, минг гапирганингиз билан қайсидир воқеани ўзгартиролмайсиз, иккинчидан, ҳакам ҳам оддий одам ва у биз - футболчилар каби хато қилиши мумкин. Ҳозир VAR томонидаман, чунки бу тизим футболни анча ҳалоллаштирди. Умуман, ҳакамлар футболнинг ажралмас гуруҳи, улар ҳурматга лойиқлар.

Златан Ибрагимович феномени

- Златаннинг фаолияти - фантас­тика ва унга ҳурматим баланд. Ажойиб футболчи, ҳақиқий «қотил ҳужумчи». Ибра шу ёшида барча футболчилар учун ҳақиқий ўрнакдир. Ёш ва қари футболчилар йўқ, балки яхши ва ёмонлари бор. Ибрагимович эса  шубҳасиз, энг яхшиларидан бири.

Ҳимоя бўйича энг яхши шерик

- Вақтида Пике ва Пепе билан жуда енгил ўйнардим, энди Рафаэль Варан марказий ҳимояда ажо­йиб шеригимга айланди.

«Реал»даги Лионель Месси...

- Унинг фаолиятидаги энг яхши даврга бевосита гувоҳ бўлдим. Ростини айтсам, Лео футболдан кетишига қадар бизни қийнаса керак. Ҳар ҳолда, ҳали кўп вақт миллионларни ҳайратга солишда давом этади, менимча. Агар Мессининг «Реал»га келиши эҳтимоли мавжуд бўлганида, уни клубда ҳам, уйимда ҳам шахсан ўзим самимий кутиб олардим.

«Барcелона» билан шартнома имзолаш имконияти

- О, бу масалада заррача имконият йўқ. Лапортани ҳурмат қиламан, у билан бир марта учрашганман ва бундан чуқур таассурот қолган. Аммо ҳаётда шундай нарсалар борки, уларнинг олдида пул ёки бошқаси ўз аҳамиятини буткул йўқотади. Хуллас, Рамос «Барселона»да - бунинг умуман иложи йўқ.

Мбаппе ва Холандга эътибор

- Аслида ҳар иккисини «Мадрид»да кўришни истардим. Аммо бугун тезкор қарор қабул қилиш талаб этилса, Холандни сотиб олиш осонроқ, менимча. Ҳар ҳолда, Мбаппенинг трансфери молиявий томондан қийинроқ, жуда қиммат. Умуман, Холанд голлар ва совринларга оч ва у - «Реал» учун муносиб номзод. Айниқса, тезлиги ва босиқлиги ҳайратланарли. О, Эрлингни «Сантьяго Бернабеу»да кўриш қандай яхши...

Энг ғалати жамоадош

- Албатта, Жульен Фобер. У захира ўриндиғида ухлаб қолганида, роса кулгандим. Франциядан келиб, вақт тавофутига мослашишга улгурмаган бўлса керак...

Келажак режалари

- Бутун ҳаётимни футбол ичида ўтказдим - 34 ёшга тўлган бўлсам, шундан 28 йилни шу ўйинга бағишладим. Ҳали ҳам ўзимни жисмоний томондан 100 фоиз тетик ҳис қиляпман. Шундай экан, футболдан кетишимга фақат руҳий муаммолар сабаб бўлиши мумкин, холос! Нафақат Қатар-2022 мундиали, балки 2026 йили Мексика, Канада ва АҚШда ўтказиладиган ЖЧда ҳам қатнашишни хоҳлайман. Шунда 6та мундиалда иштирок этган тарихдаги биринчи футболчи сифатида рекордчига айланардим.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz