Қайднома

Қидирув

Норвегия футболи нимадан норози?

Норвегия футболи нимадан норози?

  28.03.2021 13:13
  0
  198
Норвегия футболи нимадан норози?

Анчадан буён Норвегия жаҳон чемпионатига чиқишга умид боғламаётганди, икки ҳафтадан кейин ушбу мамлакат термасини сафарда Гибралтарга қарши баҳс кутиб турибди - бу сайёрамизнинг энг нуфузли турнири финал босқичига чиқиш учун реал имконият. Норвегия термаси таркиби янги иқтидорларга бой, уларни Эрлинг Холанддек форвард ортидан эргаштирмоқда. Унинг ёрдамида жамоа 1998 йилдан кейин илк марта саралашдан муваффақиятли ўтиши мумкин. Гўё ҳаммаси яхши, келажакдан умид бор. Шундай экан, Норвегия клублари нимадан норози?

Айни пайт Норвегиядан 2022 йили Қатар мезбонлик қиладиган мундиалга бойкот эълон қилиниши ҳақида гап-сўзлар янграмоқда. Биринчилардан бўлиб эндигина олий дивизионга қайтган «Тромсе» ташаббус кўрсатди. Айнан шу клуб Қатарни «коррупция ва қулдорлик тажрибаси»да айблади. Жамоа вакиллари ўз фикрларини баён этиб, бундай тадбирда қатнашиш ноўрин деб ҳисоблашмоқда. Орадан 24 соат ўтиб, уларнинг сафига яна Eliteserien иштирокчиларининг яна уч нафари қўшилди - «Одд», «Стремсгодсет» ва «Викинг».

Эътирозлар энди бошланмоқда, унинг кўлами кенг эмас, бироқ авваллари бундай ҳолат кузатилмаганди. Норвегия ФИФАнинг иродасига бўйсуниш нотўғри эканлигини айтиб, бутун қитъага жар солмоқда. Қатарга бормасликка чақирмоқда. Мазкур ҳолат қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин?

Буларнинг барини Норвегия термаси собиқ ҳимоячиси ва «Тромсе» бошқаруви аъзоси Том Хегли ўйлаб топди. «Футбол оламига муайян тартиблар зиён қилмасди. ФИФА этик стандартлар, уларга амал қилиш ҳақида ўйлаб кўрса бўларди», - деди у.

«Бу шунчаки спорт эмас, - деди «Одд» президенти Тронд Хауквик. - Биз футбол юраги ҳақида гапир­япмиз».

* * *

Бу ФИФА мундиал мезбонлигини Қатарга берганидан кейин вужудга келган дастлабки можаро эмас. Араб давлати АҚШ, Жанубий Корея, Япония ва Австралияни ортда қолдирганда, кўпчилик бундан ҳайрон бўлганди. Текширувлар ўтказилди, танқидий мақолалар чоп этилди ва ФИФА, ниҳоят, бўлажак мусобақалар учун овоз бериш жараёнини тўлиқлигича ўзгартирди.

Бу ерда гап фақат ушбу мамлакатнинг иқлими ёки футбол ривожи бўйича ортда эканлигида эмас, балки унинг 8та янги стадион қурилишида машаққатли меҳнат қилган ишчи мигрантлар ҳуқуқини бузишида. Яқинда The Guardian газетаси 2010 йилдан буён Қатарда Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланкадан келган 6500га яқин муҳожир ҳалок бўлгани ҳақида бонг урди.

Қурувчиларга худдии қуллардек муносабатда бўлинаётгани ҳақида кўпчилик ёзди, аммо яқинда тарқалган хабарлар орқали эски масала муҳокамаси яна янгиланди. Шу боис, Норвегия бойкот ҳақида янада дадилроқ гапира бошлади.

Хегли «Буде-Глимт», «Тромсе», «Брюгге» ва «Копенгаген»да ўйнаб юрган пайтлари ҳам ФИФА қарорини танқид остига олган, эндиликда унинг фикрини нафақат клуб раҳбарияти, балки термадаги ўйинлари билан ном қозонган бошқа бир таниқли футболчи Рубен Иттергор Йенссен ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳозир унинг сафига кўпчилик қўшилди. Уларнинг мақсади - Норвегия футбол ассоциациясининг тегишли чораларни кўришга ундаш. «Стромсгодсет» бошқарувчи директори Даг Линдсет Андерсеннинг айтишича, НФА аввалдан ушбу ғояга қарши чиққан: «Ишончимиз комилки, Қатарда ўтадиган ЖЧ футбол қадриятларига зид. Футбол - бу мухлислар ва ёш футблчилар қувончи, умиди. Айни пайт Қатарда рўй бераётган воқеалар эса аксинча ҳиссиётларни вужудга келтирмоқда».

Бойкотни ёқлаган бешинчи клуб сифатида «Бранн» қайд этилди. Гарчи бу норозилик мамлакат термасининг тарихдаги энг яхши кўрсаткичларидан бирига эришиш имкониятини оширсада, ташаббусни мухлислар ҳам қўллаб-қувватлашмоқда. «Уларнинг муносабати анча позитив характерга эга. Кўпчилик аввалроқ ҳам менга мурожаат этиб, норозилигимизни қайсидир йўл билан кўрсатишимизни сўрашганди», - деди Хауквик.

Бироқ ФИФА ва УЕФАга қарши чиқишга ҳамма ҳам тайёр эмас. Мисол учун, мамлакатнинг йирик клубларидан бири «Русенборг» бошқарув аъзоларидан бойкотни қўлламасликларини талаб қилди. Ўтган мавсумнинг кумуш медаллари соҳиби «Молде» ҳам мундиал ўтказилишига қарши фикр билдирмаса керак. Танқидчилар ва ҳатто реалистлар ҳам бу каби акция фақат Норвегиянинг дисквалификацияси билан якун топишини тан олишга мажбурлар. Агар Германия ёки амалдаги жаҳон чемпиони Франция сингари мамлакатлар ўз сўзларини айтишганда, ушбу масала кўриб чиқилармиди, эҳтимол. Лекин шимолликларнинг якка ҳолда айтаётганлари ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас.

Скандинавиядаги қўшни Дания ҳам мавжуд вазият бўйича ўз норозилигини билдирди. Терма жамоа устози Каспер Хьюлманд ЖЧда қатнашишдан бош тортган ҳар қандай футболчи унинг мададига эришишини баралла айтди. Дания футбол ассоциацияси эса ҳеч қандай бойкотни хоҳламаяпти.

Норвегияга келсак, бу ерда барчасини мамлакат футбол ассоциациясининг Федерал парламенти йиғиши ҳал этади, унда барча спорт турларидан 200га яқин делегат қатнашади. Норвегия мундиалдаги иштирокдан воз кечиши учун қатнашчиларнинг ярмидан кўпи шунга овоз бериши керак бўлади.

Бунинг имкони борлигига ҳамма ҳам ишонмаяпти. Ҳа, тарихда бундай воқеа аввал ҳам учраган, 1980 йили 65та мамлакат (улар орасида Норвегия ҳам бўлган) Москва мезбонлигидаги Олимпиада ўйинлари ўтказилишига қарши чиқишган, эътирозни собиқ иттифоқнинг Афғонистонда уруш бошлагани билан изоҳлашганди. Аммо бу сафар скандинавлар ўз курашларида ёлғиз қолишади, чоғи.

* * *

«Вулверхэмптон Уондерерс»нинг собиқ мураббийи Столе Сольбаккен ҳозир Норвегия термасида ишламоқда. Унинг ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас - тезкор равишда дипломатликни ўрганиши лозим. Авваллари уни фақат спортдаги кўрсаткичлар ўйлантирган бўлса, эндиликда унинг этика масалаларидаги фикри ҳам кўпчиликка қизиқ.

Жорий йил ўтказиладиган Европа чемпионатида биз норвегияликларни кўрмаймиз - улар беш ой аввал Сербияга ютқазишди. Аммо у терма тарихда қолди. Ҳозирги таркибда Холанд, Мартин Эдегор, Йенс Петтер Хауге ва Александер Серлот каби ижрочилар бор. Бу таркиб ЖЧда ўйнашга лойиқ. Уларнинг мундиалда нималарга эришиши эса бошқа масала.

«Ассоциацияда, умуман, Норвегияда кимдир Қатарда рўй бераётган воқеаларни маъқуллайди, деб ўйламайман, - дейди мураббий. - Биз биргаликда нималарга эришишимиз мумкин? Этика нуқтаи назаридан бойкот - яхши чора, буни ким инкор этади? Мазкур қарорни оқлаш қийин эмас. Аммо у кейинчалик ишчиларга қандай таъсир қилади? Бу ерда ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўриш лозим».

2016 йилдан буён Норвегия футбол ассоциациясига президентлик қилаётган Терье Свендсен анчадан бери Қатарда ўтадиган ЖЧни танқид қилиб келади. У сўнгги икки йил мобайнида икки марта Арабистон яриморолига бориб, у ердаги ишчилар билан учрашди, маҳаллий ҳукумат вакиллари билан мавжуд масалаларни муҳокама қилди. Жорий йил у ерга яна бир парвозни амалга ошириш ниятида. Унинг фикрича, бойкот вазиятни янада чигаллаштиради.

Amnesty International фикрича, жаҳон чемпионати ўтказилиши футболчи ва термаларга мамлакатга қонунларга таъсир ўтказиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим роллардан бирини ўйнаш имкониятини беради. Чиндан ҳам шундайми? Нимадир дейиш мушкул. Бир нарса аниқ: кичик, бироқ мағрур клублар мутлақо янги жанг майдонида курашишга тайёрлар, жараённинг қандай якун топишини тахмин қилиш эса қийин.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz