Қайднома

Қидирув

Душан Тадич: “ЖЧ – бу болалик орзуси”

Душан Тадич: “ЖЧ – бу болалик орзуси”

  28.03.2021 16:16
  0
  350
Душан Тадич: “ЖЧ – бу болалик орзуси”

Сербия миллий жамоаси шу ҳафта УЕФА таркибидаги бош­қа термалар қатори Қатар-2022 мундиали саралашига киришади. Аниқроқ айтсак, серблар 24 март куни Белградда «А» гуруҳидаги асосий рақибларидан бири - Ирландия термасини қабул қилишади. 27-санага эса португаллар билан ўйин белгиланган. Агар янги бош мураббий Драган Стойкович ўз жамоаси саралашни ушбу даҳшатли рақибларга қарши ишончли бошлашни истаса, у Душан Тадичнинг улкан тажрибасига муҳтож, шубҳасиз. Сербия миллий жамоаси сардори ва энг жонкуяр футболчиси ЖЧ-2018 саралашида ўзини уста плеймейкер ролида кўрсатган эди. Ўшанда қуръа ташлаш маросимида 3-саватчадан ўрин олган Сербия термасининг якунда «D» гуруҳида 1-ўринни эгаллашида, Тадичнинг ҳиссаси катта бўлди - у 4та гол уришдан ташқари, 7та самарали узатма муаллифига айланди. Ҳа, серблар Россия мундиалида гуруҳ босқичидан ўтолмадилар ва Душан фақат «Аякс»нинг ЧЛдаги фантастик иштироки, ҳаяжонли ўйинларидан бироз таскин топди. Ҳар ҳолда, Амстердам клуби ярим финалгача матонат кўрсатганди. 32 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳамон иштиёққа тўла. У яқинда ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида футболга муҳаббати асло сўнмаслигини таъкидлаб, фаолиятидаги асосий воқеаларни эсга олди.

- Душан, 2014-2018 йиллар оралиғида 4 мавсум «Саутгемптон»да ўйнадингиз. Хўш, АПЛдаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?

- Англияда муносиб тўп тепдим ва бундан фахрланаман. Дейлик, биз АПЛда «Саутгемптон» тарихидаги энг юқори натижаларни қайд этдик. Ўзим эса 3та мавсум якунида самарали узатмалар сони бўйича кучли 5таликка кирдим. Шунингдек, бир қатор гранд клублар назарига тушдим, аниқ таклифлар ҳам олдим, аммо клуб қўйиб юборишни истамади. Зеро, биз АПЛда 6-ўринга чиққандик - бу «Саутгемптон» учун энг юқори натижа. Умуман, қаторасига 3 мавсум яхши натижаларга эришдик, тўртинчисида эса, ишлар ортга кетиб, қуйи лигага тушишимизга оз қолди. Ўша мавсум давомида раҳбариятга клубнинг пастга тушиб кетмаслиги учун қўлдан келганича ҳаракат қилишимни, аммо кейин қайси жамоага ўтишни ўзим ҳал қилишни исташимни очиқ айтдим. Якунда худди шундай бўлди ҳам...

- Қизиқ, нега айнан «Аякс»га қайтишни маъқул кўрдингиз?

- «Аякс» - кенг миқёсда ўйлайдиган ва ҳамиша юқори чўққиларга интиладиган ажойиб клуб. Амстердамликлар фақат футбол эмас, ҳар бир майда жиҳатларга талаб даражасида эътибор қаратишади. Чунки клуб энг яхши бўлиши ва ҳар қандай рақибни енгишини хоҳлашади. Қисқаси, «Аякс» - айнан мен хоҳлаган клуб. Қолаверса, ушбу жамоа болалигимдаёқ менга ўзгача илҳом бағишлаган. Ахир «Аякс» Европа Чемпионлар кубогида 4 марта ғолиб чиқиш баробарида бошқа сов­ринларни ҳам етарлича ютган. Унинг таркибида чинакам афсоналар ва ақл бовар қилмас даражадаги футболчилар тўп тепишган. Оддий айтганда, «Аякс» - бу Ринус Михелс ва Йохан Кройфф, яна «тотал футбол» манбаи. Жамоа вакиллари кейинчалик ушбу фалсафани «Барселона»га олиб боришди ва самарасини тўлақонли кўрсатишди.

- Нидерландияга қайтгач, биринчи мавсумдаёқ «Аякс» билан ЧЛ ярим финалига чиқдингиз ва бу тўғри қарор қилганингизни кўрсатди. Ўзи шундай муваффақиятни кутганмидингиз?

- Ҳа, чунки Амстердамда жуда кучли жамоа шаклланган эди, шунга яраша, Европада энг мафтункор футбол намойиш этдик. Ҳамма-ҳамма, ҳаттоки, энг кучли клублар ҳам ўйин чиройи масаласида бизга ҳавас қилганди. Ўйлайманки, футболни маълум даражада олдинга силжитдик, зеро, кўплаб рақибларимиз ўйинимиздан нусха олиш ва биз каби ўйнашга уринишди. Бир ўйланг, «Бавария», «Реал» ва «Ювентус»дек грандларни жозибали футбол воситасида мағлубиятга учратдик. «Тоттенхэм»га қарши кечган ярим финал ўйинларидан биринчисини меҳмонда 1:0 ҳисобида ўз фойдамизга ҳал қилдик. Жавоб баҳсида ҳам аввалига 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Шундай устунликни қаннақасига қўлдан чиқарганимизни ҳалигача тушунолмадим. Менимча, ўша мавсум финалда ўйнашга муносиб эдик.

- Маттейс де Лигт ва Френки де Йонг каби асосий футболчилар кейинги мавсум жамоа билан хайралишгач, ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

- «Аякс»нинг фалсафаси - ёш ўйинчиларни жалб қилиш ва ке­йин­чалик уларни катта пулга сотиш. Албатта, Маттейс ва Френки учун хурсанд бўлдим, лекин вақт ўтиши билан уларни қўмсаганим ҳам рост. Ўзимга келсак, қолишга қарор қилганим боиси битта - клубнинг ўйин услубидан чинакамига роҳатланаман. Жамоамиз доимо «оч бўри»дек, мабодо бирор ўйинда ютқазиб қўйсак, ўзимизни қўярга жой тополмаймиз. Менга айни шундай муносабат ёқади.

- Ҳа, майдонда жонкуярлигингиз билан ажралиб турасиз. Бу туғма хислатми ёки устида алоҳида ишлайсиз?

- Ҳаммаси табиий. Майдонда бошимни ҳамиша кўтариб ўйнайман. Менимча, фидойилик воқеаларни аниқ кўриб туришим билан боғлиқ. Дейлик, ўзимдан кўра яхшироқ ҳолатга чиққан жамоадошимни кўрганим ҳамоно тўпни автоматик равишда унга узатаман.

- Сербия термаси ЖЧ-2018 саралашида барчани ҳайратлантирди, бироқ финал босқичида «плей-офф»га чиқолмади. Сизнингча, терма жамоангизнинг яхшироқ ишлаши учун ички захиралар борми?

- Айтишим керак, жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи азалий орзумиз эди. Буни амалга оширганимиздан қувонсак арзийди. Чунки бутун Сербия 8 йилдан буён мундиал чиптасига илҳақ эди. Хуллас, ЖЧ чиптаси - мамлакат учун катта ютуқ. Ҳа, Россияда «плей-офф»га ўтолмаганимиздан анча ранжидик, аммо гуруҳимиз ўта мураккаб эди. Бундай квартетдан чиқиш қийинлигини билардик, аммо яхшироқ натижа кўрсатишга имконият йўқ эмасди, барибир.

- Умуман, ЖЧ шахсан сиз учун нимани англатади? Мисол учун, мусобақа тарихида қайси футболчилар сизга кучлироқ таъсир кўрсатишган?

- Мундиал - мен учун болалик орзуси. Эҳтимолки, аксарият футболчилар учун ҳам. Ёшлигимда ЖЧ ўйинларини кузатган вақт кун келиб, шундай майдонларда ўйнашни тасаввур қилардим. Зайниддин Зидан - бош қаҳрамоним. Айнан унинг ҳаракатини ўзгача иштиёқ билан кузатардим. Яна Роналдо ҳам феноменал футболчи эди, у худди Роналдиньо каби менга кучли таъсир кўрсатган. Қисқаси, шу учликни алоҳида қадрлаганман.

- Сербия, Португалия, Ирландия, Люксембург ва Озарбайжон термаларини ўз ичига олган Қатар-2022 саралаш гуруҳи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Анча кучли гуруҳ, боз устига, фақат 1та жамоа автоматик равишда финал босқичига йўл олади. Португалия термаси ажойиб жамоа, энг мураккаб рақиб. Яқинда Ирландия термасига қарши ўйнадик ва унинг ҳам чакки эмаслигини биламиз. Люксембург ва Озарбайжон термаларида ҳам ўзига хос баъзи жиҳатлари йўқ эмас. Шундай экан, саралаш турнирида мақсадга эришиш йўлида 100 фоиз куч билан ҳаракат қилишимиз шарт.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz