Қайднома

Қидирув

Жарима тарзида ғайриоддий чора ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ҒАЛАТИ ЖАРИМАЛАР

Жарима тарзида ғайриоддий чора ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ҒАЛАТИ ЖАРИМАЛАР

  29.03.2021 07:07
  0
  201
Жарима тарзида ғайриоддий чора ёки ФУТБОЛ ОЛАМИДАГИ ЭНГ ҒАЛАТИ ЖАРИМАЛАР

«Спартак» (Москва)да машғулотга кечикишнинг ҳар дақиқаси учун белгиланган жарима миқдори - 100 евро. Шу мавзу юзасидан «тафтиш» олиб борган soccer.ru сайти оддий хулосага келди: «Машғулотга 1 дақиқа кеч қолган футболчининг 100 евро йўқотиши - оддий ҳолат». Кўплаб клубларда шундай тартиб жорий этилган, тўғри, жарима миқдори турлича. Умуман, футболчилар фақат кечикиш эмас, бошқа қизиқарлироқ сабаблар туфайли ҳам катта жарима тўлашлари мумкин. Бунга мисоллар етарли. Зеро, қўл остидаги жамоани тўлиқ назорат остига олишни хуш кўрадиган мураббий ички тартибни бузадиганларга асло тоқат қилолмайди.

Фергюсон ва муз йўлда «пойга». Шотландиялик афсонавий мураббий ҳар доим ҳам адолатли бўлмаган. У баъзан машғулотларга ёмон кайфиятда келиши мумкин эди. Ҳозирги сэр Алекс - инсультдан омон қолган ёқимтой бобо. Аммо вақтида золимликни ҳам ўрнига қўйган. Масалан, «Абердин»­да ўйнаган бечора Жон Хьюитт шу мураббий талаби туфайли 20 минг фунт миқдорида жарима тўлаган (ўша пайт учун анча катта пул). Бунга футболчининг ўз автомобилида Фергюсон машинасидан олдинга ўтиб кетгани (!) сабаб бўлган. Умуман, сэр Алекс футболчиларни тез-тез жаримага тортишни яхши кўрарди.  Хуллас, Хьюитт бир сафар автомобилига жамоадошларини ўтирғизиб, машғулотга йўл олади. Қиш фасли, йўллар музлаган. Қарасаки, эҳтиёткор Ферги ўз машинасида минимал тезликда кетмоқда. «Бебош» Жон шунда мураббийни қувиб ўтишга жазм этади ва барчасини қоидаларга мувофиқ амалга оширади. Фақат шуниси борки, нодон шериклари деразадан кулимсираганча Фергюсонга қўл силтайдилар. Табиийки, шотландиялик мутахассис бундай «ҳурматсизлик»ни жавобсиз қолдирмайди. У кийиниш хонасига киргани ҳамоно Жонга қаттиқ танбеҳ беради, камига бўйнига каттагина жарима «илиб қўяди». Энди диққат қилинг, Жон Хьюитт - 1983 йилги Кубок эгалари кубоги финалида «Абердин»га ғалаба келтирган голни урган футболчи!

 

Балотелли ва таёқча ирғитиш. Бундай рўйхатни СуперМариосиз тўлдириш мумкинми?  Асло. Ахир италиялик «бебош» бисотида ўнлаб қизиқарли жарималар тарихи бор. Айримлари тамоман кулгили, худди Марио ҳақидаги пост каби: «Кўриниши мексикаликка ўхшайди, қора ранглилар каби сакрайди ва яҳудийлардек танга йиғади». Баъзи жарималар сабаби эса ўта жиддий. Агар Швеция ёки Германия ҳақида гап кетса, италиялик футболчи суд олдига чиқиши ҳам ҳеч гап эмасди. Хуллас, Марио бир сафар машғулотга дартс таёқчаси билан бориб, «Манчестер Сити» ёшлар жамоаси аъзоларини металл парчаси билан «нишон»га олишга ботинади. Бу «ҳунар» унга нақ 100 минг фунт стерлингга тушган. Ахир бундай жинниликни фақат ўта ақлсиз киши ўйлаб топиши мумкин. Умуман, италиялик футболчи барчаси (бир талай қизил ва сариқ карточкалар, абадий кечикишлар...) учун бирма-бир жарима тўлаган. Майк Ричардс уни кўп бора кечирган бўлса, кейинги сардор Венсан Компани  бу борада қаттиқ туриб, Мариодан пулни қуртдай санаб оларди. Чунки «Сити»да кечикиш учун тўланадиган жарималар йиғиндиси хайрия ишларига йўналтириларди. Рақамларда айтсак, Балотелли мавсум давомида 150 минг фунтгача тўлаган. Ҳаттоки, бир сафар карточкалар туфайли нақ 340 минг фунт беришига тўғри келган.

 

Никлас Бендтнер ва машҳур шорти. «Шаҳзода» Бендтнер Евро-2012да «ҳунар» кўрсатди. Дания ва Португалия термалари ўртасидаги ўйин қизиқарли тус олди - Пепе ҳисобни очди, Элдер Поштига ўз жамоаси устунлигини мустаҳкамлади, «Лорд» шунда ҳам таслим бўлишни хаёлига келтирмади, албатта. Хуллас, Никлас аввалига ҳисобдаги фарқни қисқартирди, 80-дақиқада эса 2-голни ҳам урди. Гарчи Варела якунда Португалия термаси ғалабасини таъминлаган гол муаллифига айланган бўлса-да, ўша ўйин португаллар учун жуда ёмон ўтганди. Хусусан, Криштиану Роналду хатоларга йўл қўйиб турган паллада Никлас оз-моз пул ишлаб олишни истадими, ҳар ҳолда, голини нишонлашда букмекерлик идораси номи ёзилган эластик ички шортисини кўрсатди. УЕФАда бу «манзара» алоҳида муҳокама қилинди ва якунда даниялик форвард 100 минг евро миқдорида жаримага тортилди, шунингдек, 1та ўйиндан четлатилди. Сабаби тушунарли - учрашувни миллионлаб мухлислар томоша қилишганди. Кейинчалик маълум бўлишича, даниялик футболчи ҳаммасини олдиндан режалаштирган ва жаримани ҳам букмекерлик идораси тўлаган. Бу «ҳунар» узоқ вақт одамлар тилларида айланганини ҳисобга олсак, реклама муваффақиятли чиққан. Кўпчиликни ажаблантирган томони ҳам бор - УЕФА оддий шорти туфайли шунчалик ғазабланадию, яққол ирқчилик учун бирор марта ҳеч кимга 100 минг евро миқдорида жарима солган эмас.

 

Брайан Клаф ва танаффусда жарима. Айтишларича, буюк мураббий аслида ҳазилга ўч бўлган, аммо «Ноттингем Форест» муҳитида мутойибага асло изн бермасди. Учрашувларнинг бирида Кенни Бернс жарима майдони яқинида ўта жўн узатма беради. Гарчи бу хатосидан сўнг рақиб гол уролмаган бўлсада, Клаф майдон четида узоқ вақт сира тинчланолмайди. Кейин ёрдамчисини клуб офисига юборади - 50 фунт стерлинг миқдорида жарима ёзилган расмий бланка олиб келиши учун. Брайан шу қадар ғазабланган эди, танаффус пайтидаёқ бечора Кеннига жарима қоғозини узатади. Клафнинг бу ишидан барча футболчилар кулишгани аниқ, улар шунинг баробарида 50 фунт миқдоридаги жарима баҳона ўз дарвозалари олдида «пас» бериб ўтирмай, тўпни дарҳол тепиб юбориш кераклигини тушунган бўлсалар керак.

 

Кепа ва финалда захирага чиқишдан бош тортиш. Испаниялик кипер «Манчестер Сити»га қарши Англия Лига кубоги финалида майдондан чиқиб кетишни сира истамади. Маурицио Сарри пенальтилар сериясида нисбатан яхшироқ саналган Вилли Кабальеро хизматидан фойдаланишни истаганди, аммо ўжар Кепа майдондан чиқишни қатъий равишда рад этиб, ўйинда қолди ва якунда «Челси» ютқазди. У Сане зарбасини бартараф этди, аммо Давид Луиз дарвоза устунини нишонга олди. Шу тариқа «аристократлар» кубокдан умид узишди. Аррисабалаганинг умумий қоидаларга тупурганида ажабланадиган томони йўқ. Дейлик, у кейинчалик Фрэнк Лэмпард билан ҳам асло чиқишолмади. Шундай бўлсада, бу футбол оламини ҳайратга солган воқеа. Тўғри, кўплаб қизиққон футболчилар мураббийнинг алмаштирув ҳақидаги қарорига эътироз билдиришлари мумкин, аммо ўжарлик билан майдондан чиқмаслик... Кепанинг хатти-ҳаракати майдон четидаги ўйинчиларни ҳам ғазаблантирди, боз устига, у ғалабани таъминлай олмади. Охир-оқибат, клуб мураббий қарорига бўйсинмайдиган киперни 225 минг евро миқдоридаги жарима билан «сийлади». Оддий айтганда, у бир ҳафталик маошидан маҳрум бўлди. Дарвоқе, Лэмпард даврида «Челси» машғулотига кечикиш қиймати 20 минг фунт стерлинг эди.

 

Макс Крузе ва таксида унутиб қолдирилган пул. Саломатликка хавф туғдирадиган «эрмак»ларга бериладиган футболчилар ҳам тез-тез жарима тўлашади: Икер Касильяс скутер мингани, Карим Бензема парашютда сакрагани ва Асьер Ильярраменди буқалар билан анъанавий югуриш мусобақасида қатнашгани учун жазоланишган. Бунда ҳаммаси тушунарли - саломатликка хавф солиш ярамайди. Аммо «Вольфсбург» ҳужумчиси Макс Крузе жуда ғалати сабаб билан жарима тўлаган - таксининг орқа ўриндиғида унутиб қолдирилган 75 минг евро туфайли. Гап покер ўйинида ютилган пул ҳақида кетмоқда. Макс ушбу ўйинни жуда яхши кўради ва турли турнирларда қатнашиб туради. Аммо 75 минг евро унинг учун катта пул саналмайди, балки шунинг учун унутиб қолдиргандир. Энг қизиғи, кейинчалик Крузенинг ўзи полицияга мурожаат қилди ва бу воқеа жамоатчиликка тарқалди. Барчасида ҳисоб-китобни ёқтирадиган немислар эса футболчини пул қадрига етмасликда айблашди. Оқибатда клуб салбий «реклама» учун Крузега жарима солди - 25 минг евро.

 

Сэвеж ва диареяга муносабат. «Ёввойи» Робби бошқача тарбия олиши ҳам мумкин эди, бироқ отаси унга болалигидаёқ пиво ичирган. Оқибати - футболчи ичкиликка берилди. Ҳа, уэльслик ҳозирда ўзини эски даврдагига нисбатан маданиятлироқ тутади. Аммо вақтида Роббининг бир хатти-ҳаракати 10 минг фунтга баҳоланган. «Оригинал» ҳолат. Сэвеж 2002 йилнинг апрель ойида «Астон Вилла»га қарши кечган баҳсдан олдин антибиотик ичган (оёғини даволатаётганди) ва майдонга тушиш арафасида ич кетишидан азият чеккан. Кийиниш хонасидаги ҳожатхоналар бандлигини кўрган Робби ҳакамлар хонасига югуради. Ўша ўйинни Грэм Полл бошқарган ва ҳисоботида тақиқланган хонага футболчи кирганини кўрсатган. Аммо Роббининг катта миқдорда жаримага тортилиши сабаби бошқа. У ҳожатхонага бориш ва ҳакамлар устидан қўпол тарзда кулишни уйғунлаштирганди - эшикни очиқ қолдириб, ишини битирган. Камига хохолаб кулган, ўтирган жойини тозаламаган ва ҳакамга стулини бир текшириб кўришини айтган...

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz