Қайднома

Қидирув

Тим Ховард: “Мен учун Мойес – энг яхши мураббий”

Тим Ховард: “Мен учун Мойес – энг яхши мураббий”

  30.03.2021 04:04
  0
  127
Тим Ховард: “Мен учун Мойес – энг яхши мураббий”

АҚШлик таниқли дарвозабон Тим Ховард футболчилик фаолияти давомида Англиянинг 2 таниқли клуби - «Манчестер Юнайтед» ва «Эвертон»да тўп сурганди. FourFourTwo журналига берган интервьюсида собиқ футболчи ўша пайтларни эсга олди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- 2003 йили «Манчестер Юнайтед» сафига қандай келиб қолдинг?

- «Қизил иблислар» таркибига қўшилиш ҳаётимда юз берган энг катта сюрприз бўлганди. Ўшанда менга манкуанликларнинг дарвозабонлар мураббийи қўнғироқ қилиб, ўйинларимни кузатишаётганини таъкидлади. Бунга эса ишонгим келмади. Боиси, у пайтда ҳали ёш эдим ва MLSнинг «Метростарс» жамоасида эндигина ўйнашни бошлагандим. Кейинчалик менга қўнғироқ қилган мутахассиснинг ҳазиллашмагани маълум бўлди. «МЮ» ҳақиқатан ҳам трансферим учун расмий сўров юборди. Ўшанда худди Янги йил байрами арафасида қувонган боладек суюнгандим. Барчаси шунчалик тез юз берганлигидан, ҳаттоки, кўзимни пирпиратишга ҳам улгурмадим.

- «Қизил иблислар»нинг ўша пайтдаги устози сэр Алекс Фергюсон қандай инсон эди? Бирор марта унинг ғазабига учраганмисан?

- Бўлмасам-чи! Менимча, «МЮ»нинг ҳар бир футболчиси қачондир шундай вазиятга дуч келган. Сэр Алекс Фергюсон шубҳасиз, футбол тарихидаги энг кучли мутахассислардан бири. Унинг шогирдлари билан суҳбатлашиш ва уларга керакли сўзларни гапириш борасида ўз услуби бор эди. Сэр Алекс Фергюсон бизни қандай руҳлантиришни биларди ва буни мунтазам равишда амалга оширарди.

- АПЛда манкунианликлар таркибидаги дебютинг 2003 йили Криштиану Роналдунинг «МЮ»даги «Болтон»га қарши кечган илк ўйини билан бир вақтга тўғри келганди. Ўшанда сен бошланғич таркибдан ўрин олгандинг, Роналду эса захирадан майдонга тушганди...

- Бу албатта, менинг ундан кўра кучлироқ футболчи эканлигимни англатади (кулади). Ҳазиллашдим, Криштиану жаҳоннинг энг яхши футболчиси ва бу борада унга етиб бўлмайди. Сиз ёдга олган ўша учрашув борасида тўхталадиган бўлсам, у мен учун ўзгача аҳамиятга эга эди. Боиси, Нью-Жерсилик камтаргина йигитча илк марта «Манчестер Юнайтед» футболкасини кийганди. Шунинг учун бироз асабийлашдим ва бундай ҳодисадан ҳаяжонландим. Аммо ўшанда мендаги мотивация ҳам ўзгача эди.

- «Олд Траффорд»даги дастлабки кунларини Роналду қандай тарзда ўтказганди?

- Роналдунинг ўша пайтдаёқ жудаям иқтидорли футболчи эканлиги сезилганди, у машғулотларда барчадан кўпроқ тер тўкарди. Криштиану футболчилик фаолия­тимда учратган энг меҳнатсевар футболчилардан бири эди. Унинг ўз ишига бўлган муносабати мўъжизанинг ўзгинаси эди. Шу боис, Роналду ҳеч қачон энг яхши ва кучли футболчи бўлишдан тўхтаган эмас. Бу эса Криштиануга айни пайтдаги чўққини олиб келди.

- Сен шунингдек, ёш Жерар Пике билан билан бирга ўйнагансан. Унинг буюк футболчи бўлиб кетишини кутганмидинг?

- Жерар яхши генетикага эга эди. Бироқ ўша пайт у Премьер-лигада ўйнашга тайёр эмасди. Лекин маълум вақтдан сўнг, Пике Испания чемпионатида ўзининг энг яхши сифатларини намойиш этишнинг уддасидан чиқа олди. Таъкидлаш жоизки, Жерар ўшандаёқ майдонда тез югурадиган ажойиб атлет бўлган. Мен учун унинг кўникмалари маълум эди. Фақатгина унинг тараққиётга эришиши учун вақт талаб этиларди. Унинг ўйинида ўсиш юз бериши ва тажриба орттириши учун «Барселона»да имконият яратиб беришди.

- Ўша пайт дарвозадаги ўрнинг учун Рой Кэрролл билан кураш олиб боришингга тўғри келганди. Бироқ 2004 йилги Англия кубоги финалида «МЮ» мураббиийлари айнан сенга ишонч билдиришганди. Фаолиятингдаги илк совринни қўлга киритишдаги ҳиссиётлар қандай бўлганди?

- Мазкур совринни жуда қадрлайман. Ўша ўйиндан эсдалик бўлиб қолган олтин медални ҳалигача уйимнинг алоҳида жойида сақлаяпман. Биз «Миллуолл»га қарши кечган баҳснинг кўп қисмида ташаббусга эга бўлдик (ўша баҳсда «қизил иблислар» йирик - 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди). Кардиффдаги «Миллениум» стадионидаги муҳит мен кўрганларим ичида энг зўри эди.

- Аммо ўша ўйиндан сўнг асосий таркибдаги ўрнингни йўқотгандинг. Ўша пайт фаолиятингдаги қийин давр бўлганмиди?

- Бундай вазият ҳар бир футболчи, айниқса, дарвозабон учун қийинчилик туғдиради, албатта. Шу боис, бу борада сэр Алекс билан гаплашдим ҳамда ундан мени бирорта жамоага ижарага беришини сўрадим. Чунки шунчаки ўриндиқда ўтирмасдан, ўйин амалиётига эга бўлиш ва ўнлаб ўйинларда майдонга тушишни хоҳлаётгандим. Бу эса фаолиятимдаги тўғри қадам бўларди.

- Нима учун «Эвертон»ни танладинг?

- Чунки бу жаҳоннинг энг буюк клуби!

- Жиддий тарзда айтадиган бўлсак-чи?

- Сўзларимда ҳеч қандай ҳазил йўқ. Агар сиз ушбу жамоа қароргоҳи, уларнинг муҳити атрофида бўлиб, ўша инсонларнинг ҳиссиётлари ва клуб тарихини ҳис этганингизда, бундай қарорга келишимнинг тўлиқ сабабини тушунган бўлардингиз. «Эвертон» жамоасини жуда яхши кўраман ва мазкур танловимдан ҳеч қачон афсусланмаганман.

- Дэвид Мойес билан муносабатинг қандай эди?

- У қўл остида тўп тепган мураббийларим орасида энг зўри! У мен учун устоз ва ота эди. Уни оила аъзоларим қаторида ҳурмат қиламан. Фергюсон - жаҳоннинг буюк мураббийларидан бири, лекин мен учун Дэвид Мойес энг яхши мутахассис. У сэр Алексдан анча фарқ қиларди. Баъзан бироз қўпол бўлар ва интизомни талаб қиларди. Лекин бу борада Дэвид ҳеч қачон ҳаддидан ошиб кетмаган. У футболчиларни жуда яхши кўрарди ва уларнинг имкониятларидан максимал даражада фойдаланишни биларди.

- Бундан чиқди, Мойеснинг «МЮ»даги фаолиятидан сўнг, унга бўлган танқидлар ноўрин бўлган эканда?

- Ҳа, 100 фоиз ноўрин бўлган. У Манчестерда ёмон фаолият олиб бормаганди. Ахир, сэр Алекс Фергюсоннинг ўрнини босиш осон эмасди. Менимча, бу уддалаб бўлмас иш эди. «Қизил иблислар»га буни англаш учун кўп вақт керак бўлди. Фергюсондан сўнг, манкуанликлар бошқарувига келган тўртинчи мураббий давридагина барчаси яхшиланиб, ўзгариш юз бера бошлади. Дэвид Мойесга етарлича вақт беришмаган, деб ҳисоблайман. У топ-мураббий, аммо «МЮ»ни бошқариш қийин масала.

- 2009 йилги Англия кубогида собиқ жамоанг - «МЮ»га қарши кечган ярим финал баҳсида иккита пенальтини бартараф этиб, «Эвертон»га финал йўлланмасини тақдим этгандинг. Ўшанда ўзгача ҳиссиётларни бошдан кечирганмисан?

- Ўша учрашувда катта иштиёқ билан ҳаракат қилгандим. Лондонликлар учун муҳим палла, бундан ташқари, собиқ клубимга қарши кечган баҳсда яхши ўйин намойиш этишга интилдим. Қўшимча вақт белгиланиши аниқ бўлгач, ушбу учрашувнинг пенальтилар сериясига қадар боришига умид қилдим. Чунки 11 метрли жарима зарбалари мен учун имконият ва унда ғолиб чиқишимга ишонардим.

- 2012 йили «Болтон» билан бўлган ўйинда гол ҳам ургандинг...

- Ўша баҳсда энг яқин дўстим Сильвен Дистен рақибидан тўпни олиб қўйиб, менга узатди. Мен эса коптокни кучим борича тепдим! Ўшанда об-ҳаво ҳам ноқулай эди. Шу боис, шамол тўпни учириб, рақиб дарвозаси тўрига жойлади. Лекин ўша голимни бир неча сабабларга кўра нишонламадим. Биринчидан, олдин ҳеч қачон гол урмаганим учун ўзимни йўқотиб қўйдим ва нима қилишни билмадим (кулади). Иккинчидан, бу ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган рақиб посбони учун ҳам ноқулай ҳолат эди. Шу боис, унга нисбатан ҳурматсизлик қилишни истамадим.

- Энди суҳбатимизни АҚШ термаси мавзусида давом эттирсак. Ушбу жамоадаги халқаро миқёсдаги иштирокдан қандай ёрқин хотиралар қолган?

- Албатта, 2002 йили миллий жамоа сафида Эквадор термасига қарши ўтказган дебют ўйинимдан ёрқин хотиралар қолган. Айтганча, биз ўша баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Ҳар бир ёш футболчи ўз мамлакати бош жамоаси таркибида ўйнашни орзу қилади. Менга эса АҚШ термаси сафида 3та жаҳон чемпионатида (2006, 2010, 2014) қатнашиш насиб этди. Бу эса улкан натижа ва бундан фахрланаман.

- 2014 йилги ЖЧнинг 1|8 финалидан ўрин олган Бельгия термасига қарши кечган баҳсда 15та сейв намойиш этиб, мундиаллар тарихидаги рекорд­ни янгилагандинг. Бу фаолия­тингдаги энг яхши натижа бўлганмиди?

- Ҳа, бельгияликларга қарши кечган баҳс фаолиятимдаги энг ёрқин дамларни тақдим этганди. Гарчи ўшанда 35 ёшга тўлган бўлсамда, «Эвертон»да ажойиб мавсумни ўтказгандим ва ўзимни жуда яхши ҳис қилардим. Ўша ЖЧда биз ҳаттоки, Германия ва Португалия термалари ўрин олган «ўлим гуруҳи»дан ҳам «плей-офф» босқичига йўл олгандик. Бироқ бельгияликлар тўсиғидан ўтолмадик (ўша ўйинда АҚШликлар 2:1 ҳисобида имкониятни бой беришганди). Доимо мундиалларда ўзимнинг энг яхши ўйинимни намойиш этишни орзу қилардим ва бунга эриша олдим.

- Яқинда, аниқроғи, 6 март куни 42 ёшга тўлдинг. Англияга қайтиб, айни пайт шерикликда бошқараётган Лондон жамоа­сига устозлик қилиш имконияти борасида нима дея оласан?

- Мураббийлик соҳаси мен учун эмас ва буни эплай олмасам керак. Боиси, мураббийлик вазифасида ишласам, қўл остимда кўплаб футболчиларни ушлаб туришим ва ҳордиқсиз ишлашимга тўғри келади. Мендан яхши мураббий чиқади, деб ўйламайман. Аммо бу касбга иштиёқи юқори бўлган инсонларга ҳавас қиламан. Лекин ўзим мураббийлик соҳасида ишламасам керак.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz