Қайднома

Қидирув

Муаммо фойдаланилмаган вазиятлардами?

Муаммо фойдаланилмаган вазиятлардами?

  01.04.2021 04:39
  0
  400
Муаммо фойдаланилмаган вазиятлардами?

Муҳтарам мухлис! Хабарингиз бордир, юқори савия­ли ижрочилар ҳисобланмиш португалиялик футболчилар анчайин кучсиз Озарбайжон терма жамоаси дарвозасига Италияда гол ура олишмади. Ҳолбуки, сафар ўйинида Диогу Жота «дубл»­га эришди. Фақат бу икки гол жароҳатдан сўнг майдонга қайтган футболчига ишонч бағишладию, жамоаси ғалабаси учун кифоя қилмади. Сербия термаси чинакамига матонат кўрсатди. Хусусан, захирадан майдонга тушган Неманья Радонич  майдондаги вазиятни ўзгартириб юборди. «Рома»да иши юришмай, ҳозирда Бундеслигада тўп сураётган мазкур футболчи жамоаси фойдаси учун ўйнаб, дуранг­ни таъминлаган 2та гол яратувчисига айланди. Ҳа, португаллар дарвозасини Филипп Костич ва Александар Митрович нишонга олишди, аммо голлар лойиҳасининг муаллифи - Радонич...

Хорватиялик футболчилар ҳам Криштиану Роналду ва унинг жамоадошлари қисматига дуч келишди - улар ўртамиёна Кипр терма жамоаси дарвозаси томон ёпирилиб ҳужум уюштиришди, бироқ 1тагина гол билан кифояланишди. Ўзбекистон миллий жамоаси каби учрашувни шиддат билан бошлаган Франк де Бур бошқарувидаги нидерландлар 2та гол билан чекланишди. Нима деб ўйлайсиз, Озарбайжон, Кипр ва Латвия терма жамоаларининг сафар ўйинлари юқори савияда кечгани туфайли кучли таркибга эга мезбонлар қийналиб қолишдими?

Йўқ, бизнингча, бундай эмас. Озарбайжон, Кипр ва Латвия жамоалари ўйинида тараққиёт кўзга ташланаётган бўлса-да, савия ҳозирча кучли рақибларга жиддий қаршилик кўрсатадиган даражага чиқмагани аниқ.

Хўш, у ҳолда гап нимада? Фикримизча, муаммо мураббий кўрсатмаси ва унга амал қилиш билан боғлиқ. Шенол Гюнеш бутун учрашув мобайнида футболчилари ҳаракатини ажойиб маҳорат билан бошқарди. Натижада Мартин Эдегор ва Эрлинг Холанд каби юлдузчалар майдон узра чорасиз югуришди. Юқорида бежиз Радонич хизматини таъкидламадик. У ўйинни кучайтирди ва вазиятни бошқарди. Мураббий имзоси - шу!

Сезиб турибсизки, еврофутбол воситаси билан аслида Ўзбекистон термаси хусусида мулоҳаза юритмоқдамиз. Эътироф этиш керак, Намангандаги ўйинда майдонга тушган таркибдан илк бор кўпчиликнинг кўнгли тўлди. Сардор Рашидов қайтди, Остон Ўруновга имконият берилди, Жавоҳир Сиддиқов ва Ойбек Бозоров захирадан ўйин­га қўшилдилар. Ҳаммаси яхши. Тасаввурдаги орзулар жамоаси. Йигитларда иштиёқ ҳам жойида. Улар рақибдан устун эканликларини ҳис қилишмоқда ва уни «янчиб таш­лаш»ни исташмоқда. Жуда қизиқ, рақибни йирик ҳисобда енгиш учун барчаси мавжуд, лекин амалда бунга эришиш иложи топилмади. Нималар бўляпти ўзи? ЖЧ-2014 саралаш босқичи якунида терма жамоамиз тўплар нисбати масаласида оқсаганди. Ўшанда Тошкентда Ливан терма жамоаси дарвозасига урилиши шарт саналган қанча гол урилмаганди. Эсланг, футболчиларимиз ўшанда ҳам ёппасига ҳужумга ўтишган, аммо бундан наф чиқмаганди. Гана терма жамоаси дарвозаси ҳам шундай штурм қилинди, бироқ яна айтарли самара йўқ.

Нима аламли тарих такрорланмоқдами ёки вазият ҳамон ўша-ўша? Униси ҳам, буниси ҳам кўз олдимизда намоён. Индивидуал кучли футболчиларимиз бу устунликдан фойдаланишолмаяпти. Нима сабабдан вазиятлар голга айланмаётганидан уларнинг ўзлари ҳам ажабланишаётгандир балки. Эҳтимол, бунга ўзларини айб­дор санашаётгандир. Агар Жалолиддин Машарипов жон аччиғида яхши маънодаги авантюрага бормаганида ва гол урмаганида нима бўларди?! Бу каби авантюра учун ҳар доим вазият туғилмайди ва рухсат ҳам берилавермайди. Кўп ҳолатда бу ўзбилармонлик сифатида баҳоланади. Демак, ўйин сценарийсини янгилаш ва ноодатий ёзишга эҳтиёж бор. Энди бу борадаги айрим хулосаларимизни баён этамиз:

1.     Жалолиддин Машарипов жафокаш Остон Ўруновга етарли даражада ишонч билдиролмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, у олдинга ташланган вақт Остон қандай позиция танлашда қийналяпти, иккиланяпти. Ваҳоланки, Элдор Шомуродов учун Машарипов - Ўрунов тандеми уюштирадиган кутилмаган комбинациялар жуда-жуда муҳим.

2. Фаррух Сайфиевнинг фаоллиги ҳужум жараёнига халақит бермоқда. Бошқача айтганда, у Элдор Шомуродовга кўз илғамас босим ўтказмоқда.

3. Янги куч билан майдонга тушган Жавоҳир Сиддиқов ва Ойбек Бозоровда дадиллик, ташаббус, журъат етишмади. Айниқса, Ойбекда бу ҳол яққол сезилди. Бу - машғулотларда унинг имкониятларини юзага чиқарувчи комбинация­лар кўриб чиқилмаганидан далолат. Акс ҳолда, Отабек Шукуров уни қўллаб-қувватлаб, қулай вазиятларга чиқарган бўларди.

4. Жамоа яхлит механизм бўлиб ҳаракатланмаяпти. Шу маънода Одил Аҳмедовнинг ўрни билинди.

5. Жамоа ўйинида тафаккур кўзга ташланмади. Ҳаммаси бир хил, бир хил, бир хил...

Якунда бу мулоҳазалар Ироқ термасига қарши баҳсдан олдин битилганига эътибор қаратинг. Иккинчи ўйинда ушбу фикрларга қарши кучли зарба берилса ҳам майли...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz