Қайднома

Қидирув

Футзалчилар мундиалга боришади, барибир

Футзалчилар мундиалга боришади, барибир

  01.04.2021 06:46
  0
  504
Футзалчилар мундиалга боришади, барибир

Бугунги кунда Қатарда фаолият юритаётган мутахассис Алишер Никимбаев Гана термасининг мамлакатимизга ташрифи муносабати билан бош жамоамизнинг Африка вакилларига қарши кечган ­ўйинларини ёдга олди. Шунингдек, қитъамизда футзал бўйича жаҳон чемпионатига йўл очадиган саралаш схемаси ҳақида маълумот берди.

* * *

- Жорий мавсум Литвада футзал бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши ёдингизда бўлса керак? Мазкур турнирга саралаш босқичи вазифасини ўташи кутилган Осиё кубоги баҳслари эса бекор қилинди. Хўш, ОФКдан ЖЧга борадиган жамоалар қандай аниқланади? ОФК бу борада икки хил вариантни таклиф этди. Биринчиси - Осиё кубоги-2018 якунларидан келиб чиқиб, ЖЧда қатнашадиган 5 иштирокчини аниқлаш. Мазкур ҳолатда қатнашчилар рўйхати қуйидагича кўриниш олади:

Эрон

Япония

Ўзбекистон

Ироқ

Ливан

Иккинчи вариант - сўнгги 3та Осиё чемпионатидаги кўрсаткичларни умумлаштирган ҳолда, энг яхши жамоаларни аниқлаш. Балларни тақсимлаш схемаси: чемпионга - 100, вице-чемпионга - 90, бронза медали соҳибига - 80..., ...8-ўрин соҳибига - 30 балл. Ушбу вариантда кучли бешлик қуйидагича кўриниш олади:

Эрон - 290 балл

Ўзбекистон - 250 балл

Япония - 230 балл

Таиланд - 190 балл

Вьетнам - 150 балл

Футзал бўйича қўмита аъзолари 30 мартгача вариантлардан бирига овоз беришлари лозим. Якуний қарор апрель ойи бошида чиқарилади. Аммо кўриб турганингиздек, футзал бўйича Ўзбекистон термаси ҳар қандай ҳолатда Литва мезбонлик қиладиган жаҳон кубогига йўл олади. Бу эса жамоамизнинг мундиалдаги иккинчи иштироки бўлади.

* * *

- Ўзбекистон ва Гана термалари ўртасида учрашув ташкил этилиши жамоамизнинг африкалик рақибларга қарши ўтказган ўйинларини эслашга ундади. 1995 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон термаси Тошкентда Нигерия жамоасини қабул қилганди. Бу - бугунги кунга етиб келмаган Афро-Осиё кубоги доирасидаги ўйин. Ўзбекистон термаси унда Осиё ўйинлари-94 ғолиби сифатида, Нигерия жамоаси эса Африка Миллатлар кубоги-94 бош соврини соҳиби мақомида қатнашганди. Ҳа, бу айнан ўша, 1994 йилги ЖЧда порлаган Нигерия термаси эди. Эсимда, «Пахтакор» стадиони мухлислар билан тўлганди. Қариндошим ўйин бошланишига 20 дақиқа қолганида стадионга келгани туфайли трибуналарга киролмаган. Чинакам эйфория. Атиги бир йил аввал Ўзбекистон термаси Осиё ўйинларида ғолиб чиққанди. Нигерияликлар билан ўйин собиқ иттифоқ ташқарисидаги жамоаларга қарши кечган илк учрашувимиз эди. Бунга қадар эса Тошкентга қаторасига икки марта Нидерландия клублари келганди. Гўёки, яна бироз қўшсак, Франция-98 мундиалига боришимиз аниқдек туюлганди. Шундан буён чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Миллий жамоага ўша ўйин вақтидан кейин туғилган футболчилар келишди. Улар учун Виталий Денисов афсона ҳисобланади. Ваҳоланки, юқорида тилга олинган ўйин­да Виталий эмас, унинг отаси Геннадий Анатольевич тўп сурганди. Бошқа машҳурларга ҳам эътибор беринг: Фарҳод Магометов, Андрей Фёдоров, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Илҳом Шарипов, Азамат Абдураимов, Сергей Лебедев...

Айтганча, Фёдоров 1994 йилги муваффақият учун футболчилар рағбатлантирилмаганига эътироз сифатида термада ўйнамаслигини билдирганди. Нигерия термасига қарши баҳс эса унинг миллий жамоага қайтишига сабаб бўлди. Ўша учрашув иштирокчиларининг айримлари ҳозир орамизда йўқ. Бош мураббий Александр Иванков, ҳужумчи Дилмурод Назаров, шифокор Анатолий Туриков...

Ўзбекистон термаси нигерияликлар билан ўйиндан кейин 20 йил ортиқ вақт мобайнида Африка жамоаларига қарши майдонга тушмади. 2016 йилнинг августида Тошкентга Буркина-Фасо термаси келди. 2018 йили эса Сенегал ва Марокаш жамоалари билан учрашувлар ташкиллаштирилди.

Умуман, Гана термасига қарши кечган баҳс бу рўйхатга кирмайди. Чунки Наманганга мазкур жамоанинг иккинчи таркиби ташриф буюрди. Бундай ўйинлар эса термамиз тарихида етарлича топилади. Масалан, Ўзбекистон олимпия термаси ҳам 1997 йили «Жавоҳарлал Неру» кубоги доирасида Гананинг иккинчи жамоа­си билан куч синашган. 2009 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса Ўзбекистон термаси ганаликларга ютқазган ва Африка вакиллари драматик тус олган финалда ғолиб чиқиб, жаҳон чемпионлигини расмийлаштиришганди.

Алишер НИКИМБАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz