Қайднома

Қидирув

Ғалати югуриш усули

Ғалати югуриш усули

  02.04.2021 08:47
  0
  368
Ғалати югуриш усули

«Манчестер Сити» вакили Раҳим Стерлингнинг югуриш ҳолатига ҳеч эътибор қаратганмисиз? У одатда тезкор юриш палласида қўлларини ғалати тарзда кўтариб олади. Маълум бўлишича, унга бу усул енгил атлетика билан шуғулланган онасидан ўтган. Чиндан ҳам, Стерлингнинг югуриш услуби ўзгача. Айниқса, тезлик олиш жараёнида қўллари табиий равишда юқорилаб, ёйилади. Бунда футболчининг қўллари доимий ҳаракатда. Кам учрайдиган усул. Ҳар ҳолда, югуриш вақти аксарият спортчиларда тирсаклар баданга ёпишиб туради. Раҳим эса мутлақо бошқача. У «Ливерпул»да ҳам ғалати югурарди, энди «Сити»да шундай югурмоқда.

Раҳим Стерлинг 2015 йили «Ливерпул»дан «Манчестер Сити»га ўтди. Ўшанда «Ливерпуль» мухлислари унга чин юракдан захира ўриндиғида қолиб кетишни тилашди ва ғалати югуриш услубини кўрсатиб, калака ҳам қилишди. Ҳаммаси ижтимоий тармоқларда жуда тез ривожланган эди:

- Раҳим Стерлинг «Скуби Ду»даги Велма каби югуради.

- Раҳим Стерлинг қўлида боласи бор тиранозаврга ўхшайди.

- Ҳаттоки, Эден Эзар унга тақлид қилиб, югуриб кўрди...

Бундай югуриш усули Раҳим Стерлингга онасидан ўтган бўлса керак. Унга юқори тезлик туфайли қўлларини бўш қўйиш қулайроқ. Ҳа, Стерлинг айнан тезлик туфайли қўлларини ғалати тарзда юқори кўтаради. Асосий сабаб шу. Мана, Стерлингнинг тезлигига боғлиқ бир неча фактларга эътибор қаратинг:

Stats Sports Евро-2020 старти яқинлашган пайт (тўғри, турнир охир-оқибат, 1 йил кейинга сурилди) баъзи футболчиларнинг шахсий рекордини инобатга олиб, энг тез югурувчилар рейтингини тузиб чиқди. Маълум бўлишича, бир сафар Стерлингнинг тезлик суръати 35,04 километр|соатга етган. Бу ўша рейтингга тушган 5-юқори кўрсаткичдир. Россияда ташкил этилган жаҳон чемпионатида эса, футболчи тезлик бобида 13-яхши натижани қайд этди - 33,01 километр|соат. Раҳимнинг ўзи Хосеп Гвардиола ва унинг ёрдамчилари машғулотлари туфайли янада бақувватлашганини кўп бора таъкидлайди. Айтишича, Пеп унга янада тезроқ югуриш баробарида ҳужумга ақл билан қўшилишни ҳам ўргатибди. Бош­қача айтганда, Раҳим жамоа ҳамласини кучайтиришда тезлик олиш лаҳзасини яхшироқ ҳис қила бошлади.

Қизиқ, Стерлингнинг ўзи югуриш услуби ҳақида нима дейди?

1. Ҳамма гап тезлик сифатида: «Ҳа, нисбатан тезкор футболчиман. Югуриш пайти қўлларимни ёйиш ўзимга қулай. Тўғри, ҳаммага хос тарзда югуришга ҳам уриниб кўрганман, аммо бундан ҳеч нима чиқмади. Бунда тезлик олишда қандайдир ноқулайликни ҳис қилдим. Натижада қўлларимни яна ўз ҳолига ташлаб югуришга ўтдим».

2. Раҳим Стерлинг шунингдек, бу усулни ёшлигида енгил атлетика билан шуғулланган онасидан олганини ҳам яширмайди: «Эсимда, онам бир сафар укамни югуриш машғулотига олиб борган, уйга қайтганидан кейин эса, унинг қўлларини кулгули тарзда силкитиб ҳаракатланганини айтганди. Шу баҳона машғулотлар жараёнидан олинган ўз суратларини ҳам кўрсатди. Уларга қараб, онам ҳам қўлларини ёйиб югуришини осонгина тушундим. Афтидан, ғалати югуриш усули укам ва менга айнан онамдан ўтган».

Умуман олганда, югуриш пайтидаги қўллари ҳаракатига боғлиқ саволлар Стерлингни роса ғазаблантиради. Зеро, журна­лист­лар Раҳимдан тез-тез ўзига хос югуриш услуби ҳақида сўрашади. У бундай саволларга жавобан югуришида ҳеч қандай кулгули жиҳати йўқлигини таъкидлайди. Раҳим хусусан, TalkSport саҳифасида ушбу мавзуга муносабати хусусида батафсил тўхталган: «Тушунинг, бундай саволлар аллақачон жонимга тегди. Аҳмоқлик, мантиқ ҳам йўқ. Ахир қўлларимни ўзимга қулай тарзда ҳаракатлантираман. Бошқа гап йўқ. Югуришимга боғлиқ саволлар мени айниқса, фаолиятим бошида қийнарди. Энди эса журналистларнинг бу ҳақда қайта-қайта сўрашларидан ғоят ҳайронман».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz