Мағрур Златан Ибрагимович Швеция миллий жамоасига қайтиш қарорига оиласи, яъни яқинлари қандай муносабат билдиришгани ҳақидаги саволга жавоб беришда, беихтиёр йиғлаб юборди. Яъни ўғли уйидан йиғлаб кузатиб қўйганини эслади. Ҳа, ўйинолди матбуот анжуманида журналистлар Златандан аввало, халқаро фаолиятини қайта тиклашига нима сабаб бўлганини сўрашди. Шунингдек, бунга унинг яқинлари қандай қарашганига ҳам қизиқишди.
Златанга айнан оиласининг муносабати ҳақида савол берилганидан кейин кутилмаган ва ҳаяжонли лаҳзалар кузатилди:
- Айтингчи, яқинларингиз терма жамоага қайтишингизни қандай қабул қилишди?
- Тўғриси, бу унча яхши савол эмас. Уйдан чиқаётганимда, ўғлим Винсент йиғлаб кузатиб қўйди. Муҳими, ҳозир ҳаммаси жойида.
Златан шундан сўнг йиғлаб юборди ва кўзларини ёпиб олди. Винсент - Златаннинг 12 ёшли ўғли. Унда яна бир фарзанди бор - 14 ёшли Максимилиан. Ибра 10 йил олдин «Милан» билан Италия чемпионатида зафар қучганида, икки ўғлини ҳам майдонга олиб тушганди. Алоҳида айтиш керак, Златан 5 йиллик танаффусдан кейин Швеция термасига қайтди. У Евро-2016 якунида халқаро фаолиятига нуқта қўйганини эълон қилганди. Мана, 39 ёшида яна миллий жамоа либосини кийишни хоҳлаб қолди. Умуман олганда, Ибра бунга мутлақо лойиқ, ахир жорий мавсум 15та гол уришга улгурди.
«Милан» етакчиси матбуот анжумани давомида миллий жамоанинг сардорлик боғичига даъво қилмаслигини ҳам алоҳида таъкидлади: «Швеция терма жамоаси мураббийи билан узоқ вақт гаплашдим. Ўзаро учрашувда ҳаммасини муҳокама қилдик ва якунда қайтишим жамоага фойдали бўлишига ишончим ортди. Муҳими, терма жамоага Златан Ибрагимович эканлигим учунгина қайтмадим. Мураббийга ўйиннинг муҳим элементи бўлишга ваъда бердим, энди буни амалда исботлашим шарт. Яна бир гап: бизда сардор бор - Андреас Гранквист. Демоқчиманки, боғичга даъвогар эмасман».
Швеция термаси ЖЧ-2022 саралашини ғалаба билан бошлади, албатта, буюк Златан Ибрагимовичнинг бевосита иштирокида. Грузия миллий жамоасига қарши кечган уй учрашувида урилган ягона голга айнан Ибра ассистентлик қилди. Ҳа, Златанга шундай чиройли ва самарали қайтишдан бошқаси ярашмайди-да ўзиям... Дарвоқе, мағрур ҳужумчи учрашувдан кейин манманлигини ҳам озгина эслатиб қўйди. «Майдонда ўйлаган ишимни бажараман. Ўйингача ҳеч нимани режалаштирмайман. Бу ортиқча. Ҳали ҳам нинзя трюкларини бажара оламан. Қаранг, буни 39 ёшда уддалаяпман. Умуман, миллий жамоа либосини қайта кийиш - тенгсиз ҳиссиёт. Ҳозир менга бир нарса етишмаяпти - швециялик мухлислар. Ҳар ҳолда, миллий жамоада охирги марта ўйнаганимда, стадиондаги муҳит мутлақо бошқача эди...», - деди майдонда 84 дақиқа тиним билмаган ва ягона голга ассистентлик қилиш баробарида иккинчи бўлимда сариқ карточка олган Ибрагимович.
P.S.: Златан Ибрагимович кейинги ўйинда ҳам гол ҳаммуаллифига айланди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20