Қайднома

Қидирув

Чиро Иммобиле: "3 нафар фарзанд ҳам кам..."

Чиро Иммобиле: "3 нафар фарзанд ҳам кам..."

  04.04.2021 04:34
  0
  725
Чиро Иммобиле:

«Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобиле ўтган мавсум Италия чемпионатида 36та гол уриб, Европа миллий лигаларининг энг яхши тўп­урарига аталган «Олтин бутса» совринини қўлга киритганди. Яқинда Европа спорт нашрлари ассосиацияси (ESM) Чирога тегишли мукофотни тантанали тарзда топширди ва италиялик футболчи тақдирлаш маросимидан кейин журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

УЧИНЧИ ИТАЛИЯЛИК

- Анча кеч бўлсада, мана, нуфузли соврин энди қўлингизда...

- Ҳечқиси йўқ. Муҳими, «Олтин бутса» ниҳоят, қўлимга тушди-ку (кулади).

- «Олтин бутса»ни ютган италиялик учинчи футболчисиз. Бунга қадар юртдошларингиздан Лука Тони ва Франческо Тоттидек афсоналар евромавсумнинг бош голеадори мақомига эришгандилар. Қисқаси, «ромачи»дан кейин навбат «лациале»га келди.

- Адолат бор - тегирмон ҳам навбати билан. Совриндошларим - жаҳон чемпиони унвонига эга буюк ўйинчилар. Улар, умуман, «Олтин бутса» ютган бошқа футболчилар сафига қўшилганимдан фахрланаман, албатта.

- Ўтган мавсумдаги натижангиз билан фаолиятингиз давомида сиз томон отилган таъна тошларига муносиб жавоб қайтардингиз. Шундайми?

- Ҳа, буни ўзига хос жавоб ўрнида кўриш мумкин, лекин бирор муайян мухлисга нисбатан эмас, албатта. Футболда ҳар қайси ўйин­чи нимагадир эришиш имкониятига эга бўлади, фақат сабр қилиш керак. Мана, ўтган мавсум менинг омадим чопди.

 

КОРОНАФУТБОЛ

- Афсуски, сайёрамиздаги барча одамлар мураккаб даврни бошдан кечирмоқдалар. Коронавирусга қоришган йил сиз учун қандай кечди?

- Дарҳақиқат, барчага оғир йил бўлди. Шахсан мен дўстларим ва яқинларим билан узоқ вақт кўришолмасликдан роса қийналдим.

- Коронафутбол қандай экан?

- Ўйин лаззати аввалгидан анча камайиб кетди. Стадионлар бўм-бўш... Мухлислар ҳайқириғи, даъватисиз иштиёқ ва эҳтирос ҳам, ғалабани нишонлаш завқи ҳам оз. Шу боис мазкур совринни нафақат клуб ва жамоадошларим, балки мухлисларга ҳам бағишлайман. Уларнинг қадри жуда билинди.

- Кейинги пайтлар бўш вақтни кўпроқ уйда ўтказаётган экансиз. Нима, янги юмуш топиб олдингизми?

- Ҳаммаси таом тайёрлаш ва боғ парваришига берилиш оқибати. Бундан ташқари, рафиқам ва фарзандларим билан рақс тушаман. Шу тариқа ўзимни тетик ҳис этаман.

 

ОНА ЧОРЛОВИ

- 17 ёшда Неаполь жанубидаги Торе-Аннунциати шаҳридан чиқиб, Туринга йўл олгансиз. Қийналмаганмисиз?

- Албатта, янги муҳитга мослашиш осон эмас. Боз устига, жуда ёш эдим. Муҳими, орзуларим бир олам бўлиб, аввало, «А» серияда ўйнашни истардим. Бунинг учун нимадандир воз кечиш талаб этиларди. Ҳалигача кальчони яхши кўраман. «Олтин бутса»га эришиш учун узоқ йўл босиш, кўп тер тўкиш керак. Бу совринни қанчадан-қанча футболчилар орзу қилишлари, аммо турли муаммоларга дуч келишларини яхши биламан. Уларга маслаҳатим оддий: «Ўзингизни қўлга олинг, сира чекинманг». Ҳаммага эртами-кеч имконият берилади, фақат астойдил ишлаш керак, холос.

- Онангиз сизни қайтариш учун ортингиздан Туринга келгани ростми?

- Ҳа, онамми? Янглишмасам, ўшанда туғилган куним эди. Унинг важоҳатли сўзлари ҳали ҳам эсимда: «Тамом. Қани, лаш-лушларингни йиғиштир, уйга қайтамиз. Нима, Туринда ой кўрдингми?» Лекин ўшанда онамнинг раъйига қарши туришда куч топгандим.

 

ЭЪТИҚОД

- Диндорлар оиласидансиз. Ҳозир ҳам ибодат қиласизми?

- Шак-шубҳасиз. 1 ойча аввал «Лацио» президенти Клаудио Лотито билан Рим Папаси қабулида бўлдик. Учрашувдан улкан таассурот ва ҳиссиётлар билан қайтдик.

- У сизга нима деди?

- Аввало, 3 нафар фарзанднинг отаси эканлигимга эътибор қаратди. Папага катта оилалар ёқади. Қисқаси, фарзандларим янада кўпайишига тилак билдирди.

- Бунга қандай қарайсиз?

- Папа истагини бажо келтирсам, ёмон бўлмасди, ҳар ҳолда. 3 нафар фарзанд кам, албатта.

- Орада 8 йилда 8та жамоа кўрдингиз. Бироқ 2016 йили «Лацио» сафига қўшилгач, «саё­ҳат»га чек қўйдингиз. Нима учун айнан шу жамоада илдиз отишни лозим топдингиз?

- Аввало, Римдаги шароит қониқтирди. Ҳаммаси оиламга ҳам маъқул. Қолаверса, клуб, мураббий Симоне Инзаги, футболчилар - барчамиз ягона юмуш билан бандмиз. Ҳозир янги жамоа яратяпмиз. Муваффақиятлар йўқ эмас, аммо янада кўпроғига эришишни хоҳлаймиз.

 

КЛОЗЕ

- «Лацио»да Мирослав Клозе ворисига айландингиз...

- Унинг ўрнини тўлдириш осон бўлгани йўқ. Ахир Мирослав кумирим, жамоа рамзи эди. Бу вазият Дортмунддаги ҳолатни эслатади. Роберт Левандовски «Боруссия»дан кетгач, шундай қи­йинчиликка дуч келганман. Ноёб ўйинчилар ўрнини тўла-тўкис босишнинг иложи йўқ. Футболчи фақат ўз йўлини топишга интилиши ва бундан чекинмаслиги керак.

- Лекин агар голлар сонини инобатга олсак, Клозедан аллақачон ўзиб кетдингиз.

- Статистик рақамларни таққослашга хушим йўқ. Бундан таш­қари, «Лацио»да Миродан анча кўпроқ ўйнадим.

- «Боруссия»ни тилга олдингиз, хорижда чиндан ҳам, ишларингиз унча юришмади...

- Аслида унчалик ёмон ҳам эмас. Германия ва Испанияда асосан тажриба тўпладим. Ўзгача маданият, ўзгача руҳият билан танишдим. Бу доимо фойдали - ҳам ҳаёт, ҳам футбол нуқтаи назаридан. Ҳаттоки, спорт бобидаги натижалар истаганимдан анча паст бўлса ҳам, асло афсусланмайман.

 

КЛОПП, ТУХЕЛЬ, ЗЕМАН

- Фаолиятингиз давомида турли мураббийлардан таҳсил олдингиз. Уларга қандай таъриф бера оласиз? Масалан, Клопп­га...

- Чин жангчи, ғолибга хос руҳият эгаси. У билан гаплашганингизда, беихтиёр ҳар бир тўп учун курашиш истаги кучайиб кетади. Очиғи, Клоппнинг хусусиятлари мени лол қолдирарди.

- Томас Тухель...

- У билан қисқа вақт ҳамкорлик қилдик. Тухель арзимасдек туюлган майда-чуйда жиҳатларга ҳам жиддий эътибор қаратиши билан ҳайратга солди. Уни бу борада италиялик мураббийларга ўхшатиш мумкин.

- Зденек Земан...

- Юқори шиддат, тезлик... Унинг гапи битта: «Ҳужумга ўт, ҳужум ўт, ҳужумга ўт». Айнан Земан раҳбарлигида илк бор энг яхши тўпурар мақомига эга бўлдим - 2011|2012 йиллар мавсумида «Пескара» сафида. Ўшанда Лоренцо Инсинье ва Марко Верратти билан клубдош эдим.

 

ТЕРМА ЖАМОА

- Ҳозир «Скуадра Адзурра»да Роберто Манчини билан ҳамкорлик қиляпсиз. Бундан аввал эса, ЖЧни ўтказиб юбордингиз.

- Фаолиятимдаги энг ёқимсиз, мавҳум ва аламли лавҳа шу. Ҳаётда кўпинча шундай воқеликлар салбий ҳолат такрорланмаслиги учун аччиқ сабоқ вазифасини ўтайди. Манчини билан ишимиз самарали кечаётганини натижалар кўрсатиб турибди. Ҳар ҳолда, мухлисларда терма жамоамиз ўйинларидан қониқиш пайдо бўлгани яққол сезилмоқда.

- Миллий жамоанинг янги авлоди хусусида қандай фикрдасиз?

- Айни пайт чиндан ҳам, ёш иқтидорлардан шаклланган кучли таркибга эгамиз. Йигитлар терма жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилишга тайёрлар. «Мовийлар»ни порлоқ келажак кутмоқда.

- Хўш, Италия термаси Евро-2020да ғолиб чиқишга қодирми?

- Умидимиз катта. Гуруҳ бос­қичи ўйинлари Римда ўтиши керак. Бу қўшимча куч бағишлайди, албатта.

- Терма жамоанинг 42та ўйинида 10та гол урдингиз. Бу камлигига қўшиласизми?

- Афтидан, бор шижоатимни клуб ўйинларида сарфлаб юбордим, шекилли. Нима дердим, фикрингизга қўшиламан, маҳсулдорликни оширишим лозим.

- Европа чемпионатида ғолиб чиқишдан ташқари, яна қандай чўққини мўлжаллаяпсиз?

- «Олтин бутса»ни жуфт қилиб қўйсам, ёмон бўлмасди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz