Қайднома

Қидирув

"ТОП-5" да кимнинг маош қопи оғир?

"ТОП-5" да кимнинг маош қопи оғир?

  05.04.2021 06:36
  0
  210

ЕВРОПАНИНГ КУЧЛИ 5та ЛИГАСИДА ЭНГ КЎП МАОШГА ЭГА ФУТБОЛЧИ ВА МУРАББИЙЛАР РЕЙТИНГИ. Франциянинг L’Equipe нашри ўз одатига кўра, «кўҳна қитъа»нинг етакчи лигалари футболчилари ва мураббийлари қанча маош олишаётгани юзасидан тафтиш ўтказиб, иш ҳақи бўйича ҳар бир чемпионат рейтингини тузиб чиқди. Хўш, бундан нима чиқди?

ФРАНЦИЯ: ЛИГА 1

 

Франция чемпионати асосан катта йўлга чиқаётганлар лигаси ҳисобланади ва унда маош масаласида «сюрприз»лар деярли йўқ. Дейлик, Лига 1нинг 11 нафар энг кўп ҳақ олаётган футболчиси биргина «ПСЖ»га тегишли. Қолаверса, юқори 20таликда Париж грандидан 16 нафар вакил бор. «ПСЖ» футболчиларини четга суриб турсак, энг катта маош «Монако» тўпурари Виссам Бен Йеддерга тегишли - ойига 650 минг евро. У умумий рўйхатнинг атиги 12-қаторида. Россиялик Александр Головиннинг улуши 290 минг еврога тенг (300 «лимон» - 30талик остонаси). Саша «Монако»нинг ўзида маош бўйича 5-ўринда (ўша Виссам Бен Йеддер, Сеск Фабрегас, Кевин Фолланд ва Желсон Мартиншдан кейин). Футболчилар рейтинги етакчилари - Неймар ва Килиан Мбаппе улуши эса шунчаки, космос! Қизиғи, Андре Виллаш-Боаш «Марсел»да Хорхе Сампаолидан кўпроқ оларди - ойига 400 минг евро. Аргентиналик мутахассис 300 мингга кўнди ва бу ҳозир 3-юқори кўрсаткичдир. «Монако»да бунинг акси - янги мураббий Нико Ковачнинг бир ойлик хизмати 400 минг еврога баҳоланди (Леонарду Жардим ва Роберт Морено чамаси 300 минг евро эвазига ишлашган). Дарвоқе, «ПСЖ»да Томас Тухелнинг маоши Маурисио Почеттиноникидан деярли икки баравар кам эди.

 

ГЕРМАНИЯ: БУНДЕСЛИГА

 

Немислар юртида ҳам кутилган манзарани кўриш мумкин - рейтингнинг юқори ўринлари «Бавария» футболчиларидан ортаётгани йўқ. Элит рўйхатда Лука Эрнандеснинг борлиги ҳайратланарли. Ҳар ҳолда, у 1,5 йил давомида Бундеслига доирасидаги 36та ўйинда қатнашди, холос. Қолаверса, ҳар бир учрашувда майдонда ўртача ҳисобда бир соатдан кам вақт ҳаракатланди. Алоҳида айтиш жоиз, коронавирус туфайли Германия клублари футболчилари маош миқдорининг пасайишига қарши чиқишмади. Шартлашувга мувофиқ, улар жорий йил июнь ойига қадар кўрсатилган маошдан 10 фоизини олишмайди. Бундеслигада энг кўп иш ҳақи олаётган футболчига келсак, бу - табиийки, Роберт Левандовски (ойига 1,7 миллион евро). Мураббийлар рўйхатида ҳам «Бавария» устози олдинда, албатта. Аммо рейтингнинг 2-қаторидан Петер Бош («Байер» раҳбарияти яқинда уни истеъфога чиқарди)нинг жой олгани бироз ғалати. Ҳа, Юлиан Нагельсманн («РБ Лейпциг») нидерландиялик мутахассисдан орқада.

 

ИСПАНИЯ: ЛА ЛИГА

 

Ла Лигада ҳаммаси жўн ва тушунарли: Лионель Месси нафақат Испания, балки бутун ерофутболда энг катта маошга эга - ойига 10,5 миллион евро. Эътиборли томони, «Атлетико» устози Диего Симеоне футболчилар ва мураббийларнинг аралаш рейтингида 2-ўринни эгаллаб турибди. Энг кўп маош олувчи футболчилар қаторида «Реал»даги давридан деярли ярмини жароҳат туфайли ўтказиб юборган Эден Азар ва «Барселона» мухлисларини икки гуруҳга ажратишга улгурган Антуан Гризманн ҳам бор. Тўғри, маош миқдори шартли: «Барса»даги ҳалокатли вазият (қарздорлик 1 миллиард евродан кўп) туфайли барча футболчилар 30 фоиз иш ҳақидан воз кечишга рози бўлишган. Келишувга кўра, улар 3-4 йил давомида 3 фоиз миқдорида товон пули олишади - арзимас депозит. Молиявий инқироз шартномаси муддати июнь ойида тугайдиган футболчиларнинг кейинги маошига ҳам таъсир қилади, албатта. Масалан, «Реал» Серхио Рамоснинг ойлик маошини 1,6 миллион еврога пайсатирмоқчи. Бу унинг ҳозирги улушидан нақ 400 минг евро камдир. Лионель Мессининг шартнома муддатини узайтириши ёки кетиши эса, ёзнинг асосий сериалига айланса, ажабмас.

 

ИТАЛИЯ: «А» СЕРИЯ

 

«А» сериянинг ҳар икки йўланишида яққол етакчи бор. Хусусан, футболчилар орасида Криштиану Роналду ўзининг энг яқин таъқибчисидан нақ 4 баравар кўп пул олмоқда. Умуман, португалияликнинг иш ҳақи баъзи жамоалар («Верона», «Кротоне» ва «Специя»)нинг барча футболчилари улушидан ҳам баланд. Мураббийлар етакчиси Антонио Конте эса Пауло Фонсека ва Жан Пьеро Гасперинидан тахминан 4 баравар олдинлаб кетган. Андреа Пирлонинг иш ҳақи янада камроқ: «Ювентус»да ишлари юришмаётган ёш мураббийи ойига 150 минг евро олади. «Ювентус»да катта маошга эга футболчилар кўп, албатта. Криштиану Роналду ва Маттейс де Лигтдан ташқари, Пауло Дибала, Адриан Рабьо ва Аарон Рэмзи ҳам бинойидек гонорарга эгалар. Ваҳоланки, амалдаги чемпион маош миқдорини деярли 20 фоизга қисқартирганди. Дейлик, Миралем  Пьянич, Гонсало Игуаин, Блез Матюиди кетишди, қишда эса клуб Марио Манжукич ва Эмре Жан билан ҳам батамом хайрлашди.

 

АНГЛИЯ: АПЛ

 

Гарет Бэйл Испанияда атиги 4-5-қатордан жой оларди, АПЛда эса айнан уэльслик барчадан олдинда. Тўғри, битта жиҳатни унутмаслик керак: «Тоттенхэм» Бэйлнинг маошидан атиги 40 фоизини тўлайди, қолгани «Реал» зиммасида. Кучли 10таликка қарасак, Манчестернинг икки клуби устун: «МЮ»дан 4 нафар, «Сити»дан 3 нафар футболчи бор. «Ливерпуль» ва «Челси»дан акчинча, бирор вакил йўқ. Амалдаги чемпион таркибида энг кўп маош оладиган Муҳаммад Салоҳ атиги 11-ўринда бўлса, «аристократлар» етакчиси Бен Чилуэлл 16-қаторда. Ваҳоланки, «Арсенал»нинг икки футболчиси - Томас Парти ва Пьер-Эмерик Обамеянг кучли ўнталикда. Энг кўп маошга эга 3 нафар мураббий қаторида ҳам «Тоттенхэм» вакили бор: Жозе Моуриньо германиялик Юрген Клопп билан тенг миқдорда ҳақ олади, аммо португалияликнинг жамоаси ҳаттоки, ЕЛ чорак финалига ҳам чиқолмади. Оле-Гуннар Сульшер янги шартнома билан ҳам кучли учликка киролмайди - The Mirror нашрида ёзилишича, норвегиялик яқин орада келишув муддатини узайтиради ва ойига 1 миллион евродан камроқ олади. Факт: АПЛда энг кўп маошга эга 20 нафар футболчидан 6 нафари чемпионат дебютантидир.

У.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz