Қайднома

Қидирув

5-қатордан 1-қаторга ёки «Милан», «МЮ» ва ҳаттоки "Сочи"нинг қойилмақом юксалиши...

5-қатордан 1-қаторга ёки «Милан», «МЮ» ва ҳаттоки "Сочи"нинг қойилмақом юксалиши...

  06.04.2021 05:50
  0
  168
5-қатордан 1-қаторга ёки «Милан», «МЮ» ва ҳаттоки

Жорий мавсум Европа миллий чемпионатлари турнир жадвалида катта силжишга эришган жамоа­лар етарли. Соат тинмай айланади, фасллар ўзгараверади, қисқаси, вақт фақат олдинга югуради. Эсласангиз, ўтган йилнинг март ойида коронавирус пандемияси зарбидан Европадаги аксарият миллий чемпионатлар тўхтаб қолганди. Мана, энди ФИФА кунлари бошланиб, миллий лигаларда яна кичик танаффус юзага келди. Бу ҳолат баъзи жиҳатларни таҳлил қилиб кўриш имкониятини беради. Мисол учун, лигалар турнир жадвалининг 2020 ва 2021 йиллар март ойидаги ҳолатини ўзаро  таққослаб кўриш мумкин. Хуллас, бугун УЕФА таснифидаги энг кучли миллий лигаларга назар солиб, бир йил давомида натижасини кескин яхшилаган клубларга эътибор қаратдик. Ҳа, пешқадамлар гуруҳи ўзгармаган чемпионатлар бор. Шунинг баробарида қойилмақом силжишга эришган жамоалар ҳам йўқ эмас. Дейлик, айрим клублар хавфли ҳудуддан еврокубоклар зонасига яқинлашган, баъзилари ўрта бўғиндан юқори тўртликка кирган...

«МЮ» (Англия)

2020 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 5-ўрин (45 очко)

2021 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 2-ўрин (57 очко)

«МЮ»ни ёқтирмайдиганлар, хусусан, «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» мухлислари Оле-Гуннар Сульшер жамоаси юксалишини бошқа иштирокчиларнинг нисбатан сустлашганлари билан боғлашмоқда. Аммо факт шуки, «қизил иблислар» ўтган мавсумнинг деярли шу даврига нисбатан 12 очко кўп жамғаришди. Ҳа, «Ливерпул»нинг бўшашгани рост, бироқ «Лестер» ва «Челси» анча дадиллашганини унутмаслик керак. Яна «Вест Хэм» ва «Эвертон» ҳам ўзгарди. Қисқаси, «МЮ»да Бруну Фернандес етакчиликни қўлга олди ва бутун жамоа кайфияти ўзгарди.

 

«Вест Хэм» (Англия)

2020 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 16-ўрин (27 очко)

2021 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 5-ўрин (49 очко)

Дэвид Мойесга тасанно! «Болғачилар» ўтган йили коронатанаффусга таҳликали 16-ўринда чиқиб кетишганди. Энди улар ЧЛ йўлланмасига қўл узатишмоқда. }22 очко - бу икки мавсумнинг 29та туридан кейинги очколар фарқи. Ҳа, якунда «Вест Хэм» мисолида АПЛнинг кучли тўртлиги ўзгарса, бу мавсумнинг энг катта сенсацияси бўлади.

 

«Лион» (Франция)

2020 йил март: Лига 1 28-туридан кейин 7-ўрин (40 очко)

2021 йил март: Лига 1 30-туридан кейин 3-ўрин (60 очко)

Франция чемпионатининг якунига етказилмаган аввалги мавсумида 7-ўрин билан чекланган «Лион» ҳозир чемпионликка чанг солмоқда. «Тўқувчилар» орада ҳаттоки, турнир жадвалида пешқадамлик ҳам қилишди. Мемфис Депайга гап йўқ - жамоа 30та ўйинда 59та гол уриб, 60 очко олганида, айнан нидерландияликнинг ҳиссаси жуда катта. Тўғри, қуд­датли «ПСЖ» борлигини ҳисобга олсак, «Лион»­да чемпионлик тахтига кўтарилиш имконияти катта эмас, лекин парижликлар ҳам ҳар қадамда йўқотишга дуч келишаётгани ва «шерлар»дан атиги 3 очко олдинда боришаётганини ҳисобга олиб қўйиш керак.

«Монако» (Франция)

2020 йил март: Лига 1 28-туридан кейин 9-ўрин (40 очко)

2021 йил март: Лига 1 30-туридан кейин 4-ўрин (59 очко)

Лига 1 турнир жадвали юқорисида интригани кучайтираётган яна бир клуб. Князлик жамоаси ўтган мавсум «Лион» билан тенг очко жамғарган ҳолда, 9-ўрин билан кифояланган эди. Ҳозир эса «тўқувчилар»дан 1 очко орқада қолмоқда, аммо истиқбол яхши. Яъни «Монако»да ҳаттоки, олтин медаль ютиш учун ҳам реал имконият мавжуд.

 

«Спартак» (Россия)

2020 йил март: РПЛ 22-туридан кейин 8-ўрин (28 очко)

2021 йил март: РПЛ 23-туридан кейин 2-ўрин (44 очко)

8-қатордан 2-ўринга сакраш. Доменик Тедеско жамоаси ҳозир «Зенит»дан ҳам олдинда туриши мумкин эди, бироқ москваликларга ўртамиёна клублар билан аҳмоқона тарзда муросага келишлар панд берди. Муҳими, «Спартак» чемпионлик учун курашмоқда, лоақал ЧЛга бошқача важоҳат билан қайтмоқчи.

 

«Астон Вилла» (Англия)

2020 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 19-ўрин (25 очко)

2021 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 10-ўрин (41 очко)

Қаранг, аутсайдерликдан бехавотир ўрта бўғинга! Аслида «Вилла»нинг сакраши янада даҳшатли кўриниши мумкин эди, бироқ бирмингемликлар чарчаб қолишди, шекилли, охирги ойлар суръатни анча пасайтиришди. Нима бўлганда ҳам, Дин Смит жамоаси мақтовга лойиқ, унинг тартибли ҳимоясию, етакчиси Жек Грилиш ҳам. Биргина «Ливерпул»нинг 7:2 ҳисобида доғда қолдирилгани бутун мавсумга татийди. Ахир бир мавсум олдин лигада зўрға «жон» сақлаб қолган жамоанинг амалдаги чемпионни шу тариқа «дазмоллаши» - кам учрайдиган ҳодиса.

 

«Эвертон» (Англия)

2020 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 12-ўрин (37 очко)

2021 йил март: АПЛ 29-туридан кейин 8-ўрин (46 очко)

Ливерпулнинг «абадий» иккинчи жамоаси бу йил «доимий» биринчи - «Ливерпул»ни ортга сура оладими? Карло Анчелоттти шогирдларида бунинг учун имконият йўқ эмас. Айни ҳолатда Ливерпулнинг 2та дружинаси ҳисобида очколар сони тенг, лекин «Эвертон» 1та захира ўйинига эга. «Ирис­лар»нинг юксалиши айни шу жиҳати билан эътиборга молик.

 

«Сочи» (Россия)

2020 йил март: РПЛ 22-туридан кейин 11-ўрин (24 очко)

2021 йил март: РПЛ 23-туридан кейин 4-ўрин (40 очко)

Камтарин «Сочи» турнир жадвалида ЦСКА, «Рос­тов», «Краснодар» каби клублардан олдинда! Сочиликлар 3-ўриндаги «Локомотив» билан тенг миқдорда очко тўплашди. Диққат қилинг, бу жамоа аввалги мавсум март ойида сўнгги поғонадаги иштирокчидан атиги 4 очко олдинда эди.

 

«Атлетико» (Испания)

2020 йил март: Ла Лига 27-туридан кейин 5-ўрин (46 очко)

2021 йил март: Ла Лига 28-туридан кейин 1-ўрин (66 очко)

Испания элит лигаси финишига атиги 10та тур қолди ва «Атлетико» ҳамон ишонч билан пешқадамлик қилмоқда. Тўғри, «матрасчилар»нинг мавқелари кечагидек мустаҳкам эмас, ҳар ҳолда, «Барселона» ва «Реал» суръатни сезиларли даражада ошириб, етакчига анча яқинлашди. Шунга қарамай, кўпчилик айнан Диего Симеоне жамоасини бўлажак чемпион сифатида кўрмоқда, тўғрироғи, кўришни истамоқда.

 

«Спортинг» (португалия)

2020 йил март: Примеро 24-туридан кейин 4-ўрин (42 очко)

2021 йил март: Примеро 24-туридан кейин 1-ўрин (64 очко)

«Спортинг» ўтган йили март ойида ҳаттоки, сов­риндорлар қаторига қўшилиш имкониятини ҳам деярли йўқотиб улгурганди. Лиссабонликлар энди ашаддий рақиблар «Порту» ва «Бенфика»ни тегишлича 10 ва 13 очкога ортда қолдиришмоқда. Демакки, «шерлар» чемпионлик масаласини деярли ҳал қилиб қўйишди.

 

«Милан» (Италия)

2020 йил март: «А» серия 26-туридан кейин 7-ўрин (36 очко)

2021 йил март: «А» серия 28-туридан кейин 2-ўрин (59 очко)

Эҳ, «Милан» ва Ибрагимович, эҳ, Пиоли ва Чалханоглу... «Россонерлар» кечагина ҳам скудетто учун асосий фаворит эдилар, бироқ чарчоқ ўз сўзини айтдими ёки ички ресурслар камлик қилди, ҳар ҳолда, улар қисқа вақтда етакчиликни «Интер»­га бериб қўйишди. Шунга қарамай, «Милан»ни бир силкиниб, ўртамиёна мақомини улоқтиргани таҳсинга сазовор, барибир.

Яна бир Қатор эътиборли

сакрашлар

 

«Лидс» (Англия) - АПЛ: дебютантликдан 11-ўринга

«Сассуоло» (Италия) - «А» серия: 13-ўрнидан 8-ўринга

«Айнтрахт (Германия) - Бундеслига: 12-ўриндан 4-ўринга

«Остенде» (Бельгия) - Юпилер-лига: 15-ўриндан 4-ўринга

«Бетис» (Испания) - Ла Лига: 12-ўриндан 6-ўринга


Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz