Қайднома

Қидирув

Миржалол Қосимов: "Биз ўзбек футболи мавқеи учун ҳам курашамиз"

Миржалол Қосимов: "Биз ўзбек футболи мавқеи учун ҳам курашамиз"

  07.04.2021 10:30
  0
  423
Миржалол Қосимов:

ОЧЛ плей-офф доирасидаги "Ал Гарафа" - АГМК учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди ва унда олмалиқликлар устози Миржалол Қосимовга Санжар Турсунов ҳамроҳлик қилди.

Миржалол Қосимов: "Авваламбор анжуманга йиғилган иштирокчиларга Ассалому алайкум! Арабча тушунмасам ҳам, бошловчи томонидан билдирилган илиқ сўзлар учун миннатдорчилик билдираман.

АГМК жамоасининг мақсади халқаро мусобақаларда иштирок этиш. Клуб инфратузилмаси ҳам охирги йилларда айнан шу мақсадга эришиш учун йўналтирилган. Қолаверса Ўзбекистонда футболни жуда ҳам қаттиқ яхши кўришади ва мамлакатимизда футбол ишқибозлари жуда ҳам кўп. АГМК Олмалиқ шаҳридаги жамоамизнинг ашаддий мухлислари учун ҳам борини бериб ҳаракат қилади. Шунингдек, халқаро майдондаги иштирок пайти Ўзбекистондаги барча ишқибозлар ҳам бизга бефарқ бўлишмайди, деб ўйлайман.

Клуб раҳбарияти АГМК жамоаси катта мақсадлар сари интилиши учун барча шароитларни яратиб берган. Шу боисдан ҳам жамоамиз ишончни оқлашга ҳаракат қилади.

Аллоҳга беҳисоб шукур, Қатарга яхши ниятлар билан келганмиз. "Ал Гарафа" яхши жамоа. Рақибни ўрганиб чиқдик. Гарчи "Ал Гарафа" ички чемпионатида яхши иштирок этолмаётган бўлсада жиддий рақиб. Кучли мутахассис қўл остида юқори малакали футболчилар йиғилган. Қолаверса легионерлари, хусусан Ку Жа Чол, Гедейра, Ханни ва Морено каби индивидуаль кучли ижрочилар мавжуд.

Рақибнинг ўйинлари тасвирини кўриб чиқдик. Биз авваламбор ўз ўйинимиздан келиб чиқиб ҳаракатланамиз. Бу гуруҳ босқичи эмас, балки бир ўйиндан иборат баҳс. Қийин тарафи шу. Бу нафақат биз учун, балки "Ал Гарафа" учун ҳам кичик муаммо. Бу футбол. Нима бўлишини эртага кўрамиз.

Энг муҳими, ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Футболчиларимиз ўйиннинг қиймати нақадар юқори эканлигини яхши ҳис этиб туришибди. Биз нафақат жамоамиз шаъни, балки ўзбек клубларининг халқаро майдондаги аввалги мавқеини қайтариш учун ҳам курашамиз. Чунки охирги йилларда ОФКда рейтингимиз тушиб кетган. Авваллари 3та ўзбек клуби гуруҳ босқичидан иштирок этарди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 1+1га айланган.

Ҳали таъкидлаганимдек, эртанги баҳс бир учрашувдан иборат. Шу боисдан ҳам бўлажак беллашувда имкон қадар камроқ хато қилиб, юзага келадиган вазиятлардан максимал фойдаланишимиз зарур.

Санжар Турсуновга қатарлик журналист томонидан берилган "Нима деб ўйлайсиз, эртанги ўйин якунлангани ҳақидаги ҳакам хуштагидан сўнг АГМК жамоасининг орзулари тўхтайдими ёки давом этадими?" деган саволга жамоа сардори шундай жавоб қайтарди:

"Эртага бизни қийин ўйин кутиб турганини биламан. "Ал Гарафа" чемпионатда қониқарли ўйнай олмаётган бўлсада, ОЧЛ буткул бошқа мусобақа ва бунга чалғимаслик лозим.

Ҳаммаси битта ўйинга боғлиқ. Ҳар қандай жамоа бир ўйинга бошқача кайфиятдаги муносабат билан тушиши мумкин. Шуни айтишим мумкинки, АГМК "Ал Гарафа"дан қўрқмайди, лекин рақибни ҳурмат қилади.

Эртага ғалаба қозониб, Олмалиққа байрам тақдим этиш ва Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги мавқеини кўтариш учун боримизни бериб ҳаракат қиламиз".

Шу пайт жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов гапга қўшимча қилиб, мен жамоамга ва Санжар Турсуновни кўрсатиб, футболчиларга ишонаман дея дадил гапирди.

Қатарлик журналистлар Миржалол Қосимовдан мутахассис сифатида "Ал Гарафа"ни кучли ва кучсиз жиҳатларини айтишини сўрашганида бош мураббий рақибга ҳурмат сақлаган ҳолда бу саволга жавоб қайтарди:

"Биринчидан, ҳамма нарсани эртанги ўйин кўрсатади. Ҳозирдан рақиб ҳақида батафсил таъриф беришни истамасдим.

Қўшимчасига, менда рақибнинг камчиликларини санаш ва ёмонлаш одати йўқ. Доим асосий урғуни ўз жамоамга қаратаман ва рақибга омма олдида кескин баҳони бермайман. Шуниси аниқки, Санжар Турсунов айтганидек, биз рақибдан қўрқмаймиз. Лекин "Ал Гарафа" ҳурматга сазовор жамоа. Тўп билан ҳам яхши муомулада бўладиган жамоа сифатида биламан.

Менимча, эртага мухлисларни жуда ҳам қизиқарли ўйин кутмоқда. "Ал Гарафа"да ҳам, бизда ҳам тўп билан кўпроқ муомулада бўлиш талаби бор. Шундай ўйинни тарафдоримиз. Майдонда рақибга ҳеч бир чизиқда бўшлиқ қолдирмаслик талаб этилади. Рақибни хато қилишга мажбурлаб, ўзимиз камроқ хато қилишимиз зарур бўлади”, - деди Қосимов.


Манба: АГМК матбуот хизмати


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz