Қайднома

Қидирув

Эртак айтиш осонми ёки янги тактика излаш?

Эртак айтиш осонми ёки янги тактика излаш?

  08.04.2021 05:05
  0
  768
Эртак айтиш осонми ёки янги тактика излаш?

Муҳтарам мухлис! Йўқ, хотиржам бўлинг, ҳар ҳолда, эртак ҳақида мулоҳаза юритмайман. Биламан, футболимиздаги «эртак»лардан хабарингиз бор. Демоқчиманки, сизни алдаб бўлмайди! Бироқ эшитилган «эртак»лар нима сабабдан қайта-қайта такрорланаверади? Келинг, бу сафар шу мавзуда фикрлашайлик...

ОЧЛ йўлидаги «ўйин»лар

ОЧЛнинг гуруҳ босқичи ва саралаш жараёни «плей-офф» баҳсида иштирок этувчи икки жамоамиз - «Пахтакор» ва АГМК Суперлиганинг охирги турида рақибларини қийинчилик билан енгди. «Металлург» ҳам, «Навбаҳор» ҳам уларга ҳақиқий спарринг-рақиб вазифасини ўтади. Маълумки, Жасур Абдураимов мавсум бошида Питер Хюист­ра каби «Пахтакор»ни бошқаришга номзод эди. Бу мураббийнинг «Пахтакор»га меҳри, клуб мухлисларининг унга ишончи ҳақида Ғуломжон ака Ҳамидовдан кўп эшитганман. Тақдир экан, жамоа бош мураббийи ролига Питер Хюистра танланди. Жасур Абдураимов масаласи эса очиқ қолди. Аммо қандайдир қарор қабул қилиниши сезилиб турарди. Зеро, Жасур Абдураимов яна ёрдамчи вазифасида қолиб кетишни истамасди. Шунинг учун Андрей Шипилов тўсатдан истеъфога чиқарилди ва бундан унинг ўзи ажабланди, лекин мен ажабланмадим. Нима ҳам дердик, футбол шундай бош­қарилади.

Мана, Жасур Абдураимов «Металлург» билан «Пахтакор»га қарши ўйинга ҳам етди. У - ўзига яраша ғурурли мураббий. Шу нуқтаи назардан ушбу қарама-қаршилик катта қизиқиш уйғотди. Пойтахтлик мухлислар эса ўйинга «эски ҳаммом - эски тос» қабилида қарашди, шекилли, стадионга ошиқишмади. Тўғриси, Жасур Абдураимов нидерландиялик ҳамкасби «эсини киритиш»га астойдил тайёргарлик кўрибди. Ҳар ҳолда, «Металлург» яхши ўйнади. ОЧЛ гуруҳ босқичидан олдин «Пахтакор»­га шундай сабоқ зарур эди. Фақат Егор Кримец майдондан четлатилгач, бекободликлар негадир «одамгарчилик» йўлига ўтиб олишдими, гол уришга астойдил интилишмади. Назаримда, «Пахтакор» кайфиятини туширишни исташмади, чоғи. Ахир олдинда ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинлари! Бизда шундай ўйлашади. Аслида бу мутлақо нотўғри ёндашув. «Металлург» охиригача курашганида, пойтахт­лик мухлисларнинг стадионга талпинишлари кучаярмиди?!

Хўш, «Металлург» муҳим турнир олдидан «Пахтакор»ни аяса, «Навбаҳор» ҳам шу йўлдан борадими?! Фикримча, Наманган клуби ҳам «аяш» режасини бажарди. Энди АГМК ғалаба шукуҳидан унумли фойдаланса, бас! Александр Касьян «Ал-Гарафа»га қарши кечадиган ўйинда ҳам ўша услубда пенальти ишлай олармикан? Ёки Дохага ҳам Азим Аҳмедов бориши керакми?

Секейра ўзимизнинг Абрамовдан қолишмас экан...

Ироқ миллий термасига қарши учрашувдан сўнг бош жамоамиз устози Вадим Абрамов ўйин ишланмалари сир сақланаётганига шаъма қилди. Бу мулоҳазаларини эшитган айрим мухлислар ҳаттоки, истеҳзо билан кулишди: «Оббо, Вадим Карленович, шунақа денг, сир сақлаяпсизми ҳали?!» Ганалик болаларни бошлаб келган Иброҳим Танконинг «Терма жамоада 2-3та таркиб бўлмайди» қабилидаги алдамчи сўзлари алам қилиб турган паллада Вадим Абрамовнинг «сир сақлаш» ибораси ортиқчалик қилди. Йўқ, йўқ, шошмайлик. Бизни олдинда такрорланмас «ишланма» - мундиал йўлланмасини таъминловчи буюк «сир» кутмоқда. Очиғи, Вадим Карленовичнинг сўзларига тўхталишни режалаштирмагандим. Бироқ «Локомотив» бош мураббийининг чемпионлик ҳақидаги гаплари мулоҳазаларимни белгиланган режадан чиқариб юборди. Тушунишимча, Микель Секейра «Пахтакор»ни икки бор мағлубиятга учратиб, қолган ўйинларда ҳам очко йўқотмасликни режалаштирмоқда. Эртаксевар халқимизга яна бир янги эртак, янги эртакчи.

Ҳа, ҳаммасига андишали, одамгарчилиги бор ОАВ айбдор! Бу кетишда «Бир эртак эшитгандим, сўйлаб берарди Вадим!» деб бармоқ тишлаб қолмасак бўлгани...

Муҳаммад ВАЛИ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz