Қайднома

Қидирув

Суперлигада хорижлик мураббий ва....

Суперлигада хорижлик мураббий ва....

  08.04.2021 08:08
  0
  395
Суперлигада хорижлик мураббий ва....

Ўзбекистон чемпионатида ҳар мавсум хорижлик мураббийларни кўришга одатланганмиз. Айримлари ўзидан нимадир из қолдирган ҳолда, футболимизга фойда келтирса, айримлари фақат мўмай пулни олиб, юртига равона бўлишади. Клубларимиз орасида бундан кўп бор азият чекканлари бор. Хўш, жорий мавсум Суперлигамиздаги клубларда фаолият олиб бораётган мураббийлардан нима кутиш мумкин? Тўғри, мавсум энди бошланди, ҳали олдинда ўйинлар кўп. Лекин дастлабки уч турни кузата туриб, дастлабки хулосаларимизни бўлишсак, зиён қилмаса керак.

ПИТЕР ХЮИСТРА

Клуби: «Пахтакор»

Туғилган санаси: 18.01.1967

Фуқаролиги: Нидерландия

Фаолият олиб борган жамоалари: «Гронинген» (ёшлар) «Йонг Аякс», «Витесс», «Гронинген», «Де Графсхап», Индонезия миллий термаси, «Мадура Юнайтед» (Индонезия), «Тренчин» (Словакия)

Ортда қолган давр мобайнида «Пахтакор»ни Осиёнинг рақобатбардош жамоасига айлантирган Шота Арвеладзе бу йилдан эътиборан бош мураббийлик постини ёрдамчиси - нидерландиялик Питер Хюистрага топширди. 1967 йилда туғилган ушбу мутахассис бунга қадар бош мураббий лавозимида Нидерландиянинг «Гронинген», «Йонг Аякс», «Де Графсхап» ҳамда Индонезиянинг «Мадура Юнайтед» клубларида фаолият олиб борган. «Пахтакор» унинг бош мураббийлигидаги олтинчи жамоа ҳисобланади. 3,5 йил ичида Шота Арвелдазе билан бирга қатор совринларга эга чиққан Хюистра эндиликда мустақил ўзи бу ишни яна бир бор уддасидан чиқишга уриниб кўради. Мураббий юқори прессингга асосланган ҳужумкор услубни ёқтиради. Бу йил ҳам «Пахтакор» футболчилари ижросида ҳар бир учрашувда очиқ ва ҳужумкор футбол гувоҳига айланамиз. Гарчи унинг фалсафасига мос келадиган Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамовлар жамоани тарк этган бўлсада, янги қўшилганлар кетганларнинг ўрнини билинтирмаслигига ишонамиз. Ҳар ҳолда, ортда қолган учрашувлар давомида кўрдикки, янги келган кучлар ўзларидан чакки таассурот қолдиришмади. Сардор Рашидов, Азиз Турғунбоев қанотларда кутилганиданда яхши тўп суришмоқда, голлари ҳисобини очишга ҳам улгуришди. Рашидов ва Турғунбоев каби ҳужумкор вингерлар билан Хюистра бемалол ўзи истаган ўйинни йўлга қўя олади. Нидерландиялик мураббий жамоага характерни сингдира олган кўринади. Шунингдек, бир қатор ёш футболчиларга ҳам имконият беришдан чўчиётгани йўқ. Буни у ўз интервьюларидан бирида ҳам айтиб ўтганди. Нидерландиялик мутахассис бошчилигидаги «шерлар»ни жорий мавсумда чемпионлик йўлида яққол фаворит сифатида тилга олишимиз мумкин.

 

МИКАЭЛЬ СЕКЕЙРА

Клуби: «Локомотив»

Туғилган санаси: 06.07.1973

Фуқаролиги: Португалия

Фаолият олиб борган жамоалари: «Брага-B», U-17, U-19, «СА Валдевес», «Авеш», «Фамаликан», «Трофенсе», «Мариелененсе», «Фреамунде», «Ал-Наср» (БАА)

Яна улкан мақсадлар билан равон йўлга қайтишни ва чемпионлик учун курашишни мақсад қилган «Локомотив» мураббийлик постига узоқ Португалия ўлкасидан Микаэль Секейрани таклиф қилди. Ушбу мутахассис ҳақида кўп фикр билдира олмаймиз. Боиси, ҳали унинг нималарга қодирлиги, услуби, тактикаси ва бошқа хислатларидан бехабармиз. Мавсум давомида эса секин-аста кузатиб баҳо бериб боришимиз мумкин бўлади. Лекин шуниси аниқки, мухлислар ундан кўп нарса кутишади. Бунга бироз вақт ҳам кераклигини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Секейра ҳақидаги маълумотларга назар ташлар эканмиз, асосан ассистент, бош таҳлилчи лавозимларида фаолият олиб борганини кўришимиз мумкин. «Локомотив» эса унинг учун ҳам янги чақирув ва Ўзбекистондаги янги саргузаштларининг дебочаси бўлиши шубҳасиз. Янги келиб қўшилган футболчилар, легионерлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, «темирйўлчилар» чемпионлик учун бор кучлари билан курашишлари кутилмоқда. Аммо жамоа дастлабки учта турда бор-йўғи 1 очко ишлашни уддасидан чиқа олди, холос. Португалиялик мутахассис ҳақида умумий хулоса чиқаришга бироз эрта, лекин йўқотилган очколар чемпионлик йўлида панд бермаса бўлгани. Секейра ҳали оптимал таркибни ҳам танлаб олгани йўқ. Ҳар бир ўйинда турли футболчилар хизматидан фойдаланмоқда. Кўрамиз ва кузатишда давом этамиз.

 

ТАЧМУРОД АГАМУРОДОВ

(маслаҳатчи-мураббий)

Клуби: «Қизилқум»

Туғилган санаси: 18.09.1952

Фуқаролиги: Туркманистон

Фаолият олиб борган жамоалари: «Небитчи», «Ниса», Туркманистон олимпия термаси, «Копетдоғ», Туркманистон миллий термаси, «Пахтакор», «Қайрат», «Динамо» (Самарқанд), «Локомотив» (Тошкент), «Шўртан», «Бухоро»

Ушбу мураббий жамоада расман бош мураббий лавозимида фаолият олиб бормасада, ўз тажрибаси ва маслаҳатлари билан Ҳамиджон Актамовга кўмаклашиб келмоқда. Ўтган мавсум қисқа муддат бош мураббий лавозимида ҳам фаолият олиб борган туркманистонлик мутахассисни мухлислар жуда яхши билишади. Ҳа, бу ўша «Пахтакор»ни янги даражага олиб чиққан, футболимизга икки ҳужумчи тактикасини олиб кирган мураббий. Тачмурод Шамаковични ўзимизнинг мураббий, деб ҳисобласак ҳам бўлаверади. Юртимиздаги илк йилларида катта натижалар қайд этган мутахассис кейинчалик нима учундир фақатгина ўртамиёна ёки қуйи ўринлардаги жамоаларни бошқарди. Балки ёш ҳам ўз сўзини айтаётгандир. Бугунги кунда ёш мураббийларга талаб кучли эканлигини инобатга олсак, юқоридаги гапларимиз ўз тасдиғини топиши мумкин. Аммо футболда тажриба ҳам муҳим ҳисобланади.

 

АЛЕКСАНДР ХОМЯКОВ

Клуби: «Машъал»

Туғилган санаси: 05.03.1969

Фуқаролиги: Россия

Фаолият олиб борган жамоалари: «Машъал» (академия), «Машъал», «Андижон», «Бухоро»

Александр Хомяков жорий мавсум ўзининг қадр­дон жамоасига қайтди. Мураббийлик фаолиятини «Машъал» академиясида бошлаган россиялик мутахассис кейинчалик бош жамоада Виктор Кумиковга кўмаклашди. Муборак клубида дарвозабонлар мураббийи сифатида бир неча йил фаолият олиб борди. 2013 йил жамоада бош мураббий сифатида иш бошлаган мутахассис ўша йилиёқ «Машъал»ни элитага қайтарди. 2019 йилнинг иккинчи даврасида «Андижон»га йўл олди ва жамоани кучлилар қаторида сақлаб қолди. Лекин айрим сабабларга кўра, водийдаги фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлди. Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Бухоро»да маслаҳатчи сифатида Жамшид Саидовга кўмаклашди.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz