Қайднома

Қидирув

Диего Форлан: «Бў швақтдан роҳат оляпман»

Диего Форлан: «Бў швақтдан роҳат оляпман»

  08.04.2021 10:10
  0
  378
Диего Форлан: «Бў швақтдан роҳат оляпман»

Россиялик спорт журналистлари  Форланнинг Уругвайдаги уйида эканлигидан фойдаланиб, у билан видеоалоқа орқали беш дақиқа суҳбатлашишга эришишди.

- Салом, Диего. Биз учун қандайдир янгиликлар борми?

- Ҳаммаси яхши, ўзим туғилиб-ўсган, футболчилик фаолиятимни бошлаган азиз ва севимли жамоам - «Пеньярол»нинг мураббийи сифатида қисқа вақт ишладим. Йўл-йўлакай ўқишни тугатдим ва икки кун ичида янги иш пайдо бўлиши керак. Фаолиятимни тугатгандан кейин бўш вақтдан роҳат оляпман, ТВда эксперт сифатида қатнашаман, кўп вақтимни оилам билан ўтказаман.

- Набираларингиз ўйинларингиз ҳақида сўрашганда, қайси лаҳзалар ва голларни эслайсиз?

- Жанубий Африкадаги мундиал ва бир йилдан сўнг Америка кубогидаги ғалабани эслашим аниқ. Шунингдек, Европа Лигаси финалида «Атлетико» учун «дубль», 2008 йили «Барселона»га қарши «Висенте Кальдерон»даги ўйинда урилган гол. Яна 2002 йилда Сенегал дарвозасига киритган тўпимни ҳам.

- Гана билан ўйинда Суареснинг қўлини ишга солганини эслайсизми? Унинг ўрнида нима қилган бўлардингиз?

- Ўшанда мен жарима майдончамизда бўлмаганман, лекин йигитларимиз тўпга қандай қилиб бошлари билан етиб боришга интилишганини, кейин эса Луис қўли билан ўйнаганини кўрдим. Ушбу четлатиш туфайли биз ғалаба қозондик. Ўшандай вазиятда мен нима қилардим... Билмайман. Ўйлайманки, қўл узатмасдим, бу ҳақда ҳатто ўйламасдим (кулади). Бошқа бир йўл орқали курашишга ҳаракат қилардим.

- Яқинда сиз Уругвай ва Аргентинанинг ЖЧ-2030 учун аризасини тақдим этган қисқа метражли тақдимот-фильмида қатнашганингизни, унда смокингдаги махсус агент ролини ўйнаганингизни билдик. Бу қандай содир бўлди?

- Мен учун сеҳрли воқеа, айниқса, ёнимда Наталья Орейро бўлганини инобатга олсак. Уругвайда ўтган дастлабки жаҳон чемпионатидан роппа-роса 100 йил ўтгач, мундиалнинг яна ўз уйимизда ўтказилишини жуда хоҳлаймиз. Суратга тушиш қийин бўлмади - футбол туфайли ҳар қандай ишни бажара оламан, жумладан, юқори сифатли ўйин талаб этиладиган муҳим учрашув учун.

- Фарзандларингизнинг севимли мультфильми қайси?

- Уларнинг диди доимо ўзгариб туради. Ҳозир асосан ҳайвонлар ва динозаврлар ҳақидагисини томоша қилишмоқда, масалан, Paw Patrol кўппаклари ҳақидаги мультфильмни.

- Уйни охирги марта қачон ўзингиз тозаладингиз?

- Яқинда. Уч фарзандимиз бор, шунинг учун кўпроқ ёрдам беришим керак, агар бирор ифлос нарсани кўрсам, албатта тозалайман. Бу мантиқан ҳам тўғридир.

- Сизга футбол ва ҳаётда қандай мусиқа туртки беради?

- Queen гуруҳи қўшиқлари.

- Келинг, сиз билан бирга ўйнаган футболчилардан рамзий терма жамоа тузамиз.

- Майдонда асосан буюклар билан бирга тўп сурганман: Криштиану, Агуэро, Суарес, Кавани, Рой Кин, Пол Скоулз. Термага ҳаммаси сиғмайди.

- 2011 йили Россияда «Локомотив»га боришингиз мумкинлигини ёзишганди. Шу тўғрими?

- Ҳа, улар ҳақиқатан ҳам қизиқишди, аммо расмий таклиф бўлмади. Мен Россияни катта, гўзал мамлакат, чемпионатини кучли деб ўйлардим.

- Беш дақиқамиз тугади. Футболдан ташқари яна нимани орзу қиласиз?

- Турмуш ўртоғим, фарзандларим, ота-онам ва опа-сингилларим билан ҳаётдан завқланишни. Ва албатта, бахтли бўлишни!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz