Қайднома

Қидирув

АГМК – гуруҳ босқичида!

АГМК – гуруҳ босқичида!

  08.04.2021 02:26
  0
  631
АГМК – гуруҳ босқичида!

7 апрель куни Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсуми стартида мусобақанинг гуруҳ бос­қичида қатнашадиган жамоаларни аниқлаб берувчи босқич - «плей-офф» баҳслари ўтказилди. Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги АГМК жамоаси Қатарда «Ал-Гарафа»га қарши баҳс юритиб, сафардан жуда қийин ва асосийси, муҳим бўлган ғалаба билан қайтди.

Ўйин ҳақидаги умумий фикр билдирадиган бўлсак, дастлабки дақиқадан олмалиқликлар ташаббусни ўз қўлларига олишга интилиб, кўплаб ҳужумлар ташкил этишди. Айниқса, Санжар Турсунов, Александр Касьян ва Ҳусниддин Ғофуровларда қулай имкониятлар вужудга келди, бироқ АГМК футболчиларига вазиятларни голга айлантиришда бироз аниқлик етишмади.

Албатта, «Ал-Гарафа» ҳам майдон эгаси сифатида мазкур учрашувда ғалаба қозониш истагида эканлигини яширмади. Буни мезбонларнинг кўплаб ҳужумлари ҳам исботлаши мумкин эди. Аммо шу куни Олмалиқ жамоаси посбони Валижон Раҳимов ўз вазифасини аъло даражада уддалаб, рақиблар ҳужумини бартараф этди.

Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади, ғолиб эса шу биргина ўйинда аниқланиши шарт эди. Шу боис, бош ҳакам 15 дақиқадан иборат иккита қўшимча бўлимларга мурожаат этди. Жамоалар қарама-қарши ҳужумлар уюштиришдан тўхташмади, лекин тўп дарвоза тўридан ўрин олишни истамасди. Жараён пенальтилар сериясига олиб борадигандек туюлган паллада АГМК ғалаба голини урди. Миржамол Қосимовнинг бурчакдан йўллаган узатмасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди, шу паллада барчадан фаол ҳаракат қилган Йован Жокич бор кучини тўплаб зарба йўллаб, ҳисобни очди. Голдан сўнг мезбонларда мувозанатни тиклаш учун вақт камлик қилди ва Ўзбекистон жамоаси шу тариқа сафарда ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини нақд қилди.

Таъкидлаш жоизки, АГМК мазкур ғалабаси билан нафақат ўзи, балки «Насаф»га ҳам халқаро мусобақа эшигини очди. Энди АГМКга ОЧЛ-2021 «A» гуруҳида «Ал-Ҳилол» (Саудия Арабистони), «Шабаб Ал-Аҳли» (БАА) ва «Истиқлол» (Тожикис­тон) клублари рақиб бўлишади. «Насаф» эса ОФК кубогида, марказлашган тартибда Тожикистонда ўтадиган мусобақада «Олтин Аср» (Туркманистон), «Хўжанд» (Тожикистон) ва «Олой» (Қирғизистон) клублари билан ўйин ўтказади. Шу пайтгача турли йилларда Ўзбекистоннинг олти клуби - «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив», «Насаф», «Машъал» ва «Нефтчи» ОЧЛ гуруҳ баҳсларида қатнашганди. Демак, АГМК бу рўйхатга еттинчи клуб сифатида қўшилди.

7 апрель (чоршанба)

«Ал-Гарафа»(Қатар) - АГМК - 0:1 (0:0, 0:0, 0:0, 0:1) 

Доха. «Суҳаим Бин Ҳамад» стадиони.

Ҳакамлар: Али Сабаҳ Аддай Ал-Ҳайси, Ҳайдер Абдулҳасан Али Убайдее, Амеер Давуд Ҳуссейн Алвиндави, Ферас Тавил.

Гол: Йован Жокич (120).

«Ал-Гарафа»: Юсуф Ҳассан, Тамим Ал Муҳаза, Моаяд Ҳассан (Отман Ал Яҳри, 109), Юсуф Мутфа (Саид Ал Хаж, 119), Ку Жа Чол, Эктор Морено, Адлен Гедиура, Амро Сураж (Муаз Ал Салеми,114), Ҳомам Аҳмад, Носсир Ал Аҳрак (Аҳмад Ал Жанҳи, 69), Софьян Ханни.

АГМК: Валижон Раҳимов, Дилшод Аҳмадалиев, Бобур Йўлдошев, Сардор Раҳмонов, Акром Комилов, Йован Жокич, Санжар Турсунов, Санжар Шоаҳмедов (Мурод Тошматов, 90), Элвин Фортес (Шоҳрух Гадоев, 46), Александр Касьян (Зафар Полвонов, 90), Ҳусниддин Ғофуров (Миржамол

 Қосимов, 90+1).

Огоҳлантиришлар: Амро Сураж (90}3) - Бобур Йўлдошев (74), Акром Комилов (77).

Назоратчи: Насер Дарвиш Мустафа Алгафари.

Комиссар: Али Жебрил.

ОЧЛ «плей-офф» доирасидаги «Ал-Гарафа» - АГМК учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида Олмалиқ жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ва ярим ҳимоячи Санжар Турсунов қатнашишди.

Матбуот анжумани (ўйиндан олдин):

Миржалол Қосимов (АГМК бош мураббийи): - АГМКнинг мақсади - халқаро мусобақаларда иштирок этиш. Клуб инфратузилмаси ҳам охирги йилларда айнан шу мақсадга эришиш учун йўналтирилган. Қолаверса, Ўзбекистонда футболни қаттиқ яхши кўришади. АГМК ўз мухлислари учун ҳам борини бериб ҳаракат қилади. Шунингдек, халқаро майдондаги иштирок пайти Ўзбекистондаги барча ишқибозлар ҳам бизга бефарқ бўлишмайди, деб ўйлайман. Клуб раҳбарияти жамоамизга барча шароитларни яратиб берган. Шу боис ҳам жамоамиз ишончни оқлашга ҳаракат қилади. Қатарга яхши ниятлар билан келганмиз. «Ал-Гарафа» яхши жамоа. Рақибни ўрганиб чиқдик. Гарчи улар ички чемпионатда яхши иштирок этолмаётган бўлишсада, жиддий рақиб. Кучли мутахассис қўл остида юқори малакали футболчилар йиғилган. Хусусан, легионерлар - Ку Жа Чол, Гедиура, Ханни ва Морено каби индивидуал жиҳатдан кучли ижрочилар мавжуд. Рақибнинг ўйинлари тасвирини кўриб чиқдик. Биз авваламбор, ўз ўйинимиздан келиб чиқиб ҳаракатланамиз. Бу гуруҳ босқичи эмас, балки бир ўйиндан иборат баҳс. Қийин тарафи шунда, бу нафақат биз учун, балки «Ал-Гарафа» учун ҳам кичик муаммо. Нима бўлишини эртага кўрамиз. Энг муҳими, ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз.

Футболчиларимиз учрашувнинг қиймати нақадар юқори эканлигини яхши ҳис қилиб туришибди. Биз нафақат жамоамиз шаъни, балки ўзбек клубларининг халқаро майдондаги аввалги мавқеини қайтариш учун ҳам курашамиз. Чунки охирги йилларда ОФКда рейтингимиз тушиб кетган. Авваллари 3та ўзбек клуби гуруҳ босқичида иштирок этарди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 1}1га айланган. Бўлажак беллашувда имкон қадар камроқ хато қилиб, юзага келадиган вазиятлардан максимал фойдаланишимиз зарур.

Санжар Турсунов (АГМК ярим ҳимоячиси): - Эртага бизни қийин ўйин кутиб турганини биламан. «Ал-Гарафа» чемпионатда қониқарли ўйнай олмаётган бўлсада, ОЧЛ буткул бошқа мусобақа ва бунга чалғимаслик лозим. Ҳаммаси битта ўйинга боғлиқ. Ҳар қандай жамоа бир ўйинга бошқача кайфиятдаги муносабат билан тушиши мумкин. Шуни айтишим мумкинки, АГМК «Ал-Гарафа»дан қўрқмайди, лекин рақибни ҳурмат қилади. Эртага ғалаба қозониб, Олмалиққа байрам тақдим этиш ва Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги мавқеини кўтариш учун боримизни бериб ҳаракат қиламиз.

Миржалол Қосимов: - Ҳозирдан рақиб ҳақида батафсил таъриф беришни истамасдим. Қўшимчасига, менда «Ал-Гарафа»нинг камчиликларини санаш ва ёмонлаш одати йўқ. Доим асосий урғуни ўз жамоамга қаратаман ва рақибга омма олдида кескин баҳо бермайман. Шуниси аниқки, Санжар Турсунов айтганидек, биз рақибдан қўрқмаймиз. Лекин «Ал-Гарафа» ҳурматга сазовор жамоа. Тўп билан ҳам яхши муомалада бўлади. Менимча, эртага мухлисларни жуда қизиқарли ўйин кутмоқда. «Ал-Гарафа»да ҳам, бизда ҳам тўп билан кўпроқ муомалада бўлиш талаби бор. Шундай ўйинни тарафдоримиз. Майдонда рақибга ҳеч бир чизиқда бўшлиқ қолдирмаслик талаб этилади. Рақибни хато қилишга мажбурлаб, ўзимиз камроқ хато қилишимиз зарур бўлади.

 ***

«А» гуруҳи

«Ал-ҳилол» (Саудия Арабистони)

«Шабаб Ал-Аҳли» (БАА)

«ИстиҚлол» (Тожикистон)

АГМК (Ўзбекистон)

1-тур. 15 апрель

«Ал-Ҳилол» - АГМК

2-тур. 18 апрель

АГМК - «ИстиҚлол»

3-тур. 21 апрель

АГМК - «Шабаб Ал-Аҳли»

4-тур. 24 апрель

«Шабаб Ал-Аҳли» - АГМК

5-тур. 27 апрель

АГМК - «Ал-Ҳилол»

6-тур. 30 апрель

«ИстиҚлол» - АГМК.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz