Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: Қуёшда тобланган иқтидор

Вундеркиндлар: Қуёшда тобланган иқтидор

  09.04.2021 02:22
  0
  303
Вундеркиндлар: Қуёшда тобланган иқтидор

Лотин Америкаси азалдан футбол иқтидорлари булоғи бўлиб келган. Европа клублари скаутларининг Бразилия, Аргентина, Уругвай ва Жанубий Американинг бошқа давлатларига серқатнов эканликлари бежиз эмас. Улар кашф этган ёш иқтидорлар «кўҳна қитъа»да юлдузларга, ҳеч бўлмаганда, савияли футболчиларга айланадилар. Ҳозирда бир қатор ёш футболчилар Европанинг жиддий клубларида тўп суришмоқда. Уларнинг келажаги борасида бир нарса дейиш қийин. Лекин диққат билан кузатиб бориш зарар қилмайди. Эътиборингизга 23 ёшгача бўлган энг қиммат легионерлар ўнлигини ҳавола этамиз.

ДАРВИН НУНЬЕС (21 ёш)

Клуби: «Бенфика»

Амплуаси: марказий ҳужумчи

Трансфер қиймати: 18 млн. евро.

Нуньес энг иқтидорли ёш ҳужумчилар сирасидан. Ўтган йилнинг сентябрида у «Бенфика»га клуб тарихидаги рекорд баҳо - 24 млн. евро эвазига ўтганди. Бунгача уругвайлик ҳужумчи «Альмерия» ва «Пеньярол» клублари шарафини ҳимоя қилган. Дарвин бир неча йил «Барселона» нишонида юрди. Ҳатто каталонияликлар спорт директори Рамон Планес Нуньеснинг майдондаги ҳаракатлари билан танишишга ҳам улгурган. Миш-мишларга кўра, «Барса» уни 2022 йилда ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Ҳозирча ҳужумчи Лиссабонда рисоладагидек тўп сурмоқда, 17 учрашувда 6та гол ва шунча самарали узатмани амалга оширди.

 

РЕЙНИЕР (18 ёш)

Клуби: «Боруссия» Дортмунд (ижара)

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Трансфер қиймати: 22,5 млн. евро

Ўтган йилнинг январида «Реал» «Фламенго» тарбияланувчиси учун 30 млн.дан воз кечганди. Рейниер Мадриддаги фаолиятини «Кастилья»да бошлади, аммо асосий жамоадан жой ола билмади. Мавсумлар оралиғида «қироллик клуби» уни икки йиллик муддатга Дортмунднинг «Боруссия»сига ижарага юборди. Бироқ Германияда бразилиялик хавбекнинг етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётгани мадридликларга ёқмаяпти. Ҳозиргача Рейниер дортмундликлар сафида атиги 8 марта майдонга тушди. Лекин унинг учун ҳаммаси ҳали олдинда.

 

ЭМЕРСОН (21 ёш)

Клуби: «Бетис» (ижара)

Амплуаси: ўнг қанот ҳимоячиси

Трансфер қиймати: 25 млн. евро

Ҳимоячи ўз фаолиятида иккинчи марта севильяликлар жамоасида тўп сурмоқда. 2019 йилнинг январида «Атлетико Минейро» уни «Бетис»га ижарага берганди. Ўша йили «Барселона» 12 млн. еврога ҳимоячини харид қилиб, яна «Бетис»га ижарага юборди. Бу сафар икки йиллик муддат билан. Сан-Паулулик футболчи шу йилнинг якунида Барселонага қайтади, ҳозирча «Бетис» таркибида 919 дақиқа ўйнади.

 

ДУГЛАС ЛУИС (22 ёш)

Клуби: «Астон Вилла»

Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси

Трансфер қиймати: 27 млн. евро

Ўртамиёна жамоа шарафини ҳимоя қилаётган бу футболчи европалик мухлисларга яхши танилиб улгурмаган. Лекин ўзи учун барча шароитлар яратилган жамоада тўп сурмоқда. 2017 йилнинг июлида «Васко да Гама» ўз тарбияланувчисини 12 млн. евро эвазига «Манчестер Сити»га сотиб юборганди. «Шаҳарликлар» ўша йили Дугласни икки йилга «Жирона»га жўнатишди. Аммо футболчи Испаниядан доимий иш топа олмади. Кейин «Сити» уни 2019 йилнинг июлида «Астон Вилла»га 16,8 млн.га сотиб юборди. Ўтган мавсумда тўлиқ тўп суролмаган бразилиялик энди «шерлар»нинг бошланғич таркиби аъзосига айланди.

 

ГАБРИЭЛЬ МАГАЛЬЯНС (23 ёш)

Клуби: «Арсенал»

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Трансфер қиймати: 28 млн. евро

Бразилиянинг «Аваи» клуби тарбияланувчисига Европа футболи яхши таниш. 2017 йилнинг январида у 3 млн. евро эвазига «Лилль» таркибига қўшилганди. Жамоа уни аввал «Труа»га, кейин Загребнинг «Динамо»сига ижарага берди. 2018|2019 йиллар мавсумининг иккинчи даврасида «Лилл»га қайтиб, асосий ҳимоячи мақомида тўп сурди. Сентябрда «доглар» уни 26 млн. евро эвазига «Арсенал»га беришди. Габриэлнинг Лондондаги фаолияти камчиликлардан холи эмас. Бироқ келтираётган манфаати ҳам сезиларли. Жорий мавсумда у «тўпчилар» учун 2та гол урди. Атиги 2та гол, аммо «Лилл»да бутун мавсум давомидаги натижасидан яхшироқ.

 

ЭДЕР МИЛИТАО (22 ёш)

Клуби: «Реал»

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Трансфер қиймати: 40 млн. евро

Милитао 2019 йилнинг июлида «қироллик клуби» аъзосига айланди. Мадридликлар уни «Порту»дан 50 млн.га харид қилишганди. Португалиядан аввал футболчи жонажон «Сан-Паулу» клуби таркибида тўп сурган. «Реал»даги кўпчилик дебютантлардан фарқли равишда, Эдер «сургун»га дуч келмади. Шунингдек, асосий таркиб ўйинчиси мақомига ҳам кўтарила олмади. Зайниддин Зидан ундан Серхио Рамос ёки Рафаэль Вараннинг ўриндоши сифатида фойдаланмоқда. Яъни, Милитао - учинчи марказий ҳимоячи.

Жорий мавсум Эдер икки марта Ла Лига, бир марта ЕЧЛда майдонга тушди. Хуллас, ҳимоячи кўпроқ имкониятлар берилишини сабр билан кутмоқда.

 

РОДРИГО ГОЭС (19 ёш)

Клуби: «Реал»

Амплуаси: ўнг қанот вингери

Трансфер қиймати: 45 млн. евро

«Сантос» тарбияланувчиси мадридликлар сафига 2019 йилнинг ёзида келганди. Жамоа уни дебют мавсумидаёқ «асосий»га жалб эта бошлади. Баъзан Родриго бошланғич таркибдан жой олди. Жорий мавсумда ҳам бразилиялик легионер зерикиб қолмаяпти, ҳар бир учрашувда ўртача 37 дақиқани майдонда ўтказмоқда. Шу аснода кечган 17 учрашувда Гоэс битта гол ва 6 ассистни амалга оширди. Унинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, ҳужум чизиғининг иккала қанотида ҳам самарали ўйнай олади. Мураббий унга ишонч билдирмоқда, у эса имкониятлардан унумли фойдаланиш илинжида.

 

ВИНИСИУС ЖУНИОР (20 ёш)

Клуби: «Реал»

Амплуаси: чап қанот вингери

Трансфер қиймати: 50 млн. евро

Бу футболчи «қироллик клуби»даги учинчи мавсумини ўтказмоқда. «Реал» уни 2018 йил ёзида «Фламенго»дан 45 млн. еврога сотиб олганди. Ҳозирга қадар Винисиус 88 учрашувда майдонга тушиб, 11 гол ва 19 ассистни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Шунга қарамай, у Зидан ишончини тўлиқ қозона олмаяпти. Боиси, самарали ўйинларига барқарорлик етишмаяпти. Испанияда «Реал» Жуниорни ижарага бериб юбориши хусусида гап-сўзлар пайдо бўлди. Ҳатто унга харидор ҳам топилган - «Арсенал». Балки Лондон сафари Винисиуснинг ўзи учун ҳам фойдали бўлар. Агар у «тўпчилар»га инқироздан чиқишда ёрдам бера олса, мадридликларнинг унга нисбатан муносабатлари ўзгариши шубҳасиз.

 

РЕНАН ЛОДИ (22 ёш)

Клуби: «Атлетико»

Амплуаси: чап қанот ҳимоячиси

Трансфер қиймати: 50 млн. евро

Бразилиянинг «Атлетико Паранаенса» клубида вояга етган ҳимоячи 20,5 млн. евронинг кучи билан Испаниянинг «Атлетико»сига келганди. Ортда қолган икки йилдан камроқ вақт ичида унинг баҳоси икки баравардан кўпроққа ошди. Бу бежиз эмас, албатта. Европага келганидан бери Лоди асосий таркибда майдонга тушмоқда. Гарчи доимо 90 дақиқа ўйнамаётган бўлсада, Диего Симеоненинг ишончини қозонган. Шу кетишда ҳимоячи узоқ вақт «матрасчилар» сафини тарк этмайди.

 

ФЕДЕРИКО ВАЛЬВЕРДЕ (22 ёш)

Клуби: «Реал»

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи

Трансфер қиймати: 70 млн. евро

Ҳозир Вальверде Европада тўп сураётган Лотин Америкаси ёшларининг энг қимматбаҳо вакили бўлиб турибди. 2016 йилда «Реал» уругвайлик ярим ҳимоячини атиги 5 млн. еврога «Пеньярол» клубидан сотиб олганди. Иқтидорли хавбек маълум муддат «Кастилья»да, кейин «Депортиво»да ижара асосида тўп сурди. 2018|2019 йиллар мавсумидан бошлаб мадридликларнинг асосий таркибида ўйнаб келмоқда. Айниқса, ўтган мавсумни муваффақиятли ўтказган Вальверде барча мусобақаларда 44 марта майдонга тушиб, Зиданнинг ишончли шогирдларидан бирига айланди. Шубҳа йўқки, Федерикони «қироллик клуби»да порлоқ келажак кутмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz