Қайднома

Қидирув

Статистик таҳлил ҳам муҳим

Статистик таҳлил ҳам муҳим

  09.04.2021 03:33
  0
  97
Статистик таҳлил ҳам муҳим

ПФЛ бош директори вазифасини бажараётган Диёр Имомхўжаев навбатдаги чиқишида футболда муҳим саналган статистик таҳлилларга эътибор қаратди. Оддий айтганда, Суперлига мураббийларини ПФЛ тақдим этаётган маълумотлардан кенгроқ фойдаланишга чақирди.

***

- Ҳар бир учрашув кейинчалик мутахассислар томонидан таҳлил қилинади. Бунда нафақат тўпни ушлаш, прессинг каби масалалар кўриб чиқилади, балки ҳар бир футболчи ҳақида алоҳида маълумот тўпланади: тўпга неча марта теккани, узатмалари аниқлиги, тўпни қанча йўқотгани, яккакурашлардаги устунлиги, ҳаводаги курашлар, майдон марказини қанча вақтда кесиб ўтгани ва ҳоказо.... Мураббий шулардан келиб чиқиб, машғулотлар олиб боради, футболчилар билан индивидуал ишлайди, назарий машғулотларда ҳам таҳлилларга таянади. Қисқаси, керак бўлса, таркиб танлашда ҳам шу статистикадан фойдаланади. Агар битта клуб шундай маълумотларни сотиб олишни истаса, йилига тахминан 10 минг еврога тушади. ПФЛ эса 2020 йили InStat билан ҳамкорлик қилиб, шу статистикани Суперлига клубларига бепул тақдим этди. Аммо кузатишлар шуни кўрсатдики, айрим мураббийлар бундан ҳаттоки, фойдаланишмади ҳам. Ўзбекистонда ишлаган машҳур хорижий мутахассислар ва ўзимизнинг етакчи мураббийлар статистикани сотиб олишни раҳбариятдан талаб қилишади ва шунга таянишади. Шундан келиб чиқиб ҳам, мураббийнинг иш фаолияти ва профессионаллигига баҳо бериш мумкин.

Ўтган бир йил давомида бунинг устида ишладик. Эндиликда ПФЛ ўзимизнинг маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйди. Март ойида кузатув олиб бордик. Натижа Россия компания-ларикидан кам эмас. Мураббийларга статистика тақдим этиб бориляпти. Қўшимчасига, мураббий ўз клуби ҳужумларга қандай ўтиши ва улар вақти қандай ҳимояланаётганини таҳлил қилиши учун видеотаҳлилларни ҳам ўзимиз тайёрламоқдамиз.

Бу билан ўтган йилги чиқимларни яхшигина камайтирибгина қолмай, ўзимизда статистика билан шуғулланувчи мутахассисларни ишга жалб қилдик. Улар Суперлига учрашуви якунига етиши билан видеоёзув ёрдамида камида 6 соат таҳлил қилиб чиқишади ва 24 соат ичида материаллар тайёр бўлади. Бу маълумотлар ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай мураббий учун ўта қимматли ҳисобланади.

***

- Футбол мураббийи бўлишни истовчи, аммо бунинг учун дастлабки қадамни қандай қўйишни билмайдиган ёшларимиз кўп. Улар бу борада одатда ПФЛ билан боғланишга ҳаракат қилишади. Аслида эса мураббийларни тайёрлаш, уларни ўқитиш билан ЎФА шуғулланади. Сервер Жепаров бошчилигидаги мутахассислар секин-аста замонавий тизимга ўтишга интиляптилар. Шундай экан, сизда ким билан боғланиш, мураббийлик учун илк қадамларни қандай ташлаш борасидаги саволларга жавоб топиш учун аниқ манзиллар бор. Агар чиндан ҳам, мураббий бўлишни истасангиз, телеэкран қаршисида хато топишга кетказадиган вақтни ўқиш учун сарфланг. Умуман, «Ўқимай туриб шарҳловчи, мураббий, мутахассис бўлиш мумкинми?» қабилидаги саволлардан тийилинг. Бешикдан қабргача ўқинг, изланинг, ўрганинг.

***

- Бекободда бўлдик. «Металлург»нинг асосий таркиби, U-21 ва аёллар жамоалари учун базалар тайёр. Эндиликда базадан ташқарига чиқмай, машғулот ўтказиш учун битта катта майдон қуриш устида иш кетяпти. «Металлург» ўз академиясини аллақачон ташкил қилди. Эндиликда академия учун катта мажмуа яратиш бошланди. «Металлург» инфратузилма борасида Ўзбекистоннинг бир қўл бармоқлари билан санаш мумкин бўлган клублари қаторида. Клуб раҳбарияти таркибида айнан бекободликлар ҳам борлиги муҳим аҳамият касб этади. Улар ўз маконлари ривожи учун меҳнат қилишади, бу муҳим омил. Бу йил «Металлург» футбол академияси ОФК юлдузчасини олиши ҳамда клуб илк марта лицензиялаш талабини бажариши учун биргаликда ҳаракат қиламиз. «Металлург» ҳақидаги эскича қараш тарихда қолди. Клуб ўтган 3 йил ичида ҳурматга сазовор ишларни амалга оширди. Жамоа «Пахтакор»га қарши ўйинда камида 1 очко олишга муносиб эди. Фақат техник хато клуб режасига таъсир кўрсатди.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz