Қайднома

Қидирув

Футбол ва молия: Пул муҳимми ёки обрў?

Футбол ва молия: Пул муҳимми ёки обрў?

  09.04.2021 04:44
  0
  267
Футбол ва молия: Пул муҳимми ёки обрў?

Куни кеча Британиянинг нуфузли The Times нашри хабар тарқатди: Мадриднинг «Реал» клуби Qiddiya номли глобал кўнгилочар мегало-йиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида Саудия Арабистони ҳукумати билан 10 йиллик келишув бўйича музокара ўтказмоқда. Маълумотларга кўра, шартнома 150 миллион еврога баҳоланиб, у «қироллик клуби» ҳисобига ўтказилади. Бундан ташқари, мадридликларнинг асосий жамоасидаги тўрт футболчи лойиҳани юритиш учун Qiddiya вакили ва элчиси сифатида қатнашишади. Томонлар ўртасида ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли битим имзоланди. Хўш, ушбу келишув «Реал» ва саудияликларга нега керак, у испан футболи грандининг обрўсига қандай таъсир қилиши мумкин?

 

Qiddiya лойиҳаси - обрўни тиклаш воситаси

2016 йили Саудия Арабистони Saudi Vision 2030 дастурини йўлга қўйган, бундан кўзланган мақсад, мамлакатнинг нефть маҳсулотлари экспортига боғлиқлигини камайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, шунингдек, мамлакат ичидаги ижтимоий ҳаёт тарзини ривожлантиришдан иборат эди. Лойиҳа билан шаҳзода Муҳаммад бин Салмон шуғулланмоқда. Дастурдаги бандлардан бири Qiddiya деб номланиб, пойтахт Ар-Риёдда энг йирик сайёҳлик оролчасини барпо этиш кўзда тутилган. 2030 йилга бориб, унинг ҳудуди 334 км.ни қамраб олиши режалаштирилган.

2018 йили лойиҳанинг дастлабки тафсилотлари пайдо бўлди. Сеҳрли оролнинг ташкил топиши, биринчи навбатда, иқтисодий самара келтириши лозим: саудияликларнинг баҳолашларича, Qiddiya Саудия Арабистони фуқаролари ҳар йили чегара ортида сарфлайдиган 30 миллиард доллардан ортиқ маблағни давлатнинг ички пул айланмасига қайтаришда ёрдам беради. «Лойи­ҳамиз ғояси оддий, шунга қарамай, тааассуротга бой: кўнгилчоғлик, спорт ва санъатни бирлаштирган ҳолда, соғлом, бахтиёр ва ҳавасга арзигулик ҳаёт тарзи имкониятларини очувчи жой ташкил этиш», - деганди Qiddiya инвестицион компанияси ижрочи директори Майк Рейнингер 2019 йили Arab News вакилларига берган интервьюсида.

Соддароқ тилда айтганда, саудияликлар мамлакат аҳолиси, сайёҳлар вақтларини чоғ ўтказишлари, ҳордиқ чиқаришлари учун глобал лойиҳа тузишга қарор қилишди. Бундан ташқари, яна бир муҳим фактор бор - шов-шув қилиб, тарихга кириш. Айнан шу сабаб келгусида мегаполисда энг яхши аттракционлар қурилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Хуллас, барчаси «энг, энг» бўлади.

Лойиҳанинг обрў тарафлама келтирадиган фойдасини ҳам унутмаслик керак. Саудия Арабистони, нечанчи мартадирки, жаҳон аренасидаги имижини тиклашга уринмоқда. Муҳаммад бин Салмоннинг «Ньюкасл»ни сотиб олишга уриниши ҳам шулар жумласидан. Ўшанда саудияликларнинг амалдаги тузумини танқид қилган журналист Жамол Хашоггининг ўлими бутун дунёни шок ҳолатига туширганди. «Ньюкасл»нинг сотиб олиниши Майк Эшли бошқарувидан чарчаган фанатлар учун вазиятдан чиқишнинг идеал варианти бўлиши мумкин эди. Бироқ келишувнинг амалга ошишига Премьер-лига тўсқинлик қилди.

 

«Реал» билан келишувнинг эътиборли жиҳатлари

Келишувда 150 миллион евродан ташқари, «қаймоқранглилар»нинг аёллар жамоасига Qiddiya лойиҳаси титул ҳомий бўлиши ҳақида банд ҳам бор. Шартларга кўра, «Реал»нинг аёл футболчилари Саудия Арабистонида ўтказиладиган тадбирларда қатнашиб, маҳаллий аёлларни спортга жалб этишда ёрдамлашишади.

Бу ерда ҳам ғоялар даражасида қарама-қаршилик бор. Бир томондан, саудияликлар «Реал» брендининг глобал довруғи эвазига мамлакатда аёллар спортини ривожлантириш нияти борлиги бутун дунёга намойиш этишмоқчи. Бошқа томондан - аҳоли ва сайёҳлар эътиборини шунга қаратиб, уларнинг диққатини жинсий дискриминация муаммосидан чалғитишмоқчи. Масалан, 2018 йили қироллик буйруғига мувофиқ, аёлларга автомобиль ҳайдаш тақиқланганди.

Шу боис, «Реал» Qiddiya билан келишувга эришиш орқали ўзини ноқулай аҳволга солиб қўймоқда. Хашоггининг ўлими каби йирик можаролар рўй берган тақдирда, «қаймоқранглилар» Саудия Арабистонида бўлаётган воқеаларни қўллаб-қувватлаганликда айбланишлари, оқибатда, уларнинг обрўларига қора доғ тушиши мумкин. Бу эса, бошқа ҳомийлик шартномаларини имзолашни қийинлаштириши турган гап.

Яққол мисол - «Формула-1» кейси. Пойгалар серияси ташкилотчилари шу йили жаҳон чемпионати босқичиларидан бирини Саудия Арабистонида ўтказишга рози бўлишди - декабрда барча пилотлар Жиддада тўпланишади. 2023 йилга бориб, Qiddiya ижрочи директори Майк Рейнингернинг баёнотига кўра, мегаполисда қурилаётган трасса мусобақаларни қабул қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Amnesty International халқаро ташкилоти жараёнга негатив баҳо беришга улгурди, «Формула-1» ташкилотчиларини «мамлакат обрўсидаги қора доғни спорт ёрдамида ювиш» кампаниясидаги иштирокда айблади, шунингдек, «Гран-при»нинг барча иштирокчиларини Саудия Арабистонидаги дискриминацияга нисбатан норозилик билдиришга чақирди.

Эҳтимол, «Реал» олдинда нималар кутаётганини яхши тушуниб турибди. Шунга қараамй, саудияликлар билан 10 йиллик келишув имзолашга шай. Хўш, нега?

 

«Қироллик» қарзлари

16та чиқиш трансфери, бирорта ҳам харид йўқ, футболчиларнинг амалдаги шартномаларида кўрсатилган суммани 10 фоизга қисқартириш. «Реал»нинг 2020 йил ёзги трансферлар ойнасидаги статистикаси шундай. Мазкур сиёсат клубга қисқа муддатли қарзлардан қутулишда ёрдам берди, 100 миллион евро келтирди. Аммо «қаймоқранглилар» ҳамон қарзларни тўлиқ бартараф этиб бўлишмаган - бунга айниқса, «Сантьяго Бернабеу» стадионидаги таъмирлаш ишлари асосий сабаб бўлди. Айрим манбалар яқин орада ёпилиши керак бўлган қарзлар миқдори 200-300 миллион евро атрофида эканлигини таъкидламоқда. Гарчи Мадрид клуби Deloitte компанияси тадқиқотларига кўра, даромадлар борасида жаҳонда иккинчи ўринда турсада (мавсум-2019|2020 якунларига кўра 714,9 миллион евро), пандемия туфайли вужудга келган инқироз молиявий фаолиятга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Яқин орадаги трансферлар ойнасида Килиан Мбаппе ва Эрлинг Холандни қўлга киритиш бўйича катта ўйин кузатилишини инобатга олсак, «Реал»га бир вақтнинг ўзида ҳам қарзларни ёпиб, ҳам янги ўн йилликда юлдуз бўлиши кутилаётган футболчиларни рақобатчиларига бой бермаслик учун қўшимча инвестиция керак.

Бир неча ҳафта муқаддам «Реал» тушиб қолган вазият туфайли бренд обрўсига путур етиши мумкин эди. ОАВда Кайман ороллари ва Люксембургдаги устав капитали атиги 20 минг долларни ташкил этадиган компаниядан офшор орқали клуб ғазнасига 200 миллион доллар туширишга уриниш бўлгани ҳақида хабарлар чиқди. Инвесторлар томонида 2018 йилдан буён Испания грандининг ҳомийлик шартномаларини назорат қиладиган Американинг Providence компанияси ҳам бўлган.

Келишувдан Интернетда тарқатилган ҳужжатлар орқали хабар топилган, улар орасида «Реал» ички бошқаруви органларининг ёзишмалари ҳам чоп этилган. Унда молия директори Хулио Эскудейро келишув «клуб имиджи ва обрўсига хавф туғдирмаслик» асосида тузилиши кераклиги, Испания солиқ хизмати «келишувнинг форматидан келиб чиқиб, унга эътибор қаратиши» мумкинлигидан хавфсираётганини таъкидлаган.

 

Переснинг мустаҳкам  алоқалари

Кўпчилик эслолмаса керак, аммо 2012 йили «Реал» президенти Флорентино Перес Саудия Арабистонида «қаймоқранглилар»нинг сайёҳлик оролчаси қурилиши бошланганини эълон қилганди. Қимматбаҳо лойиҳа инвесторларга 1 миллиард долларга тушиши кўзда тутилган, «Реал» эса шу тариқа араб бозорини ўз назоратига олишни режалаштирганди. 430 км. ҳудуд, 450 хонали люкс меҳмонхона, Мадрид клуби герби туширилган кемалар тўхташ жойи, савдо маркази, клуб музейи, соҳилда 500та вила ва денгиз ёнида 10 минг томошабинга мўлжалланган стадион. Аммо бу лойиҳа ушалмас орзуга айланди. Амирликнинг Рас-Ал-Хайма инвестицион компанияси банкрот бўлди ва мадридликларга ҳатто белгиланган суммани ҳам тўлай олмади.

Бироқ араб бозоридаги таъсир доирасини кучайтириш истаги ҳеч қаерга йўқолмади. Буни Переснинг Саудия Арабистонидаги шериклари билан бизнес алоқалари ҳам тасдиқлаши мумкин. «Реал» раҳбари Яқин Шарқ­да фаол ишлаётган ACS Group қурилиш компанияси президенти ҳам ҳисобланади. 2016 йили Перес жаҳоннинг бешта энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири ҳисобланган Абу-Даби миллий нефть компанияси билан келишув имзолади. ACS Group компаниясининг Германиядаги Hochtief номли шўъба корхонаси Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги аэропорт реконструкцияси билан шуғулланди. Иш жараёнида келишмовчилик вужудга келди, немислар ҳатто судга мурожаат этишни ҳам хоҳлашди, аммо якунда шикоятни қайтариб олишди. Перес араб оламидаги шартномаларни қадрлайди.

Ҳозир «Реал» Qiddiya билан тузилган келишув эвазига қарзлардан қутулиш ва Яқин Шарқдаги таъсир доирасини кучайтиришни истамоқда. Саудия Арабистони эса, ўз навбатида, ўзининг янги глобал лойиҳаси қўллаб-қувватланишига эришишдан умид узмаган, чунки у орқали имиджини яхшилаш ва катта даромад орттиришни кўзлаган. Келишув ҳар томонлама манфаатли кўринмоқда, бироқ обрўнинг хавф остида эканлигини унутмаслик жоиз. Пул ўз йўлига, «қаймоқранг» байроқдан шармандалик доғини ювиш осон кечмслиги тайин.

Х.ЮСУПОВ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz