Қайднома

Қидирув

Ёшликдаги бебошлик учун узр...

Ёшликдаги бебошлик учун узр...

  12.04.2021 06:36
  0
  281
Ёшликдаги бебошлик учун узр...

«Вест Хэм» ярим ҳимоячиси Жаррод Боуэн 15 ёшли пайти «Херефорд» клуби тизимида шуғулланарди. У ҳозир «Твиттер»даги биргина ёзуви туфайли жиддий муаммога дуч келди... Маълум бўлишича, Боуэн 2012 йилнинг май ойидан буён «Твиттер» тармоғидан кенг фойдаланади. Йигитча ўша йилнинг октябрида болаларча эътиборсизликка йўл қўйиб, ўз саҳифасига ирқчиликка оид «Н» ҳарфи билан бошланадиган иборани жойлаган. «Твит» тез орада ўчириб ташланган, Англия матбуоти вакиллари эса,  скриншот намойишида бу сўзни яширганлар. Бироқ...

Хуллас, орадан шунча вақт ўтиб, Жаррод ўша бемаъни қилиғидан қаттиқ надоматда: «2012 йили атиги 15 ёшли ўспирин эдим ва нега бундай ҳақоратомуз «твит» ёзганимни билмайман. Болаларга хос ўша номақбул қилмишим учун барчадан узр сўрайман». Футболчи шунинг баробарида ўша «твит» ўзининг қадрият ва ҳаётий ақидаларига мутлақо зидлигини ҳам алоҳида таъкидламоқда. Боуэн «Херефорд»дан кетгач, 6 йил давомида «Халл Сити» жа­моаси шарафини ҳимоя қилди. 2020 йилга келиб эса, «Вест Хэм» таркибига қўшилди. Қўққисдан кўтарилган муаммога «болғачилар» мутасаддилари ҳам бефарқ эмаслар: «Клуб бу каби масалаларга жиддий эътибор қаратади ва албатта, Боуэн билан тегишли мулоқот ўтказдик».

АФА эса Боуэн, аниқроғи, унинг бешинчи дивизион вакилининг U-15 жамоасида тўп сурган даврида ёзган «твит»ига нисбатан суриштирув ишларини бошлади. Daily Mail нашри янгиликларини шарҳлаб борувчи экспертлар АФАнинг бу юришига умуман салбий баҳо беришяпти:

- Бу ибора мунтазам равишда рэп қўшиқларида янграйди. Балки «твит»га шундан ўтгандир.

- Мени таажжубга солган ягона жиҳат - унинг саводхонлиги. «Твит»­даги their («уларни») ибораси ўрнига theyre («улар»), деб ёзиш керак эди...

- Энди футболчилар чақалоқлик даври ўз кроватчаларида «ухлаган» юмшоқ ўйинчоқлар учун ҳам жавоб берадилар.

- Нима учун унинг 2 ёшли даврига қайтиб, кроватини ҳўллаб қўйгани учун ота-онасини бепарволикда айблашимиз керак?

- 15 ёшли йигитча бемаъниликка йўл қўйибди. Нима, шу пайтгача бунақаси ҳеч қачон учрамаганмиди?

- Бировнинг «Твиттер» саҳифасини титкилаш ва 2012 йилги ёзувни ошкор қилишдан ким манфаатдор?

Ҳозир юз бераётган воқеалар Боуэннинг «Твиттер»даги саҳифасида берилаётган материалларга мутлақо зид. У охирги марта 2020 йилнинг сентябрь ойида пост қолдирган. Ўша ҳикоя футболчининг инсоний фазилатлари хусусида муайян тасаввурга эга бўлиш имконини беради: Жаррод мавсум стартига атиги 1 ҳафта қолган паллада футболкаси рақамини ўзгартиради - «17» ўрнига «20»ни танлайди. Шунда «болғачилар»га мухлислик қилувчи ёш болакайнинг отаси ўғлига Боуэнга тегишли 17-рақамли либосни яқинда совға қилгани, энди уни 20-рақамлисига алмаштиришнинг иложини тополмаётгани хусусида маъюслик билан ёзади. Натижада футболчи дарҳол «Твиттер» орқали жавоб қайтаради: «Клуб ўғлингизга 20-рақамли футболка юборади, албатта». Орадан атиги ярим соат ўтгач, «Вест Хэм» расмий сайтида шундай либосларнинг барчаси бепул янгисига алмаштириб берилиши маълум қилинади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz