Қайднома

Қидирув

Легионерларимиз: Майдон марказидан гол!

Легионерларимиз: Майдон марказидан гол!

  13.04.2021 02:02
  0
  588
Легионерларимиз: Майдон марказидан гол!

Майдоннинг иккинчи ярмидан супергол! «Актобе» Қозоғистон Премьер-лигаси 4-турида ўз майдонида «Ордабаси» билан куч синашди. 8та гол урилган баҳсда томонлар муроса кўчасида тўхташди - 4:4. Эътиборли томони, мезбонларнинг биринчи голи 27-дақиқада ҳамюртимиз Игорь Сергеев ҳисобига ёзилди. Яна қандай гол денг? У тўпни майдоннинг иккинчи ярмида қабул қилиб, марказий доира атрофидан беназир зарба йўллаб, олдинга чиқиб кетган рақиб киперини хижолатда қолдирди. Сергеевнинг 81-дақиқада захирага олинганини ҳам таъкидлаш керак.

Кубок турнирида ҳам муваффақиятсизлик. Остон Ўруновнинг клуби - «Уфа» Россия кубоги 1|4 финалида «Ахмат» меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида енгилди ва мусобақа билан хайрлашди. Боз устига, ҳам­юртимиз Грознийда ўтказилган баҳсни жароҳат туфайли охиригача етказолмади. Яъни танаффусда ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Уфаликлар РПЛнинг 25-турида ўз майдонларида «Ахмат» дарвозасига жавобсиз 3та гол уришди. Остон эса айни жароҳат туфайли  қайд­номадан четда қолди.

Ҳар иккиси ярим финалда. Беларусь чемпионатида тўп тепаётган ҳар икки легионеримиз жамоаси мамлакат кубоги ярим финалига йўл олди. Амалдаги чемпион «Шахтёр» чорак финалнинг жавоб ўйинида «Неман»га 1:2 ҳисобида ютқазган бўлсада, илк учрашувдаги ғалаба (3:0) эвазига курашни давом эттиради. Солигорск клуби вакили Шаҳзод Убайдуллаев «Неман»га қарши баҳсда танаффусга қадар майдонда ҳаракатланди. БАТЭ сафарда «Витебск»дан устун келди - 3:2 (борисовликлар биринчи ўйинда ҳам ғалаба қозонишганди - 2:1). Жамоа сафидаги Шаҳбоз Умаров жавоб баҳсида қатнашгани йўқ. Чемпионатга келсак, БАТЭ 4-тур ўйинини сафарда «Минск»ка қарши ўтказиб, жанговар дурангга имзо чекди - 2:2. Умаров бу сафар 58-дақиқаа захирадан ўйинга қўшилди. Дарвоқе, Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Шаҳбознинг ҳаракатини бевосита стадионда кузатди. «Шахтёр» - «Сморгонь» ўйини 3:0 ҳисобида якунланди. Бунда Убайдуллаев захирада қолди.

Искандеров ўйнамаяпти... «Канвон» Жанубий Корея «К»-лигаси 8-турида «Жежу Юнайтед» майдонида 1:1 ҳисобини қайд этди, фақат ҳамюртимиз, ҳимоячи Рустам Ашурматов иштирокисиз. Мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Ислом Кенжабоев эса ­қайдномадага киритилмади. «Канвон» кейинги турда «Тэгу»ни қабул қилиб, муаммосиз ғалаба қозонди - 3:0. Рустам Ашурматов бунисида тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. «Сеонгнам» ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров эса клубининг ҳар икки ўйини («Тэгу» - 0:0 ва «Кванжу» - 2:0)ни захирада кузатди.

Яна ёшлар жамоаси сафида. Бобур Абдухолиқов «Рух»нинг U-21 тоифасидаги жамоаси сафида қаторасига 2-ўйинда гол урди. Львовлик ёшлар Украина U-21 чемпионати 21-турида «Минай»ни қабул қилиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу учрашувни бошланғич таркибда бошлаган ҳамюртимиз тўлиқ вақт ҳаракатланиб, жамоасининг 4-голига муаллифлик қилди (сариқ карточка ҳам олди). Шунга қарамай, у «Рух» ва «Минай»нинг асосий жамоалари ўртасидаги баҳс (2:0)да қатнашмади.

Тасанно, Жалолиддин! Ўзбекистон миллий жамоаси етакчиси Жалолиддин Машарипов «Шабаб Ал-Аҳли» сафида БАА Лига кубоги соҳибига айланди.

«Ал-Наср»га қарши кечган ҳал қилувчи баҳснинг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида эса бутун ўйин давомида тиним билмаган Машарипов охирги зарбани Паненка услубида амалга ошириб, асосий қаҳрамонлардан бирига айланди. «Шабаб Ал-Аҳли»даги яна бир вакилимиз Одил Ҳамробеков эса майдонга тушгани йўқ.

«Ювентус» чиндан ҳам, Элдорга қизиқмоқда. «Женоа»даги вакилимиз Элдор Шомуродов ҳамон «Ювентус» эътиборида. Турин клуби ёзда ҳужум чизиғини кенгайтирмоқчи ва ҳамюртимизга номзодлардан бири сифатида қарамоқда. Зеро, «кекса синьора» ихтиёрида биргина марказий ҳужумчи бор - Альваро Мората. «Юве» қишда ҳам Шомуродов ва бир қатор ҳужумчиларга қизиққанди. Calciomercato нашрида ёзилишича, Турин суперклуби ҳамон ҳамюртимизни ўз таркибига жалб қилмоқчи, фақат унинг трансфер баҳоси 7,5 млн. евродан 15 «лимон»га ошган. «А» серия 30-турида «Женоа» айнан «Ювентус» билан ўйнади. Элдор Туринда кечган ва мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳснинг 63-дақиқасида Горан Пандев ўрнини эгаллади.

Яхшибоев захирада. Польша чемпионати элит лигасида ишонч билан пешқадамлик қилаётган «Легия» клуби 24-турда «Лех» меҳмони бўлиб, 0:0 ҳисобига кўнди. Муҳими, жамоа ҳужумчиси Жасур Яхшибоев жароҳатдан кейин ниҳоят, ўйин қайдномасига кирди. Тўғри, Варшава клуби мураббийи ҳамюртимизни майдонга туширгани йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz