Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: Ўқимай уққан мутахассис

Мураббийлар: Ўқимай уққан мутахассис

  14.04.2021 02:22
  0
  336
Мураббийлар: Ўқимай уққан мутахассис

Яқинда Bild журналисти «Твиттер»даги саҳифасида Хаби Алонсонинг ёзда «Боруссия» Менхенгладбах клубида иш бошлашини маълум қилди. Икки соатдан кейин эса қўшимча қилди: «Алонсо - номзодлардан бири, ҳозирча шартномага имзо чеккан эмас». Қайсидир жамоанинг қайсидир мураббийни ҳамкорликка таклиф этиши футбол олами учун янгилик эмас. Бироқ эътиборингизга ҳавола этилаётган материалда ажабланарли жиҳатлар керагидан ортиқ.

Менхенгладбахнинг «Боруссия»си - малакали мутахассислар (охирги вакиллари: Розе, Хекинг, Шуберт, Фавр) раҳбарлигида фаолият юритадиган номдор жамоалардан бири. Алонсо эса профессионал жамоани бошқариш тажрибасига эга эмас - ҳозирча у фақат ёшлар жамоалари билан ишлаган, холос.

Келинг, аввал аниқлик киритиб олайлик: Хаби қачон мураббий бўлишга улгурди, унинг янги соҳадаги фаолияти ҳақида нималарни биламиз ва шу тажрибасиз мураббийни Гладбах ўзига чорлашининг сабаби нимада?

Алонсо Мадрид ва Сосьедаднинг «Реал» клублари тизимида муваффақиятли ишлади. 2017 йилда бутсаларини михга илган футболчи Хави, Рауль ҳамда Вальдеслар билан биргаликда таҳсил олиб, УЕФАдан мураббийлик лицензиясини олди. Кейин «Реал»нинг U-14 ёшлар жамоасини қабул қилди. Унинг раҳбарлигида жамоа мавсумни муваффақиятли (23 ўйин, 22 ғалаба, 1 дуранг билан) якунлади.

Ёш мутахассиснинг фаолиятидан мамнун бўлган мадридликлар уни «Кастилья»га таклиф этишди. Бироқ Хаби қадрдон жамоаси - «Реал Сосьедад»ни танлади ва 2019 йилнинг ёзида иккинчи жамоанинг бош мураббийи лавозимини эгаллади.

Сан-себастьянликлар жамоаси билан илк мавсумини Хаби Сегунда-Внинг 5-поғонасида якунлади. Ҳозир жамоа чемпионат пешқадами. Алонсо бу борада шундай деганди: «Жамоамиз ҳужумкор услубда ўйнайди. Биз ташаббусни ўз томонимизга оғдириб, тўпни тезда қайтариб оламиз ва ўзаро керакли масофада жойлашишга интиламиз. Асосан 4-3-3 схемасида тўп сурдик, баъзан 3 нафар ҳимоячи ва 2 нафар ярим ҳимоячи, яъни 3-2-2-3 тизимида ўйнаймиз.

Йигитлар ғояларимни осонликча ўзлаштириб, ўйинда татбиқ этадилар. Мен уларни ўргатиш қийин кечса керак, деб ўйлагандим. Ҳозирча кўрсатмаларимни рисоладагидек адо этишмоқда. Мураббий сифатида уларнинг ишончини қозона олдим».

ESPN журналисти Дэвид Кэртлиж Алонсо услубини қуйидагича таърифлади: «У тажовузкор ўйинни, тезкор ва шиддатли ҳаракатларни хуш кўради. Айниқса, тўпни олиб юриш борасида. Марказий ҳимоячиларнинг асосий қуроллари - олис узатмалар, қанотдагилар юқори прессингни қўллашади, вингерлар кенг жойлашадилар. Ўйинни марказий ярим ҳимоячи бошқаради».

Беллашувлар режаси хусусида Алонсонинг фикри қуйидагича: «Воқеалар ривожини олдиндан кўришга интиламан, турли вазиятларни кўз олдимга келтириб, шунга яраша тайёргарлик кўраман. Рақиб қандайдир йўллар билан бизни назорат қила бошласа, «В» режасига ўтамиз. «С» режаси ҳам бўлиши керак, албатта. Булар шунчаки, кичик ўзгаришлар. Барча режаларимни тўлиқ тушунтиришнинг иложи йўқлигини яхши биламан. Турли схемаларга кўмиб ташлаш муваффақиятга олиб келмайди. «В» ёки «С» режаси ҳақида бош қотириш «А» режасини барбод қилиши мумкин».

Мураббийлик соҳасига футболчилик даврида тайёрлана бошлаган

«Бавария»га Гвардиоладан мураббийлик сирларини ўрганиш учун ўтгандим. Ўшанда ёшим 32га чиққан, футболчилик давримнинг асосий қисми ортда қолганди. Лекин қисқа вақт ичида жуда кўп нарсаларни ўргандим. Мураббийлик касбини маромига етказиш мақсадида Гвардиола Мексикага боришдан эринмади, наркобаронлар шаҳрида текинга ишлади. Мен доимо мураббийлар ёнида бўлиб, қарорларни қачон ва нима учун қабул қилишларини тушунишга, билганларим асосида ўз услубимни яратишга уринардим. Ғоя яратишнинг ўзи етарли эмас, унга ишониш ва футболчиларга етказишни ҳам билиш лозим. Баъзан собиқ устозларимга қўнғироқ қилиб, улардан маслаҳатлар оламан. Яшил майдондаги 18 йиллик фаолиятимда Жон Тошак, Рафаэль Бенитес, Жозе Моуриньо, Карло Анчелотти, Хосеп Гвардиола ва Висенте Дель Боскелардан бебаҳо сабоқ олдим».

Ҳа, Хабининг футболчилик пайтидаёқ мураббий мақомини олгани бежиз эмас.

*** Рафаэль Бенитес - Алонсога «Ливерпуль»да устозлик қилган: «Хаби жуда ақлли йигит. У тўпни исталган масофага ажойиб тарзда узатади. Ўткир зеҳни эвазига керакли натижага эриша олади. У - майдондаги мураббий».

*** «Бавария» президенти Карл-Хайнц Румменигге Алонсонинг клубни барвақт тарк этгани ва Анчелотти штабидан жой олмаганидан афсусланганди: «Унинг «Бавария»га қайтишини истайман. Унда фантастик мураббийлик хислати бор. Бир нечта тилларда равон сўзлаша олиши, кўплаб атоқли мураббийлардан таълим олганининг ўзиёқ унга юксак нуфузни ҳадя этди. Хаби - камёб шахс».

*** Жозе Моуриньо 2010 йилда уни Пеп билан таққослаганди: «Фаолияти якунида унинг малакали мураббийга айланишига шубҳа қилмайман. Хаби менга футболчи Гвардиолани эслатади. У майдонда ўзини мураббийдек тутади».

*** Жон Тошак - навқирон Алонсо билан «Сосьедад»да ҳамкорлик қилган: «Жамоага бундан кўра кучлироқ таъсир кўрсата оладиган бошқа футболчини кўрган эмасман. У майдонда бўлса, жамоа яхши ўйнайди».

*** Стивен Жеррард ўз автобиографиясида: «Дастлабки машғулотдаёқ Алонсонинг чин қирол эканлиги аён бўлди. У мен билган ярим ҳимоячиларнинг энг тенгсизи. Қачондир «Ливерпуль» бош мураббийи лавозимини эгалласам, ёрдамчи вазифасига кимни чақиришимни аниқ биламан».

*** Луис Гарсия - Алонсонинг «Ливерпул»даги жамоадоши: «Хаби Алонсодан ажойиб мураббий чиқишини ҳаммамиз яхши билардик. Чунки у ўйнаётган пайтида ҳам кўрсатмалар бериб турарди. Яшил майдондан тўппа-тўғри мураббийлик соҳасига ўтгани мени ажаблантирмади».

*** Пеп Гвардиола, Алонсо фаолиятини якунлаганидан кейин: «Ундан малакали мураббий чиқиши ва қачондир топ-клубни бошқаришига гаров ўйнашга тайёрман. Хаби - ҳаётим давомида дуч келган энг сара ярим ҳимоячилардан бири. У ўйинни яхши ҳис этади ва барча жиҳатларига қизиқиш билдиради. Кейинги учрашувда ғалаба қозониш учун нима қилиш кераклигини у ҳафта давомида аниқ белгилаб оларди. Шунақа зеҳнли кишилар билан ишлаш ёқимли».

*** Микель Артета - «Арсенал» бош мураббийи: «Ёнма-ён тўп сурган давримизда, унинг мураббий бўлишини аниқ билардим. Ҳозир Хаби «Сосьедад»нинг иккинчи жамоасини бошқармоқда, тез орада ажойиб мутахассис даражасига эришишига шубҳа қилмайман».

Алонсонинг ҳолати Артетаникига ўхшаш - Микелга ҳам тажрибасиз бўлишига қарамасдан, кўпчилик жамоалар харидор бўлишганди. Аммо Алонсонинг фарқли жиҳати шундаки, у икки йилдан бери бош мураббий лавозимида ишлаяпти, ёрдамчи сифатида эмас.

Дарвоқе, Артета кетганидан кейин Гвардиола Алонсони ёрдамчи лавозимига таклиф этганди. Шундай чорловни Хабига Анчелотти ҳам «Бавария»да ишлаган пайтида жўнатганди. Бироқ Хабининг мақсади ўзгача, унинг тупроғи етакчилар еридан олинган!

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz